Жадидий наср ва назм самимияти

(Таниқли шоир Тўлқин Эшбек ижодида миллий ўзлик ва маънавий-ахлоқий таҳлил)

Тўлқин Эшбек — XXI аср ўзбек адабиётининг энг норғул, қорувли ижодкорларидан бири. Мен ҳам шоир ижоди мухлисларидан бириман. Шоирнинг байтларини шарҳу тафсир қилиб, ўзларига юбориб, таъмини айтиб, маънавий зиёфат қилиб турамиз.

Айниқса, унинг 2024 йилда чоп этилган “Бобурнинг гавҳарлари” китобига профессор Нурбой Жаббор, “Бухорои шариф зиёси” шеърий тўпламига профессор Султонмурод Олим, “Аёл ва Ой” тўпламига истеъдодли шоира Мунаввара Усмонова ёзган сўзбошилари ҳамда таниқли шоир ва мунаққид Оллоёр Бегалиевнинг сўнгсўзларини эътибор билан мутолаа қилган китобхон Тўлқин Эшбекни ўзгача кашф этади.

Яқинда “Dunyo nashr” нашриётида шоир Тўлқин Эшбекнинг “Жадидлар жавҳари” деб номланган достонлар, шеърлар, дил битиклари тўплами лотин ва кирилл алифболарида 3000 нусхада чоп этилди. Тўпламдан “Абдулла Қодирий мангу мактаби” ва “Жадидлар жавҳари” деб номланган иккита достон ва жадид боболарга бағишланган қатор шеърлар ҳамда дил битиклари ўрин олган.

Айтиш жоизки, журналистика ва адабиёт майдонида Тўлқин Эшбекнинг ўзига яраша ўрни бор. Чунки феъли ҳам, шеъри ҳам ўзбекона, самимий, миллатга муҳаббатли. Миллатимиз ҳам у кишига муҳаббатли. Буни яқинда кўрдик. Шоир оғир хасталикдан кейин қайта туғилди. Қанчадан-қанча юртдошларимиз шоирнинг аҳволидан воқиф бўлиб, бевосита бориб, билвосита ижтимоий тармоқлардан, телеграмдан, телефондан билиб, дуо қилиб турди. Кўпнинг дуоси кўл бўлди. Шоир сафимизга қайтди.

Жавҳар — моҳият, мазмун, маъдан, энг қимматбаҳо, бебаҳо нарса, деб ёзилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида. Демак, “Жадидлар жавҳари” жадид боболаримиз, уларнинг ибратли фаолияти ҳақидаги ажойиб асар.

Китоб услуби ноанъанавий. Матни насру назм, ширу шакардан жозибали. Услубини Шайх Саъдийнинг “Гулистон”и, Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон…”ига ўхшатиш мумкин.

“Жадидларнинг инсоний фазилатларини ҳам ўрганиш керак”, деб ёзади шоир. Бу жуда қимматли фикр. Чунки биз жадидларимизнинг ғоялари, асарлари мазмуни билан танишмиз. Кўп ғоя, фикрларини биламиз ҳам. Лекин “Бу ғоя, асарларни ёзган инсоннинг исми-шарифи, туғилган, маҳв бўлган жойи, вақтини, фожиасини биламиз. Лекин жадид боболаримизнинг характери, фазилатлари қандай эди?” деган саволни кўпинча ўйлаб кўрмаганмиз. Ваҳоланки, жадид бўлиш учун фақат зиёли, зўр адиб, шоир, маърифатпарвар бўлиш камлик қилади. Зиёлида кучли пешволик, журъат, жадид характери бўлиши зарур.

Ана шу кучли характер ижодкорни руҳан безовта Шахсга айлантиради. Характер эса фазилатлардан тузилади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитратни ана шу жадидона характер тиндирмади. Ухлатмади. Охири уларнинг исми шарифларини мангулик китобига ёзди. У даврларда ҳам улар каби ижодкорлар кам эмас эди. Лекин кўпинча ижодкорлар шеъру достон, китобларини чоп қилиб, тинч, ҳаловатда яшадилар. Шунинг учун шоир, ёзувчи кўп, жадидлар кам…

Тўлқин Эшбек жадидликнинг жавҳарини анча узоқ тарихий масофадан топган. Чунки биз қачон юксалган бўлсак, бу юксалиш янгиланишдан бошланган. Бунга Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари тарихий далолат. Шу қонуниятни кашф қилиб, унинг риоясида турибди. Бу ҳақда у шундай дейди: “Бир қизиқ маълумот: узоқ асрлар мобайнида жадид сўзини кўплаб улуғ аждодларимиз ҳам қўллаган экан. Яъни, турли даврларда янгилик яратувчи — жадидлар яшаб ўтганлари тарихий манбаларда мавжуд. Улардан бири — буюк шоҳ ва аллома Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек бўлганини унинг машҳур асари — “Зижи жадиди Кўрагоний” номидан ҳам кўриш мумкин”. Ҳа, китоб номидаги “жадиди” сўзи бунга ҳужжат. Шунинг учун шоир Тўлқин Эшбек илҳоми Мирзо Улуғбекни ҳам “жадид бобомиз” мақомига кўтарибди. Чунки шоирнинг мана бу сатрларидаги суюнчи бизни ҳам суюнтирди:

 

Самарқандда илк дорулфунун

Тузган эди жадид бобомиз.

Бу шаҳарга яқин келганди

Шу пайтгача олис самомиз.

 

Ўқувчининг тасаввурида Мирзо Улуғбек обсерваторияни қуриб, устига чиққандек, само эса, унга “Мени ўрганинг”, деб тўшини тутгандек бўлади. Нақадар муҳташам манзара…

Китобда Тўлқин Эшбек китобхонни жадид боболаримиз ҳаёти, ижоду қисмати билан таништиради. Ҳар бир жадид ҳақида насрий маълумотда ҳам муаллифнинг муносабатини сезиб турасиз. Маълумотда анъанавий ва янги илмий, тарихий фактлар бор.

Асарнинг Абдулла Қодирий бобида шоир бу ҳақда “Биз ҳам фаол жадидчи адиб Абдулла Қодирийнинг ибратли жиҳатларини шеърий сатрлар орқали баён этишга жазм қилар эканмиз, аввало, ана шундай ишончли манбалардан илҳом олдик”, дейди. Айни вақтда ҳар бир жадид ҳақида шоирнинг ўз мушоҳадалари ҳам бор. Уларни ўқиб, жадидларнинг фазилатларини кўрасиз. Улар яшаган муҳитда яшаб кўрасиз. Улар ҳаётининг кичик деталларини Тўлқин Эшбекнинг қалами катта бир воқеага, драмага айлантирганини кўрасиз. Шу воқеаларнинг иштирокчиси бўласиз. Шоирнинг завқи, дарду армонларига шерик бўласиз.

Китобда шоирнинг миллатпарварлик позицияси сезилиб туради. “Адиб Абдулла Қодирийнинг 21 ёшида ёзган “Аҳволимиз” сарлавҳали шеърини такрор-батакрор ўқир эканман, аввало кўз ўнгимда ўша давр манзаралари намоён бўлаверади. Ўйлаб кўрсам, бу шеърда баён этилган баъзи фикрлар ҳануз ўз қадрини йўқотмабди…”, дейди у. Бугунги даврда ҳам бизнинг тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган исрофгарчилик ва бошқа иллатларни танқид қилади:

 

Китоб, газит тутган қўлни кўрмадим,

Салом бериб, бирор алик ўрмадим.

Кўриниши ўзбек, қилиғи тарсо,

Наҳотки қолмади илмли порсо?

Ахлат идишларда кўряпман нонни,

Адаштирдимми ё Ўзбекистонни?..

 

Китобда Тўлқин Эшбекнинг аруздаги ижод намуналари ўқувчига ҳузур бахш этади. Жадид шоир Фурқатнинг “Фиғонким, гардиши даврон…” деб бошланувчи ғазалидан илҳом олиб ёзилган сатрлар мароқ билан ўқилади. Бу йўналишнинг давомини Чўлпоннинг:

Ман суйган суюклик шунчалар гўзал,

Ойдан-да гўзалдур, кундан-да гўзал, —

деган шеърига ёзилган манзумада кўрамиз. Бу шеърда адибнинг ватанпарварлик позициясини, даъваткор ғайратини туямиз:

 

Дўстларим сўрайдир, кимдир севгоним?

Таърифин келтирган боғу бўстоним?!

Эй сиз, кўп шубҳагар азиз дўстоним,

Ахир бу онамиз — Ўзбекистоним,

Ҳар маҳал дегайман: “Бунчалар гўзал!

Ойдан-да гўзалдур, кундан-да гўзал!”

 

Тарих фанлари номзоди, доцент, фахрий журналист Собир Қурбонов китобга сўнгсўз ўрнида ёзган “Жадидлар мероси — барҳаёт маёқ” сарлавҳали мақоласида таъкидлаганидек, “Тўлқин Эшбек бу китоби орқали замон билан ҳамнафас яшаб, ижод қилувчи қаламкаш эканлигини яна бир бор намойиш этди. Бу унинг мамлакатимизда олиб борилаётган мисли кўрилмаган туб ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватлаётганидан далолатдир”.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Тўлқин Эшбек ижодида маърифий шеърият йўсини устуворлик қилади. Мана шу халқчил, содда, айни вақтда теран фалсафага, миллатпарварликка йўғрилган жавҳардан биз шоир асарларини тез таниб оламиз. Ёдлаш ҳам осон. Мана шу бадиий, адабий, ижодий ўзлик шоирни “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг республикамизда машҳур ва тренддаги нотиқларидан бирига айлантирган бўлса, не ажаб! Бир неча сафдош тарғиботчиларимиз, жумладан, камина ҳам шоир асарларидан намуналарни ёд олиб, маърузаларда айтиб, олқиш олиб юрибмиз. “Жадидлар жавҳари” китобидаги мана бу қуйма фикрларга қаранг:

 

Жадидий назм ва азм ихтиёр эт,

Озод туғилғансен, озод бўлиб кет.

* * *

Оз умрни илм соз қилур…

* * *

Жадид боболар иши,

Тўхтамаган, аслида.

Ҳамон давом этмоқда,

Истиқлолнинг наслида!

* * *

Дўстлар, Янги Ўзбекистон бу –

Миллион-миллион жадид дегани!

 

Хуллас, “Жадидлар жавҳари” тўпламидан ўрин олган достонлар ва ажиб шеърларни ўқиган китобхонда ота-боболаримизда бўлган, бугун ҳар биримизда бор, лекин уйқусираётган бир миллий туйғу, инстинкт уйғонади. Китобдаги ҳамма фикрларни жамлаб, бир ҳайқириб турган байтга жамлаш мумкин. Ана шунда иқтидорли шоир Тўлқин Эшбекнинг бир фиғонини эшитамиз. Сатрлар орасидан самимий жилмайган шоирнинг камтарин, меҳрли, қадрдон чеҳраси акс этиб тургандек ажиб таассурот қолдиради.

Мана ўша жўшқин туйғулар ифодаси:

 

Азиз замондошим, кўзни катта оч,

Номингга яраша асл ўзбек бўл!

 

Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,

педагогика фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two − 2 =