Самарқандга борсам мен агар…

Самарқанд – тарихнинг минг бир зарбасини кўрган ва ўзида чексиз ҳақиқатларни, не-не хилқатларни сақловчи боқий шаҳар. Бу масканга қадам қўйган инсон учун янги бир дунё очилади. Қад ростлаган бинолар ўзининг тенгсиз гўзаллиги ва маҳобати билан нимадир демоқчидек туюлаверади.

Шубҳасиз, Самарқанд саёҳатини истаган  одам борки, кўҳна Регистон майдонини, Амир Темур ва унинг яқинлари мангу қўним топган Гўри Амир, Шоҳи Зинда, Бибихоним зиёратгоҳларини, Ҳазрати Ҳизр мақбара ва масжидларини зиёрат қилади.

Самарқанд кўчаларида юрар экансиз, мана шу йўллардан бир пайтлар Буюк Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва бошқа улуғ инсонлар юрганини, жангу жадал, сулҳу ободлик, расму русум, яна недир буюк ишлар учун ўтганини ҳис қиласиз.

Рўйи замин сайқали бўлмиш бу шаҳарга тўртинчи бор йўл олдик. Оиламдагилар турли юмуш ва ташвишлар баҳонасида келганлар. Мен бўлсам, уларга Самарқанд зиёрати учун қўшилганман. Бу шаҳарни янада теранроқ ҳис қилишга уринаман. Нақшинкор бинолар ва уларнинг мовий гумбазларидан ўзимча сир-синоат, ҳақиқат излайман…

Самарқандга кириб келар эканмиз, шаҳарнинг марказий ва қадимий савдо масканларидан бири Сиёб яқинидан ўтамиз. У ердан унча узоқ бўлмаган масофада, шаҳар ичида оқ девор билан ўралган қум тепаликлар эътиборимизни тортди. Дастлаб Самарқанднинг пойтахт бўлгани ва қадимий обидаларнинг кўп қисми яхши сақланиб қолганлиги, туризм марказларидан эканлиги сабаб ҳам замонавий шаҳар ичидаги қум тепаликлар бироз ўйлантириб қўйди. Қандай сирларни ўз қаърида сақлаб келмоқда экан бу қумтепалар?

Шаҳараро саёҳатимизни одатдагидек Регистон ансамблидан бошладик. Майдонда ўз даврининг йирик илмий марказлари бўлган Улуғбек, Тиллакори, Шердор мадрасалари жойлашган бўлиб, улар олис тарихдан сўзлаётгандек. Регистоннинг ён томонида биринчи президентимиз Ислом Каримов ҳайкали қад ростлаган. Икки объект ўртасидаги кўча билан Сиёб бозорига чиқилади. Маълумотларга кўра, ушбу бозор нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёда ҳам энг катта ва қадимий бозорлардан саналар экан. Майдони 7 гектарни ташкил этадиган бу жойда авваллари Ер юзида биринчи бора қоғоз ишлаб чиқарилгани ва сотилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Сиёб яқинидан Сиёб дарёси оқиб ўтади ва бозор номи ҳам шундан келиб чиққан бўлиб, “қора сув” деган маънони англатади. Йилнинг тўрт фаслида ҳам ушбу бозордан дунёнинг турли томонларидан келган меҳмонларнинг қадами узилмайди.

Бозор айланишни кейинроққа  суриб тахминан 2 км шарқ томонга юрилса, панжара деворлар билан ўралган кенг майдон саҳни ва Самарқанд давлат тарихи музейи кўзга ташланади. Шу ернинг ўзидан кўп асрлик тарихни яшириб ётган Афросиёб ёдгорликларига кириш имкони бор.

Афросиёб қалъаси – Ўзбекистоннинг тарихий-археологик ёдгорликларидан бири бўлиб, VII-XIII асрга тегишли шаҳар қолдиқларидан иборат. Бир қараганда шунчаки баланд-паст тепаликлар ва сайҳонликдан иборат майдон. Ана шу ерда бир вақтлар шаҳар бўлганига ишониш қийин. Лекин тупроқ остида қолган кент аста-секин бизга сирларни оча бошлади.

Ўтган даврларда Афросиёб шаҳри Самарқанднинг маркази бўлган. Афросиёб сўзининг изоҳли маъносига тўхталсак, “афро” – шаҳар, “сиёб” – дарё “ дарё устидаги шаҳар” маъносини англатади. 219 гектардан иборат кенг сайҳонликлар, тепаликларда ҳануз қазилма ишлари олиб борилмоқда. Чунки шаҳарнинг дастлабки тарихи ҳақида ёзма манбаларда ҳам етарли маълумотлар мавжуд эмас. Фақатгина XVII асрдан кейинги манбаларда бу ерларни  “Ҳисори Кўҳна”, “Қалъаи кўҳна” номлари билан аташгани ва шаҳарда суғдийлар яшагани айтилади. Унинг бутунлай харобага айланиб, қум остида қолишига сабаб сифатида XII асрда мўғулларнинг аёвсиз босқини кўрсатилади. Ушбу тарихий аҳамиятга эга ёдгорликлар ҳозирги кунда халқаро Юнеско рўйхатига киритилган.

Археологик қидирувлар давомида шаҳар аҳолисининг ўша даврдаги  яшаш шароити, урф-одатлари, савдо-сотиқ марказлари, кўча ва майдонлари, ҳунармандчиликнинг қандай бўлгани ҳақида маълумотлар тўпланмоқда экан. Хусусан, Самарқанд тарихиги оид масалаларга ойдинлик киритувчи топилмалар ҳам айнан шу қалъадан топилган. Масалан милоддан аввалги V-VI асрларга тегишли мудофаа деворлари остидан гуваладан қурилган янада қадимги девор қолдиқлари очилиб, Самарқанднинг ёши  милоддан аввалги VIII аср ўрталарига оид эканлиги ўз исботини топган. Шаҳарнинг арки аъло қисмида милодий VIII асрга оид мурабба шаклидаги Самарқанд ихшидларининг маҳобатли саройи қолдиқлари топилиши шулар жумласидандир.

Сўғдиёнанинг маркази Мароқанд (ҳозирги Самарқанд) шаҳри бўлган. Мароқанднинг қолдиқлари сифатида ҳозирда “Афросиёб шаҳри харобалари” номи билан сақланадиган меъморий ёдгорликлар тушунилади.

Тепаликларнинг шундоқ ёнгинасида 1970 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Афросиёб – Самарқанд шаҳри тарихи” музейи мавжуд бўлиб, шаҳарнинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган. Афросиёб шаҳри қолдиқлари ва топилмалари айнан шу музейда сақланар экан. Умуман, жамики музейлар ватанимизнинг бой тарихи ва дунё тамаддунидаги ўрни ҳақида сўзлайди, ҳикоя қилади. Кўпларнинг эътиборини тортмайдиган, лекин қадим Самарқанднинг ўзидан-да қадимий кечмишдан дарак бераётган бу мозийхона катта илмий ўрганишларга манба бўладиган  тарих саҳифаларидир.

Музей икки қаватдан иборат бўлиб, экспозиция залларида милоддан аввалги биринчи минг йилликдан XIII асрнинг бошларигача бўлган даврдаги Самарқанд тарихига оид осори-атиқаларни ўзида мужассам этган. Музейда кўҳна Самарқанднинг маданиятини ёритувчи сопол, шиша, тош, металл, суяк, коропластика ва меъморий нақшлардан иборат 20 мингдан ортиқ экспонатлар бор.

Ушбу қадимий шаҳар ва музей ҳақида батафсилроқ маълумот олиш мақсадида музейнинг катта илмий ходими Дилноза Искандарова билан суҳбатлашдик:

— Ушбу музей Афросиёбнинг тарихи ва моддий маданиятини ёритиб берувчи маскан ҳисобланади. Бу ерда умумий ҳисобда 3 мингга яқин экспонат мавжуд. Маълумки, суғдийлар яшаган бу ҳудуд Суғдиёна деб аталган ва Самарқанд унинг маркази бўлган. Шаҳарчада қидирув ишлари анча йиллардан бери давом этиб келмоқда. 1965 йилда Афросиёб ёдгорликларидаги қазишмалар чоғида қадимий қаср деворларидан суратлар топилган ва шу ерда 1970 йили ушбу муҳташам археология ва тарих музейи бунёд этилган, – деди Д.Искандарова.

Бу билганларимиз, эшитганларимиз қанчалик ҳақиқат ёки йўқ, англаш мушкул, лекин ер остини қазиш вақтида топилган деворлардан кўчириб олинган бўлаклар музей экспонати сифатида сақланиб турар экан, уларда VII-VIII асрларда ишлатилган минерал бўёқларнинг ҳануз сақлангани ва кўзни олишига қараб, беҳад лол бўлади одам.

Шаҳар ичра шаҳар, тарих ичра тарих. Нақадар муаззам илмдир, нурдир, ҳикматларга қоришиқдир халқимизнинг кечмиши. Бу муқаддас тупроқда одамлар шунчаки яшаб ўтмаганлари, юксак маданиятга эга бўлгани, илму ҳунарда тенгсиз бўлгани, ўз ерини ёвдан қаттиқ ҳимоя қилгани, зако, идрок, иқтидор ва меҳнат билан қандай улкан иншоотлар барпо қилганидан дарак бермоқда бу тарих қолдиқлари. Афросиёб шаҳрининг харобаларини кузата туриб, халқимизнинг шони ва шаъни яққол намоён этилган бир суронли воқелик манзараси кўзлардан тасмадек ўтади. Ҳа, яқинига бориб кўрган сари, ўзингиз манзараларни, ҳодисаларни, тарихни, аждодлар қиёфасини, ҳаёт тарзини хаёлингизда яратасиз ва ўзингиз хаёлингизда томоша қиласиз экан.

Юртдошларимизга Самарқанд сафарларига чиққанда, бошқа зиёратлар қатори, ана шу меъморий обидани ҳам кўриб ўтишларини тавсия этган бўлардик. Зеро, бошқа ёдгорликлар қатори, у ҳам ҳар биримизни улуғ аждодларга муносиб бўлишга чорлайди. Кун келиб, хорижлик сайёҳлардан, тарихшунос олимлардан эшитиб билгандан кўра, ўз кўзимиз билан бориб кўрганимиз яхшироқ, албатта.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Саёҳат давомида бугунги Самарқандда ҳам кўпдан-кўп янги қурилишлар, жумладан, кўп қаватли уйлар ва турли иншоотлар бунёд этилаётганига, йўлларнинг таъмирланаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Самарқандга туташ янги шаҳарча — “Samarqand city”нинг қад ростлаётгани — юксалиш намунаси. Қолаверса, шаҳарнинг янада кенгайиб, обод ва кўркам бўлиб бораётгани яхши. Аммо… бир ҳақиқатни тан олайлик: бутун дунёни ўз тарихи, бетакрор обидалари, майдонлари, катта-кичик қадим йўллари, йўлаклари билан ўзига чорлайдиган гўзал Самарқанди азимни ҳеч ким биринчи навбатда 20 ёки 40 қаватли қурилган замонавий уйларни кўриш учун келмайди. Ҳамма қадим Самарқандни кўргани, муборак қадамжоларни зиёрат қилгани келади! Шуни унутмасак ва шу боис, шаҳардаги бирорта эски кўча, обидага, улардаги бирор ғиштга ҳам зиён етказилмаса бўлгани…

Гулнора ИКРОМОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 4 =