Сирдарёнинг сирли “сават”и

Ўзбек рақс санъати турфа гуллар барқ уриб очилган гулзорга ўхшайди. Хоразму Андижон, Бухорою Сурхон, қўйингки, барча рақсларнинг ўз нафосати бор. “Лазги”ми “Андижон полкаси”ми янграганда рақсга тушиб кетганингизни билмай қоласиз. “Тановар” жаранг сочганда, эшилиб, тўлғаниб хиром айлайсиз.

Сирдарёда санъат ҳам одамларнинг турмуш тарзи билан қадам-бақадам ривожланмоқда. Дилбар рақслари билан ном қозонган Сирдарёнинг “Сават” фольклор рақси дунёга танилиб бормоқда. Мазкур рақснинг ижодкори “Халқ таълими аълочиси”, “Мўътабар аёл”, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонлари соҳибаси Барнохон Холиқовадир.

У Сирдарё рақс мактаби асосчиси, иқтидорли балетмейстер “Сут соғувчи қиз”, “Янги қўғирчоқ”, “Гилам тўқувчи қизлар”, “Қиз узатиш” каби қатор ўзбек миллий рақс композицияларини яратди. “Сават” рақси эса унга чин маънода машҳурлик олиб келди.

— Рақс санъати мусиқа билан узвий боғлиқ, — деди Барнохон Холиқова. — У мусиқа мазмунини хатти-ҳаракатлар, образлар воситасида очиб беради. Халқ рақсларида ритм муҳим бўлиб, у мусиқада ўз ифодасини топади, оёқ, қўл, бош ва тана ҳаракатлари умумий ритмга бўйсунади, бир-бири билан боғланади. Ўзбек рақслари мазмунини ифодалашда тепки, қарсак, зангдан ҳам фойдаланилади. Айрим рақслар рўмол, пиёла, қадаҳ каби матоҳлар билан ижро этилади.

“Сават” рақсининг архитектоникаси миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғлиқ. Рақс доира ритмлари остида ижро этилади. У фольклор рақслари туркумига киради. Рақс элни элга, дилни дилга пайванд қилувчи, одамларни эзгуликка, дўстлик-биродарликка, меҳр-оқибатга чорловчи, халқимизнинг яхши-ёмон кунлари, тўю маъракаларига олиб бориладиган жизза нонлару сомсалар, қатламалару ўрамалар, мева-чева ва сабзавотлар, сарполар ҳамда совға-саломларни ўз бағрига жойлаган рўзғор буюми — сават ёрдамида амалга оширилади. Раққоса қизлар саватга қўл теккизмасдан бошларида узоқ вақт ушлаб туришлари, сават билан ўтириб туришлари, эгилишлари, айланишлари керак бўлади. Бу раққосалардан катта масъулият ва маҳоратни талаб қилади.

Бугунги кунгача “Сават” рақси “Сирдарё наволари” дастаси (ансамбли) билан Россия, Франция, Испания, Италия, Швейцария, Жанубий Корея, Хитой, Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Туркия каби давлатларнинг саҳналарида ижро этилди. Хорижлик рақс муҳиблари Сирдарё санъатига хос дурдона яратилганини эътироф этишди.

Барно Холиқова саҳналаштирган “Сават” фольклор рақси “Нурли наволар” ва “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалларида фахрли 1- ва 3-ўринларни қўлга киритди. “Кўҳна замин оҳанглари” телевизион фестивалида эса балетмейстернинг шогирдлари ижросидаги рақс маҳаллий қадриятлар, урф-одатлар, бой маданий мерос ва санъатни гўзал тарзда ифодалаб берганлиги учун мутахассислар томонидан юқори баҳоланиб, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг “Ҳудудга хос рақс” номинацияси билан тақдирланган.

Қаҳрамонимизнинг салоҳияти турли халқаро танловларда муносиб баҳосини олиб келмоқда. 2022-2023 йиллар орасида “Ҳаёт мусиқаси” халқаро болалар ижодиёти ҳамда “Бахтли элнинг болалари” халқаро рақс фестивалларида Гран-при ва 1-ўрин соҳибасига айланган. Америка Қўшма Штатларининг Сиэтл шаҳрида Евроосиё рақс академияси ташаббуси билан ўтган “Дунё рақслари” фестивалида ўзбек рақс санъатини дунёга тарғиб қилишдаги хизматлари ҳисобга олиниб, “Рақс санъати устози” номинацияси билан сийланган.

Озарбайжоннинг Боку шаҳрида “Зиёли ўчоғи” халқаро уюшмасининг ташаббуси билан “Озарбайжон-Ўзбекистон: маданий дипломатиянинг илмий-амалий методологияси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ва маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. Унда Барнохон Холиқова “Сирдарёнинг сирли “Сават”и — ўзбек миллий рақс санъатининг дурдонаси” мавзусида маъруза қилди. Анжуман якунида балетмейстер “Турк дунёси миллий маданияти ва санъатига қўшган ҳиссаси” ва “Сирдарё рақс мактабини яратганлиги учун” халқаро диплом ва сертификат билан тақдирланди. Шунингдек, халқаро илмий анжуман доирасида Барно Холиқова ва Ўзбекистон давлат хореография академияси доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори ((PhD) Ҳ. Ҳамроеванинг Бокуда рус тилида нашр этилган “Загадочный “Сават” Сырдарьи — шедевр узбекского национального танцевального исскуства” номли монографияси тақдимоти ҳам ўтказилди.

Яқинда пойтахтимизнинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида санъаткорлар оиласи — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асатилло Холиқов ва Барнохон Холиқоваларнинг ҳамкорликда ижод қилаётганига 45 йил тўлиши муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда оилавий жуфтлик ҳақида суратга олинган “Санъатдан бахтини топганлар” ҳужжатли фильми намойиш қилинди. Ҳиндистон давлатида инглиз тилида чоп этилган “Сават” рақсига бағишланган “Cyrdarya “Basket” danke group” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Анжуманда сўзга чиққан рақс санъатининг таниқли мутахассислари “Сават” рақси ҳам Хоразмнинг “Лазги”си каби ЮНЕСКОнинг репрезентатив рўйхатига киритилишига лойиқ эканлигини таъкидладилар.

Ўтган йили мазкур рақс ҳақидаги китоблар Таиланд давлатида тай ва инглиз тилларида, Озарбайжон давлатида озар ва инглиз тилларида нашрдан чиқди.

Ҳа, шундай, Сирдарёнинг сирли “Сават”и дунёни забт этмоқда.

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

 аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × three =