Долғали давр кечмишлари

Маматқул Ҳазратқуловнинг кетма-кет нашр этилган икки китоби – “Варақсиз дафтар” ва “Қирғоқсиз дарёлар” – ўзбек адабиёти, ўзбек бадиий публицистикаси ҳамда ўзбек мемуарчилиги ривожига қўшилган муносиб ҳисса бўлди, деб ўйлайман. Заҳматкаш адиб, моҳир публицист, таниқли сиёсат ва жамоат арбоби, устозимиз Маматқул акани бу ижодий муваффақияти билан чин дилдан табриклайман.

Айни пайтда, ушбу икки тўпламни юксак китобат санъати талабларига биноан чоп этган “Олтин мерос пресс” нашриёти ҳамда  Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи жамоасини ўқишли янги нашрлари билан табрикласак арзийди.

“Варақсиз дафтар” ва “Қирғоқсиз дарёлар” – шубҳасиз, астойдил ўқиладиган, фикрлашга ва мулоҳазага чорлайдиган ноёб китоблардир.

Ноёблиги нимада?

Аввало, қамровининг кенглигида. Оз эмас-кўп эмас, ярим аср, балки ундан ҳам кўпроқ давр воқеалари қамраб олинганида. Ўтган эпоханинг қуруқ баёни эмас, адабиётдаги, санъатдаги, сиёсатдаги, умуман, ижтимоий  ҳаётдаги жараёнларнинг инсонлар тақдиридаги инъикосида, мароқ билан тасвирланганида.

Яна бир муҳим жиҳати – самимийлигида. “Варақсиз дафтар”да жамланган хотираларни маза қилиб ўқийсиз. Унда ичакузди ҳангомалар, нозик кузатишлар, ибратли ҳикоялар, кутилмаган хулосалар – ҳаммаси бор. Ҳаммаси бир инсоннинг эслашга, ровийлигига муносиб, ажойиб ва ғаройиб кечмишларидир.

Кимлар ўз кечмишлари ҳақида ёзиши ва ёзганлари бошқаларнинг эътиборини тортиши мумкин? Аёнки, долғали даврларда яшаб, унутилмас воқеаларга, улкан тарихий эврилишларга гувоҳ ва бевосита иштирокчи бўлган шахслар. Маматқул аканинг бошидан ўтган воқеаларга, китобларидан жой олган ёдномаларига ҳавасингиз келиши тайин.

Бу икки китоб Ватанимизнинг яқин ўтмишдаги тарихи, адабиёти, санъати,  фалсафаси,  халқимизнинг истиқлолга эришиш ва мустақилликни мустаҳкамлаш йилларидаги ҳаёти, ютуқлари, чеккан изтироблари ҳақидаги бадиий, айни пайтда, ўзига хос  ҳужжатли солномалардир. Тарихни инсонлар яратади. Миллий тараққиётимизга ўз ижоди ва амалий фаолияти билан катта ҳисса қўшган улуғларимиз ҳақидаги ўқишли ҳикоялар жамланган бу тўпламларга.

Ушбу  мажмуалар – кўпни кўрган, иродаси мустаҳкам, эл-юрт ишида қойим, фидойи ва донишманд адибнинг, йирик арбобнинг мозаика шаклида битилган, лекин китобда  яхлит бир бутунлик касб этган ғоят жозибали мемуаридир.

Ўзбекнинг не-не адиблари, олимлари, санъаткорлари, уламолари, яъни, зиёлилари ўз илмий-ижодий ишини четга суриб қўйиб, умрини салтанату сиёсатга – Ватанимизнинг давлат мустақиллигини мустаҳкамлаш ишига бағишлаганини яхши биламиз.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов – чекига ана шундай буюк синовлар тушган, миллий истиқлолимизни елкасида опичлаб катта қилган фидойи  авлоднинг камтарин вакилларидан. Бу авлод истиқлолимизнинг аввалидаги ғоят қалтис давр юкини – миллий давлатчилигимизни тиклаш ва мустаҳкамлашдек улкан масъулиятни ўз зиммасига олди. Хатолардан чўчимади ва эл-юртимизга, келажак авлодларга бебаҳо хазина ҳадя қилди. Ўша хазинанинг номи бой тажриба, тарихий хотира ва истиқлол ишига сидқу садоқатдир.

Маматқул ака китобларининг мутолааси ўқувчини ана шу улкан хазинадан кенг баҳраманд этади.

“Варақсиз дафтар” – миллий мемуарчилигимиздаги шаклан ва мазмунан янги йўналишнинг бошланиши. Муаллиф ижодий меҳнатининг  виждон сарҳисоби. Биламизки, кўпгина арбобларимизнинг хотираларини ўқишнинг ўзи азоб. Солиқ идорасига тақдим этиладиган ҳисоботдан фарқи кам.

Мен Маматқул ака билан узоқ йиллар бирга ишлаш насиб этган қаламкаш сифатида у кишининг янги китобларида дарж этилган воқеа-ҳодисаларнинг кўпларидан хабардорман. Бинобарин, китобга жамланган асарларнинг аксариятини сиёҳи қуримасидан ўқиганман. Муаллиф китобхонга ақл ўргатмайди. Насиҳат қилмайди. Гўё у билан гуфтигў қилиб гурунглашади.

Маматқул ака ҳақида гап кетар экан, у кишини иш одами, баракали,  серҳафсала инсон, дегим келаверади.  Бу фазилатларнинг сири нимада? Масъулиятда, заҳматда! Ўз касбига, Ватанига, халқига, адабиётга меҳрида, садоқатида. Қаерда, қайси ишга қўл урмасин, бор меҳрини бериб, чин ихлос билан меҳнат қилишида.

Адибнинг мутолаасеварларга тақдим этилган янги китоблари ана шундай улкан меҳр, чин ихлос ва катта ҳафсаланинг меваларидир.

“Қирғоқсиз дарёлар”дан жой олган эсселарда ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган атоқли ёзувчилар, машҳур санъаткорлар,  таниқли жамоат ва сиёсат арбобларининг сафи анчагина кенг. Шундай улуғлар қаторидан марҳум Низом Комилов, Асад Дилмуродов, Отаёр Наҳанов каби ғоят камтарин, беҳад камсуқум, чумолидек заҳматкаш адибларга ҳам жой берилганини кўриб, муаллифдан миннатдор бўласиз.

Маматқул ака Ҳазратқуловнинг янги китоблари, бошқа асарлари каби,  қўлма-қўл бўлиб ўқилишига, талай мақолалар ва илмий тадқиқотларга асос бўлишига ишонаман.

Қулман ОЧИЛ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × five =