Бунча гўзал бўлмасанг, дунё…

Мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларида талаба ва ўқувчиларни китоб мутолаасига жалб этиш, бадиий саводхонлик даражасини ошириш орқали уларни ватанпарварлик ва юртимиз келажагига дахлдорлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Маърифат улашиб” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида таниқли шоир ва ёзувчилар томонидан “Гулхан атрофида суҳбат”лар, ижодий учрашувларда истеъдодли ёшларнинг энг сара шеър ва ҳикоялари танлаб олинди. Ёшларнинг бу ижод намуналари  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан  тўплам ҳолида нашрга тайёрланди.

Қуйида берилаётган шеърлар “Маърифат улашиб” лойиҳасининг маҳсули сифатида ҳавола этилмоқда.

Муҳаммадали ҒАФФОРОВ,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси

ОТАМ ВА ШЕЪР

1

Уйимизга Хизр келгандек,

гўзал эди бари ўшанда:

отам қайтар эди беда суғориб,

онам нон ёпарди тандирга,

акам даладан мол ҳайдаб қайтганди –

ҳамманинг тайинли иши бор эди…

фақат мен бошқача чиздим оламни,

фақат мен бошқача титроқлар туйдим;

отамнинг: “Тутуми йўқ бу болангни!” –

деган гапларини эшитиб куйдим:

ҳаммаси чиройли кечаётганда

шеър ёзиб қўйдим.

 

Ичимда сўз тўла кон бормиди-ё,

кондан сўз тўкилар он бормиди-ё,

отамнинг: “Тутуми йўқ бу болангни!” –

деган гапларида жон бормиди-ё?..

 

2

Уйимиздан Хизр кетгандек,

акам молларини пуллади арзон,

менинг видойимни эшитмасдан, тек,

отам кўчиб кетди қабристон томон.

Оҳларим осмонга учаётганда,

дилим ғам шаробин ичаётганда,

олам бир қайғуни кечаётганда…

шеър ёзиб қўйдим.

 

Дилдан ғам тўкилар он бор эди-ё,

ҳасратлар дард тўла омбор эди-ё,

отамнинг: “Тутуми йўқ бу болангни!” –

деган гапларида жон бор эди-ё.

 

3

Бугун ҳам кунимга шукронам синиқ,

бугун ҳам барини тақдирга йўйдим,

бугун ҳам яшашга бўлмади кўниб,

бугун ҳам,

кечиринг,

шеър ёзиб қўйдим.

 

Ичимда сўз тўла кон борми дейман,

кондан сўз тўкилар он борми дейман…

отамнинг: “Тутуми йўқ бу болангни!” –

деган гапларида жон борми дейман.

 

Гулсевар ХУРРАМОВА,

Тошкент давлат  аграр университети талабаси

* * *

Бир учқунга ўхшайман гўё,

Гулхан бўлиб ёнмоқдир орзум.

Бунча гўзал бўлмасанг, дунё,

Сенга қараб тўймайди кўзим.

 

Мен ниҳолман, мен майсадурман,

Куртак очган бир чечакдирман.

Ҳумо қушнинг қанот остида,

Порлаб турган келажакдирман!

 

Бобомурод САЪДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси

* * *

Узоқ манзилларда муқим турган он

Бир таскин дардида учганда оҳим.

Қалбимга ҳаловат улашган макон,

Мен сени куйлайман яна, Қишлоғим.

 

Далалар бағрида кезганда якка,

Тоғлар келбатидан чақнаганда кўз.

Номингга бағишлаб бир шеър демакка

Сарсонман сўзларнинг даштида ҳануз.

 

Юлдузлар чорласа ўзига элас,

Қанот чиқармоққа шайдирман зотан.

Мен учун шоҳона биноларданмас,

Деҳқон кенгликлардан бошланур Ватан!

 

Йиллар чарх урадир тинмай, ҳойнаҳой.

Эҳтимол, кетгаймиз олислаб йироқ.

Болалик кезларим муҳрланган жой

Ширин хотиралар кўмилган тупроқ…

 

Наима АНВАРОВА,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси

ХЎРОЗҚАНД

Беш-олти чақа

Бериб укамга.

Асло сездирма,

Дедим, акамга.

 

Йўқса иккимиз

Еб қоламиз панд.

Олиб кел бунга

Ширин хўрозқанд.

Укам дўконга

Бориб келди тез.

Мен ҳам ичимдан

Қувондим шу кез.

 

Қанд олдим, дейди

Ҳовлиқиб бироз.

Лекин бу пулга

Келмади хўроз.

 

Рухшона НИШОНОВА,

Фарғона давлат университети инглиз тили ва адабиёти факультети талабаси

ЯХШИ ЎЙИН

Ука!

Тўппончангни ирғитиб юбор,

“Уруш-уруш” ўйнама энди.

Ва милтиқлар чиқмаса такрор,

Уруш нима, билмасанг эди.

 

Синглим!

“Доктор-доктор” ўйнама асло.

Қайта қолгин энди бу шаштдан.

Қўлингдаги қўғирчоғинг ҳам

Чарчади-ку бемор яшашдан.

 

“Хола-хола” укамизга ёт,

“Ҳаккала”ни суймайди феълинг.

Бутун дунё соғинган ўйин –

“Меҳмон-меҳмон” ўйнаймиз, келинг!

 

Ойдин РАҲМАТУЛЛАЕВА,

Тошкент амалий фанлар университети талабаси

Момиқ. Ғулом дўстимнинг бошқа мушукларга ўхшамайдиган оқ-кулранг аралаш, панжалари катта-катта, кўзлари ям-яшил, нақ улоқдек келадиган исмига мос мушуги. Уни ҳамма шундай атайди. Кўринишидан баҳайбат ёввойи мушукка ўхшаб кўринса-да, ўзи беозор.

Маҳалладаги ҳамма болалар унинг ҳамроҳ дўсти. Момиқни кўриб қолгудек бўлишса, у билан ўйнашади. Юнгларини тарашади, қучоқлашади. Гоҳ-гоҳида мулозамат кўрсатиб, еб турган нонларини, пишириқ, колбасаларини ҳам у билан баҳам кўришади. Момиқ ҳам болалар қўлидан таом ейишни ва улар билан ўйнашни яхши кўради. Маҳалладаги болалар кўринмай қолса, безовталанади. Бошини, думини ва қулоқларини кўтариб атрофга аланглайди. Кўчаларнинг у бошидан бу бошигача айланиб чиқади. Сўнгра яна ўзининг уйига қайтади. Бошини олдинги оёқлари устига қўйиб, кўзларини юмиб-очиб атрофдан ниманидир  излайди…

Яқинда жуда бир қизиқ воқеа бўлди. Ғулом дўстимнинг укасига суннат тўй қилишди. Тўйнинг базми авжига чиққанда майда-майда қадам босиб,  бошини қуйи солганча Момиқ кириб келди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора, ҳеч ким унга эътибор қилмади. Давранинг қоқ ўртасига етганда у тўхтади. Бошини чўзганча атрофга разм солди. Унинг кўзлари Ғулом билан ўйнаётган синфдош дўстим Шуҳратга тушди. Сергак тортиб, қулоқларини дикрайтирди. Қаҳр ва ғазаб билан миёвлади. Кутилмаганда Шуҳратга ташланди. Шуҳрат эса ҳовли айланиб югуриб қочди, ўзини каравот устига урди, аммо Момиқ абжирлик билан каравот  устигаям чиқиб олиб, Шуҳратнинг қўлини тирнаб ташлади. Ғулом етиб келмаганда, ким билсин, бу воқеа қандай тугарди.

— Ҳалиям мени худо асради, югуриб уйга кирмаганимда нима бўларди? — деди Шуҳрат ҳовлиққанча. Бу воқеа тўйдаги барчани ҳайратга солди.

— Момиқнинг бунақа одати йўқ эди-ку. Нега бундай қилди? Нега айнан Шуҳрат дўстимни қувлаб кетди? — деди Ғулом Момиқни ушлаб, ҳайрон бўлиб.

— Эй, ҳаммасига ўзим… ўзим айбдорман, — деди Шуҳрат афт-ангори оқариб. — Бир куни сеникига дарс тайёрлашга келгандим, Ғулом. Момиқ болаларини ошхона олдида эркалаб, ўйнаётган экан. Иккимиз дарс тайёрлаб бўлгач, шумлигим тутди, шекилли, Момиқ йўқлигида сумкамга унинг болаларидан бирини солдим-у, уйимга югурдим. Бир пайт боласининг овозини эшитиб, ортимдан Момиқ чопди, мен унга пишпишлаб тош отганча югурдим. Момиқ эса телбаларча маҳалла бошигача ортимдан югурди. Уйимиз олдигача мени таъқиб қилиб келди. Шунча тош отсам ҳам, бечора мушук уйимиз олдидан кечгача кетмади.

Бу гапларни эшитиб, Ғулом мийиғида кулди.

— Дўстим, агар уйинг яқин бўлганда, Момиқ боласини, албатта, етаклаб келган бўларди, — деди.

— Қизиқ, шунча кишининг ичидан мени таниганини айт, ақл бовар қилмайди, —деди Шуҳрат Момиқ тирнаган қўлига термулиб…

Тўйда бўлиб ўтган ана шу воқеадан бир неча кун ўтиб, биз болалар билан кўча бошидаги теракзор соясида футбол ўйнардик. Кўчанинг сал нарироғидаги ариқда сув шилдираб оқар, тераклар шамолда оҳиста чайқалиб, бир-бирига шивирлашиб, атрофга ўзгача зеб бериб турарди.

Бизга унча олис бўлмаган Ғуломнинг уйи тагида Момиқ болаларини ўйнатиб ётарди…

Бирдан Шуҳратнинг дадасининг машинаси сигналидан кейин ўйин тўхтади. Ундан Шуҳрат ва дадаси тушди. Шуҳратнинг мактаб сумкаси бор эди. Момиқ ётган жойидан сергак тортиб қўзғалди, у Шуҳрат томонга кела бошлади. Шуҳрат ҳаммамиз билан бирма-бир саломлашгач, сумкасини очди. Унда мушук боласи бор эди. Уни авайлаб ерга қўйди. Момиқ буни кутмаган эди. Шиддат билан етиб келиб, ўз боласини эркалашга тушди. Сўнг оҳиста қадам ташлаб, Шуҳратнинг олдига келди. Унинг оёғига миёвлаб суйкала бошлади. Унга миннатдорчилик билдиргандай бошини ёнга эгиб, боласини эргаштириб уй томонга кетди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 8 =