Қадим, навқирон, боқий…

Дунёда сайёҳлик иқтисодиётнинг нефть-газ саноати, машинасозликдан кейин учинчи ўринда турувчи илғор соҳасига айланмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги зиёрат сайёҳлиги йўналишидаги муҳим макон ҳисобланади. Юртимизда ислом дини ва маданиятини намоён этувчи мингдан ортиқ меъморчилик ва санъат асарлари, улуғ авлиё ва мутафаккирларнинг зиёратгоҳлари ва муқаддас қадамжолари мавжуд. Айниқса, Бухоро, Самарқанд, Хива, Термиз, Тошкент, Марғилон каби қадимий шаҳарларимиз мусулмон оламида илм-фан, маданият ва дин марказлари сифатида алоҳида эътироф этилади.

Сайёҳлик гарчи яқин ўтмишимизда пайдо бўлгандек туюлса-да, аслида, унинг тарихи узоққа бориб тақалади. Олимларнинг тахминича, саёҳат тарихи камида 12 минг йиллик улкан даврни қамраб олади. Одамлар қадим-қадимдан бошлаб янги ўлкаларни кашф этиш, муқаддас шаҳарларни зиёрат қилиш, ­дунёни кўриш, савдо-сотиқни ривожлантириш, маданий ва элчилик алоқаларини ўрнатиш мақсадида саёҳатга чиққанлар. Савдо карвонлари йўллари кесишган, маданиятлар ва цивилизациялар туташган чорраҳада жойлашгани учун кўҳна Турон бу жараёнда муҳим ўрин тутган.

* * *

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаб­буси билан 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни муносабати билан қадим ва навқирон Самарқанд шаҳрига зиёрат туризми ташкил этилди. Унда бир гуруҳ журналистлар, ОАВ вакиллари иштирок этишди. Эрта тонгда пойтахтдан йўлга чиққан микроавтобус 4 соатдан сўнг боқий шаҳарга кириб борди. Бизни у ерда ташкилотчилар ва албатта, гид хизматидан бириктирилган Абдуллоҳ исмли йигит кутиб олишди. Қисқа танишувдан сўнг зиёратимизни бошладик. Журналистларнинг дастлабки манзили Хўжа Дониёр мақбараси бўлди.

Абдуллоҳнинг айтишича, мазкур мақбара Самарқанд шаҳрида жойлашган меъморий ёдгорликлар орасида Афросиёб шаҳарчасининг кунчиқар томонида, Сиёб канали ёқасида жойлашган ва халқ орасида “Дониёл пайғамбар қабри” деб юритилади. Дониёл (иврит тилида Даниэл, араб тилида Дониял) пайғамбар яҳудий миллатига мансуб бўлиб, милоддан аввалги 603 йилда Қуддусда дунёга келади. Милоддан аввалги 534 йилда Бобилда вафот этади. Дониёл пайғамбарга тегишли деб кўрилувчи Самарқанддаги мақбара бугунги кунда энг гавжум зиёратгоҳлардан.

Бизни кутиб олганлар 18 метрлик қабр ҳақида ўзларининг билган, эшитган воқеаларини айтишди. Бироқ бу борада ҳозиргача мутахассислар ҳам бир тўхтамга келмаган экан. Айни пайтда ушбу мақбарага кўмилган шахс ҳақида бир қанча ривоятлар мавжуд бўлиб, улардан бирида айтилишича, Аҳамонийлар сулоласидан бўлган Кир II Бобилни истило қилганида, Бобил подшоҳлари томонидан қулликда тутилган бир неча юз яҳудийни озод қилади. Ушбу яҳудий қавми озод бўлгач, Амударёдан ўтиб, Ўрта Осиё ҳудудига кириб келган. Улар ўзлари билан бирга Бобил подшоҳлигида юқори давлат лавозимларида фаолият юритган ва ўзини пайғамбар деб эълон қилган Дониёл пайғамбарнинг қабрини ҳам олиб келган экан.

Иккинчи ривоят Амир Темур билан боғлиқ. Унда айтилишича, ўзининг етти йиллик ҳарбий юриши вақтида Амир Темур Мосул шаҳри яқинида тўхтайди. Бу ерда Дониёл пайғамбар ҳақида кўп ажойиб ривоятларни эшитиб, унинг қабрини зиёрат қилади. Ровийлардан ушбу пайғамбар қаб­­ри турган жой файзли ва баракали бўлишини эшитади. Шу онда у кишининг хокларини пойтахт Самарқандга олиб кетишга буйруқ беради. Аммо бу ишга шаҳар аҳолиси қарши чиқади. Шундан сўнг Амир Темур қабрдан фақат нишона олиб Самарқандга жўнатади. Нишонани ортиб олган туя Самарқандга кириб, ҳозирги мозор ўрнида чўккач, қабрдан олинган нишона шу ерга кўмилади.

Бошқа бир ривоятда шаҳар номи ўзгариб келган. Яъни, Дониёл қабри Эрондаги Суза (ҳозирги Хузистон вилоятида) шаҳрида бўлган. Нишона ҳам айни қабрдан олиб келинган деб кўрсатилади. Дониёл пайғамбар билан боғлиқ юқоридаги икки ҳолатда ҳам қабрдан нишонанинг олиб келиниши Амир Темурнинг етти йиллик юришлари билан боғланади. Бироқ Амир Темур 1381-1384 йилдаёқ Эроннинг катта қисмини босиб олган бўлиб, Эроннинг тўлиқ бўйсундирилиши уч йиллик (1386-1388 йиллар) ва беш йиллик (1392-1396 йиллар) юришлар вақтида амалга оширилади. Яъни, ўзининг етти йиллик юришлари даврида асосий эътиборини Миср, Шом ўлкаси ва Усмонийлар империясига қаратган Амир Темур Эроннинг жануби-ғарбида жойлашган Суза шаҳрига борган бўлиши эҳтимолдан йироқ. Шунингдек, ҳозир ҳам Ироқнинг шимолида жойлашган Мосул шаҳрида Дониёл пайғамбар мақбараси мавжуд бўлиб, аҳоли томонидан зиёрат қилинади.

* * *

Кейинги манзилимиз Ҳазрати Хизр мажмуаси. Сизга яхши маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафотидан сўнг шу мажмуага дафн этилади. Ислом Каримов тириклик чоғидаёқ шу ерга дафн этилишини васият қилган. Хўш, нега айнан Ҳазрати Хизрга? Бу масканнинг тарихи қандай?

Ҳазрати Хизр масжиди кўҳна Самарқанднинг энг мўътабар жойларидан бўлиб, баланд тепаликда жойлашган. Айтишларича, айнан шу жойда масжидни барпо этишни Қутайба ибн Муслимга Ҳазрати Хизр буюрган эканлар. Ҳазрати Хизр номлари билан боғлиқ жуда кўп ривоятлар мавжуд. Хусусан, кўпчилик уларни барҳаёт эканлар деб фикр юритади. Аммо кўпгина катта уламолар бу фикрга қўшилмайдилар. Хизр сўзи “яшил” деган маънони англатади ва ривоятларга кўра, у киши қаерда ўтирсалар, ўша ердан, ҳатто тошдан ҳам ям-яшил кўкатлар униб чиқар, дарахтлар кўкариб қолар экан. Бир ривоятда айтилишича, Ҳазрати Хизр ҳар бир инсонга умри мобайнида уч маротаба кўринадилар. Кўришганда, у кишини хафа қилмай, яхши муомала билан рози қилган кишини дуо қилар эканлар. Айтишларича, Ҳазрати Хизрни кўрганда, кўпчилик зийраклик неъматидан бебаҳра бўлиб, ғафлатда қолиб, уларни кўрганликларини билмай қолар экан. Мустақиллик даврларида масжидни таъмирлаш бўйича ишлар олиб борилган. Масжид ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатидаги обидалар қаторидан жой олган.

* * *

Сиз тепага чиққанда ва пастга тушганда икки хил рақамда чиқадиган зиналар ҳақида эшитганмисиз? Кимларгадир тоқ, яна кимларгадир жуфт сонларда чиқадиган зинапоялар кейинги манзилимизда жойлашган экан.

Самарқанднинг қадимги ўрни Афросиёбни томоша қилган сайёҳлар унинг жануб томонига юрсалар, қияликда жойлашган, мовий гумбазлари қуёш нурида ярқираб турган Шоҳизинда ансамблига дуч келадилар. “Самарқанд марвариди” деган номга сазовор бўлган Шоҳизинда ансамбли нафақат тарихий-меъморчилик ёдгорлиги, балки машҳур алломалар, авлиёлар, маликалар, лашкарбошиларнинг абадий оромгоҳи ҳамдир.

Шоҳизинда сўзининг маъноси “тирик шоҳ” бўлиб, қарийб минг йилдан буён бу ном халқ ўртасида яшаб келмоқда. Мусулмон тарихчиларининг ёзишларича, тирик шоҳ — Муҳаммад пайғамбаримизнинг амакиваччаси Қусам ибн Аббосга берилган унвондир. Самарқандлик тарихчи Абул Ҳакимийнинг ёзишича, Қусам ибн Аббос пайғамбаримизнинг муборак юзларини кўрган охирги кишидир. Мусулмон тарихчиларининг қайд этишича, Қусам ибн Аббос VIII асрларда араб лашкарлари таркибида Самарқандга келган ва бу ерда дини исломни тарғиб қилиш билан машғул бўлган. Бир куни Қусам ибн Аббос намоз ибодати билан машғул бўлиб турганида, кофирлар ҳужумига учраган ва узилган бошини қўлига олиб, ғор орқали ернинг тагига тушиб кетган.

У то қиёматга қадар тирик юрар эмиш. Қусам ибн Аббос кириб кетган ғорнинг олдида унга атаб қабр ясалган ва XI асрда унинг устига мақбара қурилган. Мақбарадан ташқари, бу ерда ҳашаматли зиёратхона, масжид ва чиллахоналар ҳам фаолият кўрсатган. 1220 йили рўй берган мўғул истилоси Шоҳизинда мақбараси тақдирида ҳам аянчли роль ўйнади. Муғуллар бу ердаги кўпгина иншоотлар ва қабрларни остин-устун қилиб ташладилар. Самарқанд тахтига Амир Темур ўтиргач, Шоҳизинда ансамблининг ҳаётида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Амир Темур бу ердаги харобага айланган кўпгина иншоотларнинг ўрнига янгисини қурди, кўпларини қайта таъмирлади, Қусам ибн Аббос қабри устига ҳашаматли қабртош ўрнаттирди. Шунингдек, Соҳибқироннинг буйруғи билан бу ерда янги масжид ҳам барпо қилинади.

* * *

Самарқандга келган одам борки, албатта, Гўри Амир мақбарасини кўрмай кетмайди. Табиийки, биз ҳам шу анъанага содиқ қолдик ва ушбу мажмуага йўл олдик. Гиднинг айтишича, мақбара қурилиши 1403 йилда Амир Темурнинг вориси Муҳаммад Султоннинг вафот этиши муносабати билан бошланган, Мирзо Улуғбек даврида тугалланган ҳамда Амир Темур ва темурийлар хилхонасига айлантирилган.

Мақбара ўрта аср Самарқандининг жануби-шарқий қисмида, Темурнинг набираси Муҳаммад Султон XIV асрнинг охирида бино қилдирган ансамбль қошида тикланган. Муҳаммад Султон 1403 йилда Кичик Осиё соҳилларига қилган узоқ сафаридан қайтиб келаётганда, тўсатдан касал бўлиб вафот этади. Шаҳзоданинг жасади Самарқандга олиб келиниб, ансамблнинг жануб томонидаги айвони орқасидаги дахмага дафн қилинади. Амир Темур шаҳзодага атаб мақбара қуриш ҳақида фармон беради. Шундан кейин дахма устига саккизёқли бино қурилади. Тарихчи Шарафиддин Али Яздий: “Бу бино осмон каби баланд гумбаз, деворларининг пастки қисми зарҳал ва ложувард билан безатилган мармар тошдан қилинган”, деб таърифлайди. Лекин бу ишларни Амир Темур охирига етказолмаган. У 1405 йилнинг бошларида вафот этади ва Муҳаммад Султон жасади ёнига дафн қилинади.

Амир Темур вафотидан кейин тахт учун ўзаро урушлар бошланиб кетиб, мақбарани тўлиқ қуриб тамомлашга халақит беради. Мирзо Улуғбек буюк бобосига ҳурмат юзасидан саккизёқли мақбарани темурийлар авлоди дафн қилинадиган мақбарага айлантиради. Мақбара битгач, Амир Темурнинг маънавий устози Мир Сайид Бараканинг жасади шу мақбарага кўчирилади. Амир Темурнинг ўзи маънавий устозининг оёқ томонига дафн этилади. Баъзи ривоятларга қараганда, Амир Темурнинг ўзи шундай васият қилган экан. Мақбарада Амир Темурнинг ўғиллари — Мироншоҳ ва Шоҳруҳлар ҳам дафн қилинган. 1449 йилда сиё­сий инқироз натижасида Мирзо Улуғбек ваҳшиёна ўлдирилади. Буюк астрономнинг жасади ҳам Гўри Амир мақбарасида дафн қилинади.

* * *

Сафаримизнинг якуний манзили бугун тилларда достон бўлаётган ва жаҳон сайёҳларини ўзига ром қилаётган “Боқий шаҳар” мажмуаси бўлди. Албатта, “Буюк ипак йўли” марказининг қурилиши тарихи ҳақида сўз борганда, аввало, уни бунёд этиш ташаббускори Президент Шавкат Мирзиёев эканини таъкидлаш лозим. Ушбу ноёб мажмуанинг очилиш маросимида: “Самарқандни йирик туризм марказига айлантиришда “Боқий шаҳар” меъморий ансамбли алоҳида муҳим ўрин тутади. У келгусида бутун Самарқанднинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланади, деб ишонаман”, дея тилак билдиргани ёдимизда.

“Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази ва “Боқий шаҳар” мажмуаси. Марказ таркибида ниҳоятда муҳташам “Конгресс холл”, 2 та 5 юлдузли, 2 та 4 юлдузли, 4 та 3 юлдузли меҳмонхоналар ва амфитеатр ҳамда бошқа иншоотлар мавжуд. Шаҳарда бундай “халқаро туризм маркази” қад ростлашининг сабаблари бор. Аввало, шаҳар нафақат мамлакатимизда, балки бутун Шарқда сайёҳлик марказларидан бири саналади. Қолаверса, Самарқанд халқаро миқёсдаги анжуманлар, конференциялар, йиғилишлар, фестиваллар, кўрик-танловлар, тўю томошалар шаҳри. Йилига ўнлаб турли хил анжуманлар ўтказиш бу шаҳар учун одатий ҳол бўлиб қолган. Шунинг учун ушбу шаҳарда конгресслар ўтадиган ниҳоятда маҳобатли иншоот ва кўплаб меҳмонхоналар қурилиши ҳаётий зарурат эди. Марказда Конгресс холл, меҳмонхоналардан ташқари, сунъий сув ҳавзалари, 60 метр баландликка сув сачратувчи фавворалар, минглаб манзарали дарахтлар экилган боғ, гулларга бурканган хиёбонлар ҳам бунёд қилинган.

* * *

“Юрган – дарё, ўтирган – бўйра”, дейишади. Чиндан ҳам, олам кезиб саёҳат қилганга, муқаддас қадамжоларимизни тавоф қилганга нима етсин? Зиёратчи журналистларнинг бир кунлик сафари ниҳоясига етар экан, қайтишда Сиёб бозорига кириб, Самарқанд нони ва ҳолвасидан олишни ҳам унутишмади. Бир олам таассуротлар оғушида “Менинг борар йўлим ўшал Тошкент” дея сафаримизни якунладик…

Ислом АСИЛБЕКОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 16 =