Дўстлик — тириклик зийнати

Юртимизга баҳор келди,  баҳор билан меҳмон келди

… “Бу йил ўтов бошига қалдирғоч ин қурганди. Қалдирғоч — мўъжизавий қуш. Қушнинг уйини бузиб, болаларини нобуд қилиш қўлимдан келмади”, – деб лашкарбошига жавоб қилади. Қаршисидаги инсонни авлиёлик фазилатини сезиб қолган ёвбошчиси унга тегмасликка буйруқ беради. Шундан авлиё Қалдирғочбий номини олади…

Хайр-фазилатли  Рамазон ойининг бошланиши баҳорнинг биринчи кунига тўғри келди.   Шанба куни эрталаб Самарқанднинг Каттақўрғонидаги “Эргаш ота” санаторийсида дам олиб қайтаётган Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида яшовчи қадрдоним Токан Ботабековни Шимолий вокзалда кутиб олдим. Тошкентга ҳар сафар келганида, албатта, қозоқ авлиёси Тўлабий мақбарасига боради. Азиз-авлиёлар қадамжоларини зиёрат қилишга ихлоси баланд инсон.

Тўлабий Алибийқул номи билан машҳур авлиё Қалдирғочбий деб ҳам аталади. Ул зотнинг қабри Шайх Хованди Тохур зиёратгоҳида жойлашган.

Қалдирғочбий — Тошкент шаҳридаги бетакрор меъморий ёдгорликлардан бири. Шайх Хованди Тохур мажмуаси таркибидаги мақбара XV асрнинг биринчи ярмида барпо этилган. Мақбара қадимда Дашти Қипчоқда яшаган “Қалдирғочбий” қабри устида тикланган. Ривоятларга кўра, ёв бостириб келаётган, уруш хавфи туғилган пайтда аҳоли ўтовларини йиғиштириб ўз ерларини тарк этишади. Аммо Тўлабий ўтовини йиғмайди. Босқинчилар лашкарбошиси Тўлабийдан “сен нега кетмадинг”, – деб сўрайди.

“Бу йил ўтов бошига қалдирғоч ин қурганди. Қалдирғоч — мўъжизавий қуш. Қушнинг уйини бузиб, болаларини нобуд қилиш қўлимдан келмади”, – деб лашкарбошига жавоб қилади. Қаршисидаги инсонни авлиёлик фазилатини сезиб қолган ёвбошчиси унга тегмасликка буйруқ беради. Шундан авлиё Қалдирғочбий номини олади.

Ёдингизда бордир, бола очириш учун тухумини босиб ётган қуш уясини бузмаслик воқеаси Алишер Навоий ҳаётида ҳам бўлган.

Токан ака билан зиёратгоҳга борганимизда бир гуруҳ чимкентлик меҳмонларни учратдик.

Мен Қуръон ўқидим, ҳамроҳим ниятларини айтиб дуо қилди. Дуосида Қозоғистон ва Ўзбекистонда тинчлик бўлсин, мамлакатларимиз дўстлиги мустаҳкамланаверсин, деб алоҳида ният айтди. Токан оға дунё кўрган киши-да, тинчликни, дўстликни қадрлайди.

— Санаторийдан қайтишдан олдин Нурота зиёратгоҳига ҳам бордим, – деб ҳикоясини бошлади у. — Ўзбекистонда муқаддас қадамжоларга  эътибор катта. Қозоқ авлиёларининг қабр-қадамжоларини ҳам эъзозлаб, обод қилиб,  покиза сақлашади.

— Эсингиздами, Қазибек ўғли Жабай авлиё зиёратига ҳам олиб бораман дегандим.

—  У мақбара қаъладами?

— Ҳа,  қаълада. (Қозоқ қардошлар шаҳарни қалъа деб аташади).

Уни Кўкчадаги Зайниддин бобо зиёратгоҳига олиб бордим. Йўлда Токан қардошимизга зиёратгоҳ ҳақида билганларимдан айтиб кетдим.

Бу муқаддас жой таниқли алломаи фузолалар учун ҳам, арбобу фуқаролар учун ҳам азиз зиёратгоҳ ҳисобланади. Шайх Зайниддин бобо – Кўҳи Орифон Тошкандий мақбарасини машҳур давлат ва дин арбоби Хожа Аҳрор Валий, соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳам бир неча марта зиёрат қилишган экан. Қадимийлиги ва  меъморий салоҳияти билан эътиборни тортадиган обида XIII-XIV асрларда Амир Темур томонидан бунёд эттирилган.

Гарчи Қазибек ўғли Жабай авлиё анча кейинги даврда яшаган бўлса-да, тасаввуф илмининг билимдони Шайх Зайниддин бобо каромати ва маърифатига ихлос қилиб, уни илоҳий устозим деб билади. У бошқа юртда вафот этса-да,  Зайниддин бободан эллик қадам пойгакка дафн этишларини васият қилади.

Кўкча қабристони ҳамроҳимда жуда яхши таассурот қолдирди. У ерда Шайҳ Зайниддин бобо, Алихонтўра Соғуний, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Аловуддин Мансур ҳазратлари қабрларини зиёрат қилдик.

— Тошкентнинг кўчалари текис, озода,  зиёратгоҳлари жуда эътиборда экан, – дея у ҳайратини яшира олмади. — Мени қалъа мэри (шаҳар ҳокими) Шавкат Умрзоқовни олдига олиб бор, раҳматимни айтиб кетмасам бўлмайди. Ҳокимимизни танийсизми десам, албатта, Ўзбекистон автосаноати раҳбари пайти Қозоғистонга борган. Куёвим Қозоғистонда Автосаноат вазири  бўлиб ишлайди.  Икковлари дўст. Бизникида қўноқда ҳам бўлган, – деди.

Ишонқирамай қараганимни кўриб телефонидан пойтахтимиз ҳокими билан тушган расмини кўрсатди.

Шаҳар ҳокимини қидириб борсак, ҳудудларни айланаётганлигини айтишди. Ёрдамчиси Мир­усмонга Токан ака омонат саломини айтди.

Ҳокимиятдан чиқиб аэропортга томон кетар­канмиз “Tashkent city”, “Humo arena”, “Magic city” ва бошқа кўнгилочар сайлгоҳларни, осмонўпар биноларни томоша қилиб завқланиб кетди.

— Шавкат Умрзоқов Қозоғистонга борганида “Янги костюм текис кўчаларга ярашади”, деб айтган. Агар мақола ёзсанг, шу сўзларни ҳам қўшиб қўйгин, – деди у.

Қўшни Қозоғистоннинг таниқли қурувчи тадбир­кори Токан Ботабеков аэропортга элтувчи равон кўчанинг озодалигига ҳавас қилганини яшира олмади.

— Ёзда Олмаотада кутаман, албатта боргин, – дея мен билан қучоқлашиб хайрлашди.

— Худо хоҳласа, бораман, оқ йўл!

Тошкентдан Олмаотага парвоз қилаётган самолёт ортидан  кузатиб қолдим.

“Дўст билан обод уйинг” дейдилар. Рост бу. Қозоқ қардошим билан нафақат уйим, кўнглим ҳам обод бўлди…

Дилмурод  ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + twenty =