Нима эксанг, шуни ўрасан

Бу воқеа “Ҳидоят” журналида ишлаб юрганимда бўлганди.

Бир аёл кетма-кет телефон қилиб, матбуотда босилаётган мақолаларимни ўқиб боришини, учрашиб суҳбатлашиш нияти борлигини айтиб, қачон вақтим бўлишини сўради. Ўшанда мен бу учрашувга шошилмадим: бир сафар ишимиз жуда кўплигини, яна бошқа гал қаергадир боришим кераклигини, соғлиғимни… сабаб қилиб, учрашувни орқага сурдим. Ниҳоят, у аёл бир куни таҳририятга келадиган, мен кутадиган бўлдим. Тўғриси, бу келишув ёдимдан ҳам чиқаёзган экан.

Бир пайт иккинчи қаватда жойлашган ишхонамизнинг юзага ёпиқ турган эшиги оҳиста тиқиллади.

“Келинг”, дедим. Лекин эшик очилавермади. “Келаверинг, — дедим овозимни баландроқ кўтариб. — Эшик очиқ-ку, киравермайсизми?!” Шарпа эшитилди, ўқиётган нарсамдан кўз узиб бошимни кўтардим. Рўпарамда озғин, юзлари оппоқ, эллик ёшлардаги аёл турарди. Кўз кўзга тушиши билан у ёш боладек қувониб кетганини кўрдим-у, беихтиёр ўрнимдан турдим. Бу фурсат ичида меҳмоним олдинга қараб бир-икки қадам босди… бир оёғини судрагандай қийналиб… Ичимдан зил кетдим: “Зиналардан қандай чиқди экан?”

Аммо аёл Чилонзордаги уйидан қанақа саргузаштлар билан келиб олди, катта кўчадан таҳририятимизгача бўлган тош йўлдан қандай ўтди — бу ҳақда оғиз ҳам очмади. У суҳбатлашишга ошиқиб турарди. Ҳатто бир вақтлар чиққан мақолаларимдан парчалар айтиб, изоҳлади… Шеъриятга ҳам қизиқишини гапларидан англадим. Шундан кейин ҳам у бир-икки келди, орада мен бошқа жойга ишга ўтиб кетдим. Дарвоқе, бир куни йўлим Чилонзорга тушиб, унинг уйини топиб бордим. Биринчи қаватда яшашаркан. Қиш эди, хонадон зах, совуқ… Аммо суяк касаллигидан дард чекаётган бу аёл шу уйи, ўғли, келини, икки набираси борлигидан ва айни вақтда менинг меҳмон бўлиб келганимдан беҳад хурсанд эди.

— Ҳозир келиним чиқадилар, — деди у ён томондаги ёпиқ эшикка ишора қилиб. Аммо набиралар кириб чиқиб туришди-ю, келин кўринмади. — Буларнинг ойиси озгина оғриб қолди-да, — деди мезбон гўё менинг ёмон фикрга бормаслигимнинг олдини олиб. — Шунинг учун касал ҳолида чиқолмади, шекилли…

Орадан сал фурсат ўтди. Ишхонамиз қабулхонасидан қўнғироқ қилиб, мени бир одам йўқлаб келганини айтишди. Чиқсам, тувакда чаман бўлиб очилиб турган гул кўтарган йигит турибди. У дарров ўзини таништирди, чилонзорлик ўша аёлнинг ўғли экан:

— Ойим сизни йўқлай олмаётганларидан хижолат бўлдилар. Менга “Кўриб келгин”, дедилар. Ўзингиз яхшимисиз? — йигит гулни менга узатди.

Ўша лаҳзаларда… атрофда, асосан, оқ ва қора ранглар ҳукмрон бўлган қиш кунида сувқоғоз остида янаям чиройли кўринаётган шокила-шокила гулларни мақтаб, гуллар учун миннатдорчилик билдириб, йигитдан ойисининг аҳволу ҳолини сўраган эсам-да… мени ўзига қадрдон деб билган ўша нафис райҳондай аёлни йўқламаганимга анча бўлгани учун пушаймон едим, ўзимни койидим десам… буям тўғри эмас. Чунки ўша воқеадан кейин ҳам оқибатни ёлчитганим йўқ…

Шунга ўхшаш яна бир воқеа: таҳририятда таниқли ижодкорлардан бирининг фарзанди билан жамоадош бўлиб қолдик. Ўшандаям иккинчи қаватда ишлардик. Бир куни тушликка яқин кутилмаганда ёшликдан даврадош бўлган, йиллар ўтгани сайин ҳамма йиғинларга ҳам боравермайдиган бўлиб қолган шоира дугонамиз келиб қолди. У ёшлигида дарахтдан йиқилиб, бир оёғи кесиб ташланган, протез (ёғоч) оёқда юрарди. Иккинчи қаватга ҳам кўтарилиб бўлганда, унинг келганидан хабардор бўлдик.

— Менга жуда кўп яхшиликлар қилган устозимнинг фарзанди шу ерда ишлашини билиб, кўргани келдим, — деди у. — Қачондан буён ўйлайман, ўйлайман, ҳеч фурсат қилолмайман…

Меҳмоннинг гапидан жамоат транспортида, сўнгра бу ерга келгунча ярим километрча пиёда йўл босгани маълум бўлди. Бунинг устига… у кўтариб келган халтасининг ичидан чиройли идишчалар, таом олди:

— Бозорга киролмадим-да. Йўл-йўлакай сизларга, арзимасаям, совға… бирга тушлик қиламиз деб…

Миннатдорчиликлар, гангир-гунгур суҳбат… Меҳмон марҳум устозни кўп эслади, дуолар қилди. Ҳаммасиям бир бўлди-ю…

Меҳмонимизни кетар чоғида такси чақириб кузатишни хаёлимизгаям келтирмабмиз, қолаверса, унинг бу ерга келишига сабабчи бўлган ҳамкасбимиз — таниқли ёзувчининг фарзанди шахсий машинасида юрарди. У ўзига ва отасига шунча ҳурмату эҳтиром кўрсатаётган катта ёшли аёлни машинасида кузатиб қўйишига шубҳа қилмагандик. Лекин унақа бўлмади. Ҳаммамиз бирга пастга тушдик, ташқарига кузатиб чиқдик. Меҳмон юзида кулги билан хайрлашди… У анчадан буён ўйлаб юрган режасининг амалга ошганидан хурсанд, гарчи оёқларини оғир-оғир кўтариб қадамлаётган эса-да, учиб бораётгандай эди. Биз ҳаммамиз орқасидан қараб қолавердик…

Юқорида эслаганим воқеалар кейинги пайтларда нимага тез-тез ёдимга тушадиган бўлиб қолди? Тўғриси, яхши ният билан бошлаган бир ишимдан кутганларим бошқа-ю, натижа тамоман тескариси бўлиб чиққанда, нима учун биз соппа-соғларни кўриш, хурсанд қилиш учун келган ўша ҳамшира, мурувватли-оқибатли аёллар хаёлимдан кетмай қолди?

Шунақа, шунақамиз-да! Саломимизга кимдир билибми, билмайми алик олмаса… Озгина яхшилигимиз, ҳурматимиз, кимгадир йўл кўрсатганимиз ёки маслаҳат берганимиз тездагина “гуллаб ҳосил тугмаса, мева бермаса”, хафа бўладиганлар, оғринадиганлар, дарров шунга лойиқ жавоб билан алам олишга шошиладиганлар тоифасиданмиз. Ҳолбуки, халқ айтиб қўйибди: “Яхшилик қил, сувга сол — балиқ билади. Балиқ билмаса, Холиқ билади”. Ҳа, яхшилигимизниям, лоқайду оқибатсизлигимизниям кўриб, билгувчи Холиқ уларга жавобни қаердан, кимларни сабаб қилиб қайтаради — Ўзи билгувчи.

Бир ғариб кўнгилни шод этмоқ Каъбатуллоҳни қайта тикламоқнинг савобига тенг бўларкан. Во-оҳ… ғарибу имкониятлари чекланган кўнгил ободу бикр кўнгилни йўқлаши, шод этишининг савоби қандоқ бўларкин! Ва… бундай мурувват, олижанобликка лоқайдлик, менсимасликка муносиб жавоб муқаррарлиги янгилик эмас, эскириб йўқолиб ҳам кетмас экан…

Муҳтарама УЛУҒОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 − 4 =