На тартиб бор, на инсоф…

ёки Тошкент шаҳридаги ўз уйида бегона бекатлар ҳақида
“Кўкча дарвоза” кўчасидаги дов-дарахтлар кескин камайиб бораётгани оқибатида экологик вазият ночорлиги хусусида аввал ҳам газетамизда танқидий мақолалар берилган. Айниқса, Учтепа тумани ҳудудидаги шаҳарсозлик меъёрларига амал қилинмай, экологияга тузатиб бўлмас даражада зиён етказилиб, пала-партиш қурилган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, автомобилларни тузатиш ва ювиш, ресторан ва умумий овқатланиш шохобчалари ҳақида айтиб ўтилган эди. “Экологлар қачон уйғонади?” деб бонг урилганди. Аммо, пойтахт ҳокимиятидагилар газетада чиққан танқидий чиқишларга ҳануз бепарволар. Қонунда белгиланган муддатларда таҳририятимизга жавоб ҳам берилмади.
Хабарингиз бор, Учтепа туманидаги маҳалла ҳоким ёрдамчиларидан бири 30 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда қўлга тушганди. У автобус бекатларида савдо дўконлари қуришга юқорида ишлайдиган танишлари орқали рухсат олиб бериш эвазига шунча миқдордаги маблағни олмоқчи бўлган.
Тошкентдаги бекатлардан коррупциянинг ҳиди келиб турганга ўхшайди.
“Кўкча дарвоза” кўчасида “Хондамир” бекати. Савдо дўконлари йўлагига иккита ўтиргич қўйилган, холос. Қорми, ёмғирми, автобус кутаётган йўловчилар ташқарида туришга мажбур.
Бекатдаги одамлар ноқулай бўлса-да, сабр қилишади. Ҳозир одамлар дўкондорга бир нима деб танбеҳ бергандан кўра, виждонига ҳавола қилишни афзал билишади. Дўкондорнинг эса виждони қийналмайди. Масалан, 7 мартда кун бўйи ёмғир ёғди, ёмғир аралаш қор ҳам. Одамлар шу об-ҳавода автобус кутишаётир. Дўкондорга нима ғам, одамлар совуқда, ёмғирда қоладими, савдо бўлса бўлди-да. Бекат учун ажратилган ҳудудни эгаллаб олиб, элу халққа ноқулайлик туғдираётганини ўйлармиди?!
Шу кўчадан шаҳар амалдорлари ҳам, Учтепа ҳокими ҳам, прокурори ҳам ўтар, аммо улар автобус кутаётган бечораҳол йўловчиларга назар ташлайдими? Балки, ойнаси қорайтирилган автомашиналардан ташқари бошқача кўринар?
Ўтиргич ҳўл бўлиб ётибди. Хондамир бекатида шаҳар ичидаги 35-, 53-, 87-, 73- ва бошқа йўналишларда қатновчи автобуслар тўхтаб ўтиши белгиланган. Эрталабки тиғиз пайтида ўнлаб йўловчилар бекат атрофида тик туришади.
Бекатларнинг эгаси ким, бекатлар йўловчи учунми ёки савдо шахобчалари учунми?
“Кўкча дарвоза”нинг Шофайзи фуқаролар йиғини рўпарасидаги “Беҳзод кўчаси” бекатида ҳам аҳвол шундай. Суянчиғи ҳам йўқ, уч киши аранг сиғадиган битта ўриндиқ бор, холос. Бир томони гўшт дўкони, яна бир томони дўконлар… Бекат ортида иккита ўриндиқ чанг босиб ётибди.
Эсиз, “Кўкча дарвоза” кўчасининг аввалги файзи қолмади. Қилган ишларидан бекат “эгалари” уялмайди. Дўкондорлар ва тадбиркорларнинг бекатлар билан боғлиқ ҳужжатлари тегишли идораларда обдан ўрганилиши зарур.
Шаҳарнинг марказий кўчаларидан андоза олиб, ушбу кўчадаги автобус бекатларини тартибга келтирса бўларди. Тошкентнинг “Кўкча дарвоза”си шаҳарга ўгай эмас-ку! Хуллас, ҳар қадамда қаровсизлик, ҳар қадамда қонунбузарлик.
Катта-катта дарахтлар қуриб ўтин бўлаётир. Чинорларга-ку қирғин келганига анча бўлди. Кўчанинг икки ёни ё бетонлаб ташланган, ёки брусчатка ётқизилган. Кўкаламзорлаштириш учун бир қарич жой йўқ. Бир қадам бўш жой бўлса, нимадир қурилаётир.
Қонунлар ишламаса, қоидалар назар-писанд қилинмаса, йўловчилар ҳуқуқлари поймол бўлаверса-ю, бекорга газеталар жар солиб тураверса?! На тартиб қолди, на инсоф…
Тошкент шаҳар прокуратураси ўз уйига “бегона бекат”лар бўйича ўрганиш ўтказиб, жамоат транспорти воситалари йўловчиларига муносиб шарт-шароит яратиб беришда амалий таъсир ўтказишига, айбдорларга қонуний чора кўрилишини таъминлашига ишонасизми? Йўқ дедингизми? Биз эса барибир ишонгимиз келади. Чунки Давлатимиз раҳбари – Президентимиз шаҳар аҳолисига жамики қулайликлар яратиш борасида қатъий топшириқлар бермоқда. Зора, пойтахтимиз амалдорларига инсоф кириб, юқорида келтирилган хунук манзараларга ҳам эътибор қаратиб қолсалар!
Муҳаммад КЕНЖАБОЕВ,
журналист.