Одам излаган шоир

Баҳодир Исони таниганлар, унинг шеърларини ўқиганлар ўзбек адабиётининг истеъдотли ва камтарин ижодкорини кўз олдига келтиришлари аниқ. У ўсиб улғайган Риштоннинг Дутир қишлоғини жуда яхши кўрарди. Шунинг учунми, унчалик узоқ бўлмаган Қўқонга ҳам, Фарғонага ҳам бориб ишлагиси келмади. Пойтахтдаги қизғин ҳаётни ҳам хушламади. Уни яқиндан билганлар яхши инсон ва яхши шоир деб баҳо берардилар.
Яқинда кўзларда ёш билан уни сўнгги манзилга кузатдик. Дутирда бунчалар кўпчилик қатнашган дафн маросими аввал бўлмаган. Суюкли инсонни йўқотиш осон эмас. На илож, ўлим ҳақ.
Баҳодир билан 1976 йили танишгандим. Ўшанда ёзувчи Омон Жарқинбоевникида тонготар суҳбат қургандик. Раҳматли Йўлдош Сулаймон уни: “Катта шоир бўладиган, кўп биладиган, кам гапирадиган, камтар укамиз”, деб таништирганди. Йўлдош ака ҳақ гапни айтган экан. У катта шоир бўлди. Салмоқли ижод қилди, камтарона яшади.
У билан сўнгги марта Фарғонанинг яна бир истеъдодли фарзанди, ёзувчи Алишер Ибодиновнинг юбилейида кўришиб, суҳбатлашгандик. Нимагадир аввалги Баҳодирга ўхшамасди. Онасини эслади. “Онам сиз олиб борган “Оқшом тўлқинларида” эшиттиришингизни тинглаб, кейин уйқуга кетардилар”, деди. У кун ҳам хотирага айланди.
— Баҳодиржон, сиз ўзи ҳам, ижоди ҳам баланд шоирсиз. Ўзингизни асранг, ука.
Бу гапларимни эшитгач, юзида беғубор кулги пайдо бўлди.
— Ака, қишлоқда яшаб юрибмиз-да…
Бир неча кун ўтиб, ёзувчи Носир Зоҳиддан: “Баҳодирни кўриб келдим, тоби йўқ”, деган гапларни эшитганимда, ўлим деганлари уни кутиб турганини хаёлимга келтирмагандим. Кутилмаганда интернетда Алишер Ибодиновнинг “Шоирим, нега шошилдингиз?” деб бошланган сатрларини ўқиб, адабиётимиз катта иқтидор эгаси бўлган шоиридан айрилганини англадим. Дўстимнинг айрилиқ азоби акс этган сатрларидаги дардига ўз дардим ҳам қўшилгандай бўлди.
Ҳа, Баҳодир зўр шоир бўлибгина қолмай, унча-мунча кулолдан ҳам қолишмасди. Рассомлигига унинг ижодини кўрганлар тан беришар, ҳайкалтарошлигидан ҳайратланишарди. Шеърларини ўқиган киши ўзига ҳайкал қўйган йирик истеъдод эгасини кўриб, ҳаяжонини яшира олмай қоларди. Рассомлар ҳаёти, дунёси бошқачароқ бўлади, дейишади. Кўпинча шоир Баҳодир Исо рассом Баҳодир Исо бўлиб яшагандай. Шоирлик юки тарози палласини босиб кетганлиги аниқ.
Баҳодирнинг “Шарқ” нашриётида чоп этилган бир тўплами “Яхшилар бор, яхшиям” деб номланган. Шеърларини ўқиган китобхон “яхшиям” сўзи нега таъкидланганлигини дарров сезади. Шоир ҳаётга ўзига хос синчковлик билан қарайди. Кузатувчан. У бугунги кунда дунёда меҳр қаҳат бўлиб қолганлигидан куйинади, лекин тушкунликдан узоқроқ яшаш учун яхшилар борлигига ҳам ўқувчини ишонтиради, кўз олдига келтириб қўяди.
Бу бешафқат дунёда
Яхшилар бор, яхшиям.
Меҳр қаҳат дунёда
Яхшилар бор, яхшиям.
Мард ишонар аҳдига,
Гадо ризо нақдига.
Баҳодирнинг бахтига,
Яхшилар бор, яхшиям.
Баҳодир ўзи яхши инсон эди. Шунинг учун шоир бахтига яхшилар борлигини ишонч билан айтади. Баҳодирнинг шеърларида ўзини қандай билса, шундайлигича кўрсатишга ҳаракат қилади. Шеърларида шоир ўз шахсини асло аяб ўтирмайди. Холис, танқидий ёндашади. Ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган ҳолат бор. Ахир инсон зотида кўпинча ўзига баҳо берганда “мен яхшиман, мен ҳаммадан зўрман” деган қарашлар борлиги ҳам сир эмас. Шу ерда Баҳодирнинг шеърларини ўқиймиз:
Мени яхши кўрганлар кўп, тўғри, бироқ
Жини суймай юрганлар ҳам ундан кўпроқ.
Демак, ёмон одамман деб куюнмай ҳам,
Жуда яхши одамман деб суюнмай ҳам.
Тарозига қўйилганда фақат амал,
Яхшилигим оғир келса бўлди сал-пал...
Камтарлик ҳам шунча бўларми? Яшашдан мақсад не? Ҳисоб-китобли дунё дейдилар. Шоир ўз сатрларида одам ҳар бир ҳаракати учун жавоб беради дея ҳушёрликка ундайди. Минг афсус, ана шу ҳақиқатни унутаётганлар ҳар қадамда бор.
Тушгач умр китобимга сўнгги нуқта,
Ҳаммангизни тарк этаман худди йўқдай…
Ҳа, шунақа,
Мендан сира ҳадик олманг…
Гап — шу.
Боринг,
Энди сиз ҳам,
Йўлдан қолманг!
Баҳодиржон дунёдан ўтган кунлари Қобилжон ака деган ҳайдовчи танишим уйга қайтаётганимизда менга қараб: “Кеча бир шеърни эшитиб кетдингиз. Хаёлингиз, кайфиятингиз бошқача эди. Ўша шеърни ёзиб беролмайсизми?” — деб қолди.
“Бўлади, телефонимдан кўчириб, ёзиб бераман…”
Ўша кеч уйқум қочиб кетди. Уйга қайтишда Баҳодирнинг ўзи ўқиган шеърни ижтимоий тармоқдан кўзда ёш билан тинглаб кетгандим. Ака ҳам мен билан бирга тинглаганига эътибор бермабман. Қобил ака нега Баҳодирни, унинг шеърини сўраб қолди? Ахир хозир китоб ўқийдиганлар камайган, кўчада китоб кўтариб юрганлар устидан куладиганлар кўпайган бир даврда шеър эшитадиган, уни ёзиб олмоқчи бўлган, яна, кимсан, вақти тиғиз ҳайдовчини учратиш… Демак, ҳали шеъриятни тушунадиган юраклар кам эмас экан. Мана ўша шеърдан парча:
Уни сизладим мен,
Буни сизладим.
Одамлар ичидан одам изладим.
Шайтонларга учраб, куйдим, музладим,
Одамлар ичидан одам изладим…
Қашқирлар қутурди,
Кўппаклар ҳурди…
Чаёнлар чақай деб изимдан юрди…
Ўргимчак инини кўзимга қурди,
Одамлар ичидан одам изладим…
Менга одам керак!
Ҳақиқий одам!
Топсам, юрагимдан қувилар мотам…
Оёқяланг қўйиб чўғларга қадам,
Одамлар ичидан одам изладим…
Ҳақиқий одам излаш учун чўғларга оёқяланг қадам қўйишга рози бўлган шоир жигарим Баҳодир Исо. Яратган эгамдан дуо билан сўраймиз, илоҳо жойлари жаннат боғларидан бўлсин!
Анвар АБДУВАЛИЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист.