“Ўзбек журналистикаси антологияси” китобининг илк нусхаси чоп этилди

Ўзбек журналистикаси узоқ ва бой тарихга эга. Бу тарихни тадқиқ этиш, миллий журналистикамизнинг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлиш, ҳар бир даврнинг энг яхши журналистик материалларини келгуси авлодга етказиш муҳим масала.
Тўғри, шу пайтгача медиа соҳага доир кўплаб дарслик ва қўлланмалар, миллий журналистикамиз шаклланиши ва ривожланиш босқичларига оид маълумотлар ўрин олган китоблар нашр этилган. Аммо айни кунга қадар ўзбек журналистикаси антологияси яхлит ҳолатда яратилмаган эди.
Бир неча йил аввал ҳам мазкур ишни амалга ошириш учун ҳаракатлар бўлган, лекин муайян сабабларга кўра, иш ҳар доим якунланмай қолаверарди.
Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган 2022-2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурида “Ўзбек журналистикаси антологияси” китобини нашрга тайёрлаш белгиланган эди. Шу асосда зарур маблағ ажратилди. Натижада тарихий китоб — миллий журналистикамиз антологиясини яратиш имкони туғилди.
Юқорида таъкидланган дастурда қайд этилганидек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси масъуллари ҳамкорлигида ишга киришилди. Дастлаб ушбу муҳим китобни нашрга тайёрлаш масаласи соҳа олимлари, устоз ва тажрибали журналистлар, медиа учун кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирокида кенг муҳокама қилинди, ишчи ва ижодий гуруҳлар шакллантирилди. Маҳаллий ва халқаро тажрибалар ўрганилди.
Ўрганишлар, билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида “Ўзбек журналистикаси антологияси” китобини нашрга тайёрлаш бўйича режа ишлаб чиқилди. Унда белгиланганидек, яратиладиган антология “Қадимги давр журналистикасидан лавҳалар”, “Ўрта асрлар адабиёти — миллий журналистика шаклланиши ва такомилининг асоси”, “Жадидлар ва Иккинчи жаҳон урушигача бўлган давр”, “Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши даври журналистикаси”, “Турғунлик даври журналистикаси: мураккаб сиёсий жараён ва матбуотдаги эврилишлар”, “Қайта қуриш ва ошкоралик даври”, “Мустақиллик даври ўзбек матбуоти”, “Мустақиллик йиллари телевидениеси ва радиоси”, “Мустақиллик даври интернет журналистикаси” даврларини ўз ичига олиши керак, деган тўхтамга келинди. Ҳар бир даврга оид материалларни тайёрловчи ишчи гуруҳ аъзолари ва раҳбарлари тайинланди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу китоб жилдларини нашрга тайёрлаш осон кечмади. Иш жараёнида архив ва кутубхона фондларида сақланаётган тарихий ҳужжат ва газеталардан фотонусхалар, турли даврларда чоп этилган энг сара публицистик мақолалар, очерк ва фельетонлардан намуна ва парчалар олишга тўғри келди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси масъуллари бу борада ёрдамини аямади.
Узоқ вақт изланиш ва ҳамкорликда қилинган меҳнат натижасида 2 жилдли “Ўзбек журналистикаси антологияси” китоби нашрга тайёрланди. Мазкур антологияга миллий журналистикамиз шаклланиш босқичларига доир энг муҳим маълумотларни киритишга ҳаракат қилинди. Илк нусхаси чоп этилган ушбу китобнинг ҳар бир жилди яқин вақт ичида “Ўзбекистон” нашриёти томонидан минг нусхадан нашр этилади.
Антологияда камчилик ва ноаниқликлар, соҳада ўз ўрнига эга ёки миллий журналистикамиз ривожига катта ҳисса қўшган баъзи устозлар китобга кирмай қолган бўлиши мумкин. Уюшма бу борадаги ишни давом эттириб, мазкур китобнинг 3 ва 4 жилдларини ҳам нашр этишни мақсад қилган. Демак, ўша камчиликлар ўрнини тўлдириш, миллий журналистикамиз ва унинг чин фидойилари ва устозлари ҳақида тўлиқ маълумот берадиган бир неча жилдли китоб дунёга келади.
Миллий журналистикамизнинг ривожланиш босқичлари билан боғлиқ муҳим ва қимматли маълумотлар жамланган “Ўзбек журналистикаси антологияси” юртимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижодкорлар, тадқиқотчилар, журналист кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари ўқитувчи-талабалари учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади, деган умиддамиз.
Холмурод САЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси раиси
вазифасини бажарувчиси
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2025 йил 15 март,
53-сонидан олинди.