Бухорони куйламай бўлмас!

Бу чексиз давлати маъмур — Бухородан, Бухородан.
Бу тенгсиз санъати манзур — Бухородан, Бухородан.
Жамол КАМОЛ
Ёзилмаган шундай қоида бор: яхши нарса-ҳодисалар, мўътабар манзил-маконлар, фазилатли инсонлар ҳақида ҳамманинг ёзгиси, ҳамманинг гапиргиси келади. Бухородек шариф шаҳар, унинг фозил одамлари ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади!
Таниқли шоир Хушбоқ Раҳим қалбида ҳам Бухорога ана шундай ошуфталик бор. Бу ошуфталикнинг омиллари кўп.
Аввало, Бухоронинг оламаро шарафи бунга кафил. Зотан, Бухоро ҳақида ёзмаган ёхуд ёзишни орзу қилмаган ижодкорни топиш мушкул. Бу шариф шаҳарни озми-кўпми билган, унинг тарихидан хабардор инсон қалбида чуқур эҳтиром билан бирга теран изтироб илдиз отади. Бу фахр ва изтироб туйғуси беихтиёр қўлга қалам олишга, ҳаяжонларни қоғозга туширишга ундайди. Бухоро ва бухороликлар ҳақида битилган юзлаб шеър, бағишлов ҳамда қасидалар, ўнлаб ҳикоя, қисса ва романлар, очерк ва мақолалар — ана шундай ҳаяжонлар меваси.
Бухоро Хушбоқ Раҳимни ёшлик чоғидаёқ ўзига мафтун этган. Бу мафтунлик у ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Бухоро давлат педагогика институтида таҳсил олган йилларда янгича мазмун ва таассуротлар билан бойиди. Сурхон тоғлари бағрида, бахшилар сасини тинглаб, кенгликлар нафасини жисму жонида ҳис этиб вояга етган навқирон йигит қадим ва муҳташам Бухорода — ўтмиш ва янги давр туташган манзилда азим чинордек қад кўтарди.
Бухоро уни нафақат илму маърифати, балки меҳру муҳаббати билан ҳам сийлади. Таҳсил йилларида кўзига оловдек кўринган ва бир умрлик йўлдоши сифатида қабул қилган аёли Маҳмудахон уни Бухорога бир умрга боғлади. Шу тариқа Хушбоқ ота Сурхону Бухоро учун бирдек азиз фарзандга, Сурхону Бухорони бирдек суйиб-ардоқловчи куйчи-шоирга айланди.
Асли касби математика фани ўқитувчиси бўлган, фалсафадан номзодлик ишини ёқлаган Хушбоқ отанинг тарихга, шунинг баробарида, шеъриятга меҳр қўйиши тасодиф эмас. Фалсафа — фанларнинг отаси. Ўтмиш аждодлар ягона фан ўлароқ фалсафани билишган ва бошқа барча фанларни унинг бағрида идрок этишган: математика, яъни риёзиёт, кимё, тиббиёт, фалакиёт, мусиқа, тарих — хуллас, бари-барини. Уларнинг қомусийлиги, тафаккур дунёсининг кенглиги сири ҳам шунда бўлса керак. Улар қай бир соҳани эгаллашмасин, бу соҳа манзилига бошқа соҳалар “ичидан ўтиб келишган”, шу тариқа улар тафаккурида қомусийлик қарор топган, улар фаолиятида илм ва фан муштаракликлари бўй кўрсатган.
Хушбоқ Раҳим қалбида ҳам шундай орзу куртак отганини, у ҳам дунёни ўтмиш аждодлар сингари рақамлар, нарса-ҳодисалар, сабаб ва оқибатлар инъикоси ўлароқ идрок этишга интилиб келаётганини кекса шоир ижодидан озми-кўпми хабардор инсон яхши англайди. Зотан, Хушбоқ Раҳимнинг битикларида фалсафа ҳам, тарих ҳам, рақамлар ҳам, тил, миллат, қадрият ҳам — бари-бари мужассам. Бу — йиллар давомида кўнгилдан кечган дард ва изтироблар меваси, орттирилган тажрибалар, кузатиш ва хулосалар маҳсули. Муҳими, бу дард ва изтироблар ҳам, кузатиш ва хулосалар ҳам чўнг ва юкли. Шу боис уларга шунчаки кўз югуртириб қўйиш мушкул: ўйлатади, хаёлга толдиради, қалбга оғриқ беради улар. Чунки адолат юзасидан айтганда, юртимиз тарихи — изтироб ва фожиалар тарихи, унинг солномасида қувончдан кўра қайғули онлар бисёр. Ва, табиийки, бу изтироб ва фожиаларни қоғозга тушириш ҳам, мутолаа асносида уларга рўбарў келиш ҳам оғриқли. Аммо аҳли қалам ҳам, китобхон ҳам бундан ранжимайди. Зотан, адабиётнинг ўзи дард, сўзнинг ўзи изтиробдир.
Айниқса, тарихий мавзуга қўл урганда, бу дард ва изтироблар яна ва яна ёлқинланади. Зеро, дард ва изтироб тарихи ягона бўлгани билан, унинг ҳар бир қалбда инкишоф этиладиган акс-садоси турфадир. Шу нуқтаи назардан қараганда, дунёда жафокаш мулку мамлакат ҳам, миллату элат ҳам, эл-улус ҳам бисёр. Жафокаш шаҳарлар рўйхати ҳам салмоқли. Инчунин, Мовароуннаҳрнинг кўҳна шаҳарлари жафокашлиги билан доимо диққат-эътиборда бўлиб келган. Аммо тўрт минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Бухоро кечмиши улардан-да оғриқлироқ.
“Менга Бухорода яшамоқ шараф, менга Бухорода яшамоқ азоб” деб ёзган эди қадим шаҳарнинг оташнафас куйчиси Тошпўлат Аҳмад. Бухорода яшашнинг шарафи барчага аён, аммо азобнинг сабаби нимада?
Гап шундаки, қадим Бухоро кўп муҳорабаларни кўрди. Буюк Наршахий шаҳодатича, тўрт минг йилдан кам бўлмаган тарихга эга бу шаҳар дастлаб Эрону Турон баҳслари майдонига айланди. Кейинчалик араб ва мўғул босқини, ундан сўнг рус чоризми ва большевиклар армияси шаҳарни кўпдан-кўп қадриятларидан, ноёб меросидан мосуво этди. Ҳа, дунёда жафокаш шаҳарлар кўп, бироқ Бухоро бу босқинлардан нафақат моддий, балки бемисл маънавий зарар ҳам кўрди. Бу зарарларни биргина асарда ифода этиб тугатиш мушкул. Шу боис Хушбоқ Раҳим уларнинг муштарак жиҳатларига, айниқса, маънавий йўқотишларимизга кўпроқ урғу берган. Ва ҳар гал Бухоронинг ўт ичидаги самандар мисол қайта-қайта қад кўтарганлигини фахр-ифтихор билан таъкидлашга муваффақ бўлган.
Бадиий адабиёт тарихидан маълумки, шахс ва жамият тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи асарларда, жумладан, достон ва қасидаларда соф лирика табиатидан кўра эпик ифода ва баён устуворлик қилади. “Бухоро қасидаси” мутолааси жараёнида бунга гувоҳ бўлинса, асло ҳайрон бўлмаслик керак. Зотан, муаллифнинг мақсади фақат кўҳна ва боқий шаҳарни васф этиш эмас, балки унинг дард ва изтироби тарихини шеърий сатрлар орқали тасвирлашдан иборатдир.
Шу маънода асарга хос яна бир фазилатни таъкидлаш лозим: қасиданинг деярли ҳар бир саҳифаси остида ҳаволалар бор. Бухорога бевосита ва билвосита алоқадор бўлган шахслар, ҳодисалар, манзил-маконлар шарҳу изоҳи акс этган бу ҳаволалар асарни ўзига хос қомусга айлантирган. Яъни китобдан Бухоро ва Мовароуннаҳр тарихига оид, ҳам шеър воситасида, ҳам шарҳу изоҳлар воситасида тақдим этилган мингга яқин қимматли маълумотни олиш мумкин.
Аммо бу маълумотларни топиш ва бир махражга келтириш, уларни бадиий асар архитектоникасига жо этиш ҳам катта меҳнат талаб қилади. Хушбоқ Раҳим буни усталик билан уддалаган. Бир-бирини тўлдирувчи бу икки восита асарнинг яхлит бадиий ва маърифий-публицистик яратмага айланишини таъминлаган.
Дарвоқе, “Бухоро қасидаси” Хушбоқ Раҳим ижодидаги Бухоро ҳақида битилган биринчи асар эмас. Унинг “Миллият” (2007), “Бухоро қасидаси” (2010), “Кўнгил фалсафаси” (2013), “Қоракўлнома ёхуд қалб қўри” (2014) китоблари ҳамда бошқа қатор мажмуаларидан ўрин олган ўнлаб шеърларида кўҳна ва боқий шаҳарга меҳр ва эҳтиром ўз ифодасини топган.
“Бухоро қасидаси” — ана шу беғубор туйғуларнинг меваси. Унинг мутолааси Олам-олам таассурот қолдиришига, халқимизнинг асрий орзу-интилишлари ва заковати асрорига ошно айлашига ишонаман.
Шодмон СУЛАЙМОН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Бухоро вилояти бўлими раҳбари,
филология фанлари номзоди.