Ибрат кўзи, ақл кўзгуси

ёхуд Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” асаридан олган сабоқларим

2025 йил 10 март, душанба куни. Кўкча. Шайх Зайниддин бобо қабристони. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бундан роппа-роса ўн йил аввал шу куни вафот этган эди. Ислом оламини қайғуга қўйиб, бу фоний дунёдан боқий дунёга сафарга кетган ўша кун кўз ўнгимдан бир-бир ўтади. Ихлос сурасини ўн бир марта ўқиб, Зайниддин бобо, Алихонтўра Соғуний, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Алоуддин Мансур ва бошқа шу қабристонда абадий қўним топган марҳумлар руҳига бағишладим.

Аста юриб, Алихонтўра Соғуний сағанаси ёнидаги доимо тўшак солиб қўйиладиган ўриндиққа ўтирдим. Оппоқ қабртошдаги ҳазрат қаламига мансуб ҳикматни ўқидим. Алихонтўра Соғуний 1885 йили 21 мартда Туркистон ўлкасининг Тўқмоқ шаҳрида ўзбек оиласида туғилган эди. Отаси Шокирхонтўра эшон ҳам Нақшбандий сулукига мансуб таниқли уламо бўлган. Келгуси ҳафтада аллома туғилганига 140 йил тўлади. Анча йиллардан бери унинг “Тарихи Муҳаммадий” китобидан олган сабоқларим ҳақида ёзишни орзу қилиб юраман. Бугун шу кунга етказгани учун Яратганга беадад шукурлар қиламан.

“Тарихи Муҳаммадий” асарини ҳар гал ўқиганимда, муаллифга “ХХ асрнинг Имом Бухорийси” деб таъриф берилгани бежиз эмаслигига амин бўламан. Йирик исломий фалсафий олимларнинг якдиллик билан эътироф этишича, “Тарихи Муҳаммадий” ХХ асрдаги энг инсонпарвар ва бетакрор асарлардан биридир.

Яширмайман, илм олишга ғайратимиз жўш урган ёшлик пайтларимиз даҳрийлик мафкураси асосида қурилган совет тузумининг туб моҳиятини англаб олмаганмиз. Қулоқларимиз кар, кўзларимиз кўр, дилларимиз пардаланган ҳолда коммунистик партия ғояларини улуғлаб вояга етганмиз. Аммо мустақиллик туфайли Алихонтўра Соғуний каби ислом дини фидойилари, улуғ боболаримизнинг қолдирган бебаҳо мероси юзага чиқди. Кўзимиз очилди, онадан қайта туғилгандек бўлдик гўё.

“Тарихи Муҳаммадий” ислом дини тарихи, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаёт ва фаолиятлари, йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврида бошларидан кечирган кунлари, тўрт халифалари, саҳобаи киромлари ва бошқа мусулмонларнинг иймон ва ислом йўлида қилган хизматлари, мушрик ва куфр аҳлининг дастлаб ислом динига қаршилик ва инкорлари, сўнгра тўп-тўп бўлиб исломни қабул этганлари, ажойиб ва ғаройиб тарихий ва мўъжизавий воқеалар ўта чиройли тарзда батафсил тасвир этилган нодир асардир. Бу китобни кўп марта ўқиб чиққан бўлсам-да, сафарга чиққанимда ҳам доим ёнимда олиб юраман. Уни ҳар йили рамазонда қайта ўқишга одатланганман. Ушбу дурдона ҳар қанча таъриф ва тавсиф қилинса арзийдиган бебаҳо китоб. Қунт билан мутолаа қилиб, серқирра маълумотларидан, файзу футуҳли мазмунларидан баҳраманд бўлишнинг ўзи бахт. Асарни ўқисам, асримизнинг кўплаб уламои фозилларининг буюк устози Алихонтўра Соғуний ҳазратлари билан гўё суҳбатлашгандай бўламан. Вужудим ҳузурланиб, кўнглим ором топади. Мумдай эрийман, кўзимга тўхтовсиз ёш келаверади. Орифона бобомизнинг таъкидлашича, ҳар бир мусулмон боласи пайғамбаримиз, ислом дини, Муҳаммад алайҳиссалом, Қуръони карим тарихларини билиши, албатта, лозим. Дин қардошларимга ёдгорлик бўлсин деб ёзилган “Тарихи Муҳаммадий”дан улги олиб, Яратган роббим ва Ислом динига эътиқодим, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга муҳаббатим зиёда бўлди дея оламан. Бу мўъжизавий китобни эътиқод билан ўқиб, бандачилик гуноҳларимга тавба қилдим. Феълимдаги майда иллатлардан фориғ бўлиш қувватини ҳам шу асар ҳикматларидан олдим.

“Тарихи Муҳаммадий”ни улуғ зиёрат насиб қилгач, ўтган йили Мадинага, Маккага ҳам олиб бордим. Зиёратдош дўстларимга китобдан парчалар ўқиб бердим, уларнинг ҳам ҳайратлари ошди.

Кейинги йилларда ёзган китобларимга, очерку эсселаримга ҳидоят нури кириб бораётгани ҳам шу каби рисолаи шарифларнинг шарофатидан деб билдим.

— Буюк устозимиз Алихонтўра Соғуний илму ҳикматнинг қироат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, балоғат, мантиқ, тиб, тарих, сийрат, жуғрофия, назм ила наср ва бошқа фанлар бўйича ҳам етук мутахассис бўлган, — деб ёзган эди шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари.

Ушбу ноёб асар нашрига бош-қош бўлган, масъул муҳаррирлик қилган шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларига тасаннолар бўлсин!

Ёшлигидан Арабистонда таълим олган Алихонтўра Соғунийнинг шиори “Ёшликда эгалланган билим — тошга ўйилган нақш” эди. Азал-азалдан балою офат, ғурбат ва мусибатларнинг энг қаттиғи солиҳ кишилар бошига келган. У ҳам тақдири азалнинг зулму ситамларига дучор бўлди. Миллат, ислом йўлида озору кулфатларга бардош берди, сабр либосини ечмади. Динни инсон вужудига қўйилган омонат бир гавҳар деб билди, омонатга хиёнат қилмади.

1967 йили “Темур тузуклари”ни эски форсийдан таржима қилиб, “Гулистон” журналида нашр эттирганлиги ҳам чинакам жасорат бўлган эди. Ғайриинсоний, ғайриисломий совет тузуми даврида соҳиби Турон бобомиз Амир Темур тузукларини халқимизга тақдим этишга жазм этмак ҳар кимнинг журъати етадиган иш эмасди.

У ислом табобатини ўргатиб кетган кучли табиб ҳам эди. Жумладан, “Шифо-ул илал”, яъни “Иллатлар шифоси” асарида икки юзга яқин касалликлар баёни, ташхиси ва даволаш усулларини берган.

Етук сиёсий арбоб Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асарида халқимиз қандай қилиб босқинчиларга қул бўлиб қолгани ва қандай қилиб ватанни, миллатни асраш кераклиги чуқур сиёсий-ижтимоий мантиқ асосида мукаммал баён этилган.

“Туркистон қайғуси”нинг тўлиқ нашри буюк мутафаккир Алихонтўра Соғунийнинг кенжа ўғли Қутлуғхонтўра (Эдиқут) Шокиров томонидан тайёрланиб, 2020 йили Тошкентда “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида босмадан чиққан. Муаллиф қайғу билан: “Ҳар бир миллатнинг ҳақиқий онаси — у миллатнинг туғилиб ўсган, ота-бобосидан мерос қолган Ватанидир. Она Ватанни бошқалар тасарруфига қолдирмоқ — ватан авлодларининг кечирилмас оғир жиноятларидир, балки бу инсон ҳуқуқларига хиёнатидир”, деб ёзади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, раҳматли Эркин Воҳидов шундай деган эди: “Дунёда улуғ инсонлар пайдо бўлса, бу ўша замоннинг эҳтиёжи туфайли пайдо бўлар экан. Ҳазрати Навоий ­дунё­­га келганларида, ижод қаламини қўлларига олганларида туркий тил ниҳоятда забун тилга айланган эди. Бу тилни шеърият юксаклигига кўтариш керак эди. Унинг қадр-қимматини кўтариш керак эди. Шундоқ бир тарихий бурч, шундоқ вазифа ҳазрат Навоийнинг зиммасига тушди. Ва Аллоҳ бизга шундоқ буюк инсонни берди. Мен ҳазрат Алихонтўра Соғунийни кўришга, озгина суҳбатларини олишга муяссар бўлганман. Ўйласам, у кишининг ­дунёга келишлариям Аллоҳнинг бизларга берган неъмати бўлган. Мусулмон халқини, туркий мусулмон халқларининг миллий озодлик ҳаракатини бошлаб бериш кимнингдир зиммасида бўлиши керак экан. Ана шу бурч Алихонтўра Соғуний зиммаларига тушган. Уйғуристонда бошланган ҳаракат Ўзбекистонда бизнинг ҳам кўзимизни очди. Ҳақиқатни айтиб, бир қанча бизга ўхшаган кишиларнинг ҳам кўзини очган”.

“Агар иккита чопоним бўлса, унинг янгисини бировга бергим келаверади”. Алихонтўра Соғунийнинг бу сўзларидан аёнки, у инфоқ-эҳсони кучли зот бўлган.

Инсоф аҳллари бир кун туз ичган жойига қирқ кун салом берса, Алихонтўра Соғуний минг кун таъзим қиладиган солиҳ инсон эканлигини ушбу изҳоридан ҳам англашимиз аён: “Ўзбек эли, айниқса, Тошкент аҳли қут-баракот киндигида яшайди, бу ерларга азиз-авлиёларнинг дуоси кетган, бунда ҳеч қачон очарчилик, қаҳатчилик бўлган эмас, бўлмайди ҳам, иншооллоҳ”.

Сизни мутафаккир бобо дейинми, азиз авлиё дейинми, орифи комил дейинми ва яна ким дейин, барчасига лойиқсиз!, – деган оташли каломлар дилимдан отилиб чиқаверади.

Ҳозир ҳам “Тарихи Муҳаммадий”га ихлос билан термилиб ўтирибман. Кенжабой отам раҳматли Алишер Навоийни илоҳий устозим деб билардилар. Навоийни ўқисам, отамни кўргандай бўламан. Соғунийни ўқисам эса Навоийни кўргандек бўламан. Ибрат кўзим очилгандай, ақл кўзгусига қарагандай бўламан. Ўзингиз китобингизда қайта-қайта ёдимизга солгансиз: “Буни ўқувчилар фақирни дуоларида ёд қилиб қўйишларини умид қилурман”. Дуодамиз, доимо дуо қилиб юражакмиз, эй пири комил бобомиз!

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

публицист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + 14 =