Бир азим дарё эди

Тилшунос олим, журналистлар устози Анвар ШОМАҚСУДОВни ёд этиб

Устоз Анвар Шотурсунович Шомақсудов 1925 йили Тошкент шаҳрида Сағбон маҳалласида дунёга келган. Ҳаётнинг ҳар турли кунларини кўриб чиниққан, уруш ва меҳнат фахрийси, тилшунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Анвар ака ҳаёт бўлганларида шу кунларда юз ёшга тўларди.

Иккинчи жаҳон урушидан ногирон бўлиб қайтгач, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида ўқиб, сўнг шу даргоҳда узоқ йиллар фаолият кўрсатди. Ярим асрдан ортиқ ўзбек филологияси ҳамда журналистика факультетларининг декани бўлиб хизмат қилди. Филология фанлари номзоди, доцент унвонига сазовор бўлди. “Муқимий сатирасининг тили” монографияси, “Ўзбек тили стилистикаси” дарслиги ва қатор қўлланмалари чоп этилган.

Ҳа, Анвар Шомақсудов Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида жасорат кўрсатиб, Украина, Руминия, Болгария, Чехословакия, Венгрия, Австрияни фашистлардан озод қилишда қатнашади. Австрия пойтахти Венани озод қилишда матонат кўрсатиб, оғир ярадор бўлиб, бир қўлидан ажралган эди. Сўнг ҳарбий шифохоналарда даволаниб, она юртимизга қайтиб келади.

Анвар ака камтарлиги, талабчанлиги, одамларга меҳр-оқибати, адолатли иш тутиши билан ҳамкасблари ва талабалар ўртасида катта обрў-эътибор қозонди. У киши изланувчан олим сифатида ёшлар қалби ва онгини билим нури билан чароғон этар эди. Боларилар ширали гул устида ғужғон бўлганларидек, талабалар уни ўз меҳрибон оталаридек кўриб, маслаҳатлар сўрашардилар. Илмга интилувчан талабаларни жуда ҳурмат қиларди. Кимгадир моддий ёрдам кўрсатиш, кимнидир ётоқхона билан таъминлаш, бошқа бир талабани стипендияга илинтириш ёки сафарга кузатиш — буларнинг ҳаммаси домламизнинг диққат марказида турар, ҳеч бир муаммо пайсалга солинмай, ўз вақтида ижобий ҳал этилар эди. Шунинг учун ҳам шогирдлар орадан бир неча ўн йиллар вақт ўтса-да, Анвар Шомақсудовнинг меҳр-мурувватини эслаб юришади.

Шундай эътирофлардан бирида қуйидагиларни ўқиймиз:

“Қадрли устоз! Сиз биз шогирдлар учун бамисоли тўлиб, мавжланиб оқаётган ­дарё­­­сиз. Бу азим дарё даҳшатли урушнинг жангу жанггоҳларида тобланиб, омон чиққан. Унинг илм-фан, мударрислигу мураббийлик соҳасида самарали педагогик фаолияти қадрдон дорилфунунимиз тарихи билан узвий боғлиқдир.

Журналистика факультетининг ташкил топиши ва такомиллашувида, ўзбек услубияти илмининг шаклланиши ва ривожланишида мана шу устоз фаолиятининг салмоқли ҳиссаси бор. Ушбу ижодий фаоллик самараси ўлароқ, илмий тадқиқотлар, дарслик ва қўлланмалар билимга чанқоқ қалбларни илм зиёси билан мунаввар этиб келган. Ҳа, бу азим дарё ёшлар шуурида одамийлик дарахтини гуллатиб-яшнатди. Бу дарё бағрикенглик, ҳалоллик ва ахлоқий комилликнинг ибрат тимсоли ҳамдир…”

Анвар Шомақсудов ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига раҳбарлик қилган йилларда унинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари, Журналистлар уюшмаси, турдош факультет, кафедралар билан мустаҳкам илмий-амалий алоқалар ўрнатилди.

Ўтган асрнинг 70-80-йилларида Тошкент дорилфунунида Осиё, Африка, Лотин Америкаси мамлакатлари учун ҳам юқори малакали журналистлар тайёрланди. Бир қатор ўқув қўлланмалар, дарсликлар, монографиялар яратилди. Факультет ўқув газетаси мунтазам чиқиб турди. Қатор ўқув радиоэшиттиришлари, телевизион кўрсатувлар тайёрланди. Университетнинг таниқли академик-профессорлари ҳақида ҳужжатли фильмлар яратилди.

Устоз кўринишларидан ўта жиддий таассурот уйғотсаларда, аслида ниҳоятда камтарин, меҳридарё киши эди. Яхшилик қилишни истарди ҳаммага.

Домланинг каминага қилган бир яхшилиги ёдимдан чиқмайди.

Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг тингловчиси сифатида тайёрлов бўлимини тугатиб, 1983 йили журналистика факультетининг талабасига айландим. Сентябрь ойининг бошлари барча талабалар қатори мен ҳам Сирдарё вилоятига пахтага боришим керак эди. Ўзимга боғлиқ бўлмаган сабаб билан автобуслар кетиши пайтига улгурмай қолдим. Факультет декани, доцент Анвар ака Шомақсудовга учраб, қўрқа-писа кечикканим сабабини тушунтирдим. Чеҳрасидан нур ёғилиб турган домламиз уришиш ўрнига: “Ҳечқиси йўқ, уч кундан сўнг сенга ўхшаб улгурмаган талабалар учун қўшимча автобус ажратилади, соат 10 дан кечикмай келсанг, улгурасан, шунақа ҳолатлар ҳам учраб туради”, дея майингина овоз билан тасалли берган эдилар.

Шу-шу оталардек меҳрибон, юмшоқ табиатли домламизга бўлган меҳрим ошди. Кейин билсам, бу фидойи устоз қўл остида хизмат қилаётган факультет профессор-ўқитувчилари ва талабаларга ҳам ҳамиша шундай илиқ муносабатда бўлар эканлар. Шу боис бу табаррук зотни нафақат “журфак”дагилар, балки бутун университет аҳли ҳурмат қиларди.

Яна бир воқеа. Факультетнинг кундузги бўлимида таҳсил олаётган кезларимда фарзандли бўлдим. Рўзғорнинг залворли юки елкамда. Талабалик стипендияси ва турмуш ўртоғимнинг аспирантурадан олаётган пули оилани тебратишга етмас эди. Ўқишимни кечки ёки сиртқи бўлимга ўтказишга ҳаракат қилдим. Роса елиб-югурдим, натижа чиқмади. Журналистика факультетининг ўша пайтдаги кечки ва сиртқи бўлимлари бўйича декан муовини аввалига очиқдан-очиқ қаршилик кўрсатди. Кейин вақт ўтгач, “Аризанг йўқолиб қолди, келаси йил яна ариза билан мурожаат этасан, ўйлаб кўрамиз”, деб баҳона қилди.

Шу воқеа сабаб бўлиб деканимиз қабулига ариза кўтариб кирдим. Домла сўзимни эътибор билан тинглаб, аризамни олиб қолди. Орадан кўп ўтмай, буйруқ тайёр бўлди, кечки бўлимда ўқишимга имкон яратилди. Раҳматли домламиз ана шундай бағрикенг, фидойи инсон эди.

Устознинг шарофати билан кундузи “Ёш ленинчи” (“Туркистон”, ҳозирги “Ёшлар овози”) ҳамда шу илм даргоҳининг нашри бўлган “Тошкент университети” газетаси таҳририятларида ишлаб, анча тажриба орттирдим. Кўпгина ёзган мақолаларим ҳисобга олиниб, талабалик чоғимдаёқ Журналистлар уюшмаси аъзоси бўлишга ҳам сазавор бўлдим.

Таниқли олим ва публицист Маҳмуд Сатторов Анвар аканинг ғоят фидойилик, одамохунлик хислатлари хусусида “Тақдиримни белгилаган учрашув” мақоласида бундай ҳикоя қилади:

“…Пахтадан орттирган ғамламамиз билан биринчи семестрни ҳам эсон-омон якунлаб олдик. Иккита имтиҳондан “беш” олиб, аълочи талабалар сафига кирдим. Бироқ “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди”, деганларидек, пахтада ишлаб топган пулимиз тугаб, ижара ҳақи тўлашга ҳам чоғим келмай қолди. Охири бўлмагач, курсдош ҳамхонам Акрам Аминовнинг маслаҳати билан ўқишни ташлайдиган, янаги йил қайтадан ТошДУга кирадиган бўлдим.

Икки оёғи ногирон, қўлтиқтаёқда юрадиган, яхши шеърлар ёзадиган, фарғоналик Тўлқин ака Матмусаев деган курсдошимиз жуда одамшаванда, меҳрибон, ғамхўр инсон эди. Шу киши мени фикримдан қайтарди: “Сиз — иқтидорли йигитсиз. Не азоблар билан университетга киргансиз. Бу йил ўқишга киришнинг ўзи бўлгани йўқ. Ҳе йўқ, бе йўқ, ўқишни ташлаб кетаверасизми?! Ректоримизни кўп яхши одам деб эшитганман, бир қабулларига кириб, олдиларидан ўтинг. Истасангиз, ўзим бирга олиб бораман”, — деб қолди. Эртаси куни Тўлқин аканинг “пат-пат” араваси — ногиронлик машинасида хиёбондаги (ҳозирги Тошкент юридик университети биноси) ректорнинг қабулхонасига келдик.

Иккинчи қаватга кўтарилиб, раҳбарнинг хонасига чиқсам, истараси иссиқ, бодомқовоқ бир киши қўлидаги калитни кийим илгичга осиб, ташқарига отланяпти. Бўсағада мени кўргач: “Э, келинг, ўғлим, келинг, — деб калитни қайта жойига олиб, кабинет эшигини очди. — Марҳамат!”

Мен — талабанинг назаримда хона ҳайҳотдек катта, тўрда раҳбарнинг столи, унга уланиб кетган узун, катта стол, ёнида қатор стуллар жой олган эди. “Ректор шу одам экан-да”, деган хулосага келдим. У киши энг пойгакдаги стулга чўкиб, мени рўпараларига ўтқаздилар ва “Қани, гапиринг, ўғлим, нима гаплар?” деди.

Мен филология факультетининг 1-курсида ўқиётганим, отам йўқлиги, ёлғизгина онам ишламаслиги, нафақа ҳам олмаслиги, ўзим аъло ўқиганим билан стипендия олмаслигим, ижара пулига ҳам зор қолиб, оқибатда ўқишни ташлаб кетмоқчилигимни, янаги йил бахтимни қайта синаб кўрмоқчилигимни айтдим.

— Ҳай-ҳай, — дедилар ректоримиз, — узоқ областимиздан келиб, шундай оғир йилда танловлардан ўтиб, университетга кирибсиз, энди ташлаб кетсангиз увол бўлади-ку. Ўқишни давом эттирасиз, бир иложини қиламиз, — дедилар.

Шу пайт, Худонинг марҳамати билан осмондан тушдими, ердан чиқдими, эшик оҳиста очилиб, бўсағада қулоғида мўъжаз эшитиш аппарати, ўнг қўл — протезда, тўлқинли сочлари ўзига ярашган — инглиз лордларини эслатадиган деканимиз Анвар Шомақсудов пайдо бўлди.

— Э, келинг, Анвар ака, ўзи сизни кутиб турган эдим. Ҳамма деканлар пастда тўпланиб туришибди. Бугун Ойбек домланинг туғилган кунлари. Пешинда ҳаммамиз у кишиникига зиёратга борамиз, — деди, сўнг менга юзланиб: — Бу йигитча сизнинг талабангиз экан, — деб сўз бошлаганларида, Анвар ака:

— Биламан, биринчи курс, китоблик бола, — деб жавоб берди.

— “Моддий чамам келмаяпти. Оилавий шароитим оғир, ўқишни ташлаб кетаман”, деяпти-ку! Бунга йўл қўёлмаймиз.

Анвар ака масаланинг моҳиятини тушуниб турса-да, ректорнинг хулосасини билиш учун елка қисди.

— Анвар ака, — деб ўз қарорини баён қилди ректор, — бюджет имконияти мушкул бўлса-да, истисно тариқасида бу йигитчанинг стипендиясини берайлик. Аъло ўқиркан. Имконини қилсангиз, ётоқданми, бирор яқин оиладанми яшаш жойи ҳам тўғриланг. Бу болалар вилоятларимиз, республикамизнинг олтин фондлари, қўлдан чиқариб юборсак, келажакда яхши кадрларимиздан ажралиб қоламиз.

— Ёрдам берамиз. Албатта, ўқишини давом эттиради, — деб ваъда қилди Анвар ака ректор Саъди Ҳасанович Сирожиддиновга юзланиб.

Ташқарига чиққанимизда, ҳамкасблари сафига қўшилаётган деканимиз менга:

— Эртага ёнимга кир, стипендиянгни тўғрилаб бераман. Кейин Дўмбирободга борасан. У ерда менинг синглим туради. Шуларнинг оиласида бир ўғилдай яшаб турасан! — деди.

Пастда “пат-пат”ида мени илҳақ кутиб турган Тўлқин акани бориб, қучоқлаб олдим.

— Ҳаммаси зўр бўлди, Тўлқин ака, ҳам ўқийдиган, ҳам стипендия оладиган, ҳам текин квартиралик бўлдим, — деб суюнчи олдим…”

Шундай. Анвар Шомақсудов ўзганинг ютуғидан қувонадиган ғамхўр, қалбидарё инсон эди. Уч йиллик кундузги аспирантурага кирганимда ҳам меҳрибон домламиз мени табриклаб, ўзларининг хайрихоҳлигини билдиргандилар. Устоз ҳар гал мени факультетда кўриб қолганида: “Ҳа, ўртоқ аспирант, ўқишларинг, илмий ишларинг қанақа бўляпти, ҳимоянг яқинлашиб қолдими?” дея сўраб турардилар.

Шомақсудовлар хонадони пойтахти азимдаги “Мискин” маҳалласининг намунали оилаларидан бири саналади. Маҳалладаги ёшу кексалар бу оилага ҳавас билан қарашганига гувоҳ бўлганмиз. Илгари шу маҳалла ҳудудидан 27-сонли трамвай ўтарди. Домла университетга ана шу йўловчи транспорт орқали қатнарди. Айтишларига қараганда, ҳайдовчилар ҳам устознинг ҳурматини қилиб, ҳали бекатга етиб улгурмаган домлани кўриб қолгач, трамвайни тўхтатиб йўлдан ола кетар эканлар.

Ҳар йили пахта терими мавсумида Сирдарё вилоятига бориб, талабалар ҳолидан хабар олиб турар, биз ҳашарчи ёшлар худди падаримизни кўргандек хурсанд бўлардик. Шахсан каминаи камтарин пахтани юз килодан кам термасдим. Домламиз 1983 йилда (шу йили 27 декабргача пахта даласида бўлганмиз) биз вақтинча ётиб турган баракка келиб, барчамиз билан самимий сўрашдилар. Менга қараб: “Сен пахтани яхши тераркансан, раҳмат, болам”, дегани кечагидай эсимда.

Бир-бирини қувиб кунлар, йиллар ўтади. Бироқ ўтмишдаги ширин хотиралар бир умрга муҳрланиб қолаверар экан.

Устоз бир қиз, уч ўғилни тарбиялаб ўқитди. Фарзандларнинг ҳаммаси олий маълумотга эга бўлиб, турли лавозимларда хизмат фаолиятини давом эттириб келмоқда. Рафиқаси Мастура ая бир умр турмуш ўртоғига ҳамдам, суянчиқ бўлди. Уларнинг аҳил-иноқ, тинч-тотувликда салкам олтмиш йил умргузаронлик қилгани кўпчиликка ибрат.

— Адам ҳеч қачон оилада баланд овозда гапирмас эдилар, — деди устознинг кенжа фарзанди Санжар Шомақсудов. — Ҳар қандай гапни ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилардилар.

— Жорий йил адажонимизнинг таваллудига юз йил тўлиши муносабати билан хотира китобини нашрга тайёрлаш мақсадида у киши ҳақида ҳамкасблари, шогирдлари томонидан ёзилган материалларни жамлашга киришганмиз. Ким нима ёзса, марҳамат, тўпламга киритар эдик, — деди домламизнинг кенжа келини, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Саодатхон Шомақсудова.

Ҳар сафар янги бир мақолага сўнгги нуқтани қўяётганимда устоз Анвар Шомақсудов, у кишининг менга берган сабоқлари беихтиёр ёдга тушади. Столим устида турган устознинг “Дилдан тилга кўчган қиссалар” (2004 йил), “Оловли йиллар хотираси” (2005 йил), “Югурик умрда кўрган, билганларим” (2007 йил), “Аср билан тенглашаётган умр” (2008 йил), “Умр шукронаси” (2012 йил) номли асарларини варақлайман. Дилим ёришиб кетади…

Азамат СУЮНОВ,

“Муҳофаза” журнали ва “Вазият” газетаси бирлашган таҳририяти

бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + seven =