Ижод саҳнасидаги умр

(Журналист ва адиб Ҳамид Тожибоевни ёд этиб…)
…1976 йил. Рўзғоримиз катта эди. Оилада етти фарзанд. Дадам раҳматли кундузи “Чортоқ” темир йўл станцияси қаршисидаги чойхонада ишласалар, тунда шу атрофдаги деҳқон бозорида қоровуллик қилардилар. Ўртанча акам билан дадамга ёрдам берар эдик. Кунларнинг бирида дадам бир киши билан суҳбатлашиб турарди. “Кел, ўғлим, бу амакинг билан танишиб ол!” — дея мени ёнида турган тўлачадан келган, шляпали киши билан таништирдилар.
— Ҳамидхон ука, сизга ҳавас қилганмиз. Бу — кенжа ўғлим! Ўзингиз устозлик қилиб ўқитасиз-да.. Мактабни тугатиб, Тошкентга боради, — деди дадам.
Ҳамид ака елкамга қўлини қўйиб:
— Нечанчи синфни битирдинг, ўғлим? — дея юзланди.
— Бешинчи синфни, — дея ийманибгина жавоб бердим.
— Яхши ўқигин, жияним! Мактабни тугатгач, албатта, Тошкентга бор! — дея Ҳамид ака алқаб, эркалаб бағрига босди. Кўп ўтмай, оппоқ “Волга” келиб, у кишини олиб кетди…
Отам раҳматли оғир хасталикдан сўнг вафот этдилар.
…1980 йил акам ва келинойим билан Тошкентга — Ҳамид аканинг хонадонига меҳмонга бордик. Чиройли жиҳозланган хонада жавонлардаги китоблар, стол устидаги чироқ ёнидаги ёзув машинкаси ва қўлёзмалар. “Скрипка” ва “Гуласал” номли китоб ҳам бор эди. Тушунгандек бўлдим. Бу — журналист, таржимон ва ёзувчи Ҳамид Тожибоевнинг ижодхонаси эди.
Мактабни тамомлаб, полиграфия техникумига ўқишга кирдим. Ўшанда Ҳамид аканинг Зиё Саид кўчасидаги ҳовлисида яшадим. Ҳар тонг нонуштага қадар Ҳамид ака ижодхонасида нимадир ёзарди. Унга ҳавас ва иштиёқим ортиб бораверди. Ширин орзулар ижод йўлини тутишга туртки берганди. Бу хонадонга атоқли шоир Ҳусниддин Шарипов оиласи билан, домла Ҳамидулла Акбаров, Шуҳрат Қосимов, чортоқлик болалар шоири Жўра Раҳим каби қалам соҳиблари келиб туришарди. Улар даврасидаги адабиёт, ижодга доир баҳс-мунозаралар эса мени ўзига оҳанрабодек тортиб бўлганди. Таниқли адиб Нусрат Раҳматнинг “Мен редакцияданман” китобини ўқиб, журналистлик касбига қизиқишим янада ортди. Техникумни ташлаб, журналистикага ўқишга кирмоқчи ҳам бўлдим. Шунда Ҳамид ака менга:
— Ўғлим, (устознинг ўғли бўлмагани учунми мени шундай ўзига яқин оларди) кўпам шошилма. Техникумни тугатиб, армияда хизмат қил. Кейин кўрамиз. Бир нарсанинг ҳисобини ҳам унутма: журналистнинг нони ширин, меҳнати қаттиқ бўлади. Яхшилаб ўйлаб кўргин, — дея огоҳлантиргандек бўлдилар.
— Ҳамид ака Тожибоев асли чортоқлик. Қалами ўткир журналист бўлибгина қолмай, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, самимий инсон ҳам эди. Биз у киши билан тез-тез кўришиб турардик. Ижодий иш билан шуғулланардилар, очерк, ҳажвия ва ҳикоялар ёзардилар. Бир неча китоблари ҳам чиққан. Наманганлик Ҳамид Нурий билан яқин эдилар, — дея хотирлайди филология фанлари доктори, таниқли ёзувчи Мухтор Худойқулов.
— Ҳамид акани яхши эслайман. У киши Ўзбекистон давлат телерадиоси Ёшлик радиоэшиттиришлар муҳарририятининг “Жасорат” ҳарбий-ватанпарварлик эшиттириши бош муҳаррири эди. Устоз-шогирд фаолият олиб борганмиз. Жуда самимий, очиқ кўнгил ҳамда серқирра ижодкор эдилар, — дея эслади Наманган вилоят телерадиокомпанияси директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Мақсудов. — Эсимда, Ҳамид ака Янгиқўрғон туманининг “Меҳнат байроғи” газетасида чоп этилган ҳикоямга самимий тилаклари билан оқ йўл тилагандилар…
Ҳамид Тожибоев “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида адабий котиб, “Физкультурник Узбекистана” газетасида муҳаррир ўринбосари, муҳаррир, “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетаси ва “Муштум” журналида адабий ходим, бўлим мудири бўлиб ижод қилди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бошқаруви котиби, Ўзбекистон давлат телерадиосида бош муҳаррир ва бошқа қатор вазирлик ҳамда республиканинг нуфузли идораларида масъул вазифаларда фаолият юритган чоғларида ҳам ижоддан тўхтамади. У — “Скрипка”, “Гуласал”, “Партизан Казбек”, “Саидани излаб”, “Оқ турна”, “Ғолибларга таъзим” каби бир қатор асарлар муаллифи. Кўплаб ҳажвий асарлари эса Республика Телевизион миниатюралар театри орқали телетомошабинлар эътиборига ҳавола этилган.
Оддий оилада таваллуд топган ҳарбий ёзувчи ва журналист, публицист Ҳамид Тожибоев нафақага чиққач ҳам ижодини давом эттиради. Умрининг охиригача таржимонлик билан машғул бўлди. Раҳматли Ҳамид ака шу кунларда ҳаёт бўлганида юз ёшга тўлган бўларди.
Ҳа, устознинг панд-насиҳатлари, ибратли ҳаёти умр йўлларимда ғоятда асқатган. Жамиятда ўрнимни топишимда у кишининг ўрни катта. Ота-онанг ҳам, устозларинг ҳам ғанимат экан. Ҳаётда устозлардан, улар кўрсатган йўллардан бориб дуолар олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган неъмат экан. Бугун устознинг ҳаққига дуо қилиб, ёзганларини хотирлаб у ҳақида ширин хотира ёзаётганимнинг ўзи ҳам мени бахтиёр этмоқда.
Зеро, бугун устоз Ҳамид Тожибоев босиб ўтган йўлига бир назар ташладик холос.
Одилжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.