Қутлуғ қадамжодаги мўъжизалар
Яссавия тариқати асосчиси, тасаввуф илмининг буюк намояндаси, улуғ аллома Хожа Аҳмад Яссавий битган ҳикматлар Шарқ халқларининг ислом динига бўлган эътиқодини қувватлантириб мустаҳкамлашда, мусулмон умматларини Қуръони карим ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳамда унинг суннатларига муҳаббатини янада оширишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Яссавий бобомизнинг сермаъно ҳикматлари дили, тили, ихлоси пок диндошларимизнинг қалбига зиё нуридай малҳам бўлиб кириб боради. Аҳмад Яссавий номини, унинг ҳикматларини болалигимда отамдан эшитганман. Раҳматли Кенжабой отам Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туманидаги мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фанидан эллик йилдан кўпроқ дарс берган муаллим бўлган. Мир Алишер Навоийни ўзининг илоҳий устози деб биларди, ўзи ҳам шоир эди.
Бисмиллоҳни овоз чиқариб айтишни тасаввурга сиғдириб бўлмайдиган, диний шоир деб Аҳмад Яссавий, Ҳувайдо каби боболаримиз шахси ҳам, ижодий мероси ҳам танқид олови остида бўлган советлар замонида одамлар уларнинг нафақат ҳикматларини, балки номларини тилга олишга ҳам қўрқишар эди…
Аҳмад Яссавийнинг қабри Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида экани, бу жойда кўплаб ўзбеклар яшаши ҳақида ҳам илк бор отамдан эшитганман. Айниқса, улар бир воқеани бошқача меҳр ва иштиёқ билан сўзлаб берарди.
1942 йил баҳорида отамни Иккинчи жаҳон урушига олиб кетаётган поезд Туркистон станциясида бир муддат тўхтаб туради. Отам тун қоронғисида соқчиларга сездирмай поезддан тушиб, ёмғир ёғиб туришига қарамай эмаклаган ҳолда станция яқинидаги Аҳмад Яссавий мақбарасига бориб Қуръон ўқийди. Шундай улуғ зотлар ҳурматидан урушдан омон қайтишини Аллоҳдан сўраб дуо қилади. Сўнгра эмаклаганча келиб яна поездга чиқиб оладилар. Ленинград қамалида тўлиқ қатнашиб омон қолган, жанглардаги жасурлиги учун орден-медаллар олган — юксак маънавиятли, одамларга меҳр-оқибат кўрсатишда тенги йўқ зиёли инсоннинг фарзанди бўлиб дунёга келганим учун Аллоҳга беадад шукур дейман.
Биринчи марта Туркистонга Аҳмад Яссавий мақбараси зиёратига бундан ўттиз йил аввал оила аъзоларим ва онамни олиб боргандим. Онам жудаям хурсанд бўлиб дуо қилганди.
Биласизми, бир одатим бор. Қачон улуғ алломалар зиёратига боришни ният қилсам, бирорта қариндошимними ёки кўнгил яқин қадрдонимни бирга олиб бораман. Имом ал-Бухорий, Қусам ибн Аббос, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Имом ат-Термизий, Исо Термизий, Зангиота каби зиёратгоҳларга бирга олиб борганларим билан кўришганимизда улар бундай савобли ишимни эслаб раҳмат айтишади. Бундай раҳматларнинг маънавий лаззати бошқача бўлади. Хушкайфият мени яна ҳам яхшиликларга ундайди.
Катта бир ишга қўл уриш олдидан ёки бирор-бир мушкулотга дучор бўлганимда азиз авлиёлар, улуғ алломалар мақбаралари зиёратига бораман. Аллоҳ суйган зотлар ҳузурида Яратганга илтижо қилиб мадад сўрайман. Ҳар гал зиёратдан қушдек енгил бўлиб қайтаман.
Эсимда, 1999 йил 1 апрелда “Қишлоқ ҳаёти” газетасига Ўткир Раҳматов бош муҳаррир бўлиб келганди. Газета таҳририяти инқирозга юз тутиб, босмахонадан, ходимларнинг ойлик маошларидан қарздор бўлиб турган бир ҳолатда Ўткир ака ҳеч иккиланмай белни боғлаб ишга киришиб кетди. Газетачилик сир-асрорларини яхши биладиган, ўша пайтлари юқори идорада ишлайдиган Шуҳрат Жабборов ҳамда мен реклама ва тижорат мақолалари тайёрлаш бўйича ўз тажрибаларимни ишга солиб, Ўткир акага елкадош бўлдик. 1999 йилнинг ўзидаёқ газетанинг мазмуни тубдан ўзгарди, иқтисодий имкониятлари пайдо бўлди. Ўша кезларда бир неча марта Ўткир акага “Худо хоҳласа, ишларимиз юришиб кетади, насиб этса, сизни Туркистонга Аҳмад Яссавий зиёратига олиб бораман”, деб айтиб юрардим. Шоир эмасми, таклифим маъқул келиб, албатта, зиёратга бирга борамиз дер эди. Ниятлари ёдига тушган чоғи, бир неча йил аввал Ўткир Раҳмат ўзи раҳбарлик қилаётган “Халқ сўзи” жамоасини Туркистонга Аҳмад Яссавий зиёратига олиб борибди. Катта савоб ишга бош-қош бўлибди.
Кексая бошлагач, инсон узоқ сафарларга чиқмоқчи бўлса, аҳли аёли, фарзандлари уни авайлар экан. Анчадан бери яна Туркистонга бориш орзусида юрардим. Бир нечта қадрдонларимни таклиф қилиб кўрдим, аммо улар аниқ жавоб беришмади. Аллоҳга таваккал қилиб ўтган ҳафтада Туркистон сари йўлга тушдим. “Ғишткўприк” чегара постидан ўтгач, таксига ўтириб Чимкентга йўл олдим. Узоқ йиллик ҳайдовчи бўлганим боис равон ва текис йўлга ҳавас қилдим. Чимкентдан Туркистон шаҳригача бўлган бетон йўл ҳам шундай экан. Чет элнинг замонавий автомашинасида ўзимни худди денгизда сузиб кетаётгандай ҳис қилиб борардим. Журналистман-ку, дарров ўзимизникига солиштирдим. Тошкентнинг Юнусободидан “Ғишткўприк” — Ўзбекистон-Қозоғистон чегара постигача бўлган йўлни халқаро стандартлар даражасида қайта қуриш зарур бўлиб қолибди. Бу йўлдан дунёнинг кўплаб давлатларидан хорижликлар Ўзбекистонга, юртимиз орқали чет элларга ўтади. Мамлакатимиз имижига соя солиши мумкин бўлган бундай ҳолатни бартараф этмоқ зарур, албатта.
Йўлда кетаяпман-у, хаёлимга Яссавий бобомиз ҳақида билганларим бир-бир ёдга тушади. Аҳмад Яссавий ўн иккинчи асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган тасаввуфий тариқат асосчиси. Ёшлигидаёқ аввал отасидан, кейин онасидан айрилиб қолгач, уни опаси Гавҳар Шаҳноз тарбиялайди. Бухорода тасаввуфнинг йирик намояндаси, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва бошқа машойихларнинг устози, ҳаёти давомида ўттиз марта ҳаж қилган, ибодатгўй, тақводор, илмига амал қиладиган машҳур олим Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳдан таълим олган. У Бухорода араб тили билан бирга форс тилини ҳам ўрганган зот эди. Абдулхолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Барқий, Ҳасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслак эди.
Яссавий туркий халқларни исломга янада кенгроқ жалб этиш ва тасаввуф ғояларини одамлар кўнглига чуқур сингдириш мақсадида шеърият имкониятларидан фойдаланади. Унинг “Девони ҳикмат”ида илоҳий ишқ ва ошиқлик, маърифат ва орифлик саодати, фанодан бақога етишиш тушунчалари ниҳоятда самимий ва таъсирчан оҳангларда ёритиб берилган.
…Субҳидамда йўлга чиққан бўлсам, қуёш чиққанида манзилга етиб бордим. Туркистон шаҳри тамомила ўзгариб кетибди. Баланд-баланд уйлар ва маъмурий бинолар, ҳашаматли масжидлар ва меҳмонхоналар, савдо ва кўнгилочар марказлар бунёд этилибди. Кенг ва равон йўллар, янги русумдаги автобуслар, соябонли бекатлар эътиборимни тортди. Ва ниҳоят, Аҳмад Яссавий мақбараси кўринди. Мақбара мажмуасига ниҳоятда катта майдон ажратилибди. Ҳашаматли жоме масжиди, музей, ресторанлар, меҳмонхоналар қурилибди. Мақбара рўпарасидаги гулзорлар, кўкаламзор майдонлар, манзарали дарахтзорларга тикилиб кўз тўймайди. Айниқса, мақбара атрофидаги жийдаларнинг ҳар донаси араб хурмосидек келадиган шода-шода мевачалари гўё олтин каби тобланиб ҳайратимни оширди. Мақбаранинг бир қисми таъмирланаётган экан. Зиёратчилар ичкарига орқа томондаги дарвозадан киритилмоқда. Мақбара ёнида Қуръон оятларидан ўқиб, уни бобомизнинг азиз руҳларига бағишладим.
Ният-мақсадларимни ижобат қилишини Аллоҳдан сўраб илтижо қилдим…
Сокин сайилгоҳлардан-да файзлироқ бу зиёратгоҳга олиб борадиган майдон йўлаклари ёнларига ўрнатилган қимматбаҳо мармар тошларга Хожа Аҳмад Яссавий ҳикматлари зарҳал харфлар билан битилган.
Ҳазрат Аҳмад Яссавийнинг ҳар бир ҳикмати-ю, ҳар бир лутфида олам-олам маъно бор. Уни ўқиб, уқсанг, бутун вужудинг покланади, дилинг яйрайди. Шеърий мисраларга жо этилган ҳикматлар инсоннинг яккаю ягона Аллоҳга эътиқодини янада кучайтиради, инсофли, иймонли, диёнатли бўлишга чорлайди, ёмонликлардан огоҳ этади.
Бугун яна Ҳазрат Яссавий зиёрати билан боғлиқ бир неча бора содир бўлган мўъжизавий воқеалар ёдимга тушди. Тўнғич қизим Гавҳар болалик чоғларида “мени Ҳиндистонга олиб бориб, тошбақа ушлаб берасиз” деб айтиб юрарди. Тўқсонинчи йилларнинг бошларида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳозиргидек чегаралар бўлмаган. Бизлар машиналаримизда бемалол у юртларда ҳеч қандай тўсиқсиз юраверардик. Шунинг учун ҳам йилига қайта-қайта зиёратга борардик. Бир сафар зиёратга кетаётиб, Гавҳар қизим: “Аҳмад Яссавий мақбарасига борганда нимани сўраб дуо қилсанг, Аллоҳ беради, дейсиз, шу ростми?” деб сўраб қолди.
— Ҳа, қизим, албатта, улуғ даргоҳда Худодан сўраб қилинган дуо ижобат бўлади. Фақат бунга чин дилдан ишониш керак.
— Унда Ҳиндистонга олиб бориб тошбақа ушлаб берасиз, деб дуо қиламан, — деди севинганидан кўзлари ёниб.
— Унда мақбарага борганда мана бу шеърни ёддан ўқиб дуо қилгин, — дедим. Доимо қайси бир улуғ машойихлар зиёратига йўлга чиққанимизда, манзилга етгунимизча у ҳақидаги китоблардан ўқиб кетардик. Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат” китобидан қуйидаги шеърини ёдлаб олгин дедим:
Бешак билинг, бу дунё барча халқдин ўтаро,
Инонмагил молингга, бир кун қўлдан кетаро.
Ота-она, қариндош қаён кетди, фикр қил,
Тўрт оёқли чўбин от бир кун сенга етаро.
Дунё учун ғам ема, Ҳақдин ўзгани дема,
Киши молини ема, Сирот узра тутаро…
Қизимнинг зеҳни ўткир, бир-икки марта ўқиб шеърни ёдлаб олгач, тушунмаган сўзлари маъноларини сўради.
Туркистонга етиб бориб мақбарага кирсак, қирқ қулоқли қозонни бир қанча чет эллик сайёҳлар ўраб олиб томоша қилаётган экан. Кутилмаганда Гавҳар қизим ёдлаган шеърни баланд овозда ифодали қилиб ўқий бошлади. Шеърни тугатиши билан атрофдагилар қарсак чалиб юборишди. Сайёҳлар хурсандликдан кўзлари ёниб турган қизимнинг ёнига келиб ўзларининг тилларида нималардир деб самимий гапирди, алқади.
Зиёрат амалларини бажариб бўлгач, ўзимиз таниган хонадонга бориб жойлашдик.
У пайтлари Туркистонда меҳмонхоналар саноқли эди. Зиёратчилар, асосан, мақбара яқинидаги хонадонлардан қўним топишарди. Меҳмон уйлари эгалари ҳам инсофли, диёнатли эдилар. Зиёратчиларга шунча берасан, демасди. Кўнглингиздан чиқариб бериб кетаверасизлар, меҳмонсизлар, пул бермасанглар ҳам розимиз, деб лутф қилардилар.
Доимий меҳмон бўладиган хонадонда бир кун дам олиб, эртасига Аҳмад Яссавийнинг устози Арслонбоб отанинг Ўтрор шаҳридаги мақбараси томон йўлга чиқдик. Йўлнинг бир қисми чўл оралаб ўтади. Ўша куни йўлнинг кунботар томони туз қоплагандек оппоқ экан. Машина ойнасидан атрофни томоша қилиб кетаётган Гавҳар қизим бирдан: “Адажон, машинани тўхтатинг! Машинани тўхтатинг, адажон!” деб қолди. Машинадан туша солиб югуриб кетди. Оппоқ майдонда туз деб ўйлаганим туз эмас, оққушлар экан. Қизим кичкина жуссаси билан оппоқ майдон ичида югуриб бормоқда эди. Беҳисоб оққушлар галаси икки томонга қанот қоқиб кўтарилаётир. Гўё денгиз қаърини ёриб кетаётган кема ортида қолаётган тўлқинлар каби манзара. Қизим беш юз метрлар чамаси жойга етгач, тўхтаб қўли билан имлаб чақира бошлади. Олдига борсак, тоғорадек келадиган катта тошбақа ёнида севинчидан ўзига сиғмай турибди. “Аллоҳ менга тошбақа берди, энди Ҳиндистонга обормай қўяверасиз, адажон!” деб севинар эди. Кейинчалик англаб етдимки, бепоён далани қоплаган оққушлар ҳам, тошбақа ҳам Яратганнинг мўъжизаси бўлган экан…
Кейинчалик ҳам Аҳмад Яссавий зиёратига борган чоғларимда турли мўъжизалар содир бўлди. Сўнгги пайтларда раҳматли отам ҳақида хотира китоб ёзяпман, Худо хоҳласа, бу рисолада ўша ҳодисалар тўғрисида батафсил ҳикоя қилиш ниятидаман.
Аминманки, курраи заминдаги мўмин-мусулмонлар каби табаррук Яссавий бобомиз зиёратига ихлос билан интилар эканмиз, бизларнинг Аллоҳга, унинг расули Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга бўлган муҳаббатимиз янада кучаяверади.
Яна узоқ йиллар шундай азиз авлиёлар қадамжоларини зиёрат қилиш насиб этсин дея дуо қилиб Тошкентга қайтдим.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
аъзоси.