Боқийлик саодати

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги муассислигидаги “Самарқанд” газетасида муҳаррир бўлиб ишлаётган пайтимда, 2008 йилнинг ўрталарида бир журнал бош муҳаррири таҳририятга келиб қолди. Газетада чоп қилинган ҳажвия, памфлетларимни ўқиган экан, шунга мени излаб келибди. “Сизни журналга бош муҳаррир ўринбосари қилиб оламан, юринг Тошкентга”, деди. Мен ҳам гапига лаққа ишониб, ишдан бўшадим. Икки ой ишлагач, тўсатдан, ҳе йўқ, бе йўқ, бош муҳаррир кабинетига чақириб: “Ака, ишдан бўшанг, йўқ десангиз, қисқартиришга ташлаб, бўшаттирвораман”, деб қолди. Нимага бундай қилди, суриштириб ўтирмадим. 2 ой муҳлат сўрадим, кейин ариза ёзиб ишдан бўшадим.

Ўғлим хорижда ишлаб келиб, енгил машина олиб берганди. Шу билан бир муддат киракашлик қилдим. Бир куни мижозни “Матбуот уйи” ёнидаги “Пойтахт савдо”га олиб боришга тўғри келиб қолди. Аниқ эсимда, 2014 йилнинг 19 декабрь куни эди. Мижозни машинадан туширгач, Сафар Остонов билан бир саломлашиб кетиш учун “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятига кирдим. Ҳар қалай, бегона эмас, мени илиқ қарши олди Сафар ака.

— Қаерларда, нима қилиб юрибсан? — деб сўради.

— Бир  журналда нашр учун масъул эдим, ҳозир киракашлик қилаяпман, — деб очиғини айтиб қўя қолдим.

— Бундай юрма, кўрганлар нима дейди? Таҳририят иқтисодиёт бўлими мудирлиги ўрни бўш, шунга нима дейсан?

— Йўқ, бу бўлимни тортолмайман…

— Бўлмаса, маънавият-маърифат бўлими мудирлигига ўтасан, аризангни ёз!

Валлоҳу аълам, шундай қилиб, кўчадан “Матбуот уйи”га кирган киракаш у ердан “Ўзбекистон овози” газетасининг бўлим мудири бўлиб чиқди. Кадрлар бўлими мудири Дилдора Имомова бир соат ичида барча ҳужжатларни тайёрлади, Сафар ака аризага имзо қўйди.

Бир ҳафта-ўн кун бўйним ишга ёр бермай юрди. Бунинг устига, осмондан тушгандай, туппаталосдан ишга қабул қилинган камина билан таҳририят ходимлари жуда эҳтиёт бўлиб гаплашади. Бунинг сабабини кейинчалик билдим. Бўлимда ишлайдиган Абдусалим Маҳмудов “Сафар ака акангизми?” деб сўраганида, “ҳа” деб қўя қолгандим. Бу гапга ҳамма чиппа-чин ишонибди. Уч ойларча вақт ўтиб, “сирим” фош бўлди.

Бир куни хонамизга бир йигит келди. Саломлашиб, биз билан кўришди. Мен ҳам саломлашиб, ишимни қилавердим. Бир пайт қарасам, Абдусалим оғзини очганча менга ҳайратомуз тикилиб турибди. “Нима гап?” деб сўрадим.

— Жиян билан ҳам шундай кўришадими?

— Қанақа жиян?

Ўша пайтда бу саволим билан қовун тушириб қўйган эканман.

— Ахир бу Сафар аканинг ўғли Санжар-ку, танимаяпсизми?

— Э, танимай қолибман, кел, бошқатдан кўришайлик, — деб қучоқлашиб кўришдим. Лекин сир фош бўлган эди.

* * *

Сафар ака ҳаммабоп одам эди. Ўзидан каттами-кичикми, ҳамма билан бирдек тил топишиб кетаверарди. Бирорта одам иши тушиб келса, ҳамма ишини ташлаб, унинг муаммосини ҳал қилишга киришиб кетарди. Ёш боладек ҳамманинг гапига ишонаверарди. Агар биров алдаганини билиб қолса, ўша одам билан муомала қилишни йиғиштириб қўя қоларди. Тинимсиз ишларди, тинимсиз мутолаа қиларди. Газетанинг ҳар бир сонига битта янгилик киритмаса, кўнгли жойига тушмасди. Кабинетига бирор киши кирса, бир-икки соатсиз чиқиб кетмасди.

Бунинг устига, Сафар ака тушликка чиқмасдан, эшикни ичкаридан қулфлаб олиб, газетанинг навбатдаги сонига бериладиган мақолаларни таҳрир қиларди. Токи ҳамма материалларни кўриб чиқмагунича, кўнгли жойига тушмасди. Оқибатда “тушлик” кечга қолиб кетарди. Кеч соат 4-5 ларда ҳайдовчи жияни Ҳасан олиб келган иккита сомса билан тамадди қилиб оларди. Вақт ярим тундан ўтганида, ишни якунлаб, уйига кетарди…

Сафар ака учун байрам, шанба-якшанба деган гап йўқ эди. Ҳар ой, ҳеч бўлмаса, долзарб мавзуда икки марта бир саҳифадан мақола тайёрларди. Эсимда, Орол денгизининг суви қуриб қолган ҳудудларига шўрга чидамли бўлган саксовул навини экиш мақсадида 500 дан ортиқ энг кучли техникалар, бир неча минг киши жалб этилди. Шунда шахсан Сафар ака Қорақалпоғистонга бориб, “Мўйноқда янги тонг отмоқда” сарлавҳали бир саҳифалик мақола тайёрлади. Ёки Сардобада рўй берган офатнинг эртаси куни ўша ерга бориб, бир саҳифалик материал тайёрлаб қайтди. У тинимсиз ўз устида ишларди, изланарди, бошқалардан ҳам шуни талаб қиларди. “Шанба-якшанба кунлари уйда сасиб ётавермасдан, ишга келиб, бирорта яхшироқ мақола тайёрласаларинг бўлмайдими?” дерди доим. Ходимлар унинг гапларини жимгина тинглашарди, лекин қайси аҳмоқ дам олиш кунларини ишхонада ўтказарди?

Мен эса ана шу доимий айтилган гаплар таъсириданми, ё бошқаданми, дам олиш кунлари ҳам мақола тайёрлаш учун ишхонага борадиган бўлдим. Сафар ака кўпинча судланган, лекин суд ҳукмидан норози бўлиб, таҳририятга нажот излаб келган кишиларнинг дардини тинглаб, мақола тайёрлаш учун барча ҳужжатлари билан менга жўнатарди. Уларни ўрганиб чиқиб, таҳлилий-танқидий мақола тайёрлашнинг ўзи бўлмасди — бунинг учун камида бир ҳафта кетарди. Вақтни қизғаниб, дам олиш кунлари ҳам таҳририятга бориб, шу мақола устида ишлашга тўғри келарди. Мақолани тайёр қилиб топширгач, Сафар ака душанбагача уни таҳрирларди, сешанба куни газетада бир саҳифа бўлиб босилиб чиқарди. Ана шундай танқидий мақолалар боис, кўпчилик ноҳақ судланганларнинг иши Олий суд томонидан қайта кўриб чиқилиб, улар оқланди ёки суд қарорлари бекор қилиниб, қайта кўриб чиқишга юборилди. Шу билан бирга, чоп этилган ҳар бир мақоладан кейин менинг устимдан қилинган шикоят асосида ҳуқуқ-тартибот идорасига чақиришиб, савол-жавоб қилишарди. Мен “айб”ни Сафар акага тўнкардим, яъни: “Мақола Сафар Остоновнинг топшириғи бўйича ёзилган, эътирозлар бўлса, ўзига айтасизлар”, деб қутулардим.

Сафар аканинг гапи билан ана шундай танқидий мақолаларни жамлаб, “Олтин қалам” танловига топширдим. Таҳририятнинг суд-ҳуқуқ бўлими ходими Равшан Шодиев ҳам танловга ҳужжат топширган экан, менинг бундан хабарим бўлмаган. “Энг кучли ёзилган” мақолалари учун “Олтин қалам” мукофоти унга насиб этди. “Манга қара, танлов ғолиби бўлишингни олдинроқ айтсанг бўлмасмиди, ҳужжат ҳам топшириб ўтирмасдим”, десам, кулади.

Сафар ака ҳаммасини олдиндан билар экан, шекилли, ҳечам ажаблангани йўқ. “Кўп куйинма, бу дунё югурганники эмас, гаплашганники”, деганга ўхшаш гап қилди. Унинг бу мулоҳазалари менга сабоқ бўлди. Шу-шу бундай ўйинларга ишонмай қўйдим.

“Дўстинг кимлигини айт, мен сенга кимлигингни айтаман”, деган қанотли ҳикмат бор эл ичида. Сафар ака Ўзбекистон Қаҳрамони, халқимизнинг севимли шоири Абдулла Орипов билан жуда қадрдон эди, бокс бўйича жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев билан дўст-биродар эди. Полвонлар, курашчилар, спортчилар, шоирлар, бахшилар, созанда-ю хонандалар, фермерлар, тадбиркорлар, олимлар — ҳаммаси билан яқин эди. “Кўчанинг одам”лари ҳам Сафар аканинг мардлиги, фавқулодда жасорати учун ҳурмат қилишарди. “Пахта иши” ниқоби остида кўплаб бегуноҳ ўзбекларнинг умрига зомин бўлган Гдлян билан Иванов деган нобакорларни жазога тортиш учун ҳужжат тўплаб, чоп қилганида, уни жисмонан йўқ қилиш учун тайёрланган ва махсус жўнатилган ёлланма қотиллардан ҳам қўрқмаган Сафар ака. “Мард бўлсанг, бирга-бир чиқ”, деб очиқ-ошкора чақирган. Сафар ака ҳатто ёлланма қотиллар кимлигини ҳам биларди. Лекин ҳеч кимга уларнинг исмини ошкор қилмади. Ҳатто душманини ҳам сотмади! Ана шундай инсон эди у.

Сафар аканинг шогирдлари ҳам ўзига ўхшаш. Ўхшатмасдан учратмас, деганларидай, уларнинг феъл-атворига ҳам Сафар аканинг таълим-тарбияси сингган. Бағри кенг, кўнгли очиқ, билимли, қаерда қандай ҳаракат қилишни биладиган серғайрат, тажрибали инсонлар. Уларни кўрсам, Сафар акани кўргандай бўламан. Демак, Сафар Остоновнинг иши ишончли қўлларда, деб ўйлаб қўяман баъзида.

* * *

2018 йилда Сафар Остонов 70 ёшга кирди. Оғайнилари, қадрдонлари: “Юбилейингизни қилиб берамиз”, дейишди, кўнмади. “Жамиятимизнинг барча соҳаларида ислоҳотлар авж олаётган бир даврда мен юбилей қилиб ўтирсам, уят бўлади”, деди. Ўшанда унинг туғилган кунига бағишлаб ёзган шеърни столига ташлаб кетдим. Кейинчалик бу шеърнинг нусхасини бисотимдан излаб тополмадим. Сафар аканинг архивида бўлса керак. “Ўзбекистон овози” (“Қизил Ўзбекистон” — “Совет Ўзбекистони”) газетасининг 100 йиллиги ҳам ўтказилмади — коммунистларнинг газетаси бўлган экан у. Нима бўлганда ҳам бу тарих, миллат газетасининг тарихи, дейилса ҳам, кўнмади. Ўшанда ҳам шу санага бағишлаб шеър ёзганман. Лекин уни ҳам газетага чиқаришмади. Мана шу шеър:

 “ЎЗБЕКИСТОН ОВОЗИ”

(газетанинг 100 йиллигига)

 

Бу очунда бир аср

Кўз очиб-юмгунчадир,

Лекин инсон шарафи

Дунёлар тургунчадир.

Бир асрки, пойидор,

Ҳақ йўлида парвози —

Ватан, Миллат сўзидир

“Ўзбекистон овози”.

Ўтди қанча талотум,

Шайланди чамбараклар.

Бегуноҳ бошлар узра

Айланди замбараклар.

Гарчи дард кўп, алъамон,

Тордир кўкрак қафаси.

Ҳар сатрида ўт-исён —

Қайноқ ҳаёт нафаси.

Ким у, фикрат дарғаси,

Мўътабар ва донишманд?

Қаро тунга нур сочиб,

Тўхтамайди ёнишдан?

Қўллагай эрк кўшкини

Қанча азизлар руҳи.

Бу меҳробнинг деви бор —

Асрга тенг шукуҳи.

Алпомишдай йўл босиб

Келаётир, айтинг, ким?

Бу — юз ёшли оқсоқол,

Гарчанд ҳамма турар жим…

Гуноҳ-савоб ажрини

Билгувчи тош-тарози.

Юзни урди навқирон

“Ўзбекистон овози”.

Ёнарсўздир, жонсўздир,

Ҳақ йўлинда ҳар калом.

Эй, заҳмат жонсўзлари,

Сизга 100 йиллик салом!

Бу очунда бир аср

Кўз очиб-юмгунчадир.

Лекин ҳар лаҳза қадри

Очилган гулғунчадир!

 

…2020 йилда мамлакатимиз бошига коронавирус деган бало офати ёғилганида, кўп азиз инсонлардан ажралиб қолдик. Шулардан бири Сафар аканинг қадрдон дўсти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир Саъдулла Ҳаким эди. Сафар ака унинг маъракасидан кейин таҳририятга бир тўп ниқоб ва қўлга сепадиган махсус антисептик тарқатиб чиқди.

— Бундан буён қўл бериб кўришиш йўқ, — деди. — Бир-биримизга яқинлашмаймиз, 2 метр оралиқда масофани ушлаймиз.

Шундан кейин ҳаммамиз ниқоб тақадиган, биров ёлғондан йўталса, етти чақирим нарига қочадиган бўлдик. Лекин тақдирдан қутулиб бўлмас экан, 2021 йилда Сафар ака Фарғонага борганида, ортидан унда ковид чиққани ҳақида хабар боради. Биз Сафар аканинг бу балога гирифтор бўлганидан хабардор эмасмиз, мазаси қочиб, шифохонага тушибди, деб эшитганмиз. Унинг ҳайдовчисидан қаерда ётганини сўрасак, айтмади. Кўришга борайлик десак, манзил аниқ эмас…

Хуллас, Сафар ака тузалиб, ишга чиқди, газета материаллари таҳририни яна қайта қўлига олди. Орадан бир ойларча вақт ўтиб, у соғлиғини тиклаш учун Республика стационарига ётди. Шундан кейин мен таҳририят ходими Бардам Саъдуллаев билан Сафар акани кўришга бордик. Шифохона қоровули у кишини танимаса керак, деган истиҳола билан қайси палатада ётганини суриштирган эдик:

— Сафар Остоновни сўраяпсизларми? Ҳув ана, боғда, уни кўришга келган бир йигит билан юрибди, — деди. — Менга қаранг, бу шифохонада жуда катта амалдорлар, вазирлар ётиб даволанади, уларни кўришга ҳар куни 5-6, борингки, 10 одам келади. Сафар Остоновни ҳар куни юзлаб одам кўришга келади, ҳатто уларнинг кўпчилигини аканинг илтимоси билан қайтариб юбораман. Биласизми, 100 одам билан гаплашиш учун камида бир кун вақт кетади. Бу одам даволанадими, ё кўргани келган кишиларни қабул қиладими? Шу ерда 20 йилдан буён қоровул бўлиб ишлайман, лекин бу қадар ҳурматга сазовор инсонни кўрмаганман.

Бунга жавобан индамадик.

Сафар ака Шерзод деган тадбиркор шогирди билан гаплашиб турган экан. Озиб қолган, ниқобда, нафас олиши ҳам маромида. Биз билан қўл бериб кўришди. “Биз дарров кетамиз, сизни уринтириб қўймайлик”, десак ҳам, 40 дақиқаларча суҳбатлашиб ўтирди. Шу билан хайрлашдик…

Орадан уч кунча вақт ўтди. Якшанба куни эди хаёлимда, ҳовлида картошка экилган жўякларни ягана қилаётган эдим. Тушдан кейин дам олиб ўтирсам, ўғлим Ойбек қўнғироқ қилиб қолди:

— Дада, Сафар Остоновдан хабарингиз борми?

— Ҳа, уч кун бурун шифохонага кўришга борган эдик, яхши, тетик юрибди, — дедим. — Нимага сўраяпсан?

— Олий Мажлис сайтида бир шумхабар тарқалибди…

Юрагим шув этиб кетди. Дарҳол Сафар аканинг шофёри Ҳасанга қўнғироқ қилдим. Афсуски, шумхабар ҳақиқат бўлиб чиқди…

Сафар ака кетганидан кўп вақт ўтмай, унинг ўрнига бош муҳаррирликка тайинланган раҳбар мени чақирди.

— Ака, энди аҳволимизни кўриб турибсиз, — деб олдимга бир варақ оқ қоғозни қўйди. Янги муҳарриримиз катта ўғлим билан ёши тенг, тушунган, билимли йигит. Унинг ишдан бўшаш учун ариза ёз, деяётганини дарҳол фаҳмлаб етдим.

— Бўлди, қачондан ёзай? — деб сўрадим.

— Эртадан, 1 июндан деб ёза қолинг.

Нафсиламрини айтганда, 2 йилдан буён меҳнат таътилига чиқмаган эдим, 2 ойлик компенсация деган нарсалар бор… Лекин Сафар аканинг хотираси ҳурмати, ҳаммасидан воз кечиб, ариза ёзиб ишдан бўшадим. Остоновларнинг бири у ёққа кетди, иккинчисини эса кетмасидан олдин ишдан бўшатишди. Ҳар ҳолда, шунга ҳам шукур.

Шундай инсонлар бўладики, тириклигида эгаллаган мансаби, мартабасига қараб эъзозланади. Вафотидан кейин уни ҳеч ким эсламайди. Шундай инсонлар бўладики, тириклигида ўз ҳалол меҳнати, одамларга қилган яхшилиги, эзгу хислатлари билан ўзига ҳайкал қўяди, охират захирасини яратади. Улар ҳаётни тарк этганларида ҳам элнинг, миллатнинг қалбида, хотирасида абадий барҳаёт бўлиб қолади, боқийлик саодатига эришади. Сафар Остонов ана шундай рутбага эришган, мангуликка ўз муҳрини қўйган оташин журналист, қуёш меҳрини бағрига сингдирган ва барчага баравар тафт берган авлиё эди.

* * *

Сафар Остонов ҳар гал ўтказиладиган таҳририят “летучка”сида одамнинг ўйлаб хаёлига келмайдиган, ҳикматли сўзлар даражасидаги шундай фикрларни билдирардики, уларни ёзиб олмаса, ёддан чиқиб кетарди. Мен уларни улгурганимча ёзиб олардим. “Ҳой, бу айтилган гапларни ёзиб олинглар, шунга риоя қилсаларинг, икки йилда муҳаррирлик даражасига етасизлар”, дейишимга қарамасдан, ходимларнинг бирортаси ёзиб олишни хаёлига келтирмасди. Мана, шуларнинг айримлари:

15.01.2015

“Катта мақола катта меҳнатни талаб қилади. Уни қип-қизил, силлиқ сўзлар билан безаб бўлмайди. Содда ва ҳаётий, энг муҳими, таҳлилий фикрлар бўлиши керак”.

10.02.2015

“Газетани олган газетхон нимани ўқийди? Шу ҳақда ўйлаш керак. Ҳар бир сонида самимий, одамларнинг кўнглига яқин мавзулар бўлмаса, уни ҳеч ким ўқимай қўяди.

Журналист ҳеч қачон ўз ишидан қониқмаслиги, ҳар бир саволга ўзи жавоб топиб, ўзи хулоса чиқариши керак”.

24.02.2015

“Ҳар бир мақолани жуда чуқур, жиддий ўйлаб, мулоҳаза қилиб, каллада пишитиб, кейин ёзиш керак. Баъзан мақолага мос тушадиган битта сўзни топиш учун бир соат, бир кун кетиши мумкин.

Чет эллардаги тегишли илмий-тадқиқот институтлари Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган ОАВга баҳо бериб, “матбуотда жимжитлик” демоқда. Шунинг учун воқеалардан доим хабардор, ҳатто улардан сал устунроқ бўлишимиз зарур.

Мақолалар ноёб тақдирлар, ғаройиб одамлар ҳақида, кўпчилик ўқийдиган бўлиши керак. Масалан, сифатсиз қўшиқлар, бемаъно клиплар миллий ғоя, ёшлар мафкурасини сусайтиради. Мусиқашунос олимлар, санъаткорлар бор фикр билдирадиган. Дипломатия, меъёр, яхши гаплар билан узиб-узиб оладиган мақола тайёрлаш керак”.

“Бугун оммавий маданият ёшлар ва болаларнинг қалбини забт этаётгани кузатилмоқда. Уларни бундай хавф-хатардан сақлаш бугуннинг вазифаси. Бугун дунёда рўй бераётган хавф-хатарлардан, бало-қазолардан ёшларни қандай асраш керак? Курашнинг қандай изчил, таъсирчан воситаларидан фойдаланиш керак? Бунинг учун ўша хавф-хатар моҳиятини ўрганиш, англаб олиш керак.

Телефонни очсангиз, одам кўрса уяладиган нарсалар келиб чиқади. Нима, буларни ёшлар кўрмаяптими? Бу беҳаё нарсалар болалар, ёшлар, керак бўлса, миллат характерини ўзгартириб юбораяпти. Тўғри, кийими, башараси ўзбек, аммо қалби сотилиб, ўлиб бўлган. Уларни бу бало-фалокатлардан қандай асраш, ҳимоя қилиш керак?”

22.12.2015

“Йил якуни бўйича ким нима каромат кўрсатди ва жамиятга нима берди? Ана шу ва ҳеч ким кутмаган, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган мавзулар ёритилиши керак”.

19.03.2021

Сафар Остоновнинг охирги йиғилиш ўтказиши, шуни ҳам ёзиб қўйган эканман.

“Газетанинг навбатдаги сонида чиқадиган материаллар ҳафтанинг жума кунигача тақдим қилиниши керак. Ишга ҳурматсизлик — газетага, ўзига ҳурматсизлик. Ҳозир жамиятимизда тарбиясиз, масъулиятсиз, саводсиз, чалажон, ўзининг қобиғига ўралиб яшайдиган бетайин журналистлар авлоди пайдо бўлди. Илгари жуда кўп газеталарни ўқирдик, ўрганардик. Ҳозир ўрганадиган манбанинг ўзи йўқ, ҳеч нарсадан бехабармиз. Журналистлар тайёрлайдиган университет ҳам ўзига яраша бўлиб қолди.

Мен газетада бериладиган мақолалардаги ҳамма хатоларни ушлаб қололмайман. Шунинг учун уларни пишиқ-пухта қилиб тайёрлаш керак, бўлмаса, ҳаммадан ўтиб кетади…”

Бу йиғилиш таҳририят ходимларининг Сафар Остонов билан сўнгги учрашуви сифатида хотирасига муҳрланиб қолди…

Нуруллоҳ ОСТОНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 7 =