Ақл гавҳари — асл гавҳар

ёхуд олтин узукка ёқут кўз

Нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди.

— Ассалому алайкум!

— Ва алайкум ассалом! Лаббай, эшитаман.

— Мен мингбулоқлик мухлисингиз Эргашали Мусаев бўламан. “Hurriyat” газетасида “Задарёда оққан қиз” мақолангизни ўқиб, жудаям таъсирландим. Ўн икки ёшлигимда раҳматли онам ҳам Задарёда оқиб кетиб оламдан ўтган эди. Шу дарёнинг номини эшитсам, бечора онам эсимга тушаверади. Дил ярам янгиланиб кетади. Дарёда оқиб кетаётган қизни қутқариб қолган Аҳрорбек Ортиқовдай мард инсонга қуллуқ қиламан, ота-онасига раҳмат! Ука, бизнинг Жумашўй томонларга йўлингиз тушса, илтимос, бир кўришайлик. Газетангизга мақола ёзиш учун қизиқ ва ғаройиб тақдирга эгаман…

— Газетамизга эътиборингиз учун раҳмат, Худо хоҳласа, албатта, кўришамиз…

Жумашўй шаҳар кўринишидаги аҳоли яшайдиган жойлардан бири экан. Журналист ҳамкасбим ёрдамида Эргашали Мусаев билан соғломлаштириш масканида учрашдик. Оппоқ соч-соқолли, юзидан нур ёғилиб турган, миллий дўппида янада савлатли кўринган Эргашали ака менинг тасаввуримдан ҳам кўра очиқ кўнгилли инсон экан. Нимагадир бу сафар журналистлик одатимга зид равишда оқсоқолнинг ёшини сўрашдан суҳбатни бошладим.

— Бу йил етмиш еттига кирдим.

— Ие, иккита етти денг, ҳавасим келиб турибди, машааллоҳ, анча ёш кўринар экансиз.

Унинг самимияти сабабми ёки ички бир туйғуми, билмадим-у, ўзимни Эргашали ака билан узоқ йиллардан бери қадрдонлардек ҳис қила бошладим. У билан ҳазил-мутойиба қилгим келди.

— Янга битта бўлса керак-да, ҳечам ўзингизни олдирмабсиз, қариликка енгилмабсиз, — дедим нариги каравотда ўтирган онахонга ишора қилиб.

— Тўғри топдингиз, Насиба янгангиз битта, — деди у мийиғида кулиб. — Онамдан эрта жудо бўлганим учун бувим раҳматли “етим қўзим” деб бошимни силаб: “Илоҳо, яхши келин учрасин”, деб дуо қиларди. Мана, турмуш қурганимизга эллик бир йил бўлибди. Қўшганимиз билан қўша қариб юрибмиз. Икковимиз тўрт қиз, уч ўғилни оқ ювиб, оқ тараб, тарбиялаб, ўқитдик, элга қўшдик. Элнинг хизматини қилишмоқда, элдан дуо олишмоқда. Уларнинг ортидан раҳматлар эшитиб, ўзимиз ҳам азиз-мўътабар бўлиб юрибмиз. Йигирма олтита неварамиз атрофимизда парвона, бир-биридан ширин ўн битта чеварамизни эркалатиб тўймаймиз. Бу кунларга етиш осон бўлмаган. Эҳҳе, биз чеккан азобларнинг чеки йўқ.

Эргашали аканинг кўзларида билинар-билинмас нам кўргандай бўлди.

— Шу жойда авваллари қишлоқ касалхонаси бўлган, — дея ғамгин ҳикоясини бошлади Эргашали ака. — Онамнинг мазаси бўлмай, касалхонага ётқизилган эди. У пайтлари ҳатто касалхоналарда ҳам ичимлик суви бўлмаган. Ариқлардан ичилган. Юз-қўллар ҳам ариқ-дарёлар бўйида ювиларди. Ҳамма қатори Ҳолинисо онам ҳам касал ҳолида қирғоқда юз-қўлини ювмоқчи бўлганда, оёғи сирғаниб, каналга тушиб оқиб кетади. Ёш бошимизга оғир мусибат тушиб, онамиздан айрилиб, отанинг кўзига қараб қолгандик. Она қадрини онасидан эрта қолганлар билади. Назарали отам раҳматли бизларни онамиз йўқлигини билдирмай тарбиялади, ўқитди…

Орамизга бир муддат жимлик чўкди. Насиба янга чой қуйиб узатди.

— Болаликдаги орзуларингиз қандай бўлган эди, шу ҳақда ҳам гапириб берсангиз, — дея Эргашали акадан сўрадим, суҳбатимизни енгилроқ мавзуга буриб.

— Адабиёт фанини яхши кўрардим. Болаликдан кўп китоб ва газеталарни ўқиганим учун журналист бўлишни орзу қилганман, — дея у ҳикоя қила бошлади. — 1967 йили мактабни битираётганимда синф раҳбаримиз Абдулазиз Норқўзиев домла: “Қайси ўқишга борасан?” деб сўраб қолди. “Журналист бўлмоқчиман”, дедим. “Журналистлик ҳам яхши, аммо қишлоғимизда бирорта дўхтир йўқ, дўхтирликка ўқигин, савобли касб”, деди. Раҳматли Абдулазиз муаллимимиз физика фанидан дарс берарди, ақлли ва мени ўғлидек кўрадиган меҳрибон инсон эди. Ҳечам гапини икки қилмагандим. Унинг айтганини қилиб, Андижон давлат медицина институтига ўқишга кирдим.

Институтда аълога ўқидим. Домлаларимиз: “Зеҳнли йигитсан, қобилиятинг яхши, институтда қолиб, илм қилгин, олим бўласан”, дейишди. Ҳатто андижонлик бой-бадавлат кишилардан бири мени маъқул кўрган, шекилли, “Институтда қолсангиз, ёлғиз қизим бор, шуни бераман”, деган таклифни ҳам айтди.

Иложим йўқлигини айтдим.

“Андижонда қолсангиз, ҳамма шароитингизни қилиб бераман. Катта олим бўласиз. Нега хоҳламаяпсиз?” — деб сўради у. “Раҳмат сизга! Аммо қола олмайман, кекса отам бор, унга қарашим керак”.

У киши отам ҳақида айтганимни эшитиб, таъсирланиб кетди. “Кексайганда отанинг дуосини олиш керак. Аллоҳнинг ризоси отанинг ризосида. Одоб-ахлоқингиз, илмингизни кўриб, куёв қилиш ниятида эдим. Ёлғиз қизимни юз километр узоққа бера олмайман-да. Бахтли бўлинг, болам”, деб дуо берганди.

Наманганга қайтганим яхши бўлган экан. Бахтимни шу жойдан топдим. Тақдир пешонамга Насибахонни ёзган экан, Аллоҳга шукур.

— Кеча сумалак қилгандик, жуда мазали чиқди, — дея Насиба янга пиёладаги сумалакка ишора қилди. — Ҳар йили баҳорга яқин бир-икки марта сумалак тайёрлайман. Дам олувчиларга ҳам тарқатамиз. Илик узилди пайти соғлиққа фойдаси катта.

— Ўқишни битириб, касалхонада иш бошладим, — дея ҳикоясини давом эттирди Эргашали ака. — Саксон ёшида отамни машина уриб кетди. Уни кўргани касалхонага борсам, Ҳошим ака деган нотаниш киши билан битта палатада ётган экан. Ҳошим ака отамнинг аҳволини кўриб: “Тезроқ уйлангин”, деб қолди. Қўлимиз юпқалигини отамдан эшитган, шекилли, “Қарз бериб тураман, уйланволасан”, деб жиддий гапирди.

Ҳақиқатан, Ҳошим ака икки минг сўм бериб турди. Тўй қилиб олдик, уйландим. Бир йил ишлаб, қарздан ҳам қутулдим.

Отам бировнинг ҳақидан қўрқадиган киши эди. Бизларга доим: “Бировнинг ҳақини еманглар”, деб тайинларди. 1979 йилги бир воқеа ҳечам ёдимдан чиқмайди. Отам бозордан кийим-кечак, калиш сотиб олган экан. Уйга келгач, ёнидаги пулини санаса, 50 тийин кўп экан. “Демак, сотувчига кам берибман”, деб ўн чақиримча узоқликдаги бозорга қайтиб бориб, эллик тийинни бериб келгандик. “Ўзганинг ҳақи насиб қилмайди”, дегани қулоғимда қолган…

— Оталаримиз шундай ҳалол инсонлар бўлишган, Аллоҳдан қўрқишган, — дейман. — Бировнинг дилини оғритмаслик, қийналганларга беминнат ёрдам бериш, тили билан дилини бир тутиш каби инсоний фазилатлари биз зурриётларига ибрат мактаби бўлган.

— Дунё турмушидаги ғам-қайғуни эр-хотин бирга тортишар экан, — деди Эргашали ака. — Бош фарзандимиз қиз бўлди. “Қиз — барака” деб севиндик. Иккинчиси ҳам қиз туғилди. Шу тариқа қизларимиз тўртта бўлди. Аммо ташвиш кутилмаганда келди. Бир минг тўққиз юз саксонинчи йили қайғуга ботиб қолдик. Оёқ-белим оғриғидан жоним чиқиб кетай дерди. Азоб… азоб эди. Инсоннинг бардоши метиндай бўларкан. Андижондаги клиниканинг машҳур врачлари ҳам орқа мия ракининг сўнгги босқичига келган, узоғи билан икки ой яшаса керак, деб мени касалхонага қабул қилишмади. Ўлиб қолсам, бечора хотиним тўртта қиз билан қандай кун кўраркин-а, деган ўй-хаёл тинчлик бермасди. Давоси йўқ дардга чалинган беморнинг руҳий ҳолатини шу касалга учраганлар ҳис қила олади, холос.

Одамлардан хитойлик доктор игна билан даволаётгани ҳақидаги хабарни эшитиб, чиқмаган жондан умид қилиб Фарғонага бордим. Анча илгари бир гуруҳ хитойлик шифокорлар Ўрта Осиёга келиб, шифохоналарда игнатерапия усули билан даволаш ишларини йўлга қўйишган экан. Шундай мутахассислардан бири Сун Сун Мун деган шифокор Фарғонада қолиб кетган экан. Бир-икки марта муолажа олгач, оғриқлар сусайиб, аҳволим яхшилана бошлади. Тиббиёт илмини яхши биладиган врач бўлганим боисми, яна билмадим-у, менга меҳри тушиб қолди. У билан тезда иноқлашиб кетдик, ўзига ёрдамчи қилиб олди. Уч ойда шифо топдим, игнатерапия усулида даволаш сирларини ҳам ўргандим.

Аллоҳ сақлайман деса, бало йўқ, сақламаса даво йўқ, деганидек, Ўзи сақлади. Пок парвардигор ғайрий хазинасидан Сун Сун Мун деган ажойиб устозни тортиқ қилганига беадад шукур. Шундай қўли енгил устоздан даволаш сирларини ўрганиб, уни тажрибада қўллаш орқасидан кенг насибадор бўлдим. Касб-коримизни давом эттирадиган ўғилларни берди. Ўғлим Улуғбек ва Умиджонлар — бугун беморлар ишончини қозониб, эл-улус дуосини олишмоқда.

— Қуръон нури билан кўнгиллар очилади, инсонларнинг икки дунёда бахтли-саодатли бўлишлари учун Қуръони карим кифоядир, — деди у. — Асли ижодкор бўлиш орзуси билан балоғатга етганман. “Ислом нури”, “Шифо-инфо” газеталари, “Ҳидоят” журналига доимо обуна бўлиб ўқийман. Шу йилдан “Hurriyat” газетасини ҳам ўқиб боряпман. Сўз гавҳарига харидормиз. Китобга маҳкам ёпишиб ўқийдиган кишиман. Шеър ёзиб тураман. “Ҳали кўп яшаймиз” деган номдаги китобим чиққан.

Насиба янгага назар ташласам, у турмуш ўртоғини бошқача бир меҳр билан тинглаб ўтирибди. Назаримда, улар худди олтин узукка ёқут кўз қўйгандек.

Шу пайтда: “Ассалому алайкум!”, деб хонага кириб келган болажоннинг саломига алик олдим-да, исмини сўрадим.

— Исмим Алинур.

— Жуда чиройли исм экан, менинг ўғлимнинг оти Дилнур. Ёшингиз нечада?

— Саккизда.

— Катта бўлсанг ким бўласан? Журналист амакингга айт-чи, — деди бувиси.

— Шифокор бўламан!

Яна бир набира салом билан кириб келди. Исми Зиёда экан. У шифокор-психолог бўлмоқчи. Иккови ҳам фақат бешга ўқишар экан. Бахтиёр болажонлар иқболига кўз тегмасин!

Мингбулоқлик кекса журналист дўстимиз Қосим ака Акбаровнинг айтишича, Мусаевлар оиласининг аҳиллигига ҳамма ҳавас қилади. Қариндош-уруғлар билан алоқаларни узмаган кишиларнинг ризқи мўл, умри узоқ бўлади, деб бежиз айтилмаган.

— Ёши саксонга яқинлашиб қолган қаҳрамонларимга яхши ниятлар айтиб руҳлантириб юрадиган одатим бор, — деб турган чоғимда, ўғли Умиджон: “Камчиликлар йўқми?” деб кириб қолди.

— Камчилик йўғ-у, бир хизмат бор, — дедим унга. — Дадангиз Эргашали ака саксон уч ёшу тўрт ойга кирганида минг ой бўлади. Машойихларнинг айтишича, инсон минг ой яшаса, худди онадан янги туғилган чақалоқдек беғубор бўлиб қоларкан. Ўшанда ўртоқларини чақириб дастурхон ёзасиз!

— Албатта, Аллоҳ ўша кунга етказсин, сизни ҳам таклиф қиламан,– деди у.

Эргашали ҳожи ота дуо қилди, биз ҳам қўл очиб “омин” дедик!

Шоир ёзганидек:

Отасидан дуо олган кам бўлмагай,

Эл ичинда олтин боши хам бўлмагай!

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 1 =