Хоҳласангиз шу…

Мустақиллигимиздан ҳар қанча айланиб ўргилсанг арзийди! Миришкор деҳқонларимиз, фермерлар, тадбиркорлар бахтимизга доим омон бўлишсин!

Мустабид тузум даврида дидингизга ёққан бирор кийим ёки ноёб буюм керак бўлса, тўппа-тўғри магазинга бормай, аввал таниш топиб (“шапка”сини ҳам тўлаб) ишингизни битирар эдингиз. Энди-чи, қайси дўконга кирманг, истаган нарсани топиш мумкин. Фақат пулингиз бўлса, бас!

Бозорларимиз ҳам тўкин-сочин. Авваллари ўзи у ёқда турсин, ҳатто номи ҳам тушингизга кирмаган, хориждан келтирилган банан, киви, манго, ананас, турли нав мандарин, апелсин, эҳҳе, ҳамма ноз-неъматлар пештахталарда тўлиб-тошиб ётибди.

Бундай мўл-кўлчиликни бунёд этаётган деҳқон-у тадбиркорларни “Асло кам бўлманглар, илоҳим, умрингиздан барака топинглар!” деб дуо қиламиз.

Инсофли тадбиркорлар ўз ишчи-ходимларига иш ҳақини етарли миқдорда тўлаб, кун давомида иссиқ овқат билан таъминлаши, байрам арафаларида мукофот пули бериши, гоҳо-гоҳо ҳавоси мусаффо тоғли, сўлим жойларга саёҳатлар уюштириши каби эзгу ишлар қилаётганига қойил қоласиз. Одамийлик ҳукм сурган бундай корхоналарда иш унуми юқори, раҳбарларга ҳурмат-эҳтиром ўз жойида бўлади, албатта.

Энди вақт тақозоси билан баъзи тадбиркорларга тегишли, оғриқли бир муаммо ҳақида ҳам икки оғиз сўзимиз бор.

Ҳукуматимиз ҳар йили иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни ошириб боради. Лекин айрим тадбиркорлар қўлида ишлаётган ишчиларнинг иш ҳақини негадир оширмайди. Баъзи бир корхона раҳбарларининг найрангини кўрсангиз, икки миллион ёки уч миллион сўм ойликнинг ярмини “ведомость”га киритиб, қолган ярмини нақд тўлайди.

Ахир бунда бечора ишчи бир кун келиб, пенсияга чиқадиган бўлса, кам пенсия билан чув тушганча қолаверади. Бундай адолатсиз ҳолатларга ўзим гувоҳ бўлганман.

“Нарх-наво тинмай ошиб бораётган, бюджет ташкилотларининг иш ҳақи ҳар йили оширилаётган бўлса-ю, бизники нега оширилмайди?” деган саволга хўжайинлари: “Хоҳласангиз шу, хоҳламасангиз ишдан кетишингиз мумкин. Ўрнингизга бошқасини қабул қиламиз”, деб жавоб беришади. Бечора ишчи ишсиз қолишдан чўчиб, ноилож арзон-гаровга ишини давом эттиришга мажбур бўлади.

Таклиф шуки: ҳукуматимиз ҳар йили иш ҳақини неча фоизга оширса, барча тадбиркорлар ўз ишчи-хизматчиларининг маошини ҳам шунча фоизга ошириши белгилаб қўйилса.

Тўғри, Давлатимиз раҳбари ойлик-маошлар, пенсия ва нафақалар, талабаларга бериладиган стипендияларни ошириш ҳақида фармон чиқардилар. Аммо хусусий корхоналар ўз билганларича иш кўришади. Чунки давлат тадбиркорлик, хусусий корхоналарга “фалон миқдорда маош оширилсин” деб буйруқ бера олмайди. Бу қонуний тўғридир. Аммо йил давомида ишчиларига ўз билганларича маош бериш, солиқ тўлашдан қочиб, давлатдан яшириб “конверт” билан ҳақ тўлаш, бунинг устига, корхонада 50 кишини ишлатиб, тегишли ҳисоботларга 5 кишини кўрсатиб фаолият юритиш ҳам инсофсизлик эмасми?!

Шундай экан, бу борада ҳам ўйлаб кўрадиган, ижобий ечимини топиш мумкин бўлган муаммо бор, назаримизда. Зеро, қонун барчага тенг, баробар бўлиши лозим эмасми?

Жаҳонгир ПИРМУҲАММЕДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 3 =