Бахтимиз куйлашса эрка булбуллар

Шербек Исмоилов
ОҚ ЙЎЛ, ЙЎЛОВЧИ!
Биз Шербек билан деярли овулдошмиз. У бизнинг қишлоқдан тепароқда — Ургут тоғлари бағридан Самарқанд миноралари томон кўз отиб турган Зинак деган қадимги қўрғонда туғилиб, катта бўлган. Гарчанд ҳамсоя эсак-да, мен уни анча кеч танидим. Танишимга, мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳридаги 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасига қилган ташрифлари сабаб бўлди. Ташриф чоғида Президентимиз Шербек билан учрашдилар, унинг сўзларини, шеърларини диққат билан тингладилар. Бу воқеаларни телевизорда кўрганимдан сўнг Шербекни топдим. Роппа-роса тўрт йил бўлди бу воқеага. Шербек шу орада мактаб-интернатни тамомлаб, Президент тавсияси билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига қабул қилинди. Ҳозир 3-босқич талабаси. Аъло баҳоларда ўқиш, турли конкурс ва танловларда фаол иштирок этиш, жумладан, она тили ва адабиёт фанлари олимпиадаси республика босқичи ғолиби бўлиш баробарида ҳамиша шеърият билан, шеърий туйғулар оғушида яшади. Тинмай машқ қилди, изланди ва изланяпти.
Таъкидлаганимдек, Шербек ҳали талаба: ўқиш, тирикчилик, қисмат елкасига юклаган оғир синов, бунинг устига ижод…
Шеърлари пишиқ, пухта. У шунчаки қўлига қалам оладиганлар тоифасидан эмас. Баъзи сатрлари ўз-ўзидан қалбингизга ўрнашиб қолганини сезмай қоласиз. Бу нима? Албатта, унинг маҳорати, иқтидоридан далолат. Мана, бир мисол: онасига битган “Болалигим” номли шеърида у соғинчни шундай ифодалайди:
Мен чўмилган ариқда ҳали
Баданимнинг иси бор эди.
Бу — шоирона ифода, ижодкорга хос талқиннинг суврати эмасми?..
Унса изимизда алвон лолалар,
Қушлар иккимизга тутсалар бода… —
дея орзу қилади номаълум севгилисига бағишланган бир шеърида у.
Унинг “Капалагим” шеъри жуда гўзал, айниқса, хулосаси:
Шоир бўлмай кетай, бу не кўргулик,
Шеърим битгунича битибди умринг.
Нақадар шарафли яшаб ўтолдинг,
Оҳ, шеърга айланиб кетибди умринг.
Шербек оламни ҳиссиёт, қалб кўзи билан кўради ва шоирона тасвирлашга, ифодалашга уринади. Ён-атрофдаги воқеа-ҳодисалар, юз бераётган энг оддий ҳолатлардан ҳам ўзига хос шеърий-фалсафий хулосалар чиқара олади.
Бу — ҳар бир ижодкор учун жуда муҳим.
Шербек Исмоилов — бор машаққатларни бўйнига олиб, катта мақсадларни кўзлаб йўлга чиққан ижодкор — йўловчи. Мен унга бу йўлда сабр-бардош, омад ва муваффақиятлар тилайман.
Абдусаид КЎЧИМОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
БОЛАЛИГИМ
Бунча эрта йўқлабди сизни,
Шошибди-да, аттанг, кексалик.
Сочингизда болалигимдан
Оқлар қолган бўлиб эсдалик.
Ҳар томонга югурдим-елдим,
Неки бўлса, дедим пешона.
Дунёсига дунё сиғмаган,
Ёшлигимни соғиндим, она.
Бугун қишлоқ йўллари равон,
Лек ҳаётда йўл топмоқ мушкул.
Гоҳ насия одамгарчилик,
Меҳр тугул, муҳаббат тугул.
Қишлоғим тош кўчаларида,
Болалигим изи бор эди.
Мен чўмилган ариқда ҳали
Баданимнинг иси бор эди.
Бугун қишлоқ йўллари текис,
Оқмай қўйган ариқда сув ҳам.
Бегонадай бўлиб қолибди
Қишлоқ менга, ўйлаб қарасам.
Талпинаман сўқир мисоли,
Бағри тўла найза шаҳарга.
Ҳувиллаган вужудим билан
Хат битаман шомдан саҳарга.
Ингроқ дилга таскин бўлар деб,
Сайр қилдим қишлоқни бугун.
Ўпкам яйраб тоза ҳаводан,
Бор ғуборим тўкилди бутун.
Мен чўмилган ариққа яна
Сув тўлибди. Кўз тўймас боқиб.
Шу ариқда билсам, онажон,
Болалигим кетибди оқиб.
НОМАЪЛУМ СЕВГИМ
Булоққа айланиб қолсайди кўнглим,
Ичсайдинг, танангга сингиб кетсайдим.
Шўхчан эркаланиб, кафтингда тинмай,
Қирқ кокилинг учин тавоф этсайдим.
Соянгга айланар бўлсайдим ёхуд,
Ортингдан эргашиб юрардим ҳар дам.
Ёмғирга айланиб, ҳеч йўқса бир бор,
Сочларингни силаб, юзингга томсам.
Севгим — юрагимда мангу ўчмас ўт,
Гўё чўғ устида босаман қадам.
Мени севмаслигинг алам қилмайди,
Сени кимдир севса, қилади алам.
Кўнглим бўлолсайди,
қанийди кўнглинг,
Бахтимиз куйлашса эрка булбуллар.
Висол қўшиғига жўр бўлиб биз ҳам,
Муҳаббат пойига тўшасак гуллар.
Дунёни тўлдирсак, бахт ифорига,
Сен кулсанг, кўзингда порласа қуёш.
Бағримда яшнасанг, завқ бериб менга,
Армонлар чекинса, беролмай бардош.
Тонгнинг таровати, айни шабнам чоғ,
Оламни сайр этсак, мисли шаббода.
Унса изимизда алвон лолалар,
Қушлар иккимизга тутсалар бода.
Мен орзу қиламан армоним билан,
Ишқ эса қалбимда гуллайверар жим.
Кимлигингни билмай севавераман,
Ҳали учрамаган номаълум севгим.
КАПАЛАГИМ
Кўнглим қанотингдан олган андоза,
Кўксимни силашинг шундан эҳтимол.
Капалагим, тунда йўқлабсан мени,
Недан жонинг ҳалак?
Айтгил бу не ҳол?
Қай гулга қўнолмай ўксиди қалбинг?
Сезиб қолдингми ё умринг охирин?
Сенга қандай далда берай нозигим?
Беморман ўзим ҳам билмай
ишқ сирин.
Ё бўлмоқ истадинг дардимга шерик?
Шундан парвонасан чап кўксим узра.
Меҳрга зорлигим сездингми эркам?
Юрагим қинида бормоқда музлаб.
Сенга бирам ҳавас қиламан, ишон,
Умрим қисқа дея асло ема ғам.
Қисқариб кетмоқда, минг афсус, бу кун,
Муҳаббатнинг умри сеникидан ҳам.
Кечир, капалагим, куйган кўнглимни,
Бир кунлик умрингга бахш этмаса нур.
Инсонлар ҳаловат бузар умримга,
Ажабо, берасан оромбахш ҳузур.
Шоир бўлмай кетай, бу не кўргулик?
Шеърим битгунича битибди умринг.
Нақадар шарафли яшаб ўтолдинг,
Оҳ, шеърга айланиб кетибди умринг.
МЕНИНГ БАХТИМ
Хаёлларим тўзғин сочларингиздек,
Лабингиз рангига бўялган қалбим.
Соғинчлар ёприлиб келар кўнгилга,
Исмингизни қучиб, қақрандим,
қалқдим.
Кўнгиллар муҳаббат қўлида чиллак,
Кўнглингиз кўзлаган,
кўнглим билмайсиз.
Деразани очсам, кузланган борлиқ,
Куз келган дилга,
сиз нечун келмайсиз?
Чизишга чоғланган суратингизни,
Қалбимдан оҳиста томган туйғулар.
Қоғозни қизилга бўяган билан,
Лек сизни қайтариб беролмас улар.
Сиз шундай яшайсиз ўзингиз билмай,
Қўшиққа айланиб овозларимда.
Ё ўрин оласиз уйқусиз тунда,
Йиғлоқи шеър бўлиб қоғозларимдан.
Мен куйиб куйлайман, ёзаман ёниб,
Гарчи яшолмасман кўнглимдан ортиб.
Ўша сизни мендан тортиб олганлар,
Сира шеърларимдан ололмас тортиб.
Мен шундай яшайман, дерсиз, девона,
Соғинсам, суратдан сочингиз силаб.
Гоҳида ўртаниб бахтсизлигимдан,
Яратгандан эса сизга бахт тилаб.
Бахтсиз эмасдирман мен ҳам,
эҳтимол,
Сизсиз ҳам эмасман. Абадий аҳдим…
Руҳ ичра руҳ бўлган фардим,
фариштам,
Сизни севаман-ку, шу менинг бахтим.
ОНАЖОН…
Онажон, мен боряпман уйга,
Султонлардек мағрур, улуғвор.
Бағрим эса беланган қонга,
Вужудим ҳам нураган девор.
Онажон, мен боряпман уйга,
Товонимда Тошкентнинг изи.
Унутилган қишлоқ ҳавоси,
Ўпкам тўла шаҳарнинг иси.
Онажон, мен боряпман уйга,
Дил ем бўлган ёлғон севгига.
Унутилаёзди баҳор ҳам,
Келмай қўйдим мен ҳам эсига.
Онажон, мен боряпман уйга,
Яраланиб дўст тузоғидан.
Меҳрим сочиб тош диллар узра,
Меҳрсизларнинг тош ўчоғидан.
Онажон, мен боряпман уйга,
Жудо бўлиб буткул ўзимдан.
Айтмасам ҳам билиб оласиз,
Ҳаммасини нурсиз кўзимдан.
Онажон, мен боряпман уйга,
Сочингизга оқлар орқалаб.
Тошкент эса мени кутади,
Йўлларимга тошларин қалаб.
Онажон, мен боряпман уйга,
Бағрингизда бола бўлгани.
Яна янги зафарлар қучиб,
Яшаш учун кучга тўлгани.
Онажон, мен боряпман уйга,
Дилда чексиз соғинчим туйиб.
Мени менга қайтиб берасиз,
“Бек болам”, — деб эркалаб, суйиб.