Бобур шаҳри васфида

Ҳар ишнинг ўз вақт-соати, даври бор,

Бу дунёда энди Бобур шаҳри бор.

 

Бобур, яъни Заҳириддин Муҳаммад,

Энг олий шон – она юртга муҳаббат.

 

Яхши-ёмон кечган ҳар ишдан огоҳ,

Шаҳрингизга хуш келибсиз, Бобуршоҳ!

 

Сизни буюк мусофир деб айтганлар,

Ортингиздан қолмиш айтиб “аттанг”лар.

 

Андижонни анда жонга тор этган,

Ўз юртида ўз юртига зор этган.

 

Салтанатнинг тўнин кийган – шод ўлмас,

Бунда ором, бунда ҳаловат бўлмас.

 

Темурийлар сулоласин қўл қарси,

Сиз энг ёвқур, Сиз энг кенжа йўлбарси.

 

Умрингизнинг ҳар они, ҳар дамида –

Юргандирсиз кескир қилич дамида.

 

Не деб қутлар эди Умаршайх Мирзо?

Ота ризо, демак, Худо ҳам ризо.

 

Ўз уйингиз, ўз сувингиз, наҳрингиз,

Олампаноҳ, қутлуғ бўлсин шаҳрингиз!

 

Даҳри дуннинг бағрин доим тош кўрдим,

Кўзингизда ғилтиллаган ёш кўрдим.

 

Бу гапларни мен айтмадим атайин,

Аввал айтган ташбеҳимга қайтайин:

 

Юз оҳ, Бобур, юз оҳ, Бобур, оҳ Бобур,

Подшоҳлар ҳам йиғларкан-да, воҳ Бобур!

Ярми Ҳинду, ярим кўнгли Афғонда,

Бутун умри кечмиш дарду армонда.

 

Тескаридан ўқилса: Бобур – рубоБ,

Бу рубобнинг чалган куйи ранж, азоб…

 

Бугун Сизни қутлар аҳли Андижон,

Янги замон қурганларга шараф-шон!

 

Кўкка қараб қатор-қатор чўзмиш бўй,

Янги уйда қутлуғ байрам, янги тўй.

 

Мактаб борар ораста ҳам озода,

Ҳар ўғил-қиз хонзода ҳам шаҳзода.

 

Комрон билан Ҳумоюнни чорлангиз,

Навкарларни қўш ёндан қаторлангиз.

 

Беш юз йиллар кечмиш, сезгум баногоҳ,

Шаҳрингизга хуш келдингиз, Бобуршоҳ!

 

Ҳар косиб, ҳар деҳқон, ҳар чўпонгача,

Хўжанддан то Испону Ёпонгача –

 

Бу хушхабар алқаб давру замонни,

Овозаси тутди рўйи жаҳонни.

 

Андижоннинг Аэропорти кўп кўркам,

Ҳавасларим келар боқиб, жон ўлкам.

 

Ярқираган “Боинг”ларга бандаргоҳ –

Шаҳрингизга хуш келдингиз, Бобуршоҳ!

 

“Бобурнома” айни обу тобида,

Бу бир мангу емирилмас обида.

 

Худди шундай бунёд бўлмиш устувор,

Демак, давлат пойдор, Ватан ҳам пойдор.

Ҳали бунда тўшалгай пўлат излар,

Чин-Мочиндан келар ҳали поездлар.

 

Оламда бор йўллар равон бўлгуси,

Бутун дунё дориламон бўлгуси.

 

Насим эсса ижодкорлар боғидан –

Асар қолмас дарду ҳижрон доғидан.

 

Худойимнинг Ўзи аввал мададкор,

Элу юртнинг эгаси Бош бунёдкор.

 

Иншооллоҳ, адаб шаҳри бўлгайдир,

Илму ирфон, мактаб шаҳри бўлгайдир.

 

“Боғи Беҳишт” каби об-ҳаволари,

Ўсгай бунда келажак даҳолари.

 

Бир шаҳарким, бағри очиқ, қадрдон,

Бино бўлмиш инсон меҳру қадридан.

 

Бу эъзозлар, бу олий эҳтиромлар,

Келажак минг йилларгадир саломлар.

 

Обод Ватан осмонлардан тушмайди –

Ватан бедор Раҳнамога ўхшайди.

 

Тарих гувоҳ, замон гувоҳ, эл гувоҳ –

Бизнинг улуғ ишлардан олам огоҳ.

 

Юз минг орзу-умидларнинг бағридир,

Бу матонат ва шижоат шаҳридир.

Сирожиддин САЙЙИД,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

Ўзбекистон халқ шоири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − two =