Самимият ифори

таниқли шоир Одил Ҳотамни

Назар Шукурни бир марта кўрганман. Иккимиз бақамти атиги бир неча дақиқа суҳбат қурганмиз. Ана шу бир неча дақиқа менда ўчмас таассурот қолдирган. Пойтахтдан келиб, Одил Ҳотам билан учрашганимда, айтиб берган биринчи таассуротим Назар Шукурни ўзимча кашф этганим бўлди. У шундай содда, беғубор, самимий эдики, тўғриси, шу пайтгача шундай очиқкўнгил одамни учратмагандим.

“Кўкдаги умр” китобидаги шеърларини ўқиб чиқдим. Жисму жонидаги соддалик, самимият шеърларидаги теран фалсафийлик билан янада тўлишиб, шоир сиймосини кўз олдимда улуғвор қилиб гавдалантирди.

Аммо кўп ўтмай, мудҳиш фожиа юз берди. Ўша кунлари Одил акага далда берувчи бирор сўз айтолмадим. Айрилиқ изтиробини жуда оғир кечирди. Назар Шукур ҳақида гап кетганида кўп бора кўзига ёш олганини, айтмоқчи бўлган гаплари бўғзига тиқилганлигини кўрганман. Пойтахтда ўқиб юрган кезлари иккаласи ўртасида чинакам жигаргўшалардек ака-укалик муносабати қарор топганлигига амин бўлдим.

Орадан йиллар ўтди. Вақт — малҳам. Ғам-ғусса, мусибатлар ҳам унутилади. Аммо Назар Шукур ҳақидаги хотиралар Одил акани ҳеч қачон тарк этмади. Ҳар гал у ҳақда гап очилса, маъюс тортиб қолар, изтироб ва алам билан шоирни хотирлар, унинг пок руҳини эъзозлаш мақсадида қилинган ҳар бир хайрли ишни қувонч билан кутиб оларди. Ўзи ўқиган мактабга шоир номи берилгани ҳақида хабар эшитганда, терисига сиғмай, суюнган эди.

Шоир туғилиб-ўсган Чироқчига кўп карра бориб келди. Шоирнинг укаси Ўроз Ҳайдар билан доимий алоқада бўлиб турди. Иккаласи бир-бирига хат ёзиб туришни канда қилишмасди. Одил ака ўзи ҳам яхшигина шоир, адиб бўлиб шаклланган Ўрозга шоир акасидан бевақт ажралиб қолганидан сўнг кўнгли ўксимаслиги учун бутун вужуди билан акалик меҳрини бахш этарди.

“Юксакдаги дарахт” хотира-эссесини ўқияпман-у ўша олис йиллар кўз ўнгимда қайта жонланди. Унда ҳар бир сатр самимият билан ёзилган. У шунчаки қоғоз қоралаш учун ёзилмаган. Сатрлар қаърида юксак тоғлар залвори каби соғинч, энг яқин дўст ҳижронидан чексиз алам, дард тўлқини сузади, йиллар синовида тобланган садоқат туйғусидан туғилган шукроналик, некбинликка қорилган сабр-қаноат, умид ва ишонч ёлқинлари кўнгилни ғоят равшан қилади. Йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида Одил аканинг ҳар бир шеъри туғилишига гувоҳ бўлганман. Китобни ўқиш жараёнида мен вақтида илғамаган, англамаган, моҳиятига тўла етмаган ҳолатларни ҳам кўрдим ва бу Назар Шукурнинг шахсияти, ижодкор сифатидаги сиймоси, шеърларининг бугунги кун учун ҳам дахлдорлигини қайта кашф этишимга ёрдам берди. Эсимда, газетамизда (ўша пайтда “Коммунизм учун”, ҳозирги “Кармана овози” газетасида хизмат қилардим. Д.М.) унинг “Нишон аканинг этиги” деган шеърини эълон қилгандик. Газетадан бир нусха шоирга юборилди. Кўп ўтмай, ундан Одил аканинг номига миннатдорлик хати келди. Унда: “Ҳеч ерда босилмаган, босишни хоҳлашмаган шеъримни чиқарибсизлар, раҳмат”, дейилганди.

Китобни варақлайман. Сатрлар орасидан Назар Шукур кулиб қараб тургандек бўлади. Табиатан у шундай эди. Умрида кўрмаган одами бўлса ҳам, кўп йиллик қадрдонлардай муносабатда бўлар, унинг учун бировларнинг кўнглини олиш, кўнглини кўтариш, кўнгилларга яқин бўлиш фазилати мужассам эди. Бу ҳол шеърларида ҳам ўз ифодасини топган. Хотира-эсседа келтирилган шеърларни ўқиб, бунга амин бўлишингиз мумкин. Унинг шеърларида самимият уфуриб туради. Зўрма-зўракилик, сохталик, ҳавойилик йўқ. Самимий инсонлар бу фоний дунёдан ўтиб кетгандан сўнг ҳам самимийлик билан хотирланади. “Юксакдаги дарахт” ана шундай самимият билан йўғрилган, Назар Шукур шахси, ижодий йўли ҳақида билдирилган фикрларнинг барчаси самимийлик билан айтилган. Менимча, китобнинг қиммати ҳам мана шунда.

* * *

Вақт — югурик. Кечагина бир-биримизни кўрсак¸ бир зумда дунёнинг у бошидан кириб, бу бошидан чиқардик. Суҳбатимиз ижод ҳақида, илҳом шавқи-ю қийноқлари ҳақида бўларди. Китоби чиққан бўлса, албатта, дастхат ёзиб, бир нусхани менга берарди. “Қуёш сиёҳдони” тўплами нашр қилинган йили учрашиб қолганимизда, китоб тарқалиб кетиб, ҳатто ўзида ҳам қолмаганлигини хижолатомуз айтди, қайта-қайта узр сўради, имкони топилиб қолса, албатта, бир нусха келтириб беришини ваъда қилди. Орадан кўп ўтмай, “Хирмон” чоп этилди. Одил ака қўлтиғида ёстиқдай китоб билан уйимга кириб келди. Шу ерда ўтириб, дастхат ёзди. Титроқ қўллари билан анча қийналиб ёзди. “Узр, анча вақтингизни оламан, ёзишга қийналадиган бўлиб қолганман”, деди. Устоз менга тақдим этадиган китобга шундай дастхат ёзиб берди: “Кўп йиллик қадрдон ҳамкасбим, ажойиб ижодкор, қўшним Достон Мавлоновга эзгу тилаклар билан тақдим этаман. Ижодингизга барака, соғ бўлинг! Эҳтиром билан Одил Ҳотамов. 06.09.2022. Кармана”.

Одил аканинг дастхатини ҳар қандай ҳолатда мен ўқий оламан. Ахир йигирма йил бир жойда елкама-елка, ёнма-ён туриб ишладик. Менинг газетага ишга келишимга ҳам айнан Одил ака сабабчи бўлганди. Ишга келдим. Одил ака бўлим мудири, мен оддий мухбирман. Одил ака топшириқ беради, мен бажараман. Газетанинг қандай машаққатлар билан яралишини шунда билдим. То газетхон қўлига етиб боргунча газета ўн марталаб ўқилиши, юз марталаб хато-камчиликлари тузатилиши хаёлимга келмаганди. Шунда ҳам баъзан хато ўтиб кетар, эртаси куни кимни айблашни билмай жиғибийрон бўлиб ўтирардик. Ўша пайтда кўкда учиб юрардим. Газетани чинакам ижод майдони билиб, шеър, ҳикоя, бадиий лавҳа, қатралар, этюдларга ҳамма ерни тўлдириб ташлардим. Репортаж, фельетон каби газетанинг фаол жанрларини шу ерда ўргандим. Одил ака менга ижодий туртки берар, ёзганларимни мунтазам ўқиб борар, маслаҳатлар берарди. Ўзи ҳам тинмай ижод қиларди. Ўша пайтларда Москвада чоп этиладиган газета-журналлардан кўплаб таржималар қилди. Улардан газетамизга мос келадиганлари эълон қилинарди. “Литературная газета”, “Книжное обозрение”, “Новый мир”, “Роман газета” каби газета-журналларга мунтазам обуна бўларди. М.Зошченко, Б.Пастернак, М.Булгаков, М.Шагинян сингари рус ёзувчилари ҳақида дастлабки маълумотларни Одил ака айтиб берган. Л.Толстой, Ф.Достоевский, И.Бунин, А.Куприн, А.Солженицин сингари ижодкорларнинг фожиавий тақдирлари ҳақида сир тутиб келинган маълумотларни ҳам Одил акадан эшитганман. Кейин бу ёзувчилар яратган асарларни гоҳ аслиятда, гоҳ таржимада ўқиб чиқдим. Йигирма йил давомида бир жойда бирга ишлаб, Одил акадан олган сабоқлар учун миннатдорман ва руҳлари олдида ҳамиша бош эгаман.

Одил ака феномен шахс эди. Бундай одамлар ҳаётда жуда камдан-кам учрайди. Унинг характерига хос хусусиятлар: ниҳоятда хокисор, сокин, вазмин, осойишта одам эди. Паст овозда сўзларди, ниҳоятда эҳтиёткор, ҳушёр кўринарди. Камтарлиги, камсуқумлиги тилларда достон бўлганди. Ҳақоратли сўзларни оғзига олмасди, сўкинмасди, кимдандир қаттиқ ранжиса, “Астағфируллоҳ! Астағфируллоҳ!” дерди. Такаллуф, мулозамат, ҳурмат-эҳтиром каби одоб меъёрларини керагидан ҳам ошириб юборарди. Шу қадар эҳтиёткор эдики, бу одатини илк бор кўрган одам ё ҳайратга тушарди, ё дод деб юборарди. Хотирада сақланиши лозим бўлган ҳар қандай сўз, фикр, гап бўлсин, ён дафтарчасига қайд этиб қўярди. Бировга етказиши зарур бўлган топшириқми, илтимосми, албатта, дафтарчада қайд қилинар ва айтилган муддатда шу иш бажо этиларди. Уйининг ё ишхонанинг калити бўладими, албатта, бир парча қоғоз топиб, ҳафсала билан ўрайди-да, чўнтагига эҳтиётлаб солиб қўяди. Одил аканинг бу қадар ҳар бир ишга эринмай вақт ажратиши, биз аҳамиятсиз деб билган майда-чуйда эҳтиёт чораларини ҳеч қачон назардан қочирмаслиги ҳайратланарли эди. Рости, баъзан мен бетоқатланиб, тегажоғлик қилардим. “Авайлаган кўзга чўп тушади, дейишади, бунчалик ҳам эҳтиёткорлик нега керак?” десам, Одил ака оҳиста мийиғида кулиб қўяр ва ҳар доимгидек эҳтиёткорлик чораларини кўришда давом этарди. Одил акадаги эҳтиёткорлик менда бўлмагани сабабли қанча-қанча калит йўқотдим, кимлардир ноёб китобларимни ўқийман деб олиб, бермай кетди, неча бир топшириқни унутиб юбориб, панд едим. Одил ака мунтазам кундалик юритарди, шогирдларига ҳам кундалик юритишни одат қилиш ҳақида ўгит берарди.

Одил ака ҳақида ўйлаганимда, ҳар гал шундай истеъдодли шоирнинг умри туман газетасида ўтиб кетганига афсусланаман. Чунки туман газетаси ҳар қандай истеъдодни ўзининг тор қобиғидан чиқариб юбормайди. Газета ижодкорни қайрайди, дейишади, аммо ёзувчи ёки шоирни эмас, журналистни, газетачини чархлайди. Бадиий ижодда истеъдоди намоён бўлса, унинг катта адабий давралар, қайноқ ижодий муҳит ҳукмрон бўлган пойтахтда камол топиши ҳақида қайғуриш лозим. Одил ака республика радиосида ишлади, “Гулистон” журналида шеърлари эълон қилиниб, ўз даврининг етук шоирлари, адабиётшунос олимлар эътирофига сазовор бўлди. Аммо она қишлоғига бўлган муҳаббат, узоқ йиллар ундан олисда юрганлигининг соғинчи тақдирини туман газетаси билан боғлади. Уйланиб, бола-чақали бўлгач, Муқимийдек Карманани ташлаб кетолмади. Табиийки, унинг бағри ўша пайтда ижод шавқи билан тўлиб-тошган қалбига торлик қилди. Катта истеъдод эгасининг умри туман газетасининг биқиқ муҳитида сокин, осойишта, муаммоларга тўла кечди. Ижодидаги айрим чекланишлар, камчиликлар, чекинишлар сабабини ана шу ҳол билан изоҳлаш мумкин. Шоир бахтиёрлигининг бир сабаби шу эдики, у бор билими, тажрибаси, бадиий ижоддаги маҳорат сирларини шогирдларига сингдиришга ҳаракат қилди. Шунинг учун ундан бир оғиз маслаҳат олган, ўгитига қулоқ тутган ижодкорлар бугун миннатдордир. Ундаги шогирдпарварлик фазилати чиндан ҳавас қилса арзийдиган бир мактабдир.

Кўп умри газета муаммоларини ҳал этиш, газета атрофида бўладиган асаббузарликларга чидаш, газетага ҳукмини ўтказишга ўрганган амалдорларнинг буйруқларини бажариш, маза-матрасиз йиғилишлар, узундан-узоқ мажлисларда тоқат қилиб ўтириш, на ўзига, на ўзгага фойдаси тегмайдиган жамоат ишларини бажариш билан ўтди. Бир куни хуноб бўлиб ўтирганини кўрдим. Камдан-кам ҳолларда шундай бўларди. Қандайдир бир жамият тузилибди, унга Одил акани масъул котиб этиб сайлашибди. Энди унинг Низомини, режасини ишлаб чиқиш лозим экан. Руҳан толиққан Одил ака сокингина: “Энди фақат каламуш тутарлар жамиятига аъзо бўлишим қолди-да”, деди. “Балки шу ташвишлар бўлмаганида, Шоир бўлармидим анча улуғвор”, деб ёзганида Абдулла Орипов Одил ака сингари ижодий истеъдоди майда ташвишлар гирдобида кўмилиб қолганлар ҳақида ачиниб айтгандир. Одил ака пойтахтда яшаганида ва ижод қилганида бугунги кунда адабиётимизнинг забардаст вакили бўлиб таниларди. Ҳолбуки, қанча-қанча истеъдоди ҳаминқадарлар адабиётга заррача фойдаси тегмаган бўлса ҳам кўкрагига уриб юрибди. Ҳатто бундайлар Одил аканинг тушига ҳам кирмаган, орзу ҳам қилмаган мукофотлар, унвонларга эришганлар. Одил ака шогирдларига: “Мукофот учун ёзманг, мукофот ортидан қувманг, аксинча, мукофот сизнинг ортингиздан қувсин”, деб ўгит берарди. Одил акага берилган “Меҳнат шуҳрати” ордени ва “Шуҳрат” медали унинг ортидан қувиб, умр бўйи ҳалол яшагани, меҳнат қилгани, халқимиз маънавий оламини бойитишга қўшган ҳиссаси учун кўксидан жой олган мукофотлардир.

Икки аср оралиғида Навоий вилоятидан етишиб чиққан энг истеъдодли шоир Одил Ҳотам ҳаёт бўлганида шу кунларда 75 ёшни қаршилар эди. Афсуски, бу кунлар устозга насиб этмади. Бир юпанч шуки, Одил ака адабиёт муҳиблари, ижодкорлар, зиёлилар қалбидан чуқур жой олди, ҳаётлигида ёзган шеърлари билан ҳамиша халқимизга камарбаста бўлиб қолади. Бу самимий инсон қаламидан тўкилган назмий туйғулар халқимизнинг маънавий ҳаётида яшаб, шоир абадийлигини таъминлашига ишонаман. Зеро, устоз шеърларида самимият ифор таратиб туради.

Достон МАВЛОНОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + 7 =