Сокин ҳужрадаги ҳузурбахш ибодат
Абадият оралаб
Ўшга қачон етамиз?
Қорли тоғлар бағрида
Бегим — Ўшим кўринди,
Султон — Ўшим кўринди…
Шавкат РАҲМОН
Шу йилнинг 17-18 май кунлари Ўш шаҳридаги Б.Содиқов номидаги Қирғиз-Ўзбек халқаро университетида “Комил инсон тарбиясида мумтоз адабиётнинг ўрни” мавзуидаги илмий-амалий анжуман таассуротлари
Ўш… бу қадимий шаҳар ҳақидаги қимматли маълумотга илк бора шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си орқали эга бўлганман. Ўшанда ҳали талаба эдим. Орадан 20 йиллар вақт ўтдики, кўнгилда Сулаймон тоғ ҳаваси, унда ҳазрат Бобур қурдирган ҳужра ёди ғалаён кўтариб тураверди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романини ўқиганимда, у асосида ишланган видеофильмни қайта-қайта томоша қилганимда, бу иштиёқ янада жонланаверарди. Ўшга йўли тушганлар ёки ўшлик биродарлар билан учрашиб қолгудек бўлсам, албатта, ўша ҳужра ҳақида қизиқиб сўрайверардим…
“Ҳар бир ишнинг омади — ўз вақти”, — дейди қозоқ шоири Абай. Дарҳақиқат, айни шундай экан!..
Бурама тоғ этакларида ғор шаклида ҳашаматли тарихий музей жойлашган. Турли осори атиқалар, туркий халқларнинг ўтмиши, тарихий илдизларидан хабар берувчи экспонатлар чинакамига ибтидоий одамлар яшаган муҳитга бошлаб боргандек бўлади кишини. Музей ёқалаб юқорига ўрлаган узун пиллапоядан Бобур мирзонинг қадимий ҳужраси томон кўтариламиз. Собиқ шўро мафкурасининг нобоп тамойиллари оқибатида XX асрнинг 60-йилларида вайрон қилинган, кейинчалик фидойи халқнинг ташаббуси, саъй-ҳаракатлари ва меҳнати билан ўз ҳолича қайта тикланган чоғроққина ҳужра узоқдан кўзга ташланади. Юрак ҳапқиради. Аллақандай ҳислар борлиғингни чулғаб олади. Ҳазрат Бобур ёдга тушади. Бу ҳаётнинг не-не синоатлари, заҳмату машаққатларини хўўўп тотган Бобур мирзо нега айнан шу манзилни танлаб, ҳужра қурди экан, деган ўй чарх уради мияда… Юксакликдан эса шаҳарнинг бутун манзараси, бор таровати яққол кўриниб туради…
Ҳужра саранжом, атрофи озода, сокин… Дарахтлар бўй чўзган. Ён атрофга қўйилган ўриндиқларга ўтириб, Қуръон тиловат қиламиз, дуога қўл очамиз, гўё Бобур мирзо билан юзма-юз келгандай кўнглимиз чароғон бўлади, равшан тортади. Ҳужра ичкарисига фақат ибодат қилиш, аниқроғи, намоз ўқиб олиш учунгина киришга рухсат беришаркан… Қибла томонида меҳроби — саждагоҳи нақшинкор қилиб ишланган. Бошимни шукрона иқрори ила саждага қўйиб, озурда руҳимга ҳаловат тиларканман, ҳазрат Бобур шахсиятига, маънавий дунёсига бир қадар яқинлик ҳис этгандай бўлдим…
Дили, тили, дини бир биродарлар дийдорлашуви…
Тушдан сўнг университетда бизни жуда илиқ, самимий, тантанавор руҳда қарши олишди. Кенг ва ёруғ зал профессор-ўқитувчилар, адабиёт ихлосмандлари, “Илҳом” адабий клуби аъзолари ва талабалар билан лиқ тўлган. Катта электрон таблода Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистонимиз байроғининг суратлари ёнма-ён турибди. Дўстона кайфият ҳукмрон!
Қирғиз Республикаси миллий-маданий марказининг жанубий ҳудуди ташаббуси билан ташкиллаштирилган анжуман иштирокчиларини университет ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, академик Муҳаммаджон Мамасаидов қутлади. Дорилфунун раҳбари икки халқ, икки миллат, икки мамлакат ўртасида тобора ривожланиб бораётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий алоқалар, уларнинг янгича қиёфаси, хусусан, бағрикенглик, очиқкўнгиллик, биродарлик туйғуларининг ҳаётий ифодаси, энг аввало, икки давлат Президентларининг ўзаро мулоқотларида, қолаверса, мана бу каби ташрифу учрашувларда намоён бўлаётганига алоҳида тўхталди. Университет ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўртасида илмий, маданий, маърифий соҳаларда яқиндан ҳамкорлик қилиш, жумладан, адабиётшунослик йўналишида кадрлар тайёрлаш масаласида ўзаро амалий ишларни янада ривожлантириш лозимлиги ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги Бош консуллиги масъул ходими Аъзамжон Абдурашидов ҳам иштирок этди. У келажак авлод тарбиясида мумтоз адабиёт, хусусан, ўзбек адабиётининг беқиёс ўрни, миллатлараро тотувлик, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда бадиий сўз дурдоналари қатида яширинган маъноларнинг алоҳида жиҳатларига тўхталди. Бу каби адабий, маърифий тадбирларнинг туркий халқлар бирлиги, янада жипслашуви ва тараққиёти учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Адабиёт — кўнгил мулки, руҳ саодати! Адабиётнинг тили инсоният тилидир. У инсонни ёвузликдан, риёкорликдан, мунофиқликдан, адолатсизликдан қайтаради, одамликнинг асл моҳияти, тириклик мазмуни, яшаш матлаби эзгулик, ўзаро тотувлик, меҳр-оқибат, муҳаббат, садоқат туйғуларига уйғун эканини ўргатади, ёруғликка, некбинликка бошлайди. Дунёда ҳеч бир куч сўз қудратига тенг келолмайди. Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий “Каъбаки оламнинг ўлуб қибласи, Қадри йўқ андоқки, кўнгул Каъбаси” дея инсон қадри, қалб улуғворлиги, самимияту ҳалимликни шарафлаганида сўз шукуҳининг беқиёс таъсир қувватини ҳам эътиборда тутган бўлса, не ажаб!..
Адабиёт тантанаси, сўз байрамига айланиб кетган анжуман очиқ мулоқот, савол-жавоб, эркин суҳбат руҳида кечди. Қардошларимизнинг ўзбек мумтоз адабиётига қизиқишу ихлосмандликларини кўриб қалбларимиз яйрагани рост!
“Илҳом” адабий клуби, дарсликлар ва ўзаро ҳамкорлик…
Педагогика фанлари номзодлари, доцентлар Равшанбек Турсунов ва Саидакбар Махсумхонов, Ўш шаҳридаги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг услубий бирлашмаси раисаси Илтифот Отахонова, Муҳайёхон Холмирзаева, Малоҳат Пўлатхонова, Қосимжон Раҳмиев, шоира Умида Аҳмад сингари бир қанча адабиёт муаллимлари-ю ихлосмандлари ҳамда “Илҳом” адабий клуби ижодкорлари ва талаба-ёшлар билан кечган қизғин мулоқот барчамизда ёрқин таассурот қолдирди. Анжумандан сўнг университет ҳузуридаги “Билим Ордо” дарсликлар яратиш маркази томонидан мактаб ўқувчилари-ю университет талабалари учун нашрга тайёрланган ўзбек тилидаги дарсликлар ва бу борада қилинаётган ишлар билан танишдик. Икки давлат олимларининг дарсликлар ишлаб чиқишга доир суҳбатлари ҳам, асосан, келажакдаги ҳамкорлик масалалари муҳокамасига бағишланди. Ҳурматли устозларимиз, профессорлар Боқижон Тўхлиев, Қозоқбой Йўлдошевларнинг қўшни Қирғиз Республикасидаги ўзбек мактаблари учун адабиёт дарсликлари яратишга қўшган ҳиссаларидан шу ерда хабардор бўлдик, қувондик!
Увайсий ва Барно ёхуд қисматга айланган муҳаббат
Эртасига, яъни 18 май куни Ўш шаҳридаги Ҳамза номли ўрта мактабда яқиндагина Ўзбекистонда Увайсий ижоди бўйича илмий изланиш олиб бориб, филология фанлари бўйича фалсафа доктори диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган, дипломининг сиёҳи қуриб улгурмаган адабиётшунос Барно Исоқова билан ижодий учрашув белгиланган экан. Айтиш жоизки, бу тадбирдаги кўтаринки кайфият адабиётга ошуфта бир қалбнинг кечинмаларини ифода этган оддий адабий кечадан анчайин фарқ қиларди. Кеча нафақат зоҳирий, балки ботиний туйғулар тараннумига айланди, десак янглишмаймиз. “Эсимда, — дейди Б.Исоқова биз билан ўз хотираларини ўртоқлашаркан, — ёшлигимда шинам, ораста кутубхоналардаги мумтоз адабиётнинг энг сара асарлари териб қўйилган токчалар атрофида айланиб юрар ва негадир фақат Увайсий девонини қўлимга олардим. Ирфоний мазмундаги ғазалларини ўқиганимда, ўзимни ғоят таниш бир оламга ошно бўлаётгандек сезардим. Кейинчалик ўйлаб кўрсам, бу — ўзбек адабиёти, адабиётшунослиги ва Увайсий ижодига бўлган дахлдорлик туйғуси экан”. Мактаб ҳовлисиданоқ байрамона шукуҳ, ўзаро ҳурмат ва эътиборга уйғун бир кайфият кишини шайдо қилади. Икки қатор бўлиб тизилиб турган ўқувчилар, миллий либосларда меҳмонларни нон билан қаршилаган қизларнинг самимияти икки халқ дўстлигининг беғубор қиёфасини акс эттириб турибди, десак, асло хато бўлмас.
Таълим қирғиз ва ўзбек тилларида олиб бориладиган мактабда ажойиб тадбир бўлди. Туркий тиллар: қирғиз, ўзбек, қозоқ, озарбайжон, турк тилларида айтилган шеърлар, қўшиқлару рақслар кўнгилга хуш ёқди.
Барно Исоқова олима, шоира, айни пайтда Ўш шаҳридаги Бобур номли мусиқали драма театри маъмуриятида фаолият юритмоқда. Инсоний фазилатлари илмида, илму маърифати шахсиятида намоён бўлган, ҳурматга лойиқ инсон. Унинг жамоадаги, атроф-муҳитдаги қадри, обрў-эътибори ҳам ана шундай хулоса чиқаришимизга асос беради. Биз-да Барно Исоқовага илмий-ижодий парвозлар тиладик, умри узоқ, тани сиҳат бўлмоғини истадик. Бундан-да катта, бундан-да йирик ижодий учрашувларида елкама-елка туришни астойдил ният қилдик. Ва, албатта, Ўшга таклиф этган, гўзал таассуротлар улашган барча-барчага чексиз ташаккурлар айтиб, она юртимизга қайтдик.
Мақсуд АСАДОВ,
филология фанлари доктори,
профессор.