Раҳбар қандай бўлиши керак?

“…Раҳбарлик фақат маъмурий лавозим эмас, балки катта масъулият ва санъат ҳамдир. Жамоани бошқарадиган раҳбарда қуйидаги муҳим фазилатлар бўлиши керак: интеллектуал салоҳият, маънавият ва дунёқараш, савия ва мулоқот маданияти, муаммоларни ҳал эта олиш қобилияти…”

Буюк аллома Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асарида раҳбарлик ато этган кишиларнинг қандай фазилатларга эга бўлиши лозимлиги ҳақида ҳикматли хулосалар айтилади. Асарда оддий сўз билан айтганда, раҳбар киши биринчи навбатда билимли, маънавиятли инсон бўлиши, адолат билан иш тутиши лозимлиги уқтирилади. Аммо амал курсисига ўтирган ҳамма кишида ҳам ана шундай фазилатлар мужассам деб ўйлайсизми? Ҳатто ушбу асарнигина эмас, умуман китоб, газета-журнал ўқимаслиги билан мақтанадиган катта-кичик раҳбарларнинг борлиги таассуфланарлидир.

Қани эди, ҳар бир катта-кичик амалдор Президентимизнинг китобхонликка, китоб мутолаасига сиёсат даражасида эътибор қилаётгани мағзини чаққанида эди.

Қуйидаги мушоҳадалар ҳаётий мисоллар асосида қаламга олинди.

“Юрагини ёриб, қўлига бер!”

Бундан ўттиз йилча бурун бир идорада ўзининг “сиёсати” билан ном қозонган киши бошлиқ бўлган экан. Сўконғичлиги билан ном қозонган бу одам жамоадаги аёлларни ҳам аяб ўтирмаган, дейишади. Ходимлар азбаройи ишни йўқотишдан қўрққанлигидан “ғинг” деёлмас, ҳатто иш калтак ейишгача етиб борса ҳам миқ этмай тураверишаркан. Иттифоқо, унинг шогирдларидан бирининг мартабаси ошибди, мансаб курсисига ўтирибди. Шунда у шогирдига ўз тажрибасидан “маҳорат дарси” ўтибди.

— Раҳбар деганининг кўзи-ю қадамидан ўт чақнаши керак! — дея гап бошлабди давра кўрган устоз. — Тишингнинг оқини бекитиб олгин, уни ҳатто болаларинг ҳам кўрмасин. Атрофдагиларга доим қошингни чимириб, кўзларингни лўқ қилиб қарагинки, улар сенга айтмоқчи бўлган сўзларини-да унутишсин.

— Сиз бошлиқ сифатида илк иш кунингизни қандай бошлагансиз?

— Мен ходимларимни қўлга олишни қойилмақом қилиб уддалайман. Биринчи кундан юракларини ёриб, қўлларига тутқазаман… — нашъа қилиб кулибди мўйсафид.

— А? Йўғ-э? Қанақасига?

— Котибага “ҳаммани йиғ”, дейман. У ҳаммани мажлисга йиғади. Олдиндан тайинлаб қўйганимдек, баҳайбат чойнакда чой дамлаб келади. Чойнакни столимнинг омонат жойига — чеккасига қўйиб кетади. Ана ундан кейин “айбдор” ходимлардан бирини чорлайман. Узоқроқ турган бўлса, яқинроқ кел, дейман. Бақир-чақир қилиб, заҳримни сочаман. У ҳеч нарсадан бехабар мунғайиб тураверади. Шунда бор кучим билан столнинг чойнак турган қисмига мушт тушираман. Нима бўлади?.. Ҳа, бале, чойнак тўнкарилиб, қайноқ чой ходимнинг тиззасига тўкилади. Бечора мушук боласидек ингиллаб нари қочади. Буни кўрган бошқалари дағ-дағ титрайди. Менинг ғазабимга яна кимдир нишон бўлишдан ҳадиксираб туради… Хуллас, одамларим мени кўрганда Худонинг ғазабига йўлиққандек бўлади. Ўрган, шогирд!

Ҳозир бундайлар йўқ, дейишингиз мумкин, аммо шундай савиядаги раҳбарлар борлигини инкор ҳам этолмайсиз.

Иккита тоифа бор…

Ҳеч эътибор қилганмисиз, баъзи меҳнат жамоаларида янги раҳбар келиши катта хавотир билан қарши олинади. Шундай пайтда ўша раҳбарнинг феъли-ю аъмолидан яхшигина хабардор кишилар ўз ихтиёрлари билан ишдан бўшаб кетадилар. Чунки улар яхши биладики, “нозик табиатли” бошқарувчи билан узоққа бориб бўлмайди. Ўнлаб, юзлаб ва минглаб жамоаларда меҳнат қилаётган инсонларнинг ва соҳанинг тақдири, аслида, мана шу одамнинг қўлида бўлади: эпласа — жамоани гуллатади, эплолмаса — ҳар иккисини ҳам хонавайрон қилади.

Менимча, раҳбар икки тоифага мансуб: биринчиси — ўриндиққа ўтириши билан (команда тузиш мақсадида) бир бошдан ҳаммани бўшатишга киришиб кетади; иккинчиси — ишга келиши билан жамоани кучайтиришга ҳаракат қилади. Муаммо ечимини ходимни ишдан бўшатишда кўрган бошлиқ бегона ўтга қўшиб экинни ҳам ёппасига қийратган болага ўхшайди. Бир қарашда иш кўрсатилгандек тасаввур қолдиради. Афсуски, натижа кузда билинади.

Оёғини чўзиб буйруқ берадиган эмас, енг шимариб ўзи ҳам ишга киришадиган, бу орқали қўл остидагиларини руҳлантирадиган киши чинакам раҳбардир. Биз бундайларни лидер деймиз. Улар муаммони кимларнингдир гапига қараб ҳал қилмайди. Ходимларига адолатсизликдан сақланади. Масала вужудга келганида, кўпнинг фикрига қараб хулоса қилади. Соясига кўрпача соладиган лаганбардорлардан ўзини четга тортади.

Кўпни кўрган бир устознинг бу борадаги бир гапи эсимга тушади: “Ҳар қандай бошлиқ раҳбар сифатида шаклланган бўлиши шарт, акс ҳолда, у шахс бўлолмайди”.

 

Аркадий Райкиннинг эртак ҳажвияси

Ўрмон аҳлига Айиқ керак эди, аммо бир ставка Қуён штати бўш экан. Айиқ рози бўлди. У Айиқ қиладиган ишни бажариб, Қуёнга бериладиган маошга ишлай бошлади. Бу ўрмонда Айиқ штатига Қуён расмийлаштирилганини билгунга қадар у ишини виждонан бажарди. Аммо… Айиқ ҳайрон. Бу қанақаси? Муштдеккина жони билан Айиқ оладиган маошга Қуён эгалик қилиши адолатсизлик-ку! Айиқ ўрмон раҳбариятига шикоят қилибди. Раҳбарият комиссия тузибди. Комиссия қуёндан сўрабди:

— Сиз Айиқмисиз?

— Албатта, Айиқман! — дадил жавоб берибди Қуён ва Айиқ эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжатни тақдим этибди. Жаҳлланган Айиқ: “Ахир у Қуён-ку, мана менман — Айиқ”, деб қичқирибди. Ундан ҳужжатини кўрсатишини сўрашибди ва баҳсга нуқта қўйишибди:

— Сизнинг Қуён эканлигингиз ҳужжатингизда аниқ ва равшан ёзиб қўйилибди. Тортишувга ҳожат йўқ!..

Худди эртакдагидек ташкилот раҳбарлигига муносиб бўлмаган кишилар келар экан, аҳвол ўнгланиш ўрнига, ёмонлашиб бораверади. Унинг дипломи ёки нуфузли идораларда ишлаганини тасдиқловчи резюмеси эмас, билими, тажрибаси ва маънавияти устувор бўлиши даркор. Ишхонасини ишратхонага айлантирган ёки коррупцияга аралашиб, обрўйидан айрилганлар маънавиятдан маҳрум кимсалар эмасми?

Касаба уюшма раислари ташкилот раҳбаридан мустақилми?

Жамоа бошқарувидаги шахс ҳаммамизга ўхшаган инсон. У ҳам сизу бизга ўхшаган одамлар орасидан танланади. Қаттиққўллик қилиши, ишни талаб қилиб, сусткашликлар учун жазолаши мумкиндир, бироқ кўра-била туриб адолатсизлик қилишга ҳаққи йўқ. Ишламайдиган ходимга устуворлик ва имтиёзлар бериб, заҳматкаш ишчисига зуғум қилиши мумкин эмас. Тизим ривожи учун куйиб-пишган, кези келганда хатолар ҳақида гапирган кадрни эса таъқиб қилиши ҳеч бир қонун ва меъёрларга мувофиқ келмайди. Зеро, жамиятимиз ва қонунларимиз демократик тамойилларга асосланади, қулдорлик ёхуд феодал тузумга эмас.

Ҳамма жойда ҳамма ўз ишини қиляпти, деб ўйлайсизми? Бировнинг аравасини бошқа биров тортмаётганига ишончингиз комилми? Чинакам кадр сояда қолмаяптими?

Ташкилот ва идоралардаги касаба уюшмаларининг вазифаси фақатгина уч-тўрт ходимга совға-салом беришдан иборат, деб ўйлагувчилар қаттиқ адашади. Улар шу жамоада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари, ижтимоий тенгликни таъминлашлари ҳам керак. Афсуски, ҳамма жамоаларда ҳам уларнинг таъсирини сезиларли деб бўлмайди. Раҳбар кимнидир ишдан бўшатса, бунинг сабабларини ўрганиш ва ходимга адолатсизлик қилинган бўлса, уни ҳимоя қилиш кўпнинг хаёлига келмайди. Чунки ҳеч ким бошлиқ билан зиддиятга боришни истамайди.

Нима қилиш керак? Корхоналардаги касаба уюшмалари раисларининг дахлсизлигини таъминлаш, унинг раҳбарга мутелигига чек қўйиш механизмларини ишлаб чиқиш керак.

Мен бу билан касаба уюшмалари ишламаяпти, демоқчи эмасман. Муаммо катта қозонда қайнаганидан кейин касаба уюшмасининг юқори тургувчи органлари аралашуви билан айрим масалалар ҳал этилаяпти. Лекин муаммо ташкилотнинг ўзида ечилса, янаям яхши эмасми? Оворагарчиликлар, асаббузарликлар ва ортиқча харажатларнинг олди олинмайдими?

Муаммо — имконият!

Қўлига ҳайдовчилик гувоҳномасини олганларнинг ҳаммаси ҳам уловни маҳорат билан бошқара олмагани каби раҳбарлик курсисига ўтирганларнинг барчаси ҳам унинг юкини кўтаришга қодир эмас. Биз ишдан кетган кишиларгагина “эплолмади”, деган нисбатни беришга ўрганиб қолганмиз. Аслида, ўн йиллаб ишлаб, бошқарувда нўноқ бўлганларни ҳаётимиз давомида учратганмиз. Инсоният тарихида нуфузли компанияларни, брендларни ва тизимларни таназзулга учратганлар ҳақида мисоллар кўп.

Раҳбарлик фақат маъмурий лавозим эмас, балки катта масъулият ва санъат ҳамдир. Жамоани бошқарадиган раҳбарда қуйидаги муҳим фазилатлар бўлиши керак: интеллектуал салоҳият, маънавият ва дунёқараш, савия ва мулоқот маданияти, муаммоларни ҳал эта олиш қобилияти…

У ўз шахсий ривожланиши йўлида изланади, ўқиб-ўрганади. Миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилади. Адолатли бўлади. Янгиликка очиқ бўлади: бошқаларни ўз қолипига солишга уринмайди. Муаммолар вужудга келганида, ўриндиғи орқасига яширинмайди. Раҳбар хато қилмайди, қабилидаги стереотипларни шахсий шиорига айлантирмайди. Энг асосийси, ҳақиқий лидер ходимлари учун жонини жабборга беради. Уларнинг истиқболи учун ҳаловатидан кечади.

Ҳар бир муаммо — раҳбар қобилиятини кўрсатиб берадиган имконият. Донолик ва лидерлик қобилиятига эга раҳбаргина бу имкониятдан унумли фойдаланишни яхши билади. Нўноқ раҳбар эса муаммо билан эмас, уни айтган одамлар билан курашиб ўзини обрўсизлантиради.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 9 =