Синовдан иборат бу кўҳна дунё
Чарос ТУРДИЕВА
Чарос ТУРДИЕВА — 1994 йилда Қамаши туманидаги Чорвадор қишлоғида туғилган. Қарши давлат университетини тамомлаган. Айни пайтда Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг 83-мактабида мусиқа муаллимаси.
“Маърифат улашиб” учрашувида Чарос ўз шеърларидан ўқиб қолди. Шеърларини тинглаб, хурсанд бўлдим. Ёш шоирадаги изланишлар, мавзуга янгича ёндашиш, янги фикр айтиш истаги менга маъқул бўлди.
Албатта, Чарос ҳали кўп ўқиб-ўрганиши керак. Шеърият, бу — узлуксиз меҳнат эканини, тинимсиз изланишлардан иборатлигини унутмаслиги лозим.
Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
МЕН НЕГА ЙИҒЛАЙИН…
Мен нега йиғлайин, қилган хатойим —
Ор-у номусим пок сақлаганимми?
Ёхуд ғуруримни дилимга тугиб,
Фарзандлик шаънини оқлаганимми?
Мен нега йиғлайин? Ёки шўх еллар
Бахтимни қўлимдан олдими тортиб?
Армонларни солиб қўйиб кўнглимга,
Орзуларим олиб кетдими қайтиб?
Мен нега йиғлайин? Ҳаёт дегани
Битта қоқилишдан қолгайми тугаб?
Ёки Аллоҳ берган бир ҳовуч умр
Беҳуда кетдими девордек нураб?
Мен нега йиғлайин — борми, одамлар,
Кўз ёшларим дарё қилмоққа сабаб?
Интилдим, изландим, изланаяпман,
Бахтиёр кунларга қолар деб яраб…
КИТОБ ОЛИБ КЕЛДИМ…
Гарчи гўдакдурман, ақли тўлмаган,
Энди мактаб кўрган, дунё кўрмаган,
Ҳали йўллар кўпдир боланг юрмаган,
Илк бор китоб олдим сен учун, Она!
Оғрисам бошимда парвона бўлдинг,
Тунлари дили ҳам вайрона бўлдинг,
Менинг бахтим учун йиғладинг, кулдинг,
Битта китоб олдим сен учун, Она!
Рўзғорнинг ишларин бир четга суриб,
Қадрингни ҳар недан юксакда кўриб,
Турибман қошингда, Она, бош уриб,
Ўқи! Китоб олдим сен учун, Она!
Дўконларга кирдим совға ахтариб,
Лек меҳринг олдида дунё ҳам ғариб.
Сени болаликка бир бор қайтариб,
Қара! Китоб олдим сен учун, Она!
Олтин, зар сочолмам бошингдан ҳали,
Олтиндан азиздир кўнгил гавҳари.
Ўзинг буюк зотсан, умр заргари,
Ажиб китоб олдим сен учун, Она!
Буни оддий китоб демагин сира,
Ичи болажонинг меҳрига тўла,
Азиз авлиёлар умрини тилаб,
Сенга китоб олдим байрамга, ОНА!
ИЛК БОР ҚАДАМ ҚЎЙДИМ…
Навоий, Бобурни ўқидим, уқдим:
Шоирлар куйларкан дард ила ғамни.
Шоирларга бўлган муҳаббат билан
Қўйдим шеъриятга илк бор қадамни.
Зулфия қалбини забт этган севги
Тутқазди қўлимга нурли қаламни.
Ва дўстлар дардини жимгина тинглаб,
Қўйдим шеъриятга илк бор қадамни.
Ғафур Ғулом битган “Соғиниш”да мен
Кўрдим ўзбекона қайғу-аламни.
Шоир ҳаётидан олдим хулоса,
Қўйдим шеъриятга илк бор қадамни.
Олти ой ижоддан кетиб Абдулла,
Куйламай қўйганда гулдай санамни,
Кароматлар қилган дўстларин ўқиб,
Қўйдим шеъриятга илк бор қадамни.
Мағрур ва камтарлик баҳсида ҳар гал,
Кўрдим Эркин Воҳид — асл ҳакамни.
Мисралари билан яшаб ҳаётим,
Қўйдим шеъриятга илк бор қадамни.
Бир сандиқ китоб-у, уюм тупроқ-чун,
Бахшида айлаган ҳар лаҳза, дамни,
Муҳаммаднинг мангу ҳаёти сабаб,
Қўйдим шеъриятга илк бор қадамни.
Айтсам адо бўлмас шоирлар сўзи,
Шеърларида пинҳон иқбол, ситамни.
Мен ҳам шоирлардек куйлайман дея,
Қўйдим шеъриятга илк бор қадамни!
ФУРСАТ
Ким қандай яшаса ўзники ҳаёт,
Ҳеч ким мажбур эмас қаср қуришга.
Ахир бу беш кунлик умрни Аллоҳ
Бераркан маъноли даврон суришга.
Ким қандай яшаса ўзники ҳаёт,
Инсон яралмайди мангу қолишга.
Фақат яхши ишлар яшайди абад,
Фурсат бериларкан ибрат олишга.
Ким қандай яшаса ўзники ҳаёт,
Мол-дунё, олтин, зар ўткинчи бари.
Синовдан иборат бу кўҳна дунё,
Бахтни ҳам бераркан армон сингари.
Ким қандай яшаса ўзники ҳаёт,
Тирноққа зор бўлиб ўтганлар қанча.
Гуноҳин англамай бегуноҳ дилни
Азоб, уқубатга тутганлар қанча!
Ким қандай яшаса ўзники ҳаёт,
Ҳаммамиз дунёга бўламиз меҳмон.
Умр оқар дарё, ғанимат одам,
Қадрлаб фурсатни яша, эй Инсон!
Ким қандай яшаса ўзники ҳаёт…