Дарвешона

Ўзбек халқининг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган шундай урф-одатлари борки, улар давр тўфонларидан омон чиқиб, бугунги кунда ҳам кишилар ўртасида инсонийлик, меҳр-оқибат кўпригига айланган. Дарвешона ана шундай маросимларимиздан саналади. Қизиғи, у миллий маросим саналибгина қолмасдан, февраль ойининг охирги кунлари — баҳорнинг бошида қишлоқ ва шаҳар маҳаллаларида аҳолидан тўпланган пул ёки озиқ-овқат ҳисобига ўтказиладиган зиёфат, овқатнинг ҳам номидир.
Бу овқат азалдан дарё бўйларида, катта йўл ёқаларида пишириб тарқатилган. Унинг шу тариқа пиширилишида ҳам бир ҳикмат бўлса, ажабмас. Кечагидай эсимда, 6-7 ёш пайтларимда бир куни бобомни саволга тутдим:
— Бобо, дарбишона нима учун дарё бўйида пиширилади? Ҳамма ўзининг уйида пиширса бўлмайдими? Нимага фалончи бованинг уйига дарбишона бериб кетишди? У касал ётибди, овқат еёлмайди-ку?!.
— Э, болам, ҳозир тўқчилик замони, — деб жавоб бергандилар ўшанда бобом, — Бизнинг ёшлигимизда қорнимиз тўйган кун мана шу дарвеш оши пишириладиган кун бўларди. Қиш бўйи асраб-авайлаб еб чиққан буғдойидан орттириб ҳамма ўз имкони даражасида олиб чиқарди. Йиғилган буғдой бир жойга тўпланиб, намланиб, келида туйиб, буғдойнинг устки қисмидаги қипиқлардан тозалангач, Қашқадарё дарёсининг бўйига олиб чиқилар эди. Шу ерда пишириб тарқатиларди. Кучдан қолган қари-қартангларнинг, касал ётганларнинг насибаси эса уйига жўнатиларди. Дарвешона овқати узоқ вақт (4-5 соат) қайнатиб пиширилгани учун ўйин-кулги, ҳар хил томошалар, лапар-достон айтишувлари бўларди. Биз болалар бу кунни жуда орзиқиб кутардик, бехабар қолиб кетишдан хавотирланиб, бир-биримизни “фалон куни дарвешона бўлади”, деб огоҳлантириб турардик.
Дарвешона бўладиган куни оналаримиз уйдан чиқариб берган гилам, кўрпача, идиш-товоқларни завқ-шавқ билан эшакда, баъзан эса пиёда дарё бўйига ташир эдик. Гилам, кўрпачалар худди меҳмон кутишга ҳозирлангандек тўшалар, дастурхонларга “сочала” сочиларди.
Овқат пишгач, биринчи навбатда дарвешона маросимига чиқолмаган беморлар, қарияларга сочалалар билан овқатдан насибаси бериб юбориларди. Ҳамма узун қилиб ёзилган бир дастурхон атрофига ўтиришгач, қозон бошидагилар ўтирганларга овқатни сузиб тарқатишарди.
Баъзан дарвешонамиз Қашқадарёнинг бошланиш томонидаги биздан юқори қишлоқ — манғитликлар ва дарёнинг нариги томонидаги тўқбойликлар ҳам бир кунда дарвешона қилаётган кунга тўғри келиб қоларди. Шунда эркагу аёллар қўшни қишлоқдагилар билан ҳол-аҳвол сўрашишар, биз болалар тенгқурларимиз билан танишиб, ўйнаётган ўйинларимизни янада катталаштирар эдик. Қўшни қишлоқдагилар билан “ҳамсоятовоқ” қилишарди, яъни бир-бирларига овқатларидан узатишар эди.
Овқатланиб бўлишгач, ёши катталар элнинг тинчлигини, дастурхонлар тўкинлигини, одамларда меҳр-оқибат кўтарилмаслигини сўраб дуо қилишарди.
Маросим охирида барча идишлар ёш келинлар, бўй қизлар томонидан дарёдан сув олиб ювилар, дастурхондаги майда ушоқлар, бундан ташқари, овқатдан ортиб қолгани ҳам балиқларнинг ҳақи, деб дарёга ташланарди.
Қизиғи, ҳеч ким уйига дарвешонанинг овқатидан олиб кетишни хаёлига келтирмасди. Буям бўлса, одамларнинг назари тўқ бўлгани учун бўлса керак, деб ўйлайман-да.
Дарвешона кўпинча қишнинг охири, баҳорнинг илк кунларида қишлоқларда ва шаҳар маҳаллаларида айни шу ҳудудлар аҳолисидан йиғилган пул ёки озиқ-овқат ҳисобига ўтказилар эди…
Бобомнинг ўшанда айтган гапларида жон бор. Қамаши туманида, айниқса, чекка ҳудуддаги маҳаллаларда ҳозир ҳам дарвешона деган овқат пиширилади. “Фалон қишлоқнинг дарвешонаси ширин бўлибди, қишлоқ катталиги учун икки қозон дарвешона пишириб тарқатишибди” каби ибораларга эътибор қилсак, бунда овқат номи ҳақида гап кетаётганини тушунамиз. Бундан чиқди, “дарвешона” сўзи ҳам маросим, ҳам овқат номи экан-да?
Менимча, дарвешона ҳар иккала ҳолатда ҳам авлоддан авлодга ўтиб келаётган, одамларни бир-бирига яқинлаштирадиган миллий қадриятдир. Қадриятлар эса ўтмишни бугун билан боғлайдиган, келажакка дадил қадам қўйишга ундайдиган маънавий занжир саналади. Шундай экан, оила аъзолари, яқин қариндошлар, қишлоқдошлар ўртасида инсонийлик, меҳр-оқибат кўпригига айланиб кетган дарвешона каби маросимлар миллий ўзлигимизни унутмасликда ўзига хос аҳамиятга эга.
Сабоҳат ХУДОЙҚУЛОВА