“Маҳорат мактаби”дан бошланган ижод

Бугунги журналистика ахборот оламининг глобаллашуви боис, ўқув-таълим жараёнини назарий маъруза ва амалий машғулотлар уйғунлигида олиб боришни тақозо этмоқда. Бўлажак касбдошларимиз энг аввало қалам тебратишга, фикрни лўнда ва аниқ ифодалашга, янгиликларни қисқа сатрларда акс эттиришга ўрганишлари керак. Бунга бирданига эришиб бўлмайди. Ўқув жараёнида қўшимча равишда таҳририятлар фаолияти ҳамда таниқли журналистлар маҳоратини ўрганиш, матбуотда эълон қилинаётган мақолаларни синчиклаб ўқиш, таҳлил қилиш туфайли қўллари бироз келишиб қолган талабаларга алоҳида эътибор бериш, уларни рағбатлантириш зарур деган фикрдаман.

Шу маънода бундан роса йигирма йил аввал “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси қошида жамоатчилик асосида “Маҳорат мактаби” ташкил этиб, истеъдодли талабалар билан машғулотлар ўтказишни бошлаган эдик. Бугун бу мактаб “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририятида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Шу йиллар ичида мактабда 300 дан ортиқ ёшлар таҳсил олишди. Улардан 4 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиясига, 3 нафари Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб кўрилди, 12 нафари Ёшлар иттифоқи танловларида ғолиб бўлишди. Бугун уларнинг кўплари республика, вилоят, туман газеталарида, вазирлик ва идораларнинг ахборот хизматларида меҳнат қилишмоқда. Уч нафар собиқ талабамиз фалсафа бўйича фан доктори илмий унвонига сазовор бўлишди.

Мактабга қабул қилинаётган талабаларнинг ижодий ишлари “Ишонч”, “Маърифат”, “Миллий тикланиш”, “Ўзбекистон овози”, “Hurriyat”, “Тошкент ҳақиқати”, “Чирчиқ тонги”, “Адабиёт гулшани”, “Машъал” газеталарида эълон қилинади. Энг яхши мақолалардан иборат учта тўплам чоп этилган.

Ёш қаламкашларни ҳамиша қўллаб келаётган севимли газетамиз “Hurriyat”нинг ушбу саҳифаси “Маҳорат мактаби”нинг бугунги тингловчилари ижодига бағишланган.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

ЎзМУ доценти, “Маҳорат мактаби”

раҳбари.

Кўз илғамас куч

Яхши эслайман… Мактабда ўқиётганимда бизга сабоқ берадиган ўқитувчиларга ҳавас қилиб, бошқа синфларга кириб, дарс жараёнларини кузатишни яхши кўрардим. Ўрганганларимни кимларгадир етказиш, менга қулоқ тутганларга соатлаб тушунтириб бериш истаги қалбимда жуда кучли эди. Бу туйғулар она тили ва адабиёт фанидан дарс берадиган устозимга бўлган ҳавасим сабабли пайдо бўлгани аниқ. Аммо ўша пайтларда бу ҳавасим менда ўқитувчилик қобилиятини пайдо қилишини, пайти келиб, мен ҳам синфга ўқитувчи бўлиб кириб келишимни, менга умид кўзи билан қараб турган болакайларга озми-кўпми билим беришимни, уларга нималарнидир ўргатишимни ва бу ишимдан беадоқ мамнун бўлишимни у қадар тасаввур қила олмаганман.

Орадан вақт ўтди. Ҳали-ҳамон ўша ҳаяжонли ёз фасли ёдимда: 11-синфни битириб, олий таълим муассасасига ҳужжат топширишга тайёргарлик кўрмоқдаман. Дадам педагогика йўналишини танлашимни, ўқитувчилик жуда шарафли касб эканини айтиб, менга маслаҳат берганларида, мен жаҳл билан ўқитувчилик мен учун эмаслигини, бу касбни ёқтирмаслигимни айтганимни бугун эслаб кулиб қўяман. Чунки тақдир мени талабалигимдаёқ дадам айтган касб билан рўпара қилди.

Журналистика факультетида ўқийман, устозларим менда бу касбга чуқур қизиқиш уйғотишди. Шу факультетда ўқиётганимдан хурсандман. Ёзган мақолаларим газеталарда босилиб турибди. Журналист бўлиш осон эмаслигини, кўп ўқишим, малака оширишим зарурлигини тушуниб, ҳаракат қилмоқдаман, қўлим анча келиб қолди. Аммо… ўқитувчиликка бўлган қизиқишим сўнгани йўқ. Аксинча, мен бу икки касб кўп жиҳатдан бир-бирига яқин, бир-бирини тўлдирувчи, бири иккинчисига илҳом берувчи эканлигини тушуниб етмоқдаман. Дарсдан бўш пайтларим… мактабга чопаман. Шўх-шодон, тўполончи, қизиқувчан, ишонувчан болаларни кўриб, устозларимдан бири айтганидек, улар орасида аввало… ўзимни кўраман.

Ҳа, ўзимни кўраман. Куни кеча мен ҳам худди шундай бола эдим. Ғам-ташвиш нималигини билмасдим, ўқитувчиларим келажакда ким бўлишимни сўрашса, бошқа болалар қатори бийрон жавоб берардим. Бугун ўзим кўп ҳам орзу қилмаган, аммо ҳар қандай жамиятнинг ардоқли, севимли касби бўлган ўқитувчилик остонасида турибман.

Синфга кирар эканман, болаларга алоҳида меҳр билан қарайман. Ҳар бирининг кўзида олам-олам орзу-умид, келажакка ишонч. Ёлғон, ҳасад ёки адолатсизлик каби тушунчалар ҳали шаклланиб улгурмаган, ҳаммалари беғубор, самимий, бир-бирларига меҳрибон. Улғайишганида улар орасидан яхши инсонлар билан бирга, бошқача табиатлилари ҳам чиқар, аммо бугун ҳаммалари билимга чанқоқ, устозларнинг ҳар бир сўзига ишонч билан қарашади, шу ишонч ўқитувчи зиммасига улкан масъулият юклайди.

Болалар устозни барча нарсани билувчи деб қабул қилади. Шунинг учун ҳар бир айтилган сўз, берилган ваъда катта аҳамиятга эга. Бир ҳақиқатни англадим: болаларга берилган ваъда ҳеч қачон унутилмайди. Агар устоз унутса ҳам, бола уни эслаб қолади. Шу сабабли ҳар бир қарор ва ҳар бир сўз ўйлаб айтилиши керак.

Болалар катталардан кўра кўпроқ меҳрибон, раҳмдил ва нозик қалблидир. Уларга кўнгил боғладингизми, энди узилишингиз қийин. Ўқитувчилик мен авваллари ўйлаганимдек, оддий касб эмас экан. Бу касб қалб амри билан ишлашни, ҳар бир болани азиз фарзандингиздек кўришни, уларга меҳр билан тарбия беришни ва шу жараёнда ўзингизни қайта тарбиялашни талаб этар экан. Мен учун янада муҳими — болалар билан ўтаётган вақтимнинг ҳар лаҳзаси мени… журналистика сари йўллайди. Ҳар куни қаламга олса бўладиган кўп-кўп мавзу топаман, уларни қоғозга тушираман. Шоир айтганидек, бу дунёни бола кўзи ва қалби билан кўришдан ҳам лаззатли нарса йўқ экан.

Юлдуз НУРМАНОВА.

Бола қалби билан кўринг дунёни…

Бугунги умумдунёвий глобаллашув жараёнида масофалар қисқарди, ахборот чегаралари шаффофлашди. Ижтимоий тармоқлар орқали дунёнинг турли бурчакларида яшовчи инсонлар билан мулоқот қилиш, уларнинг фикрлари, қадриятлари билан танишиш кундалик ҳаётимизга сингиб кетди. Мен ҳам бундай имкониятдан фойдаланиб, суҳбатлар орқали турли миллат вакиллари билан фикр алмашаман.

Бир куни хитойлик дўстим менга кутилмаган савол берди: “Бу ҳаётда сени яшашга, орзуларингга эришишга ундовчи нарса нима?”

Бу савол бир қарашда жуда оддий туюлди. Аммо унинг замирида ҳар бир киши англаб етиши зарур бўлган теран маъно бор. Мен дарҳол жавоб бера олмадим. Ўйладим. Ичимда ўзимга ўзим беришим керак бўлган саволлар пайдо бўлди, ҳис-туйғуларим уйғонди. Ўзим билан ўзим юзма-юз қолгандек бўлдим.

Чиндан ҳам, бу ҳаётда шунчаки яшашим, кун кечиришим учун эмас, нималаргадир эришишим, кимларгадир ёрдамим тегиши учун менда қандай куч бор, нималарга таянаман? Яқинларимгами? Уларнинг меҳри, қўллаб-қувватлаши, ёнимда борлиги, зарур йўл-йўриқ кўрсатиб туришлари, албатта, менга куч беради. Борди-ю, шу куч билангина яшай бошласам, унда мен ўзим учун эмас, улар учун яшашимга тўғри келади-ку! Балки, менинг кўзлаган мақсадларим, ҳали амалга ошмаган кўпдан-кўп орзуларим, улгурмаган ишларим бордир? Балки, мени айнан шу тугалланмаганлик ҳисси ушлаб тургандир?

Шу ўйлар гирдобига тушиб, бир ҳақиқат аста-секин юзага чиқди: инсонни ҳаётга боғлаб турадиган нарса ҳар доим ҳам кўзга аниқ ташланмайди. Сўз билан ифодалаш ҳам қийин. Бу кўзга кўринмас куч юракда, инсон қалбида, унинг имон-эътиқодида зоҳир бўлади. Инсон муаммолар кўчасига кириб қолганида, икки йўлдан бирини танлашга қийналаётганида ана ўша кўринмас куч ҳаракатга келади. Шундай экан, бу кучни ҳали айтилмаган сўзлардан, ҳали ёзилмаган ҳикоялардан, ҳали ҳис қилинмаган туйғулардан қидириш керак. У ўзини ошкор қилиб яшамайди, нималарга қодирлигини кўз-кўз қилмайди. Бу куч эртанги кунга бўлган сокин умидда, кутилмаган бахт лаҳзаларига ишончда ва янада муҳими — инсон қалбининг тубида туриб: “Сен ҳали борсан, тугамагансан, яшашга ҳаққинг бор, бунга бурчлисан”, деб овоз беради. Шу боис мен ўзимни ушлаб турган сабабни аниқ бир сўз билан ифодалай олмасам-да, унинг мавжудлигини инкор этмайман. У мени қуёш эртага ҳам чиқишига ва бу жараён бир умр давом этишига ишонтиради.

Фарангиз ТАШБУЛОВА.

Ҳаммаси яхши бўлади

(Ҳажвия)

Биласизми? Йўқ, билмайсиз. Орзуларим жуда кўп. Мен машҳур одам бўламан. Кўрасиз, битта ишорамга қараб туради ҳамма. Энг сўнгги русумдаги чет эл машиналари менга хизмат қилади. Эгнимда энг қиммат бренддаги кийимлар. Шахсий бизнесим бўлади. Автосалон очаман, йўқ, бу бизнес модадан қолди — шахсий аэропортим бўлади. Автосалондан кўра хусусий аэропортда соққа қилиш осонроқ. Кейин… шахсий банким бўлади. Эҳ, тасаввур қиляпсизми?..

Вой, нима тарақлади? Қўрқиб кетдим-а! Онажон, эшикни секинроқ тақиллатсангиз бўлмайдими? Юрагим ёрилай деди-я! Мана, уйғондим, туряпман. Пешин бўлса нима? Ухласам ухлабман-да. Уф, яна шу гапми? Иш бўлса ишлайман-да. Тўғри, дипломим чанг босиб ётибди. Кўнглимдагидек иш чиқмаса, айб мендамас-ку. Кеча айтган жойингизга бордим, шунақа ҳам ишхона бўладими? Нима эмиш, ҳафтада олти кун эрталаб соат тўққиздан кечки олтигача ўтирармишман. “Ишхонада бунча вақт ўтиришим қийин, маоши яхшими, ўттиз-қирқ миллион сўм борми?” десам, ҳаммалари менга зоопаркдаги маймунга қарагандай қарашди. Шартта орқамга қайтдим.

Нима, мактабгами? Бордим ўша мақтаган мактабингизга. Ичкарига киришим билан болаларнинг шовқинидан кўнглим озди, бу ҳам майли, бир-иккитаси югуриб кетаётиб, мени туртиб юборди. “Шу шумтакаларга дарс бераманми? Елкамнинг чуқури кўрсин бу жойни”, дедим-да, орқамга қайтдим. Ойижон, мени тергайверманг, жуда чарчаганман, кўча иссиқ. Интернетда кўрдим: кейинги ҳафта аномал иссиқ бўларкан. Шу жазирамада кўчага чиқиб бўладими?

Куз келсин, кунлар салқинласин, бирор жойдан иш чиқиб қолар. кейин ишласам ҳам бўлади. Ишла, ишла, дейсизлар. Нима, оч қоляпмизми? Ўзи нимжон бўлсам, кўп юрсам, бошим оғриб, кўзим тинади. Оғир нарса кўтарсам, белим оғрийди. Тунов куни поликлиникага бориб, дардимни айтган эдим, шифокор бир соат насиҳат қилди. Мен соппа-соғ, аммо ўтакетган дангаса эмишман. “Меҳнат қилинг, ҳеч бўлмаса, ҳовлидаги гулларни парваришланг”, дейди. Танаси бошқа дард билмас, деб шунга айтадилар-да.

Қўлимни силтаб, чиқиб кетдим. Ёз ўтсин, куз-қиш ўтиб, баҳор келсин, кунлар сал исисин, бирор жойдан иш топилиб қолар. Аммо шундай дейман-у, кун исиб кетса, яна беҳаловат бўламан. Шу иссиқда ишлаб бўладими? Иссиқ сал пастласа, кейин иш қидирарман.

Онажон, ҳали ҳаммаси зўр бўлади. Бирга саёҳатга чиқамиз, дунё кезамиз. Нима? Яна ўша қарзми? Бераман, қочиб кетганим йўқ-ку. Бир девор қўшним бўлса, бераман-да бир куни, она. Тунов куни газетада бир эълон кўриб қолдим. Мойликкина ишга номзод қидиришаётган экан. Имтиҳон қилишар экан. Майли, тайёрланаман. Вақт керак. Ҳеч вақтим бўлмаяпти-да. Қўшним уйини таъмирлаяпти, кеча-ю кундуз шовқин. Шовқинда дарс қилиб бўладими? Таъмир тугасин, албатта тайёрланаман.

Уфф, бошим айланиб кетди. Чарчадим. Ётиб ухламасам бўлмайди. Онажон, хонамга кирганингизда эшикни секин тақиллатинг, илтимос, ҳали ҳаммаси зўр бўлади. Қўшниларнинг кўзини ўйнатиб, сизни Малдив оролларига олиб бораман. Хуррр…

Чаманой АШИРАЛИЕВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 5 =