Матбуот ва сунъий интеллект
Ақлли алгоритмлар ва ҳақиқий журналистика: келажак хусусида ўйлар
Кечаги ҳафта дунёда илк бор тўлиқ сунъий интеллект (сунъий интеллект ёки нейротармоқ) кўмагида Италиянинг “Il Foglio” газетаси яратилгани тўғрисида хабар тарқалди.
Нашр муҳаррири Клаудио Cераса мазкур амалиёт сунъий интеллект технологиясининг “иш сифати ва вақтга” таъсирини аниқлаш мақсадида ўтказилган бир ойлик синов натижаси эканини таъкидлади.
Сотувга чиқарилган тўрт саҳифалик босма нашрнинг электрон шакли ҳам мавжуд.
Газетанинг мавзулари хилма-хил: мақола ва янгиликлар, шарҳ ва иқтибослар, хулоса ва ҳатто киноя ҳам бор. Журналистлар сунъий идрокка вазифа тарзида савол бериб, жавобини саҳифага жойлаштиришган, холос, дейилади матбуот хабарида.
Мазкур тажриба бутун дунё бўйлаб ОАВ сунъий интеллектдан қандай фойдаланиш кераклиги хусусида баҳс кетаётган бир пайтда қўлланилгани ҳам қизиқарли, ҳам ташвишли…
“Хўш, бундан буён том маънодаги босма шаклдаги газеталарнинг тақдири нима бўлади?”, “Бундай супертехнология кундалик газета келажагига қандай таъсир кўрсатади?” қабилидаги саволлар нафақат ижод аҳлини, балки оддий муштарийларни ҳам чинакам ўйга толдириши табиий.
Бу каби технологияларнинг ҳаддан зиёд тез суръатларда ривожланаётгани, қолаверса, “ҳар балога ақли етадиган”, барча саволларга бекамикўст жавоб бера оладиган бу ҳозиржавоб ёрдамчининг сарҳадсиз ва тезкор салоҳиятидан ҳайратда қолмай илож йўқ. Бироқ ўрганишларимиз давомида сунъий интеллектнинг ҳали кўп жабҳаларда инсон имкониятларидан ошиб кетмаётгани билиниб қолди. Аммо айрим соҳаларда инсон онгидан оз-моз ўзиб кетгани ҳам бор гап.
Ёши улуғлар хотирлашлари керак: ўз вақтида радио яралганида одамлар энди газета ва китоб ўқимай қўйишади, телевизор пайдо бўлганида эса радиога эҳтиёж қолмайди, ҳатто театр ва кинонинг даври ўтди, дегувчилар топилганди. Интернет оммалаша борган сари анъанавий ОАВларнинг ҳоли не кечади, деган хавотир уйғонганини эсласак, ўринли бўлади. Мана энди “сунъий тафаккур” дея аталмиш деярли чексиз имкониятларга эга “алламбало ихтиро” бирин-кетин ҳаммасидан ўтиб тушмоқда, десак, муболаға бўлмайди.
Хўш, онг ва ҳис-туйғудан бебаҳра бўлган сунъий интеллект деганлари нима ўзи? Ўрганишларимизга асосланиб, шартли равишда сунъий интеллектларни уч гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчиси, башорат қилувчи, яъни воқеаларни олдиндан айтиб берувчи, иккинчиси, тасвир, матн, мусиқа сингари аудиовизуал медиа-контент ярата оладиган кучли модель. Сўнгги усул — инсон танлови учун муқобил ва оптимал қарорлар ишлаб чиқиш қобилияти. Масалан, ҳозирнинг ўзида баъзи хорижий банкларда кредитлар бериш бўйича қарорларни сунъий интеллект бера бошлаган.
Замонавий журналистикада нейротармоқнинг иккинчи тури, яъни матн яратишга қодирлиги, айниқса, талабгир. Шунингдек, у ўқитувчи ва талабалар, ҳуқуқшунос ва шифокорлар, таржимон ва тилшунослар, дастурчи ва бошқа кўплаб соҳа вакилларига ёрдам бераётгани ҳам ажойиб ишларидан дарак.
Сунъий интеллект қалам аҳли учун кучли восита бўлиши баробарида бошқа касб мутахассисларининг ўрнини эгаллаб олади, деган гаплар ҳам урчимоқда. Шу боис сунъий интеллектнинг журналистика ва ОАВга таъсирини, яъни ижобий ва салбий жиҳатларини ўрганиш зарурати эндиликда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тан олиш керак, нейротармоқ тезкор равишда хабар тайёрлаб, маълумотларни таҳлил ва таҳрир қилишга қодирлиги натижасида ишнинг самарадорлиги ошмоқда, обуначиларга хабарни қулай усулда тез ва сифатли етказиб бериш имкони яратилмоқда.
Кузатувларимиз нуфузли дунё нашрлари ундан унумли фойдаланаётганини кўрсатмоқда. Хабар тайёрлашдан ташқари медиа стратегиясини яратиш, журналист суриштируви ўтказиш сингари вазифаларни бажараётгани маълум бўлди.
Нуфузли “The New York Times”, “The Guardian” нашрлари ва “BBC” компанияси катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш ва интерактив визуал контент тайёрлашда айнан сунъий интеллект имкониятини истифода қилмоқда.
Агар “The New York Times” визуал материалларни яратиш ва архивлаш учун сунъий интеллектни қўлласа, “Reuters”, “Bloomberg” ва “Associated Press” агентликлари молиявий ҳисоботлар ва спорт янгиликларини тайёрлаш учун чат-ботларни ишга туширган.
Россияда ҳам ОАВ учун контент яратишда сунъий интеллект яхшигина иш бермоқда. Матбуот ва блогерлар тегишли тасвирларни ишлаб чиқиш ва матнларни таҳрир қилишда нейротармоқ имкониятидан фойдаланмоқда.
Германияда журналистиканинг янги феномени кўмагида биржа, об-ҳаво ва йўл ҳаракати маълумотлари истеъмолчиларга узатилмоқда. Масалан, “ARD” телерадиокомпанияси сунъий интеллект билан турли телевидение ва радиоларнинг рақамлашган архивларидан ўзига зарур ахборотларни олиш дастурини яратган.
Лекин, шу билан бирга, сунъий интеллект хизматидан кенг миқёсда фойдаланишда ўзига яраша хавф ва муаммолар ҳам бисёр. Шу жумладан, сунъий интеллект журналистикага бир қатор хавфлар ҳам туғдиради. Масалан, медиаматериалларда оригиналлик, яъни ўзига хослик ҳамда ижодкорлик омилининг камайиши, ахборотнинг холислигини таъминлаш муаммоси, манипуляция ва дезинформация аломатлари, журналист иш ўринларининг қисқариши кабиларни келтириш мумкин. Айниқса, сунъий интеллект маълумотни қайта ишлаши оқибатида сохта янгилик ва буюртма шарҳларни тарқатиши тобора ортиб бораётган таҳдидлардан биридир. Махсус дастурлар ёрдамида турли факт ва рақамларни тезкорлик билан аудиторияга етказиб бериш мумкин. Бу борада “Bayerische Rundfunk” жамоат телевидениеси алоҳида фаоллик кўрсатган.
“Stuttgarter Zeitung” ва “Stuttgarter Nachrichten” нашрлари ҳамкорликда сунъий интеллект кўмаги билан минглаб полиция ходимларининг ҳисоботларига баҳо бермоқда, шаҳарнинг онлайн харитасида ўғрилик, ёнғин ва бахтсиз ҳодисаларнинг содир этилган жойларини аниқламоқда. Журналист ва ёзувчилар “Crimemap” воситасида янги криминал воқеалар баёнини яратишга киришганлар.
Журналистлар орасида сунъий интеллект билан ҳамкорлик мавзуида сўров ўтказилди. Унга кўра, аксарият респондентлар “ёрдамчиси”нинг ишини енгиллаштириш салоҳиятини ижобий баҳолашган. Шу билан бирга, нотўғри маълумот тарқатиш, ахлоқий муаммолар бўйича ҳам хавотирларини билдиришган.
Аксарият респондентлар яқин келажакда сунъий интеллектнинг журналистлар ўрнини эгаллаши тўғрисидаги гапга шубҳа билан қарашади. Улар сунъий интеллектнинг оддий вазифаларни автоматлаштириш ва маълумотларни таҳлил қилиш учун қулай восита бўлиб хизмат қилаётганини айтишади. Бироқ кўпчилик ижодий ёндашув талаб қиладиган, танқидий фикрлаш ва бевосита инсон аралашиши лозим бўлган соҳаларда инсонларнинг сунъий интеллектдан устунлигини таъкидлашади.
Бугун журналистлар сунъий интеллект воситасида матн тайёрлашда “ChatGPT” ва “Gemini”, маълумотларни таҳлил қилиш ва инфографика яратишда “ChatGPT” ва “Telegram”, шунингдек, тасвир ва видео матнларини ҳосил қилишда контентнинг турли услубларини қўллашмоқда.
Сўров натижалари ва халқаро тажрибага таяниб, сунъий интеллектнинг журналистлар ўрнини эгаллайдими, деган саволга қатъий “ҳозирча йўқ”, деб жавоб берилган.
Дунё матбуоти ва халқаро экспертлар хулосалари асосида унинг сабабларини кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Сунъий интеллект тизимлари математик моделлар ва алгоритмлар асосида фаолият юритмоқда. Одамлардаги мавжуд ижодий фикрлаш, ҳис-туйғу ва воқеликка холис ёндашув сунъий интеллект учун етиб бўлмас чўққидир. У ўз-ўзидан янги оригинал контент ярата олмайди, одатда, мавжуд маълумотлар ва шаблонлардан фойдаланган ҳолда инсонларнинг буйруқларига таянади. Мутахассисларнинг фикрича, креатив фикрлаш ва янги қоидаларни яратиш қобилияти келажакда роботлардан устунликка эришишни таъминлайди.
Журналистик фаолиятда ахлоқ ва маънавий нормаларга риоя қилиш жуда муҳимдир. Сунъий интеллектнинг алгоритмлари учун бу тамойиллар тамомила ёт нарса. Сунъий интеллект медиа соҳасига тўлиқ кириб келган чоғда қатор мураккабликлар келтириб чиқариш эҳтимоли юқори. Бунга мисол тариқасида сунъий интеллект томонидан яратилган контент муаллифлик ҳуқуқига эга эмаслиги, шунингдек, унинг алгоритмлари нотўғри маълумот бериш хавфи сингари муаммоларни кўрсатиш мумкин.
Айтайлик, сунъий интеллект материал тайёрлаб, фойдаланувчига етказиб берди ва бунда қонун бузилиши аниқланди. Хўш, жавобгарлик кимнинг зиммасига тушади — журналистгами, ноширгами ёки сунъий интеллектни яратган шахсгами?
Демак, кўриниб турибдики, сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ортиши баробарида мазкур жараённинг мукаммал ҳуқуқий асосларини ҳам белгилаб олиш талаб қилинади. Бу борада халқаро даражада аллақачон бир қатор чоралар амалга оширилмоқда. Жумладан, Европарламент томонидан 2024 йилда сунъий интеллектни тартибга солишга қаратилган (“AI Act”) қонунни тасдиқлади. Ушбу қонун сунъий интеллектдан ноқонуний ёки хавфли мақсадларда фойдаланишни чеклаш, унинг шаффофлиги ва хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилган.
АҚШда эса сунъий интеллект соҳасида турли штатлар алоҳида қонунлар қабул қилмоқда. Масалан, Калифорнияда “deepfake” технологиялари орқали сохта ахборот тарқатишга қарши чоралар кучайтирилган.
ЮНЕСКО, “Reporters Without Borders” сингари халқаро ташкилотлар ахборотнинг ишончлилигини таъминлаш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича касб этикаси қоидаларини ишлаб чиқишга киришган. Ўз навбатида БМТ ҳам бу борада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини ишлаб чиқиш устида бош қотирмоқда.
Ўзбекистонда сунъий интеллектдан фойдаланишда ҳуқуқий мезонлар зарурати бўйича гапирганда, шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирча мамлакатимизда бу соҳани тартибга солиш бўйича ҳуқуқий база ҳали яратилмаган. Шу боис сунъий интеллектдан фойдаланиш ва унинг ахборот маконидаги таъсирини назорат қилиш учун махсус қонун қабул қилиш чоралари кўрилмоғи лозим. Шунингдек, ОАВларда нейротармоқ ёрдамида тайёрланган контентни алоҳида белгилаш ва унинг ҳаққонийлигини таъминлаш, журналистик фаолиятда сунъий интеллектни масъулиятли қўллаш учун миллий стандартлар ишлаб чиқиш, ёлғон маълумотларга қарши чора кўриш механизмларини жорий этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида сунъий интеллект фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини муҳофаза қилиш қоидаларини ишлаб чиқиш айни дамдаги энг муҳим вазифалар ҳисобланади.
Жони, сезгиси бўлмаган сунъий интеллектнинг адолатли қарор қабул қилиш қобилияти ҳам чегараланган. У инсонлар каби ахлоқий-маънавий жиҳатлар билан боғлиқ вазиятни тўла англаб ета олмайди. Журналистлар эса одамлар билан доим жонли мулоқотда, баҳс-мунозара юритади, фикр алмашади. Инсон хабар-янгиликни ўқиб, уни идрок қилади, муносабат ва ҳамдардлик билдиради. Сунъий интеллект билан жонсиз алоқа, аслида, шуниси билан фарқ қилади. Айнан шунинг учун ҳам ҳуқуқий асос даркор.
Сунъий интеллект тизимлари алгоритм ва маълумотлар асосида қарорлар қабул қилади, дедик. Демак, у сиёсий, ижтимоий ва маънавий ҳолатларни тўлиқ англаб етолмайди. Шунга кўра, гапнинг тагидаги нимкосани у қаердан ҳам тушунсин?
Воқеа-ҳодисани тўлиқ идрок этиб, англаб етишида фақат ва фақат журналистнинг тажрибасигина иш беради. Яъни инсон хотираси, билим ва кўникмалари унга янгиликни чуқур таҳлил қилиш, шарҳлаш ва мушоҳада қилиш имконини яратади. Сунъий интеллектдан фарқли ўлароқ, фактлар баёнида юқоридаги муҳим саналган ҳолатларни эътиборга олади.
Журналистнинг йиллар давомида тажрибаси ортиб боради, унинг ҳар сўзи тош боса оладиган даражага етади. У ахборот ёки вазиятни тўғри баҳолай олади, ундаги шубҳали жиҳатларни зийраклик билан илғаб олиши мумкин. Оқибатда уни қўшимча равишда текшириб, кейин оммага олиб чиқади. Бу ҳолатда у малакасини намойиш этади, холис ахборот тарқатишга эришмоғини кўрсатади. Афсуски, сунъий интеллект ҳали интуитив фикрлаш қобилиятига эга эмас ва фақат базасига юкланган, “мияси”га жойланган мавжуд маълумотларга таянади, холос.
Тележурналистикада сунъий интеллектнинг ёрдами ҳақида гапирганда, унинг оқибатини ҳам ўйлаб кўриш керак. Спорт мусобақасини ёритишда тасвирни ёки видеошарҳни қисман ўзгартириб юбориш амалиётидан манипуляция келиб чиқади. Оқибатда у тайёрлаган ахборотга ишончсизлик кучаяди.
Гапнинг индаллосини айтганда, сунъий интеллектнинг тараққий этиши журналистлар учун профессионал таҳдидлар келтириб чиқаради. Аммо ҳар қандай таҳдид бу имконият, уни борича қабул қилиш керак, дейди экспертлар. Галдаги вазифа — сунъий интеллектнинг имкониятларидан оқилона фойдаланиш ва унинг хавфига қарши чоралар кўришдир. Бу борада сунъий интеллект ва журналистлар ҳамкорлигини тўғри йўлга қўйиш, қаламкашлар сунъий интеллектдан фақат восита сифатида фойдаланиб, асосий эътиборни таҳлилий ва ижодий ишларга қаратишлари лозим. Янги супертехнология имкониятларидан самарали фойдаланиш учун журналистлар, албатта, махсус курслар ва ўқув дастурларида малака оширишлари тақозо этилади.
“ChatGPT” нейротармоғи хавф туғдирадими-йўқми?” деган саволга Илон Маск шундай жавоб берган: “Бош технологиялар ёрдамида биз одатий вазифаларимизни автомат усулда ҳал этишимиз мумкин. Қолган вақтимизни эса янада муҳимроқ ва мураккаброқ ғоялар учун сарфлашимиз, ижодий, инновация ва бошқа ишларга қаратишимиз тўғри бўлади”.
“Facebook” асосчиси Марк Цукерберг ҳам генератив технологиялар ва сунъий интеллектнинг журналистика ва ижодий ишга таъсири ҳақида фикр билдирган. “Генератив моделлар, хусусан, сунъий интеллект ишларни енгиллаштирибгина қолмасдан, журналистиканинг янада креатив ва интеллектуал салоҳиятини оширишга ҳисса қўшиши мумкин…”. Яъни бу технологиялар “бизни чекламасдан, ролимизни оширади”, ижодкорларнинг имкониятларини кенгайтириш воситаси сифатида хизмат қилади.
Аброр ХОН
