Ҳавасга шеър ёзмаган адиб

(Истеъдодли шоир Олқор Даминни ёд этиб)
Кўнглинга ёқадиган ҳикоями, шеърми ўқиганда инсон умрининг тотли лаҳзаларини яшаб ўтгандек ҳис қилади. Миёнқол воҳасининг катта шоири, марҳум Олқор Даминнинг шеърларини ўқирканман, гўё кимдир қўлимдан тутгандай, унутилган болалик эртакларим томон етаклагандай туюлди: “овлоқ тоғлар куйчиси булоқлар”, “яшил рўмолли қирлар”, “булут ҳидига тўлган қишлоқ”, “содда қуёш”у “эрка шамоллар”, “болдан ширин хаёл”, “шеър ҳиди келган тупроқ…” Шоир яшаган жайдари ва нозанин ҳислар Оқёлли Оқтовнинг бўйчан ва ўйчан қизи сифатида айни дамда менга ҳам тан: “жилғалардан ётиб сув ичишлар”, “юракни ҳаётга эсталикка бериш”, “ғам қўйнида жилмайиб турмоқ”, “булоқдан тиниқ бўлишга аҳд”, “ўзини излаб шеър ёзмоқ…”
Мен ҳавасга шеър ёзмадим,
Кўрсатай деб ўзимни.
Мен шеър ёздим, шеър ёзурман,
Излай-излай ўзимни…
Тупроқ каби ҳокисор инсон, ўзини ўзи излаб яшаган шоир, афсуски, бугун орамизда йўқ. Унинг ўлими ҳам ўзининг рангида келган: сирли. Талаба эртаги имтиҳонга нечоғлик тайёрланса, инсон ҳам ўлимга шу қадар ўзини ҳозирламоғи айтилади сўфийлик фалсафасида. Ҳаёт бўлганида яна неқадар тўқмағизли шеърларини тақдим этарди бизга! Унинг кўзларида биров билиб-биров билмаган катта оғриқ, ҳаётга ошиқлик ва тавозе бор эди. Дунёдан сенга не керак деб сўрашса, фақатгина қоғоз ва қалам сўраган сўфий шоирнинг “кўксига экилган лолалар”, афсуски, бу гал ял-ял товланиб, ўзи севган баҳорга пешвоз чиқолмайди. Баҳорни, ялпизни, анғизни, қизларнинг зулфини сийпалаган муаттар шамолларнинг кўнгил рубобини чала-чала куйлайди шоир. Шеърларида у ҳаммани баҳорга ўхшатади негадир: онасини, сингилларини, қизини, самимийликни… Самимийлик дунёга оро берувчи, ҳаммага баробар бағир очиб чечак тутган муҳташам баҳордир, шоир нигоҳида. Шоир оғанинг ўзи ҳам қиш оёғи, баҳор боши – 20 февралда туғилган экан.
Кўримсиз ариқнинг бўйларин,
Ялпизнинг бўйлари буркади.
Шодликка айланган шамоллар
Бу ҳидни кўзига суртади.
Аминман, замонлар келарки,
Дунёда қолмагай ёмонлар.
Ва шунда қуёшдай, баҳордай
Ажойиб бўлади одамлар.
Отаси ҳақидаги хотираларни қизи Нигора Жўраева шундай ҳикоя қилади:
— Отамиз етти фарзандига ҳам “сиз” деб мулойим гапирарди. Онамизни ҳам худди шундай ҳурматлар, сиз туфайли эмин-эркин юрибман, ҳайкал қўйса арзийдиган аёлимсиз, дерди. Онамиз Рисолат ая тиниб-тинчимас тадбиркор, будли-шудли, вазифасини ортиғи билан адо этган аёл эди. Маҳалланинг кўрпасими, ёстиғими, кийим-бошими, ҳаммасини онам ишдан келгач, ярим кечалари ухламасдан тикиб ўтирарди. Ёзувчи Ойбекнинг ҳаётида рафиқаси Зарифа Саидносированинг ҳиссаси қанчалик улуғлигини ўқиганман. Дадамга ҳам онам доимо тиргак турган, биз етти фарзандни қишлоқда ўзи эплаб-сеплаб вояга етказган. Дадам, деярли Самарқандда, Тошкентда ишлаб юрар, қишлоқдаги уйимизга бир – бир ярим ойларда келарди. Бу ҳақда ёзилган шеъри ҳам бор.
Ўз уйимга меҳмон бўлдим, сени деб,
Тубанларга душман бўлдим, сени деб,
Оз бўлса-да сарсон бўлдим, сени деб,
Пастга қадри арзон бўлдим, сени деб,
Онажоним, муштипарим Шеърият!
Биров билиб, биров билмай ранжитар,
Яхши одам элга меҳрин ганж этар,
Совуқ сўзлар қуёшни ҳам жунжитар,
Нега ҳамон одам дилни инжитар,
Онажоним, буюк дардим, Шеърият!
Бир сафар, унда гўдак эдик, дадам бизни ҳам Тошкентга кўчириб кетди. Уйдан-уйга кўчавериб сарсон бўлганмиз. Энди янги жойга ўринлашганимизда “боласи кўп экан”, дея ҳайдаб солишарди. Форобий кўчасидаги ижара уйда кўпроқ муддат яшаганмиз. Онам уйимиздан узоқроқ ерда чинни заводига ишга кирганди. Шу миёналарда дадам бир иш билан Иштихонга келади ва у замонги совхоз директори Фазлиддин Пирназаров билан учрашиб қолади. Раис дадамнинг аҳволига ичи ачишиб дарҳол уч хонали уйнинг калитини тутқазади: “Мана бу “КАМАЗ”ни ол-да, болаларни сарсон қилмасдан дарҳол кўчингни кўчириб кел”, дейди. Дадам бу сийловдан терисига сиғмасдан Тошкентга келса, онам дарҳол унинг қўлига бир конверт тутқазади. Очиб ўқиб қараса, беш хонали уй олшига ордер. Навбатга ёзилиб қўйган экан-да. Қишлоқда уч хонали, Тошкентда беш хонали уй, қай бирини танласа экан-а? Аммо раисга лафз қилди. Онамнинг қишлоққа қайтмаймиз, дея йиғлашига, ҳай-ҳайлашига қарамай, эртасига қишлоққа қараб йўлга тушдик. Шу-шу, биз фарзандлар қишлоқда, дадамиз шаҳарда, то у кишининг вафотига қадар бир-биримиздан узоқда яшадик.
Дадам вафот этишига яқин, негадир қишлоққа тез-тез келадиган бўлиб қолганди. Онамнинг айтишича, бир куни негадир жуда кайфиятсиз кўринган. Қучоқ-қучоқ қўлёзмаларини ҳовлига чиқариб ёқиб юборган. Онам қоғозларни оловдан олмоқчи бўлса, дадам изн бермаган. Қўявер, ёнсин, деган чуқур изтироб билан. Сўнгги бир ой ичида онамдан “Мени кечир, сени аяй олмадим, кўп уринтирдим…” дея қайта-қайта узр сўраган.
Дадамнинг касалини на Тошкентда, на Самарқандда аниқлай олишмади. Билганимиз – унинг иштаҳаси чўрт кесилди, сўнгги бир ой ичида, кўксини кўрсатиб биздан нуқул сув сўради. Ҳаётга умиди бор бўлган инсон қийин-қаттиқ кунларни писанд қилмасдан мардона яшайверади, умиди кесилганлар чўкиб-хасталаниб қолади, деб эшитганман. Аммо дадамни тўсатдан нима йиқитганини излаб тополмайман: умидсизликми, уйқусизликми, қисматдан келган даъватми ёки… Дадам, одатда кўп ухламасди. Шеър ёзарди. Бир гал, эрталабки нонуштада Муҳаммад Шайбонийхоннинг ғазалига ёзган мухаммасини ўқиди. Назаримда, Самарқандга кўп шеър бағишлаган шоир ҳам менинг дадам бўлса керак. Бағишловлари “Афсона шаҳрим” номи билан китоб бўлиб чиққан.
Не қилай, тутса ҳар зум хумори
Самарқанднинг,
Дил боғим хазон айлаб баҳори
Самарқанднинг,
Жонимдан ўтиб кетди озори
Самарқанднинг,
Кетмади кўнгилдан ҳеч дийдори
Самарқанднинг,
Кўзимдин учар ҳар дам гулзори
Самарқанднинг.
Дунё ичра ўзи бир бебаҳо, ажиб дунё,
Жаннат бир гўзал бўлса, юзида холи гўё,
Кўйида кўзим ёши оқди-ку бўлиб дарё,
Ҳар нечаки шаҳр ўлса, дунёда латиф, аммо
Барчадин эрур яхши меъмори
Самарқанднинг.
Кейинги йилларда у классик шоирлар ғазалларига мухаммаслар боғлашга киришганди. “Қирқ мухаммас” номли китоби ҳам нашрдан чиққан.
У қутлуғ етмиш ёшини ўзи ўқиган мактабда, шеър ихлосмандлари қуршовида нишонлашни орзу қилганди. Яна бир тилаги “Саодат” журналидаги мақоласини ўқиш эди. Онасини соғиниб, хотирлаб ёзган мақоласини ўқий олмади эсиз… Баъзида ана шу армон юки остида қоламан, кошки яна бир йилгина яшасайдилар дейман дадам бечора… Кошки эди бугун ижод аҳлига берилаётган ишончни, эъзозни кўрсайди, қувонсайдилар…
Нигорахонни тинглаб ўтириб шоир оғамизни янада тийранроқ тасаввур қилдим. Давраларда, йиғинларда ора-сира кўришиб қолганда ҳам қандайдир маъсум овозда, синиқ табассумда омонлашарди: “Муҳаббатхон қизим, яхшимисиз!”, дерди илтифот билан. Бошқалар каби чарақлаб кулмасди, кўзингизга ҳам мулойим оғарди кўзлари.
Кабутарнинг кўзларида софлик яшайди,
Гўзалларнинг кўзларида шодлик яшайди,
Шоирларнинг кўзларида шодлик аралаш
Биров билиб-биров билмас оғриқ яшайди.
Баҳорни севиб олқишлаган шоирнинг таваллуд санаси ҳам баҳорга нафасдек яқин эди. Унинг ўзи ҳам баҳорнинг хушбўй шамоллари ҳовлиларга кирганидек оҳангларга, юракларга кирарди. Оқтовлик шоирнинг сўзи ҳам баҳор каби мангу янграб қолаверади.
…Майли, ким қанақа – ўзига,
Ҳаёт – ҳақ, олар ўз керагин.
Эзгулик тилаб ер юзига
Шеър ёзиб юрайлик, Юрагим…
Муҳаббат ТЎХТАШЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси.