Бухорода матбуот ўгайми?

Ғурур билан айта оламизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг матбуот ва сўз эркинлигига эътибори жуда баланд. Шу боисдан, мамлакатимизда очиқлик сиёсати устувор. Бутун дунё афкор-оммаси Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эркинликларни эътироф этаётгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари ҳамиша журналистларни қўллаб-қувватлаб, “Биз энди ҳеч қачон очиқлик сиёсатидан воз кечмаймиз”, демоқда.

Аммо минг афсуски, маҳаллий амалдорларнинг айримлари матбуот соҳасига эътиборсиз бўлаётгани ҳам сир эмас. Хусусан, бугун Бухорода босма нашрларга бўлган муносабат ҳавас қиладиган аҳволда эмас.

Бухоро — бой тарих, илму маърифат бешиги. Бунга фақатгина тарих китоблари эмас, дунё жамоатчилиги ҳам гувоҳ. Бу заминда мутафаккирлар, олиму мунаққидлар қадрланган, келажакда маънавиятли, маърифатли авлод етишиши учун жон куйдирилган. Бугун-чи? Вилоятдаги матбуотнинг аҳволи ана шу тарихий мавқега мос келадими? Журналистик фаолият учун муносиб шароит яратилганми? Матбуот аҳли ўз сўзини эркин айта олаяптими? Шу каби саволлар ҳозирги вилоят ахборот маконига қайта-қайта назар ташлашга, аниқ тасаввур излашга мажбур этади.

Юзаки фикрловчи раҳбарлар

Ҳар бир нашр — ўша ҳудуднинг қиёфаси, юраги, дунёқараши ва руҳий оламини ифода этади. Уни асраб-авайлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, аввало, муассиснинг, кейин эса жамиятнинг бурчи. Аммо бугун айрим раҳбарлар айнан мана шу бурчни зиммасидан соқит қилиш пайида юргани аламли. “Газетани яхшиласангиз, тираж ўз-ўзидан кўтарилади”, дейдиган мутасаддилар ҳам етарлича топилади. Шу гап билан масала ечилиб қоладими энди? Албатта, йўқ. Бу борада айбни фақатгина таҳририятлар зиммасига юклаб қўймоқ хато. Ахир изланиш ва ижод ҳам маблағ талаб этади. Кўплаб таҳририятларда штатлар қисқарган, ёзишга вақт, таҳлилга шароит йўқ. Баъзан материал йўқлигидан саҳифалар сунъий йўллар билан тўлдирилаётган ҳоллар ҳам бор гап. Мактаб ўқувчиси томонидан тайёрланган, чуқур таҳлилий ёндашувдан холи, хом-ҳатала материаллар бир саҳифа қилиб А-2 форматдаги газеталарга жойлаштирилаётганини ҳам кўрдик. Бу қайсидир маънода таҳририятнинг ночорлик ҳолатини акс эттиради.

Яқинда бир гапни эшитиб, хафа бўлдим. Бир амалдор ўз нашри ҳақида: “Фалон газетани ёпиш учун нима қилса бўлади? Битта хат билан битадими шу иш?” деган эмиш. Бу каби юзаки, тор фикр ва саёз қарашлар давлат хизматчисига хос деб ўйлайсизми? Маънавиятни рағбатлантиришдан қўлини тортган раҳбар ҳеч бир бошқа соҳани ҳам гуллатиб-яшнатиб юборишига ишониш қийин.

Эснаётган муассислар

Бухорода айрим нашрлар чиқмай қолган ёки фаолиятини бутунлай тўхтатган бир шароитда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги босма нашрларнинг жорий йилдаги ададларига кўз югуртирамиз: “Зарафшон” — 14575 (Самарқанд), “Кончилар ҳаёти” газетаси — 11700 (Навоий), “Жиззах ҳақиқати” — 9649 (Жиззах), “Сурхон тонги” — 7410 (Сурхондарё), “Янги Фарғона” — 6750 (Фарғона), “Наманган ҳақиқати” — 4794 (Наманган), “Бешариқ тонги” — 4169, “Янги Сирдарё” — 4000 (Сирдарё). Рақамлардан кўриниб турибдики, жойларда газеталарга эътибор бор. Ҳеч ким уларни Бухородагидек ўз ҳолига шунчаки ташлаб қўйгани йўқ…

Бухоро туман ҳокимлиги муассислигидаги нашр — “Галаосиё овози” газетаси чиқмай қўйганига анча бўлган. Орада туман ҳокимлиги ахборот хизматини ишга солиб, бир-икки сон чиқариб кўрди. Каналда чиққан тўрт-беш ахборотни олиб, саҳифага жойлаштирган билан газета мундарижаси бойиб қолармиди? Мутахассис йўқлиги ва газета обунаси ҳам сўроқ остида қолганлиги боис бу масала ечилмай қолаверди. Боз устига, “Ғиждувон” ҳамда “Пешку овози” газеталари ҳам кўпдан буён электрон тарзда “чиқаяпти”. Улар ҳам яқин орада “Галаосиё овози” сингари батамом фаолиятини тўхтатиши мумкинлиги ҳеч кимни хавотирга солмаяпти.

2025 йилнинг дастлабки ойларида вилоятнинг отахон нашри ҳисобланган “Бухоронома” газетаси иқтисодий турғунликка дуч келди: газета оқ-қора рангга ўтди. Реал адад абгорлигидан таҳририят уни кўрсатишга истиҳола қилди. Шу орада вилоят ҳокими билан матбуот анжумани ўтказилди. Муаммолар айтилди. Орадан бир муддат ўтиб, “Бухоронома” — 1094, “Бухарский вестник” — 264 ададда чиқа бошлади. Шу билан муассис — вилоят ҳокимлиги гўё муаммони ҳал этгандек бўлди.

Туман газеталарининг аҳволи бундан-да хунук ҳозир. Амаллаб “кун кўраётган” туман газеталари рўйхатининг юқори поғонасида 601 нусха билан “Вобкент ҳаёти” турган бўлса, сўнгги поғонасини 200 нусха билан “Когон ҳаёти” газетаси “забт этган”. Изоҳга ҳожат йўқ. Бу рақамлар Бухоро вилоятида матбуотга муносабат белгиси.

Ҳа, бугунги аҳвол шу даражада. Ҳеч қачон вилоят босма нашрлари бундай ночор ҳолга тушмаган эди!

Хосиятсиз сукут: нашрлар кузатилмайди

Бухорода босма нашрларга эътиборнинг салбийлигини айтсак, бундан мутасаддилар ранжимасинлар. Зеро, тап тортмай “газетанинг даври ўтди, мана, ҳамма ахборотни телефонимдан оламан”, деяётган идора раҳбарлари ҳақида ҳам эшитяпмиз. Аслида, шу “лутф”нинг ўзи улар эгаллаб турган курсига нолойиқлигини англатмайдими? Раҳбарки маънавият ҳақида куракда турмайдиган гапларни айтиб турса, додингни кимга айтасан?!

Мутасаддиларнинг аксарияти матбуотдан узоқ. Бу — ҳақиқат. Унда чиқаётган материалларни кўрмайди ёхуд кўриб, кўрмасликка олади. Кўтарилаётган муаммолар, долзарб масалалар билан иши йўқ. Муносабат ҳам билдирмайди. Аксарияти беш-олти блогерни тўплаб, пресс-тур ўтказиш, пиар қилиш билан овуниб юрибди. Шуми сўз эркинлиги? Шуми ОАВдаги эркин рақобат?

Февраль ойида Бухоро шаҳрида аҳоли ва тадбиркорлар томонидан сурбетларча ўзлаштирилаётган пиёдалар йўлаклари ҳақида марказий нашрда танқидий мақолам чиққан эди. Аммо мутасаддилар сувга тушиб кетган тангадек жим қолишди. Мақолага на жавоб бўлди, на ечим изланди.

Афсуски, вилоятдаги кўплаб раҳбарларнинг миясида фақат даромад келтирадиган лойиҳалар. Мана шундайларга тажрибасизларча тайёрланган контентлар ва саводсизларча ёзилган матнлар ёқади. Газета ўқимагач, имло қоидаларига эътиборли, нафақат жумла тузишда, балки нуқта-ю вергул, чизиқча ва тире каби тиниш белгиларини-да жой-жойига қўядиган газеталарнинг саводсизлик “болалаб ётган” ижтимоий тармоқдан устунлигини улар қаердан ҳам англаб етсин?

“Фалон мақолани ўқидингизми?”

Бир неча вилоятга ҳоким бўлган Эркинжон Турдимовнинг маърифатпарварлиги қанчадан-қанча одамларнинг қалбидан жой олди. У борган ҳудудлар обод бўлди, раҳбарлар ва одамлар газета ўқийдиган бўлди. Қанийди ҳамма раҳбарлар матбуотга ҳозирги Сирдарё вилояти ҳокимидек эътибор қаратса, танқид қилинганда, “журналист — ҳақ”, деб бундан тўғри хулоса чиқарсалар…

Узоққа бориш керак эмас, яқин ўтмишда Бухорода ҳам мана шундай муҳит бор эди. Ҳокимлар йиғилишларни қўлида газета ушлаган ҳолда бошлаганини, дуч келган раҳбарни турғизиб, “фалон газетадаги фалон мақолани ўқидингизми?” дея уларнинг нашрларга, маънавиятга муносабатини ўрганганини кўпчилик унутгани йўқ. Нега бугун шундай қилинмаяпти?

Бухоро вилоятида отахон нашр тиражини камида 10 минг, туман газеталариникини эса 4-5 минг нусхага етказиш жуда қийин иш эмас.

Ҳа, матбуот атрофидаги муаммоларни ҳал қилса бўлади. Аввал хоҳиш керак, ундан кейин ҳаракат. Агар раҳбар атрофидагиларнинг бу ишда тажрибаси камлик қилса, соҳада суяги қотган кишиларни чақириб, улар билан кенгашиш мумкин-ку.

Ҳоким ҳам сиз-у биздек инсон. Вилоят, туман ва шаҳарни бошқарса-да, ўнлаб тизим ва тармоқларнинг ишини билмаслиги, тушунмаслиги мумкин. Бу табиий. Шундай пайтда унга ўша соҳалардан хабардор ходимлар ёрдамлашади.

“Газетанинг эгаси менман!”

Бир пайтлар шаҳар ҳокимлиги муассис бўлган газетада масъул котиб бўлиб ишлаганман. Ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги мақолани газетанинг 1-бетига жойлаштирмаганим учун ҳоким ўринбосари чақириб, танбеҳ берганди. Сабабини тушунтиришга уринсам ҳам мени тингламади.

— Газетанинг хўжайини менман! Шундай бўлгач, мен нимани буюрсам, ўшани қиласиз! — дея заҳрини сочди. Ичидагини тўкиб-солиб бўлгач, унга шундай дедим:

— Тасаввур қилинг, уйингизда новвос боқаяпсиз. Уни сўйиб, гўштини пуллаш учун қассоб ёллайсиз. Қассоб келгач, сиз унга бўғзидан эмас, қорнидан сўясиз, дея шарт қўя оласизми? Йўқ. Чунки эгаси бўлсангиз ҳам ўша молни қандай саранжомлаш кераклигини қассобнинг ўзи яхши билади ва сиз унинг ишига аралаша олмайсиз. Газета иши ҳам шундай: сиз муассис, аммо журналист эмассиз…

“Матбуот уйи”: пул йўқми ёки хоҳиш?

Бир неча йилдан бери журналистлар орасида вилоятда “Матбуот уйи” қуриларкан, деган гап юради. Аммо ҳар йили ушбу лойиҳа “пул йўқлиги” важи билан сметадан тушириб келинмоқда.

Ахир бир пайтлардагидек газета таҳририятлари битта жойда ҳамжиҳат меҳнат қилишса, бир-бирлари билан кўришиб, фикр алмашиб туриш имкониятига эга бўлишса, қанчалар яхши! Бухоролик журналистларнинг ҳам “Матбуот уй”лари бор вилоятларга ҳаваслари келади-да.

Матбуот анжуманида вилоят ҳокимига бу борада ҳам савол берилди. “Жой ажратилган, пул муаммо, яқин фурсатларда ҳал бўлади”, деди ҳоким.

Кўкрагимизга шамол тегармикан?

Матбуот котиблари ҳам бефарқ

Туман газеталари муҳаррирлари билан суҳбатлашганимда, ўз ҳудудларидаги матбуот котиблари нашрга хайрихоҳ эмаслигини, муҳаррирларни эса ўзларига тобе сифатида кўришларини айтишади. Бироз кулгили, аммо бугунги манзара шундай. Бу жойда ишлаётганларнинг (майли, журналистик дипломга эга бўлмасин) қанчаси матбуот, радио ёки телевидениеда ишлаган? Билишимча, улар орасида мазкур мактабни кўрганлари бармоқ билан санарли. Аксарияти ижодий малакага эмас, техник тажрибага эга ходимлар. Энди ўйланг, журналистик малака ва билимга эга бўлмаган бу ходимлар қандай қилиб таҳририятлар юкига елка тутсин? Ўз ҳокимларига газеталарнинг аҳамиятини тушунтириш учун ҳам муайян тажриба, салоҳият керак бўлмайдими? Яна улар матбуот котиблари эмиш!

Бир сўз билан айтганда, газета тирик бўлиши учун фақат қоғозда эмас, қалбларда ҳам яшаши керак. Бунинг учун эса, аввало, муассис — масъул раҳбарлар ўз нашрини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши лозим.

Яхши раҳбар ўз нашрининг ривожланиши, кўпроқ ўқилиши ва халқ орасида нуфузга эга бўлиши учун жон куйдиради.

Газета ва журналларда, радио ва телевидениеда ёритилган танқидий-таҳлилий чиқишларга эътибор қаратилса, жамиятда қанча муаммолар ҳал этилади. Ахир матбуот — жамият ойнаси. Уни синдириш эмас, ундан фойдаланиш керак. Кўзгуга қараб туриш керак.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 17 =