Мумтоз қўшиқлар шайдоси

Маълумки, бугунги кунгача Ўзбекистондан “Бойсун маданий муҳити”, “Шашмақом”, “Катта ашула”, “Наврўз”, “Аския — сўзамоллик санъати” каби миллий-маданий бойликлар ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган. Булар орасида “Шашмақом”нинг алоҳида ўрни ва аҳамияти бор. Чунки инсоният тафаккурининг ёрқин маҳсули бўлган мақомларимизда халқимизнинг узоқ йилларга туташган тарихи, маънавий дунёси, бадиий фалсафаси, руҳи, қадриятлари мужассам. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ мумтоз қўшиқчилик санъатимизни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фикримизга далил бўлиши мумкин. Чунки бу қарор ва фармон айнан мақом санъатини юксалтиришга қаратилган. Шу ўринда мазкур қарор ва фармон ижросини таъминлаш жараёнида салмоқли натижаларга эришилаётганлигини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Жумладан, мақом қўшиқчилиги йўналишида турли фестиваль ва танловлар мунтазам ўтказилиши йўлга қўйилганлиги халқимизни мумтоз санъатимизга янада яқинлаштириб, янги-янги истеъдодларни кашф қилишга хизмат қиляпти.

Айниқса, Муножот Йўлчиева, Ҳуррият Исроилова, Марям Сатторова каби мумтоз қўшиқларнинг моҳир ижрочиларига чин дилдан ҳавас қилиб, улардек етук мақомчи бўлишни орзу қилган ёшларнинг кўпайиб бораётгани мақом санъатининг истиқболига умид ва ишонч уйғотади.

Ангрен шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Робияхон Абдумавлонова ана шундай мақом қўшиқларига чин дилдан ихлос қўйган ёш истеъдодлардан бири. У қўшимча равишда шаҳардаги 10-мусиқа ва санъат мактабида ҳам таҳсил олади.

Робияхон таълим олаётган мактабларнинг қай бирига борманг, у ҳақида “аъло баҳолари ва намунали хулқи билан бошқа ўқувчилардан ажралиб туради, ўз устида тинимсиз ишлайди, изланади, барча тадбирларда фаол қатнашади” деган фикрлар билдиришади.

— Фортепьяно чалиш сирларини ўрганиш учун ушбу мактабга келганимдан жуда хурсандман, — дейди Робияхон Абдумавлонова. — Чунки бу мактабда Нозимжон Раҳматов, Орифжон Чориев, Нодира Ҳожиева, Нуриддин Дадаев каби устозларимдан куй чалиш, қўшиқ айтиш сирларини ўрганяпман. Улар қийналган пайтларимда вақтини аямай менга ёрдам беради, тушунмаган жойларимни тушунтириб, хатоларимни тўғрилаб боради. Айниқса, устозим, “Ниҳол” мукофоти совриндори Нодира опа Ҳожиевадан беҳад миннатдорман. Устозим мумтоз қўшиқларга бўлган ҳавасимни меҳрга айлантирди. “Сенинг овоз имкониятинг юқори, мусиқани ҳис қиласан”, деб мақтаб, мени руҳлантирди.

Дарҳақиқат, таълим-тарбияда ўқувчиларнинг қизиқиши, лаёқатини сезиш ва уни шу йўналишда боришга илҳомлантиришнинг аҳамияти катта. Нодира Ҳожиева, тиббиёт тили билан айтганда, Робияхонга тўғри ташхис қўйди, дейиш мумкин. Чунки устознинг кўрсатмалари, тавсиялари билан мумтоз қўшиқ куйлашда ёш ижрочининг истеъдод қирралари тезда ярқ этиб кўзга ташланди. Шаҳар ва вилоятда ўтказилган тадбирларда мақом қўшиқларини куйлаб, томошабинлар эътибори ва эътирофларига сазовор бўла бошлади.

Ёш ижрочи куйлаган қўшиқлар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” каналида эфирга узатиладиган “Ойдин ҳаёт”, “Болажон” каналининг “Салом, болажон”, “Маданият ва маърифат” каналининг бир нечта кўрсатувларида эфирга узатилди.

Бугунги кунга келиб, Робияхон Абдумавлонова нафақат республика, балки халқаро миқёсда ўтказилган кўплаб танловларда иштирок этиб, ғолиблар сафидан ўрин олган ёш ижрочига айланди. “Музика жизни”, “Одочонию дети”, “Spring Soubds”, “New Talents”, “Славянский базар” каби халқаро, “Камалак юлдузлари”, “Истеъдод”, “Ёшлар овози”, “Янги юлдузлар”, “Дилларда ватан мадҳи” каби республика миқёсида ўтказилган танловлар шулар жумласидан.

Робия Абдумавлонова ҳозирги кунда “Zo‘r TV” телеканалида намойиш этилаётган “Овоз” кўрсатувининг саралаш босқичидан ўтиб, Батл-трио босқичида иштирок этиш учун “DJ Piligrim” гуруҳи солисти Илҳом Йўлчиев раҳбарлигида тайёргарлик кўряпти.

— Қизимдан жуда хурсандман, — дейди онаси Хосият опа. — Навоий ғазали билан айтиладиган “Айлагач”, “Мустаҳзод”, “Баёт-4”, Нодира ғазали билан “Тановар-2” қўшиқларини эшитганимда, “Рости билан шу қиз Робиямикан?” деб кўзимдан ёш чиқиб кетади…

Биз мусиқа ва санъат мактабида Робияни устози билан янги қўшиқни машқ қилиб тайёрланаётган пайтда учратдик. Робияхон танбур оҳангига жўр бўлиб “Айлагач” қўшиғини куйлаяпти:

 

Ҳусни ортар, юзда зулфинг анбар

                                           афшон айлагач,

Шам равшанроқ бўлур торин

                                           паришон айлагач.

Юзни гуллардин безабму бизни

                                           қурбон айладинг,

Ё юзингга тегди қонлар бизни

                                           қурбон айлагач…

 

Қўшиқ тугади. Танбурнинг дилтортар оҳанги, қўшиқнинг мазмунли сўзлари ва Робияхоннинг ширали овозига мафтун бўлиб қўшиқ тинглаётган тингловчилар — синфдош дўстлари, бизга ҳамроҳлик қилган устозлар беихтиёр қарсак чалиб олқишлашди. Биз ҳам қўшилдик.

Ҳа, Робияхон Абдумавлонова учун бу дастлабки қарсак ва олқишлардир. Агар машқни бўшаштирмай, устозлари кўмагида изланишларни астойдил давом эттирса, албатта, кўзлаган манзилига етади деб ишонамиз. Ана ўшанда у катта саҳналарда куйлайди. Эл олқиши гулдурос қарсаклар бўлиб янграйди.

Робия АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон давлат хореография академияси

санъатшунослик таълим

йўналиши 4-босқич талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 5 =