“Ҳар бир шеърим — кимларгадир хат”

2022 йилнинг 21 июнь куни садоқатли дўстимиз, дилбар шоир, забардаст журналист Аҳмаджон Тошхўжаевни сўнгги йўлга кузатдик. Шоирнинг Тошкент шаҳар Дархон маҳалласидаги уйида бўлиб ўтган таъзия маросимида у билан боғлиқ воқеаларни, ёзган шеърларини, энг яхши фазилатларини ёдга олдик.

Маъракани якунлаб, хайрлашаётганимизда ўғли Зоҳир: “Отамнинг “Барак” деган шеъри бор экан”, деб айтиб қолди. Тушундимки, бу шеър хеч қаерда чоп этилмаган бўлса керак. Ана шу фикр қўлимга қалам олишга ундади.

Аввалдан айтиб қўя қолай. Аҳмаджон Тошхўжаевнинг ҳар бир шеъри чиндан ҳам кимларгадир ёзилган хат каби эди. Бу ҳақда ўзи шундай ёзган эди:

 

Менинг шеърим — кимларгадир хат,

Ўқиганда бўлмангиз ҳайрон.

 

“Барак” деб номланган ярим ҳазил, ярим чин сатирик шеъри ҳам Аҳмаджон Тошхўжаевнинг ўтган аср талабалари номидан бугунги кун ёшларига ёзилган хат, десак, янглишмаган бўламиз.

Аҳмаджон Тошхўжаев билан курсдош эдик. 1969 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига ўқишга кирдик. Ўшанда бир ўринга 8 даъвогар бўлган. Наманганнинг Шаҳанд қишлоғидан келган Аҳмаджон Тошхўжаев кириш имтиҳонларида энг юқори кўрсаткичга эришиб, мандат комиссияси томонидан муносиб эътироф этилган эди.

Кейинчалик суҳбатларимиздан аён бўлдики, Аҳмаджон Тошхўжаев мактабда ўқувчилик пайтидаёқ анча машҳур бўлган экан. Унинг шеърлари республика матбуотида эълон қилинган, ҳатто “Гулхан” журналида чоп этилган “Мактаб боғи” номли шеъри республика миқёсидаги танловларнинг бирида жуда юқори баҳоланиб, унга дам олиш учун “Артек”ка йўлланма ҳам берилган экан.

Маълумот учун: “Артек” Қримнинг жанубий соҳилларида жойлашган бўлиб, собиқ Иттифоқдаги энг нуфузли халқаро болалар оромгоҳи ҳисобланган. У ерда дам олиш ўша давр болалари учун энг катта рағбат эди. “Артекка йўлланма” бўлажак шоирнинг катта ютуғи бўлса-да, у бу ҳақда мақтанишни ўзига эп билмасди. Чунки курсдошлар орасида ўта камтари ва камгапи эди. Журналист деган касб эгасининг бир оз бўрттириброқ гапириши назарда тутилса, унинг бу фазилатлари ғайритабиийдек кўринарди.

Биринчи курсда ҳали бир ой ўқиб ўқимай, Мирзачўлга пахта ҳашарига отландик. Борса келмас, деганлари ўша манзиллар бўлса керак. Чор-атроф пахтазор. Аҳоли пунктлари кўринмайди. Улар жуда олисда. Дала ўртасида ёрдамчилар учун махсус барак қурилган.

Барак деганлари отхонадек гап. Эшиги бор, деразаси йўқ. Биринчи ва иккинчи курс талабалари рус гуруҳлари ҳамда ўқитувчилар билан ҳисоблаганда, тахминан юздан ортиқ талаба бир том остига жойлашганмиз. Узун бинога жами тўрт қатор икки қаватли тахтадан ётоқ ясалган. Ана шу махсус ўриндиқда яшаганмиз. Икки қаторига ўғил болалар, қолганига қизлар жойлашган. Оралиқ қанор матоси билан тўсилган. Қанор дегани қоп тикиш учун мўлжалланган дағал мато. Ўша парда қиз ва ўғил болалар ётоғини ажратиб туради.

Баъзи-баъзида ана шу парда чоклари сўкилиб қолади. Бу атайлаб қилинадими ёки табиий ҳолмиди, ақлимиз етмасди. Ҳар ҳолда, қизлар игна ип билан яна тикиб-чатиб қўйишарди. Хафагарчилик бўлмасди. Аҳил-иноқ яшаганмиз.

Кун бўйи пахта терамиз. Белгиланган режани бажара олмаганларни кечқурун “штаб”га чақиришади. “Штаб” деганимиз – дашном берадиган, “ўқишдан ҳайдайман”, дея қўрқитиладиган ўқитувчилар хонаси. Бу ердаги дағдаға ва дашномлар кун бўйи қилган меҳнатингдан ҳам оғирроқ бўларди. Ҳолатга сиёсий тус бериларди. Хуллас, ўзингни ўлдир, планни тўлдир, деганларидек.

Лекин ўша бефайз, бетартиб масканнинг мақтовга лойиқ, файзли жиҳатлари ҳам бўларди. Биз эъзозлайдиган “шоиртепа” деб номлаганимиз шулар жумласидандир. Ана шу рамзий минбарда, яъни “шоиртепа”да кунда шеърхонлик ёки бошқа маданий-маънавий тадбирлар ташкил қилардик. Қорақалпоқ қизлари Гулчеҳра Раҳимова, Зубайда Ишманова, паркентлик Шарифа Салимова, касбилик Икром Отамуродов, пайариқлик Сайёра Жумақулова, бухоролик Шодмон Нурматов ва бошқалар бир-бирлари билан навбат талашиб, шеър ўқишар эдилар. Уларнинг ҳар бирларининг ўз услуби, айтар сўзлари бор эди, албатта. Ўша давраларда энг кўп олқиш олган Аҳмаджон Тошхўжаев бўлган десам, ишонаверинг.

Фақат талабалар эмас, устозлар ҳам шу минбарга кўтарилиб турардилар. Биз биринчи марта жадид адабиёти вакиллари ҳақида, хусусан, Чўлпон ҳақида ана шу тепада эшитганмиз. Унинг шеърларидан завқланардик. Ўқитувчимиз Бойбўта Дўстқораев (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) майин, ярим синиқ овозда кунора Чўлпондан шеър ўқирди:

 

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,

Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.

Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,

Айтадир: мен уни тушда кўрамен.

Тушимда кўрамен — шунчалар гўзал,

Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!

 

Ўша вақтларда “Топқирлар ва зукколар клуби”, яъни “КВН” деган баҳслашув роса оммалашган эди. Иккинчи курс талабалари билан ана шу мусобақани ташкиллаштирдик. Мусобақа шартлари орасида пахтадаги ҳолатимизни акс эттирувчи ҳажвий шеър ёзиш уйга вазифа сифатида белгиланганди. Курсбошимиз, яъни оқсоқолимиз Аҳмаджон Мелибоев бошчилигида ана шу тадбирга ярим тунгача шам ёқиб тайёрланганмиз.

Шам, ярим тун каби иборалар яна бир воқеани эсга солди. Ўша йили ёзувчи Ўлмас Умарбековнинг “Одам бўлиш қийин” номли асари китоб шаклида чоп этилганди. Кимдир Тошкентдан ана шу китобдан бир дона олиб келди. Навбат билан ўқиганмиз. Бир кунда тўрт талаба ўқиши керак. Суткани 6 соатдан бўлиб олганмиз. Менга кечаси соат 12 дан эрталабки 6 гача муддат теккан. Мендан кейин эса Аҳмаджон ўқиши лозим эди. Ёстиғимнинг тепасида соат бешдан туриб олиб, “бўл-бўл” қилгани ҳали-ҳануз ёдимда. Мана буни китобга муҳаббат деса бўлади.

Энди тадбирга қайтамиз. Рақиб жамоа вакиллари орасида иқтидорлилари анчагина эди. Ҳозирда номлари маълум ва машҳур Хуршид Дўстмуҳаммад, Намоз Саъдуллаев, Ўрол Ўтаев, Муҳаммаджон Обидов, Раъно Зарипова кабилар биздан бир курс юқори ўқишган. Улар Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмассан” шеърига тақлид қилиб, бизларнинг устимиздан кулишгандай бўлишди, айни вақтда насиҳат ҳам қилишган:

 

Бел оғриқ нимадир, бизлардан сўра,

Ялангбош, қаламқош қизлардан сўра.

 

Каттамиз Аҳмаджон ака Мелибоев бу шартни бажаришни Аҳмаджон Тошхўжаевга топширганди. Аҳмаджон одоб-ахлоқи, билимга чанқоқлиги, масъулиятни чуқур ҳис этиши, тафаккур тарзи ва энг муҳими, қаламининг чархланганлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. У ҳеч кимни ёрдамга чақирмади, бировдан маслаҳат сўрамади. Мусобақа шартининг бажарилишини сир тутди.

У Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” шеърига ўхшатма тайёрлаганди. “Барагим” деб номланган битикни муаллифнинг ўзи ўқиди. Унинг шеърларида ҳам, шеър ўқиш услубида ҳам ўзига хослик бўларди. Шеърларидаги қофияларга, алоҳида ялт этган фикрларига нафақат овоз билан, айни вақтда гавдасининг, қўлларининг ҳаракатлари билан урғу берарди. Унинг ўнг қўли елкаси билан шеър қофиясига мос равишда олди-орқага бориб келаверарди. Бу ҳолат унга жуда ярашарди. Буни муаллиф ўз ашъорининг ич-ичига кириб кетишидан далолат, деб изоҳлар эдик.

Шеър шундай бошланар эди:

 

Барак, сенга шеър битдим бу кун,

Қиёсингни топмадим асло.

Атрофингда кезаркан қуюн,

Харобликда экансан танҳо.

 

Шоир рақибларимиз сингари ақл ўргатмади, ҳаётимизни бор бутунлигича кўрсатиб беришга интилди ва бунга эришди.

Ана шу тарзда кундалик ҳаётимизнинг баёни бошланади. Рус гуруҳида ўқийдиган, ёши бизларга нисбатан каттароқ Колбин деган бешафқат талаба бригадирлик қиларди. Унинг қулоқни қоматга келтирадиган миршаб ҳуштагидан ҳар тонг асабийлашиб уйғонардик:

 

Мен Колбиннинг ҳуштаги билан

Уйқусираб ўрнимдан турдим,

Ботинкамни тополмадим ман,

Бошгинамни тахтага урдим.

Бошимдаги ғуррагим маним,

О, бешафқат Барагим маним!

Шоир пахтадаги ҳаёт тарзимизни ана шу зайлда давом эттираверади. Куйган овқат тановул қилганлиги ҳам, онасига ёзган хатларига жавоб олмаётгани ҳам, кунора кечки штабда изза бўлаётгани ҳам сатира остига олинади. Лекин ҳар бир ёмонликнинг яхши томони ҳам бўлади. Барагимиз ҳам бундан мустасно эмасди:

 

…Унда яшар мен севган дилдор.

Келар қизлар томон қарагим маним,

Кўзимга зиё бер, Барагим маним!

 

Ҳар бир олтиликдан кейин ҳайқириқ, олқишлар янграб турарди. Шу куни ғолибликни қўлга киритишимизда мазкур шеърнинг ўрни катта бўлди. Бу Аҳмаджон Тошхўжаевга катта ҳурмат, эътибор олиб келди ва мазкур эътироф умрининг охиригача уни тарк этмади.

Ўша йили пахтада 100 кундан ошиқ бўлганмиз. Декабрнинг 27-санасида пахтазордан қайтганмиз. Совуқ, қор. Далада пахта қолмаган. Исиниш учун далада гулхан ёқамиз десак, қуруқ ғўзапоя топилмайди. Норозилик кайфиятини изҳор қилишга чўчиганмиз. Ахир пахта иқтисодгина эмас, сиёсат ҳам эди. Ана шундай қийинчиликда “пахта сиёсати учун” далада совуқ қотиб яшаганмиз. Чунки бизнинг ёшимиздагилар мактабнинг бошланғич синфиданоқ ўқимай пахта терган.

Буларнинг барчаси бугунги авлодга чўпчакдек туюлса керак. Яратганга шукурлар бўлсинки, бугунги талаба пахта нима эканлигини деярли билмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимиз пахта қарамлигидан халос бўлди. Пахтачилик кластер ва фермерларнинг иши эканлигига бугун ҳамма тушуниб етди. Бунинг учун Юртбошимизга миннатдорлик изҳор қилиб, шукроналик туйғулари билан яшамоғимиз лозим.

Дарҳақиқат, Аҳмад Хўжанинг ҳар бир шеъри кимларгадир хат. Унинг шеърларини ўқиган ҳар бир мухлис бунга қатъий ишонч ҳосил қилади. Шоирнинг турли йилларда чоп этилган “Юлдузлар сеҳри”, “Сабоқ”, “Биз икки дунёмиз”, “Садоқат чашмаси”, “Сарбон ва карвон”, “Сайланма” каби китобларида бу каби шеърлар — кимларгадир ёзилган мактубларни жуда кўплаб учратиш мумкин. Уларнинг кўпчилиги эл севиб эшитадиган мумтоз қўшиқларга айланди.

Ҳар қандай жамоага мослаша олиш, у ерда ўз сўзини айта олиш, вазиятни холис баҳолаш, адолатпарварлик, киришимлилик ва бошқа қатор ижобий фазилатлар унга бир умр ҳамроҳ бўлди. У қаерда ва қайси лавозимда ишламасин, ўзининг ибратли томонларини кўрсата билди. Шу боис эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди, ўзига ишониб топширилган вазифаларни садоқат билан бажарди. Курсдошларимиз орасида унга биринчилар қаторида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвонининг берилиши ҳам фикримизнинг далилидир.

Аҳмаджон ўз касбига нисбатан ҳамиша садоқат намуналарини кўрсатиб яшади. Ҳатто университетни тугатганидан сўнг икки йил зобит сифатида ҳарбий хизматни ўтаган йилларида ҳам, таҳририятларда меҳнат қилган кезларида ҳам, мамлакатимизнинг энг нуфузли идорасида ишлаган вақтларида ҳам, Ўзбекистон Ахборот агентлигида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган паллаларда ҳам бир зум ижоддан тўхтамади. У намунали ҳаёт ва ижод йўлини босиб ўтди.

Аҳмаджон Тошхўжаевнинг ижодини ўрганиш, таҳлил ва тадқиқ қилиш ўта долзарб мавзу. Ишонамизки, ёш тадқиқотчилар бу ишга астойдил енг шимарадилар.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган

ёшлар мураббийси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 4 =