Қорқиз тожи
Дилдора ДЎСМАТОВА
Муаллиф ҳақида:
Дилдора ДЎСМАТОВА — 2002 йили Сардоба туманида туғилган. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси (2023).
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.
(Ҳикоя)
Биров ҳадеб “қиш, қор ва совуқ” деяверса, негадир этим жунжика бошлайди. Бошқалар қор ёғаётганда эсдалик учун расмларга тушиб, қорбўрон ўйнаб, қорбоболар ясаб маза қилса, мен иссиқроқ жой излай бошлайман. Иложини қилолмасам, уйимга тезроқ етиб олиш ҳаракатига тушиб қоламан. Бу қанақа одам ўзи, деб ёмон хаёлга борманг яна, мен ҳам қор ёғаётганини, қиш манзараларини яхши кўраман, фақат дераза ортидан, холос…
Аввал бундай эмасдим. Болалигимда бир воқеа бўлган. Шундан бери совуқдан қўрқадиган бўлиб қолганман. Ўшанда, чамамда, беш ёки олти ёшларда эдим. Янги йилга тайёргарлик кўрилаётганди. Кўчалар қорга бурканган, жуда совуқ эди. Тунда ёғишни бошлаган қор тонггача тизза бўйи бўлди. Акам билан телевизорда мириқиб “Винни Пух” мультфильмини томоша қилаётгандик. Опам уй юмушлари билан овора. Акам тўсатдан:
— Дилдор, сенга қорқизникидек тож олиб берайми? — деб қолди.
— Вой, бунча зўр!
— Юр, дўконга чиқиб келамиз.
Кўзларим яшнаб кетди. Йўлга тушдик. Тезроқ қорқизникига ўхшаган тожимни тақиш истагида шошганимдан уй кийимида ташқарига чиқиб кетибман…
Қор тўхтаган бўлса ҳам, ҳаво анчагина совуқ эди. Биринчи бўлиб, уйимиздаги энг яқин дўконга кирдик. Кўзим дўконнинг ҳар бурчагига тикилиб чиқди. Лекин қорқиз тожини топа олмадим. Акам мақсадга кўчди ва сотувчидан сўради.
— Баракалла, полвон, меҳрибон ака экансан. Жон деб синглинг учун шунақа тож берардим-у, лекин қолмади-да. Янги йил олди, бунинг устига, икки кун аввал “Алифбе” байрами учун олиб қўйишди. Бошқа дўконларга кириб кўр-чи, — деди.
Кичкинагина қишлоқ. Дўкон кам, унча-бунча нарсалар топилавермайди. Сотувчи амакининг жавобидан хафа бўлмадим. Биз бошқа дўконга кириб кўрдик. Аммо кейинги кирган дўконларимиздан ҳам Қорқиз тожи топилмади. Ҳамма сотувчи бир хил жавобни берар, мен эса акамни ҳол-жонига қўймай ҳамма дўконга кириб чиқишни сўрар, тож билан уйимизга қайтишни истардим. Йўқ деганда қишлоқдаги олтитача дўконга бош суқиб чиқдик. Эгнимда биргина кўйлак, оёғимда эса у хонадан бу хонага судрайдиган миттигина маҳси калишчам.
— Ака, шу охиргиси. Димкаларнинг дўконига ҳам кириб кўрайлик. Шуларда бўлса керак, — дедим умид билан.
Акам ҳам тезроқ ваъда қилган нарсасини олиб беришни хоҳларди-ю, юпун устимни кўриб, ташвишланарди.
— Совқотиб қолдинг ахир. Юр, ҳеч бўлмаса, устингга курткангни кийиб чиқ, кейин дўконларни айланамиз.
— Аввал бориб олайлик, кейин бира-тўла уйга қайтамиз! — дея хархаша қилардим қизиқишим устун келиб.
— Майли-ку-я, Дилдор, совуқда дилдирашингни қара, агар шамоллаб қолсанг, аямдан гап эшитаман, — деди акам хўрсинибгина…
Ўжарлигим тутди. Хуллас, Димкаларнинг дўконига ҳам етиб келдик. Дўконда Роҳила опа савдо қилаётган экан. Акам унгаям: “Қорқизникидек тож борми?” деган саволини такрорлади. Сотувчи ҳам аввалгилари каби “йўқ” жавобини берди. Шунда бирдан Роҳила опанинг менга кўзи тушди ва қўрқув ва ҳайрат аралаш: “Юзингга нима бўлди?” деди. Шоша-пиша юзларимни ушлаб кўрдим. Муздай. Акам қўрқиб кетди: юзимга катта-катта қизил тошмалар чиқиб кета бошлаганди. Иккаламиз уйга чопдик. Аям ишдан келган экан. Аҳволимни кўриши билан ваҳимага тушиб, мени кўрпага ўраб, иссиқ-иссиқ чой ҳўплатди. Бунга ҳам сабри чидамай, “эскичадандир”, деб ҳовлимизнинг орқа тарафида турадиган Ойша кинначини чақириб келди. Ойша опа уйида зерикиб ўтирган экан, шекилли, ғалати овозлар чиқариб, гоҳ ўкириб, гоҳ кекириб, устимга ажинадай ёпирилиб кела бошлади. Қўрққанимдан шайтонлаб қолай дедим. Кўзимни чирт юмиб, ҳеч нарсага эътибор бермай ётавердим. Лекин Ойша опанинг уринишларидан фойда бўлмади.
Бироздан сўнг танамга иссиқлик югурди. Кейин ўша қизил тошмачалар анчагина кичрайди, бироқ буткул йўқ бўлиб кетмади. Орада акам бечора аямдан анчагина гап эшитиб олди.
Иситма барибир тушмади, кечаси билан уйдагиларни қийнаб чиқдим. Саҳарда мени шифохонага олиб боришди. Менга мунғайиб тикилиб ўтирган акамнинг виждони қийналарди. Грипп ва тошма учун шифокорга кўриндик.
Доктор тошма зарарли эмаслигини, шунчаки терим таъсирчанлиги ва ўта совуқ оқибатида аллергия келиб чиққанини ва йўқ бўлиб кетишини айтди. Шамоллашим учун эса шифохонада ётиб даволанишим шарт экан.
Хайрият, Янги йил кунигача шифохонадан чиқдим. Ниҳоят, декабрнинг сўнгги куни — Янги йил тантаналари бошланиб кетди. Аям билан опам дастурхон тузатар, мен эса гоҳ уларнинг ёнида, гоҳ арча атрофида гирдикапалак бўлардим. Ўзимча эгнимга оқ парпарак кўйлагимни ҳам кийиб олганман. Бир пайт акам ёнимга келди. Қўлида нимадир бор эди. У қўлидаги нарсасини қанчалик яширмасин, унинг оппоқ тошли, ҳеч кимникига ўхшамайдиган, қорқизникидек тож эканини пайқадим. Шу куни мендан бахтли инсон йўқ эди.
Эртакларга саёҳат қилдирувчи болалик ҳам ўтди. Аммо ҳамон ҳар қиш келганида унутилмас қорқиз тожи ҳақидаги ўша хотираларни қайта-қайта эслайман…