Офтобга интилиб яшанг

ёки инсонийликка муҳаббат, адолатга садоқат ҳақида китоб
У илк болалик чоғларидаёқ ажиб бир мўъжизани, сеҳрли оламни, содиқ дўстни ва тенгсиз хазинани китоб деб билди. Сўрасангиз, ўтган асрнинг 40-йиллари охири ва 50-йилларида чоп этилган ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари унинг кўнгил мулкидан қандай жой олганини мароқ билан сўзлайди. Абдулла Қаҳҳорнинг “Қўшчинор чироқлари”, Ойбекнинг “Олтин водийдан шабадалар”, Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романлари, Жанни Родари, Лев Толстой, Теодор Драйзер каби жаҳон адабиёти классикларининг асарлари…
— Тенгқурларим билан талашиб-тортишиб, худди мусобақа бойлашгандай китоб ўқишга шўнғиганмиз, – деди у. — Эсимда, кечалари шам ёруғида китобга мук тушардим. “Бўлди, ярим тун бўлди, ухла, шамни ўчир!” – деган даъватдан сўнг секин сирғалиб ташқарига чиқиб кетардим. Маъқул жой топиб олиб, ойнинг ёрқин шуъласида китоб ўқирдим. Тонг оқарганини ҳам билмай қолардим.
Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Шукуржон Маматқуловнинг Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Таҳририй нашриёт”ида чоп этилган “Ҳаёт йўллари ва ўйлари” китобининг ёзилиш тарихи ана шундай.
Шукуржон ака суҳбатларда “Китоб – офтоб, офтобга интилиб яшайлик” деб кўпчиликка далда бўлганида, нафақат кўкдаги қуёшни, ёруғликни, яхшиликни назарда тутади, у айнан китобни ҳам нурга қиёслаётганини илғаймиз.
Икки мингдан зиёд талаба таҳсил олаётган Олтинкўл иқтисодиёт коллежида ижодий муҳит ҳам яратди. Йигит-қизлар орасидан истеъдодларни топди.
“Журналистдан чиққан ҳоким” дея ҳамкасблари орасида ном олган қадрдони Назиржон Саидовнинг (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) тавсияси билан шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Замира Рўзиевани коллежга “Маънавият асослари” фанидан муаллима қилиб ишга олдилар. Замира Рўзиева домлани иқтисодчи олим, ташкилотчи раҳбар, деб билар эди. Лекин у киши адабиёт, тарих, руҳият оламларининг ҳам билимдони экан. Ўзи ҳам шеърлар битар, лекин буни пинҳон тутарди.
Қадр қилдим,
кўрмай қадр қадрдонлардан,
Қадр кўрдим,
ҳеч кутмаган бегоналардан.
Ушбу халқона мисралар Шукуржон аканинг қаламига мансуб.
Бундан йигирма йил аввал фалсафий мулоҳазалар билан ҳаётий ҳақиқатлар уйғунлаштириб ёзилган асарни чоп этишни ният қилганди.
Гарчи у иқтисодчи олим бўлса-да, қай бир ёзувчи ҳақида гап кетса, унинг асарларини тилга олади. Шоирни эсласак, шеърларига таъриф беради. Коллежда адабий тўгарак ташкил қилди. Ҳаваскор қизлару йигитлар шеър, ҳикоя кўтариб келадиган бўлишди. Домла радиоузел ташкил қилиб, коллеждаги ўқув хоналарига радиорепродуктор ўрнатиб берди. Ҳар куни маълум вақтда сўнгги янгиликлар, талабаларнинг ижод намуналари янграйдиган бўлди.
Бир куни шундай хушхабар янгради: “Домла Тошкентга бориб, Ўзбек Миллий драма театри санъаткорларини учрашувга таклиф қилиб келибди”.
Дарҳақиқат, кўп ўтмай жамоадагилар ўқув даргоҳи ҳовлисида, залларида, саҳнасида, талабалар даврасида халқ артистлари Зикир Муҳаммаджонов, Яйра Абдуллаева, Рихси Иброҳимова, Турғун Азизов, Толиб Каримов, Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев, Фатҳулла Маъсудов, Ширин Азизова, Мадина Мухторова каби санъаткорларни кўрдилар, сўзларини эшитдилар.
Бу воқеа талабалар ҳаётида, Олтинкўл тумани аҳли ҳаётида ўчмас из қолдирган, деб бемалол айта оламиз. Улар коллежга яна уч марта учрашувга ташриф буюрдилар.
Илм масканида ўтказилган республика илмий-амалий анжуманлари, халқаро конференциялар, уларда қатнашган хориж, жумладан, Европа олимлари, мутахассисларининг ҳайрату ҳаваслари ҳам алоҳида мавзу. Айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад, адабиётшунос олим, академик Наим Каримов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, темурийларга оид кўплаб тарихий романлар муаллифи Муҳаммад Алининг талабалар, ўқитувчилар билан суҳбатлари ҳам бу китобда ёрқин саҳифаларга айланди.
Ҳаёт – оқар сувдек. Аммо эзгу амаллар ўлмайди, эсда қолади. Таълим масканига келган машҳур ижодкорлар, дўстларнинг кўпи бугун тирик эмас, вафот этиб кетишган бўлсалар-да, ушбу даргоҳда меҳнат қилаётган устозлар, таълим олган ёшларнинг ёдида бир умр сақланиб қолди.
Устоз Олтинкўл тумани, Андижон шаҳри ва вилоят Кенгашларининг бир неча чақириқ депутати. Айни пайтда ҳам вилоят Кенгаши депутати, фахрий сенатор сифатида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий жараёнларида фаол иштирок этаётгани ибратли.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, халқаро Бобур мукофоти совриндори, ёзувчи Қамчибек Кенжа китобга ёзган сўзбошисига “Инсонийликка муҳаббат, адолатга садоқат ифодаси” деб сарлавҳа қўйган.
— Инсонийликнинг, адолат ва ҳақиқат тамойилларининг чинакам фидойиси Шукуржон Маматқуловнинг ҳаёт фалсафаси битилган китобини ўқиб чиқинг, – деб ёзади у. — Дунё кўзингизга бошқача кўриниб кетади. Шукуржон аканинг ўзи бир дунё. Китобдаги йўллар ва ўйлар ундан томчилар, холос.
Зеро, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Шукуржон Маматқулов ҳамон сафда, сизу биз билан бирга!
Ғолибжон АБДУЛЛАЕВ,
Зилолахон РАҲМОНОВА,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмасининг
аъзолари.