“Эй дард, ёдга солдинг тириклигимни…”

Сирожиддин Рауф бугунги ўзбек шеърияти ривожига “Йиғлаётган ой”, “Кўк гумбаз”, “Сиз менга кераксиз”, “Ташриф”, “Муаллақ чексизлик”, “Нилий нақшлар” шеърий китоблари, рус, украин, қардош халқлар ижодкорлари шеърларидан қилинган таржималари билан ҳисса қўшиб келаётган шоирларимиздан. Яқинда унинг “Мен бир фуқаро” (Тошкент: Akademnashr, 2024. — 208 б.) шеърий тўплами китобхонларга тақдим қилинди. Мазкур тўпламга киритилган шеърлар инсон руҳияти ва озод Ватан манзараларининг рангин суратлари бўлиб, улар инсонга ва у яшаб турган муқаддас тупроққа, ҳаётга муҳаббатдан туғилган шеърлар.

Сўз ёлғон бўлмайди. Унинг соҳиби ёлғончи бўлиши мумкин… Адабиётда янги сўз бўлмайди, рост сўз бўлиши мумкин. Шеърига ўхшамаган шоир — шоир эмас. Ана шу ҳақиқат Сирожиддин Рауфга ҳам тегишли. Шундай шоирлар бўладики, уларнинг китобларини ўқиб ҳузурланасан, ўзингни кўргандек, ичингни топгандек бўласан. Бироқ бундай шоирларнинг машҳур бўлишини тасаввур қилиш қийин. Негаки, уларнинг дардномаларию дилномалари аҳли ҳол, аҳли дард, аҳли иймон учун ёзилган. Бундай шеърларнинг шайдоси кўп бўлмаслиги ҳам табиий ҳол, айниқса, олатасир учинчи минг йилликда. Бундай асарлар ясалмайди, яратилмайди, улар изтиробдан, дарддан, чорасизликдан туғилади ва фақир фуқародек, мўмин бандадек хотиржам яшайди, улар на мақтовга, на хушомадга муҳтож. “Мен бир фуқаро” тўпламидаги аксарият шеърлар шундай асарлар сирасига киради.

Коинот гултожи бўлган инсон илоҳий марҳаматга эришганлиги боис қоришиқ турфа оламлар: куйлар, оҳанглар, шаклларда яшаш бахти билан сийланган. Олам камалакдек сержило, турфа ранглар ва мўъжизаларга тўла, одамнинг ботини ҳам худди шундай. Шоирга эса олам ва одамни англаш, уларнинг ҳам сийратини, ҳам сувратини кўра олиш иқтидори берилган. Ҳа, асл ижодкор зоҳир ва ботинни, инсон қалбининг камалакдек товланишларини, кўкламию қаҳратонини кузатади. Бошқаларни ўз ортидан ҳақиқат, ҳалоллик, ҳидоят томон бошлаб боради. Ҳақиқий ижодкор ҳеч қачон ана шу анъанага, ўзига ва СЎЗга хиёнат қилмайди. Буни “Мен бир фуқаро!” муаллифи ижоди яна бир бор тасдиқлайди.

Тўпламни варақлаб чиқар экансиз, саҳифалардан мумтоз ғазалчиликнинг ҳам, замонавий ўзбек шеърияти мактабларининг ҳам оҳанглари эшитилиб турганига гувоҳ бўласиз. Бу — иқтидор билан бирга муттасил ижодий изланиш, ҳар бир нарсага синчковлик, кўп ўқиш-уқишнинг самараси.

 

Офият тиланиб хилхоналардан,

Фарқимиз қолмади девоналардан.

Мумтозлик бобида Биру Бор танҳо,

Воҳ, шерик ясадик бир доналардан.

(91-б.)

 

Кўринадики, тушунарсиз сўз йўқ. Бироқ айтилган фикрни изоҳлаш, ундаги маънони тушуниш, тушунтириб бериш қийин адабиётдан пухта хабардор бўлмаган ўқувчи учун. Илҳом билан ёзилган шеърларгина ана шундай хусусият-фазилатга эгаки, бундай битиклар “юқори”дан келади, муаллиф эса котиблик қилади. Бироқ ана шу келаётган хабарни қабул қила оладиган муносиб қалбгагина келади.

 

Агарки, турфа ирқ, лекин жам ният —

Шу юртнинг тутуми, шаксиз, жамият.

Ҳар дилда тикланса ажиб иморат,

Ишончу садоқат, ишқдан иборат. (76-б.)

 

Шоирнинг фикрича, ирқ, миллатлар эмас, бойликнинг кўп ё озлиги ҳам муҳим эмас, жамият учун фуқароларнинг ақлан етуклиги, одамийлиги, комиллиги энг қимматбаҳо хазина. Кўҳна торнинг янги наволаридек янграган бундай шеърлар талайгина ва бу қувонарли, албатта.

Шеърлардаги тил, шакл, услуб, бадиий-тасвирий ва ифода воситалари мураккаб бўлса-да, унда ҳаёт гармонияси, фалсафаси жуда чуқур, хилма-хил, бетакрор. Улар осон ўқилади, бироқ зукко шеърхонгина маъно қатламларидаги моҳиятни илғай олади. Бу шеърлар ўқувчидан катта маърифий билим ва ижодий мушоҳадани талаб қилади.

 

Уяси бузилган қалдирғочлардай

Мотам осмонида чирпирар фарёд.

Кўкламни бой берган ҳув оғочлардай

Тобора тусини йўқотар ҳаёт. (7-б.)

 

Қалдирғоч ва кўклам, мотам (ўлим) ва ҳаёт — банддаги калит сўзлар. Кўкламда инсоннинг энг яқин дўсти қалдирғочнинг учиб келиши билан янги ҳаёт бошланади. Қалдирғочнинг инсонга дўсти содиқлиги беихтиёр “Қиссаси Рабғузий”даги ҳикоятни ёдга солади. Халқимиз ўзгача меҳр қўйган қалдирғочнинг ерга қўниб турганини кўриш қийин, уни сув бўйидагина учратиш мумкин, холос. У бошқа қушлар сингари ерда донлаб юрмайди. Тумшуғида лой ташиб, ўзи учун одамлар яшайдиган хонадонлар шифтига ин қуради ва бундай хонадонлар хосиятли, баракали саналади. Уй эгалари қалдирғоч айнан ўзларининг хонадонларини танлаганидан беҳад қувонишади, кўнгилларига ёруғлик инади.

Лирик “мен” уяси бузилган мотам осмонида чирпираб фарёд ураётган қалдирғочлардай оғир мусибат ичида. Шоир тасвирни янада кучайтиради, кузак охирида ҳеч нарсасиз қолган шип-шийдам, бағри бўм-бўш қолган дарахт орқали фожианинг нечоғли аламангизлигини очиб беради. Шеърдаги ҳар бир сўз, ҳар сатр самимиятга йўғрилган, баландпарвозликдан йироқ, тасвир тиниқ, поэтик фикр аниқ ва ихчам ифодаланган, шунинг баробарида воқелик юксак пафос билан баён қилинган. Бандда бирор-бир ортиқча сўз йўқ, бирор-бир сўзнинг ўрнини ўзгартириш, бошқасига ёки муқобилига алмаштириш имконсиз. Муаллиф ўз тасаввурининг сувратини чизиб бераётгандек таассурот уйғонади китобхонда. Сўз ва тасвирий санъат синкретлашган бундай шеърлар ўқувчини ижодкор ҳис қилаётган оламга сездирмай олиб кира олади. Бунга фақат руҳиятни бир иқлимдан бошқа бир иқлимга, бошқа бир юрак минтақасига олиб ўта олган ижодгина қодир. Шеър учун муҳим фазилат саналган самимият туфайли банд ички бутунлик касб этган.

“Мен бир фуқаро” билан сўздан сўзга, сатрдан сатрга кўчаётган ўқувчигина Сирожиддин Рауф шеърларидаги қалбга бир чимдим ёруғлик олиб кирувчи некбин кайфиятни, адолатсизлик билан муроса қилолмайдиган исёнкор шахсни ва унинг ҳеч бир нарсага бефарқ бўлмаган ботинини ҳис қилади, шоир ижодининг моҳиятини англай олади.

Шеърни тушуниш ва айтиш учун хуштаъблик ва нозиктаъблик, тезфаҳмлик ва нуктазарблик хислати зарур. Агар ижодкорда ана шу фазилат мавжуд бўлмаса, унинг ёзганлари юракдан юракка етиб бормайди, инсонни бир руҳий мувозанатдан бошқасига олиб ўтолмайди. Шу талаб нуқтаи назаридан қаралса, Сирожиддин Рауф аксар шеърларининг ўз минтақаси, иқлими бор ва китобхон ўзининг руҳияти, ҳолатига мос, қалбига қувонч; қайғуси, муҳаббат ва нафратига ҳамоҳанг дилномани танлайди, чунки унда ўқувчи ўзини кўзгудагидек кўради. Яшашнинг моҳияти ҳам инсоннинг ўзлигини ва ўзини яратганни англаши-ку ахир. Одамзод табиатан ўзини тинглашларини истайди, дарддош, ҳамфикр ахтаради, инсон, аввало, ўзини севади ва унинг барча хатти-ҳаракатлари замирида мана шу ҳис яширин.

Шеър — зулм, зўравонлик, ноҳақлик, адолатсизлик, ёвузликка қарши қаратилган норозилик, ҳайқириқ, наъра, исён, кураш бўлса, шеърият — қалбдаги муҳораба майдони.

Шундай шоирлар борки, ижодида мавзулар доираси жуда чекланган бўлади. Сирожиддин Рауф шеъриятида эса табиатнинг ҳар бир бўлаги, ҳар бир шеърда бири иккинчисини такрорламай, учинчиси тўртинчисидан ўзга-ўзга янги маъно, фикр ташийди, жонлантирилади. Биргина йўл образининг ўзини шоир ранг-баранг маъноларда қўллайди (“Қучоқ очиб чопмадим асло”, “Барча йўллар менинг хайримга”, “Арзи ҳол” ва ҳоказо). Йўл — ҳидоятга элтувчи, буюк орзу ва мақсадларнинг ибтидоси, шаън, сабр, инсон қалби тимсоли. У — баҳодир, у — тарих, у — бугун, у — келажак, у — умид, у — шоирнинг ўзи.

“Фуқаро” шеърида муаллиф ва лирик “мен” умумлашган. Шоирнинг ижтимоий-фалсафий концепцияси деб айтиш мумкин бўлган бу шеърда муаллифнинг даврга, муҳитга, ўз-ўзига бўлган муносабати аксланган. Бахт ва бахтсизлик, топиш ва йўқотиш, маҳрумият ва муяссарият, эзгулик ва ёвузлик барча замонларда ёнма-ён. Шундай бўлган ва шундай бўлиб қолаверади ҳам. Бу ҳақиқатга ҳеч қандай куч дахл қила олмайди, чунки бу илоҳий қонуният, бандаси уни ўзгартира олмайди. Ҳаётда эҳтимол, маълум бир даврларда, ҳақсизлик, адолатсизлик, истибдод, ҳасад, ёлғоннинг қўли баланд келар, эзгу кучлар бир қадам орқага чекинишга мажбур бўлар. Инсоннинг кимлиги ва асл қиёфаси ана шу дақиқаларда намоён бўлади. Энг муҳими ғалаба эмас, ғалабага бўлган ишонч, ўзингнинг қайси томонда, кимлар билан бирга эканлигинг. Айни фикр нафақат “Фуқаро” шеърига, балки “Видо” достонига ҳам тегишли.

Сирожиддин Рауф ижодида бир, икки (маснавий), уч(лик), тўрт(лик), беш қатордан иборат шеър шакллари мавжудки, бу шоирнинг ички имкониятлари кенглигидан, тажрибаси ортиб бораётганлигидан далолат беради.

Анвар Обиджон бир қаторли шеърларни “игнабарг”, Садриддин Салим Бухорий “Сенда юз йўқ тупурай қайга” каби тоқ сатрдан иборат манзумасини “бир мисрали шеър” деб атаган. Фахриёрнинг “Гўрлар қисир туғишдан қолган” бир мисрали шеъри адабиётшуносликда илиқ кутиб олинган.

Сирожиддин Рауф эса “Эй дард, ёдга солдинг тириклигимни” деб ёзади. (88-б.). Бир сатрдан иборат бу шеърда ҳаётнинг қадри, вақтнинг шафқатсизлиги, умрнинг ўткинчилиги, жоннинг омонатлиги тўғрисидаги фалсафа жамланган. Шоир ДАРДга мурожаат қилади ва ундан миннатдор бўлади. Нега?! Чунки “инсон” сўзининг маъноси унутувчи, инсонга эса доимий бахт, осойишталик, фаровонлик оғирлик қилади. Агар қийинчилик бўлмаса, у ҳаётнинг лаззатини тўла-тўкис ҳис қилолмайди, фақат чанқаган одамгина ташналик азобини, мириқиб сув ичган эса роҳатни ҳис қилгани каби. Дард инсонни улғайтиради, руҳини тозартиради, тирикликни қадрлашга ўргатади, инсон ҳаётни қайтадан севиб қолади. Севиш эса илоҳий бахт. Баъзан севилган гўзал бўлмаслиги мумкин, бироқ севган ҳар доим гўзалдир. Бу дард ҳаётсеварликка, муҳаббатга, меҳр-оқибатга, бутун борлиқ ва ундаги жами нарсаларни қадрлашга йўл очади.

Анвар Обиджон уч мисрали манзумаларни “уччаноқ”, Фарида Афрўз ўзининг уч қаторли шеърларини “Тасбеҳ”, Амир Худойберди эса учликларини “Митти манзумалар” деб номлаган бўлса, Сирожиддин Рауф уларни “Уч томчи” деб атаган. Тўпламдан жой олган олтмиш битта учликда ҳаёт фалсафаси, ижтимоий адолатсизлик, инсон феълидаги нуқсонлар, қалб эврилишлари хусусида фикр юритилган.

 

Кўзлаб фақат майда-чуйдани

кўз очолмас

кўзи оч миллат. (121-б.)

 

Майда нарсаларга ўралашиб қолган одам юксакликни эсдан чиқаради ва ўзининг шундай ҳаёт тарзига кўникиб яшайди. Унинг ўзи ҳам орзуларига ўхшаб майдалашиб бораверади. Тирик, лекин яшамаётганлар камми орамизда бугун?.. Мақсади бўйидан паст одамнинг кўзлаган манзили шоҳона ҳаётдан бўлак нима?.. Аслида кўз эмас, кўнгил оч бўлса, миллат ва мамлакат тараққий этади, инсон қадри ва шаъни муносиб баҳосини олади.

Тўртликлар (124-159-б.) мавзу жиҳатдан турлича бўлса-да, уларни туташтириб турувчи бир восита бор. Илоҳий калом, ҳадис, кўҳна Шарқ мумтоз адабиётидан озиқланган битикларда ҳаётдаги камчилик, нуқсонлар, инсонлик шаънига номуносиб хатти-ҳаракатлар кескин қораланган. Шоирнинг “Олами кубро…”, “Обдан ўргатилган”, “Ҳусну малоҳатинг…”, “Ҳар кеча жамолинг…”, “Гарчи неъматларинг…”, “Жумлаи жаҳонни яратган…”, “Амрингдан ташқари келмадим…” ва яна ўнлаб тўртликлари илоҳий-ирфоний ғоялар, ислом фалсафасига қарашлар билан тўйинган. Бу эса шоир ижодида яна бир йўналиш шаклланаётганлигидан дарак беради.

“Бардошим тугади, тугамас бу йўл…”, “Энди ортиқ инонмоқ қийин…”. Ҳар бир банди беш қатордан иборат шеърларнинг қофияланиши ўзига хос. Ҳар бир банднинг биринчи сатри шу банд охирида такрор қўлланган. 2-, 3-, 4-бандлар биринчи банддаги 2-, 3-, 4-сатрлар билан бошланган. Бу эса уларнинг равонлиги, мусиқийлигини таъминлаб, ўзига хос ички ритм ҳосил қилган.

“Фуқаро” — фақир сўзининг кўплик шакли. Гоҳида сарафроз, гоҳида дилтанг олдинга интилаётган лирик “мен” атрофидаги кишиларга, воқеаларга бўлган муносабатини очиқ айтади. Уларни ҳаёт мазмунини чуқурроқ ва тўғри англашга, ноёб неъмат бўлган тирикликни қадрлашга чақиради, турмушнинг икир-чикирларидан ташқарига чиқиб, манфаат кишанларини узиб ташлашга, фикрий теранлик ва руҳан юксакликка чорлайди:

 

Арзимас умрга бунча дабдаба,

Жонбахш базмлардан недир муддао?

Кўзларни кўр қилар мансаб, мартаба,

Мен бир фуқаро…

(“Фуқаро”, 48-б.)

“Арзимас умрга бунча дабдаба” — арзирли умр кечириш учун инсон ўз-ўзидан рози бўладиган даражада ҳалол, ортига қараганда кўнгли ёришадиган хотираларга бой умр кечириши керак. Базму жамшидлар, мансабу мартабалар аслида синов ё имконият. Амал курсисига ўтирган одамнинг имкониятлари бошқаларга нисбатан катта, қолаверса, у қўл остидагилар учун масъул. Жамоани қайси томонга бошлаш, қандай муҳит яратиш, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, аҳилликни таъминлаш унинг зиммасида. Ҳар бир амалдор ўзидан из қолдиради, ана шу изнинг қандай бўлиши, аввало, унинг ўзига боғлиқ.

“…недир муддао?”. Ҳар қандай саволнинг жавоби унинг остида яширин, жавобни ташқаридан излаш шарт эмас. Негаки, савол берувчи айни ўша муаммо тўғрисида бошқалардан кўра кўпроқ ўйлаганлиги учун ҳам бу савол туғилган. Жавоб саволнинг ўзида бўлади ҳар доим. Инсон табиати шундай, ўзини тасдиқлашларини хоҳлайди ва бу унга куч, илҳом беради. Қолаверса, ҳар қандай савол уни бераётган одамнинг феълу сажиясини, дунёқараши ва тафаккур тарзини кўрсатади. Савол унинг эгаси тўғрисидаги мухтасар тавсифнома. Айни шу саволлар орқали муаллиф “мен”и ўзини яққол кўрсатган. Кўрамизки, лирик “мен” софдил, адолатгўй, сохтакорликдан йироқ, оламнинг ўткинчилигини, умрнинг қадр-қимматини ва маъносини пухта билади. Яхши шеър нафақат инсонга завқ беради, уни ўйлашга мажбур қила олади ҳам. Шу йўл билан ўқувчиси қалбида эзгуликка муҳаббат, ҳақиқатга ишонч уйғотади.

 

Хамирдай кўпчиган амалларимиз,

Қисмат битигига бергайми оро?

Оқибат, тупроқмиз — фақир баримиз…

Бизлар фуқаро!

 

“Хамирдай кўпчиган амалларимиз” — ўз-ўзидан қониқиш ҳисси инсонга янги руҳ, янги қувват беради. Амалларимиз — бу бизнинг ўзимиз, унда бизнинг шахсиятимиз ярқ этиб туради. Бизнинг амалларимизни ҳеч ким ўзгартира олмайди, фақат ўзимизгина хатоларни англаб таҳрир қилишимиз мумкин. Ҳар бир одам ўзининг ҳар бир хатти-ҳаракати учун жавобгар. Олам қайтариқдан иборат ва у акс-садога ўхшайди. Ҳатто қуёш нурлари ҳам ерга урилгач, ортига қайтади. Кўкдан тушган сув томчиси оламни бир айланиб, яна осмону фалакка йўл олади. Оламнинг тарҳи шундай чизилган.

“Қисмат битигига бергайми оро?” — шеър, биз истаймизми, йўқми, барибир чақириқ. Хоҳ у қувноқ, хоҳ мунгли-қайғули, қайси мавзуда бўлишидан қатъи назар, китобхонни жунбишга сола олса, ҳисларини оловлантирса, маълум бир фикр уйғотади. Фикр эса ҳамма нарсанинг дебочаси, жаҳон урушларидан тортиб оилавий можароларгача, миллатлараро низолардан тортиб фуқаролар урушларигача, дўстликдан хиёнатгача — барча-барчаси фикрнинг натижаси.

“Оқибат, тупроқмиз — фақир баримиз…” — туғилиш ўлим сари бошланган сафар. Ҳаёт эса ўлимга тараддуд, тадорик. Оқибат олдиндан аён, биз барчамиз фақирмиз, муҳтожмиз, қашшоқмиз Унинг олдида. Кимнинг қай даражада муҳтожлиги ҳам фақат ўзига маълум. Қисмат битигини ҳар ким ўз қўли билан битади, номаи аъмолини ҳам. Аллоҳнинг буюклиги шундаки, у биз ҳали туғилмасимизданоқ қайси йўлни танлашимизни, залолат ва ҳидоятдан қай бирига юз буришимизни билади, ҳар бир нафасимиз, нигоҳимиз, ниятимиз ундан пинҳон эмас.

Сир эмас, шеърни қандай қабул қилиш, қандай тушуниш мутлақо индивидуал ҳодиса. Бу ўқувчининг дунёқарашига, руҳиятига, ёшига ҳам боғлиқ бўлган мураккаб жараён. Яхши асар ўз ўқувчисини ўзи қидириб топади, негаки, шеър — руҳий эҳтиёж, маънавий нажот ва дарддош. Китобхон ўз қалбини кўрган шеърнигина қабул қилади, хотирасида сақлаб қолади ва бундай шеърлар унинг бутун ҳаёти давомида ҳамроҳига айланади. “Мен бир фуқаро!” тўпламида шундай шеърлар борки, улар ўқиб-ёдланадиган эмас, ёдда қоладиган шеърлар. Улар инсоннинг ўзи гувоҳ бўлган, бошидан кечирган воқеликка, қалбининг туб-тубида яшириниб ётган оғриқ, ғусса, изтиробларга ўхшайди. Айни таҳлилга тортилган шеър ҳам худди шундай.

Афсус, даъватимнинг тўзғир патлари,

Танишу нотаниш қилар иддао,

Эй, кибр элининг азаматлари,

Менман фуқаро!

 

Даъват эркин қушдек иштиёқ ва умид билан кўкка қанотланган эди, бироқ эндиликда унинг парвоз завқини туйган патлари тўзғиган. Унга кимдир озор берган, қарши чиққан, тош отган, йўлига тўсиқ бўлганлиги учун норози бу қуш. Қарши турганларнинг мақсад-муддаолари нима? Тийиқсиз ҳою ҳавас, дунёвий ҳашаматга ўчлик, боши-охири кўринмайдиган орзумандлик эмасми?!

“Эй, кибр элининг азаматлари” — истеҳзо билан таъкидланган бу мурожаат замирида катта айбнома бор. Дастлабки беш банд “Мен бир фуқаро…”, 6-банд “Бизмиз фуқаро!” ва ниҳоят сўнгги банд “Менман фуқаро!” тарзида якунланган. Ҳар бир таъкиднинг ўзига хос сабаби бор, бу ҳатто тиниш белгиларида ҳам кўриниб турибди. Шеърда фикр баёни шоир руҳига мос изчил ўсиб борган, инсон умрининг манзаралари, турфа ранглари қоғозга кўчар экан, кеча ва бугун тўқнашган. Хотиралари бугун билан юзлашиб, келажакка хавотир ва шунинг баробарида ўзига ишонч, қатъият билан боқиб турган лирик қаҳрамон кўз олдингизда гавдаланади. Бу қаҳрамон исёнкор, қўрқмас, ҳақиқатпараст, иймони солиҳ курашчи, у сизнинг ёнингизда турибди. Чин шоирлик шу эмасми?!..

“Бахт” шеърида икки қутб қаршилантирилган. Бахтни ҳар ким ҳар хил тушунганидек, шоирликни ҳам ҳамма бир хил тасаввур қилмайди. Бу ҳам табиий ҳол. Бунга яқин ўтмишимиз — собиқ тоталитар тузум давридаги ижодкорлар ҳаёт йўли гувоҳлик беради. Ҳассос шоир Абдулла Ориф: “Машраб осилганда қаёқда эдинг, Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?” — деб бежиз сўроққа тутмаган оломонни. Осуда ҳаётни, тинчликни ёниб куйлаган шоири замон эндиликда сочининг қоралигидан фахрланади. Унвон олишда Уйғундан ортда қолмаганлигидан мақтанади. Иккинчиси ҳам “бахтли”, у: “Менга берилмади, дейди, минг шукур, Миркарим Осимга берилган ўн йил!”

Шоир ўз давридан, бошқалардан бир қадам олдинда юради, ҳақиқат ва адолат учун тикка туриб курашади. Ўз эътиқоди йўлида жонини ҳам аямайди, зарур бўлса жонидан ҳам воз кечади. Машраб, Насимийдан тортиб Қодирий, Фитрат, Чўлпонгача юзлаб шоирларни халқ нега унутмайди, асарлари қўлма-қўл. Унутмаслик керакки, шоирнинг ёзганлари унинг шахсидан юқорига кўтарила олмайди, худди физикада сув ўз сатҳини тенглаштиргунча оқади, деб тушунтирилганидек. Буюк ижодкорлар буюк шахс эгаларидир. Чин шоир ярим заминий, ярим самовий, кўкнинг хабарини ерга келтиргувчи элчи. Элчиликнинг бош шарти эса рост ва чиройли сўзламоқ, ортиқча сўзамолликдан тийилмоқдир. Шеърда ана шу ҳақиқат киноя орқали айтилган.

Тўпламга киритилган шеърлар шакл ва мавзу жиҳатидан ранг-баранг.

Бўға бошлар / 4

Ҳасратли ўйлар, /5

Кенг хонамга / 4

Сиғмайман сенсиз. / 5

Овутолмай / 4

Бўлади ҳалак / 5

Ийиб турган / 4

Булут ва кўча. /5

То тонггача / 4

Бораман тойиб. / 5

Кўз ёшимга / 4

Чўкади ёмғир. / 5 (36-б.)

Руҳий кайфият ва ҳолат ифодаланган бу шеърда бўғинлар миқдори 4/5 тарзида, қофияга эга эмас, оқ шеър.

“Кўзлар уммонида…”, “Таъқиб этаверар…”, “Ҳали тонг отмади…”, “Кечиккан муҳаббат”, “Ҳувиллаган юрак”, “Хайр, кўришгунча” сингари ўнлаб шеърлари сонет шаклида бўлса-да, муаллиф уларни алоҳида номламаган. Бизнингча, айни шундай шеърлар бир туркум шаклида берилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Сирожиддин Рауфнинг шеър ва шоирлик ҳақидаги адабий-эстетик қарашларини умумлаштирсак, ушбу шартли даражаланишни кўриш мумкин: ИНСОН, ИЙМОН, ВАТАН, ҲАЛОЛЛИК, САМИМИЯТ, ЭЪТИҚОД, АДОЛАТ. “Мен бир фуқаро” ана шундай умуминсоний тушунча ва қадриятлар учун курашга, жонфидоликка бағишланган. Аллоҳ ўзини соғиниб яратган ҳар бир чин инсон бу кураш, бу муҳорабага кириши шарт.

Шоирнинг “Истиқбол йўли…”, “Шаҳрисабз қўшиғи”, “Кўк гумбаз”, “Амир Темур”, “Божхоначилар қўшиғи” каби шеърларида она-юртни, унинг ватанпарвар ўғлонларини, ўтмишини ва бугунини, истиқлолни улуғлаб ва истиқболини соғиниб, ўз халқи ва жонажон Ватани билан чексиз фахрланган. Бу шеърлардаги миллатга муҳаббат туйғуси китобхонни бефарқ қолдирмайди, мозий ва бугун ҳақида яна бир карра жиддий ўйлашга ундайди.

Сирожиддин Рауф шеъриятида Инсон ва Ватан турфа шаклларда бўй кўрсатади. Бу муқаддас тушунчаларнинг сийрати эса шеърсеварларнинг беором юракларида ҳали уруғдайин ниш уришига ишончимиз комил.

Дамин ТЎРАЕВ,

филология фанлари доктори,

профессор.

Илҳом ҒАНИЕВ,

филология фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × five =