Табиатга муштарак ёзувлар

Насрни бадиий адабиётнинг оғир карвон тури дейдилар. Астойдил ўйлаб қарасак, бу гапда мантиқ борлиги ойдинлашади. Чунки шеър оний лаҳзалар мевасидир. Шоир ҳаёт ва табиатдан олган таассуротлари мавжида тўлиқиб, илкис руҳиятидаги “ашёлар”ни қоғозга тўкади. Насрнависнинг меҳнати сал бошқачароқ: у, аввало, теварагида содир бўлган, содир бўлаётган ҳодисаларни обдан кузатади; кейин эса типиклаштиради; ана ундан кейин эса матн тузади; матнни таҳрир қилади. Бинобарин, ўқувчи насрий асарни худди ҳаётда рўй берган воқеалар мажмуаси каби мутолаа қилишга киришади.

Аслини олганда, қаламкашлик йўлини танлаган инсонларнинг кўпчилиги болалик чоғларида бобоси ёки бувисидан эртак эшитиб улғайганлар. Эртакларда турли-туман ҳайвонлар, қушлар, балиқлар гапиртирилган. Шу баробарида хаёлан наср дунёсига кириб қолганимизни билмаганмиз ҳам. Дарвоқе, каминанинг илк бора ўқиган китоби “Калила ва Димна” эди. Ўша китобни кўрсам, ҳозир ҳам беихтиёр ҳаяжонланаман.

Ана энди асл мақсадга ўтсак. Айни даврда китобига сўзбоши битишга чоғланаётганим — Улуғбек Жумаев билан бундан ўн икки йилча муқаддам “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журнали таҳририятида танишганман. Аниғини айтсам, саккиз ой мобайнида бирга ишладик. Унинг мақола ва лавҳалари мазкур журнал қолипларига мос тушмас, маълум маънода эссега ўхшар эди. Кейинчалик билдимки, Улуғбек тузуккина насрнавис экан.

Тасодифни қарангки, “Фермер” журнали таҳририятига ишга кирганидан сўнг унинг насрнавислик ҳунари янада очила бошлади. Ҳеч муболағасиз айтишим мумкинки, у журналимиз қолипларини синдиришда фаол қатнашди. Ҳайвонот ва паррандалар оламига бағишланган ҳикоялари нашримизга ўзгача алпозда жон киритди. Муштарийлар фикр-мулоҳазаларидан хулоса чиқаришимиз мумкинки, шу турдаги ижод намуналарига кўпчилик муштоқ экан. Алалхусус, ҳайвонот дунёси тўғрисида асар ёзган ва ёзаётган адиблар оз; уларнинг исм-шарифларини бармоқ билан санаса бўлади. Масалан, Хоразмда Раҳим Бекниёз деган адиб бўлгувчи эди. Шоир эди. Шоирлиги ўз даврига яраша. Аммо овчилиги, ов ҳақидаги ҳикоялари эътиборга молик. Чунки ҳайвонот дунёсига дахлдор ижод намуналари ғаройиб туюлади-да! Худди шунингдек, Нормурод Норқобилов ҳамда Баҳодир Қобул кабиларнинг ҳайвонот оламига дахлдор ҳикоялари миллий насримиз уфқларини янада кенгайтирмоқда. Улуғбек Жумаевнинг тасвир усуллари юқорида исм-шарифлари қайд қилинган уч адиб усулларидан тамомила фарқ қилади.

Унинг усулларида шоирона нигоҳ устунлик касб этади. Дейлик, “Мафтункор манзиллар” сарлавҳали эссеси қуйидаги сатрлар асносида ибтидо топган: “Узоқдан тикилиб қаралганда, Оқтоғ бобоқуёшнинг заррин нурларини боши узра сочиб турган, ҳарир рўмол ёпинган, бағоят гўзал, қадди-қомати келишган, бенуқсон суқсурдайин келинчакка жуда ўхшаб кетади. Мабодо тоғ тепасидаги баландликдан чор-атрофга синчиклаб назар солгудек бўлсангиз, ярқираган чексиз ва бепоён кенгликларга, туманда оқариб тутаб ётган узун дараларга кўзингиз тушади”.

Насрий асарнинг ҳам, назмий асарнинг ҳам энг асосий унсури илк мисралар ҳисобланади. Ушбу эсседаги илк хатбоши оҳори тўкилмаганлиги туфайли сизни ўзига тортади. Ўқиганингиз сари ўқигингиз келаверади. Хўш, бунинг сабаби нимада? Бунинг сабаби табиатга муштарак ёзувлар ифори, ранг-туси қоғозга борича тўкилганига тақалади. Ёзувларни ўқиган тоғ фарзандлари дилни орзиқтириб юборадиган хотираларни қайтадан “тирилтиради”лар. Тоғ-тошдан мосуво пасттекисликларда улғайган наср шинавандалари эса ўзларига нотаниш туюладиган манзараларни тасаввур ойнасига “михлайди”лар. Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳайратга, завқу шавққа ошино бўладилар. Ана ўша асардаги иккинчи хатбошига кўз ташлайлик: “Очиғини айтганда, табиат бағрида, тоғ шароитида бирор-бир манзилга етиб бориш учун унча-мунча йўлнинг машаққати-ю танобини тортишингизга тўғри келади. Йўлда кета туриб, сиз умрингизда ҳечам кўрмаган ўсимлик ва ҳайвонларнинг антиқа, ноёб турларига дуч келишингиз мумкин. Биз кўзлаб бораётган Оқтов бағрини қадим-қадимдан кўплаб ёввойи қўй ва қўчқорлар, ноёб жониворлар макон тутган. Уларнинг яшаш тарзи сир-синоатга тўла бўлиб, бизни олис сафарга ундаган иштиёқ ҳам ана шу жониворларнинг ҳаёт манзилини ўрганиш, табиатнинг бу туҳфасини асраб-авайлашга эътиборингизни қаратишдир”.

Аслини олганда, тоғу тошлар ҳамда қумликлардаги сирли, сеҳрли турмуш зайли ташқи дунёдан иҳоталангани боис кўпчиликнинг қизиқишини оширади; ўша масканлардаги ёввойилик цивилизация асрида янаям антиқа туюлаверади. Зотан, ёввойи дунёга талпиниш ҳиссиёти бизга қадимги аждодларимиздан меросдир. Чунончи, қон гапиради, деган ибратли ибора ҳам мавжуд. Шуларга асосланган алпозда ҳайвонот ва паррандалар, сувга оид наср айни ҳозирги замонда тобора асқатмоқда. Дарвоқе, жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида бу турдаги насрнавислик юксак қадрланаётгани маълум.

Сўз дунёсига кириб, ҳаётини ёзувга боғлаган инсон, энг аввало, характери асносида бошқалардан ажралиб туради. Характер эса макон ва замон тушунчалари воситасида жабҳа олади. Тасаввур қилиб кўринг: тоғу тошларни, қумликларни китоблар мутолааси асносида ўрганиб чиққан насрнависнинг битиклари табиий чиқармикан? Йўқ, бунга ишониш мушкул. Чунки асар битилаётган маҳалда хотирот ишга тушмаса — бари беҳуда.

Улуғбек Жумаев тоғу тошга яқин Келачи қишлоғида туғилиб-ўсгани сабабли ҳам уни ҳеч иккиланмасдан тоғ фарзанди дейишимиз мумкин. Келачи қишлоғи Навоий вилояти, Хатирчи тумани ҳудудида жойлашган. “Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларининг маълум бир ҳудудларини ўз тасарруфига олган Нурота тизма тоғлари табиати, ўсимлик ва ҳайвонот олами асносида дунёнинг бошқа манзилига сира-сира ўхшамайди”, деб ёзади у. Айтишича, Нурота тоғ тизмалари насрнависнинг уйига ўн уч-ўн тўрт километрча келар экан; “уйимиз олдига чиқсак, тоғлар кўриниб туради” дея сўзига илова қилади.

Улуғбек Жумаев саёҳат қилишни ёқтиради. Касбдошларининг айтишича, ўтган йиллар ичида у ёғи Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Молдавия, Россия, Украина, Австрия, Албания, Андорра, Бельгия, Болгария, Босния ва Герцеговина, Ватикан, Буюк Британия, Венгрия, Шотландия, Уэльс, Шимолий Ирландия, Англия, Германия, Гибралтар, Греция, Дания, Исландия, Испания, Италия, Кипр, Косово, Шимолий Кипр, Латвия, Литва, Лихтенштейн, Люксембург, Мальта, Монако, Нидерландия Қироллиги, Норвегия, Польша, Португалия, Руминия, Сан-Марино, Шимолий Македония, Сербия, Словакия, Словения, Туркия, Ферер ороллари, Финляндия, Франция, Хорватия, Черногория, Чехия, Швейцария, Швеция, Эстония, МЭН ороллари, Югославия, Америка Қўшма Штатлари, Ҳиндистон, Хитой каби давлатларга қадам ранжида қилган, яъни cаёҳатда бўлган.

Дунёда нечта давлат қолди ўзи у бормаган? Қойил! Энг муҳими, у 2022 йил декабрь ойида Америка Қўшма Штатларида ижодий сафарда бўлиб, шу мавзуда қирқдан ортиқ мақолалар ёзиб, матбуотда эълон қилди. Ҳажм жиҳатидан каттаси — “Океан ортидаги орзулар” эссеси. Мазкур эссе “Фермер” журналининг 1-8 сонларида давомли чоп этилиб борди. Ижод намуналари рус, инглиз, турк, қорақалпоқ, уйғур, қозоқ, қирғиз, татар, тожик тилларига ўгирилган. “Менинг феруза осмоним”, “Жаннатмакон гўшалар”, “Хонгул” китобларининг муаллифи.

Муаллиф шер, йўлбарс, қоплон, бўри, тулки, қорақулоқ, шоқол, олқор, хонгули, сайғоқ, кийик, саққоқ қуш, фламинго, товус, бедана, қирғий, лочин, бургут, калхат, чағалай, илон каби ўнлаб жониворлар ҳаёт тарзини кузатиб, ҳикоя ва эсселар ёзган. Ижод намуналарини мутолаа қилар эканмиз, насрнависнинг кузатувчанлик ҳамда воқеаларни майда унсурларигача хотирада сақлаш салоҳиятига қойил қоламиз. Бинобарин, насрининг томирлари ёввойи табиатга боғланган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Образли тарзда айтсак, оловнинг нелигини билиш учун унинг ичига кириш, ёлқин тиллари ҳарорати асносида танани чиниқтириш тақозо этилади. Улуғбек Жумаевнинг гоҳо хавфу хатарга дуч келиб, қизиқишини қондириш асносида сайр этиш амаллари тотли мевалар берган, албатта. Биз китобга кирган ҳикоя ва эсселарни ўқиш баробарида бунга ишонч ҳосил қилиб борамиз.

Шунчаки қўл учида ёзилган ижод намуналарига дуч келмаймиз. Бариси қизиқарли, бариси ғаройиб. Мисол тариқасида митти ҳикоя — “Очкўзан ҳайқириғи” таҳлилига ўтсак. Муаллиф ёзади: “Туянинг ўркачини эслатувчи тўлқинсимон қир-адирларда кўклам нафаси сезилиб қолди. Қуёш ер остидаги турфа майсаларни қулоғидан тортқилаб ташқарига судраб чиқаза бошлади. Тўрғай бир жойда учмасдан қотиб туриб, чинқирганича қўшиқ куйлайди. Сал нарида очкўзан зўр бериб ин қазияпти. Бўй-басти, сумбати худди юмронқозиқни эслатади. У ўзининг қўрқмаслиги, ҳеч нарсадан тап тортмаслиги ҳамда ўткир, аррасимон тишлари асносида довруқ қозонган. Шунданми, ундан кўпгина ҳайвонлар чўчийди. Юрак ютиб унга яқинлашишдан безиллаб турадилар”.

Тасвирларни тасаввур майдонида акс эттирар эканмиз, бу манзараларни муаллиф ўз кўзлари билан кўрганлигига шубҳа қилмаймиз. Матннинг давомини ўқийлик: “Сой ёқасида уларни кузатиб турган думи чиройли тулки “нима фалокат рўй бердийкин?” дегандай қараб қолди. Жони азобда қолган бўри аранг очкўзандан қочиб қутулди. Жуссаси бўридан бир неча баробар кичик бўлган кемирувчи ўз рақибини оппа-осонгина мағлуб этди. Аксарият ҳайвонларни зир титратадиган, жонини оладиган бўри бир шу махлуққа келганда таслим бўлди-қолди. Бунинг сири, асл сабаби фақатгина Яратганнинг ўзигагина аён”.

Муаллиф “бунинг сири” ҳамда “асл сабаби” ибораларини алоҳида урғулаяптики, ушбу таъкидловлар бизни олам ибтидосини чуқурроқ мушоҳада қилишга, яратиқлар ҳақиқатини қисман бўлса-да илғашга чорлайди. Чунки бундан миллион йиллар аввал яшаб, суякларини қолдириб кетган динозаврларнинг давомчиси калтакесаклардир, балки?

Кузатсангиз, ҳар битта махлуқнинг ўзига хос психологияси, яшаш тарзи айрича эканлиги ойдинлашади. Улуғбек Жумаевнинг ушбу китоби мутолааси чоғида ана ўша қирралар аста-секин очила бошлайди. Масалан, “Тракторни кўтарган эчкиэмар” номли ҳикояси сарлавҳасининг ўзиёқ дарҳол эътиборни тортади. Ҳикояда болаларидан айрилган аламзада жонзотнинг фавқулодда жасорати бобида сўз боради: “…Жонузоқ тракторни йўл четида тўхтатиб, кабинадан пастга сакради. Атрофга бироз қараб қолди. Кейин эчки терисидан тайёрланган идишдан шарбат қуйиб симирди. Муздек ичимликдан танаси яйради. Моторни ўт олдириб, тракторни секин ҳайдаб кетди. Икки юз метрча юрган ҳам эдики, шундоққина олдидан чопиб келаётган эчкиэмарга нигоҳи қадалди. Жонивор кела солиб ўзини қудратли техника остига отди. Жонузоқ тракторни зўрға тўхтатиб қолди. Бир маҳал эчкиэмар кутилмаганда пуфакдек шишиб кетса бўладими?! Энг қизиғи, у салкам уч тоннача келадиган “Беларусь”ни маълум вақтгача кўтариб турди. Техника силтаниб, сал бўлмаса, ағдарилишига бир бахя қолди. Кейин маълум бўлдики, эчкиэмар кимлардир ўлдирган болалари аламига чидай олмасдан шундай қалтис ҳаракатни қилган экан. Аслида ғам-алам шундай ҳаддан ошган онларда эчкиэмар ўзини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа уриб аламидан чиқар экан…”

Бу сатрларни ўқиб, фикр юритиб бир тўхтамга кела олиши гумон остида қоладиган эчкиэмарнинг жонини фидо қилишига қойил бўласиз. Жониворларда ҳам фарзандига қайғуриш туйғуси бор экан-да?! Яна “Болам деган тустовуқ” номли ҳикояда жўжалари учун ўлимга тик қараган тустовуқ тасвирлари ҳам ўта таъсирчан чиққан.

Аксарият машҳур файласуф ва шоирларнинг фикрига қараганда, оламнинг сир-асрорига ақл бовар қилмас экан. Бу — илми ғайб, яъни парда орқасидаги фан. Фақатгина айрим хатти-ҳаракатларни кузатиш асносида нималарнидир тусмоллаш мумкин. Шуларни идрокдан ўтказиб, одамзодга ёндош дунё — ҳайвонот ҳамда қушлар дунёси ғаройиблигидан ҳайратланасиз. Ана ўша йўлда Улуғбек Жумаевнинг “Мафтункор ва қаҳрли қоплон” номли китоби асқатиб қолиши муқаррар.

Баҳром РЎЗИМУҲАММАД.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 17 =