Ватан сендан айрилгани йўқ

Усмон АЗИМ,
Ўзбекистон халқ шоири
АЁЛ
Бу аёл бировни севмаган ҳали,
Шунчаки кимгадир беришган эрга.
Шунчаки фарзандлар кўрган… Шунчаки,
Ўзга бир нафасни ҳис этган шеърда.
Шунчаки саҳарда отланган ишга,
Шунчаки йиғлаган, шунчаки кулган.
Шунчаки қоришиб кетган турмушга,
Шунчаки деворга бошини урган.
“Яшаш шу, ўйлаган аёл, яшаш шу –
Дунё яралгандир шундай, яралган…”.
… Не учун бу одам сочмоқда ёғду,
Нечун сўзларидан оташ таралган?
Қаерда яшаган? Қандай яшаган –
Шеърнинг оташидан бўлмасдан адо?
Балки бу саҳнага уни бошлаган
Тақдир – бу аёлга этгани жафо…
Аёл эса тамом асирга тушди –
Кечиккан тақдирни таниди аён.
Жойида турди-ю фалакка учди,
Жойида турди-ю ўртанди ёмон.
Қалбларга ўт сочиб, кетди Шеър-одам.
Кетарда: – Менсиз ҳам хуш қолинг, – деди…
Аёл бебахтликнинг ҳукмида бу дам –
Ва шу бебахтликда бахтли ҳам эди.
16.02.2024
* * *
Тақвим адашмаган. Ҳали январь. Қиш.
Бодомлар гуллаган Бойсун шаҳрида
Январь баҳор каби юритарди иш –
Ажиб синоатнинг сирли баҳрида.
Бодомлар гуллаган Бойсун шаҳрида,
Барча кузларига бергани барҳам,
Ҳаёт денгизининг ошиб сатҳидан –
Омонат жонини топширди акам.
Акам бу дунёга қилмади парво!
Барча фаслларда – монанди баҳор –
Кўнглини барчага сочди, худо-ё,
Кўрганга меҳрини берди беозор.
Баҳор акам маним!.. Фасллар бекор!
Дунёга чиқса гар дил очиб – бекам,
Саратон билан ҳам сўзлари – баҳор,
Тийрамоҳ етса ҳам суҳбати – кўклам.
Эзгулик ҳеч қачон бўлмагай афгор!
Негадир қиш ишин Эгам тузатди:
Январда етишди ногаҳон баҳор –
Акамни бодомлар гуллаб кузатди.
17.02.2024
ДОВОН. ПОЕЗД
Тоғлар кечган сой сўлу соғи
Темир йўллар билан эшилган.
Поезд чиқар отилиб, тоғнинг
Қорнидаги қора тешикдан.
Таҳлика йўқ вагонда. Зарра
Зўриқиш йўқ. Чарчоғу “уф” йўқ.
Соат неча? Яқиндир марра.
Тик йўлларда қолган мағлуб йўқ.
Йўл кунларни айламас талаб,
Зумда битди Тошкентда юмуш.
Отабекни кутмас ҳафталаб,
Марғилонда ўртанган Кумуш.
Довонларнинг ваҳми йўқолган…
Аллақандай шўх суҳбат бошлар –
Довон ошиш лаззатларидан
Айро тушган беташвиш ёшлар.
Бу йигитлар ақлли. Бир забт! –
Барпо бўлар ўнгларида туш…
Отабекни кутмас ҳафталаб,
Марғилонда ўртанган Кумуш.
Аммо кўнглим маст эди – бемай! –
Довонларнинг достонлигида!..
Аллақандай хавотир бордай
Дийдор кўриш осонлигида.
20.02.2024
ҚЎРҚИНЧ
Эй, ўртандим!
Соғинганим соғинган!
Шеърни ичсам ҳам,
Соғинчим қонмас!
Бу соғинчда ўлиб кетаман
Бир кунмас-бир кун!
Сенга етолмаяпман,
Парвардигор!
21.02.2024
* * *
Ҳайвонлар кўпайди бу дунёда.
Худодан қўрқмас ҳайвонлар.
Яна барчаси одам қиёфасида.
Аммо менга аён-ку улар!
Мана,
Ор-номусни,
ҳалолликни,
имонни –
бори гул дунёни еб,
Пайҳон қилиб ўтишяпти.
Ҳайвонлар!..
Тўймайди булар!…
21.02.2024
ЯШИЛ ҚАРТА
Кетаверасанми?
Қорнинг тўйса, бўлдими?
Ташлаб кетаётганинг
Ахир,
Ватан.
Нега йиғламайсан?
Нега “оҳ” урмайсан?
Кетавер.
Ватанни танимаган,
Кетавер…
Ватан
Сендан айрилгани йўқ.
Ватан қутулди сендан,
Қутулди…
21.02.2024
ХОТИРА
Болалик дашту туз оралаб ўтди.
Тоғлар орасида яшадим, сўнгра
Қаро ер – аждарҳо – отамни ютди –
Уч ёшда эдимми? Йиғладим ҳўнграб.
Даштда ўроқ ўрдим. Ташидим сомон.
Рўзғорнинг ташвиши бошимга дўнди.
Мол-ҳолнинг ортидан югурдим сарсон –
Онам йиғламасин – ҳар корга кўндим.
Ҳозир ҳам эсимда ғамнинг сиёғи,
Елкаси силкинмай йиғлаётган ҳол –
Кўксимдан ўтди вақт – молнинг туёғи –
Митти жонимга ҳам раҳми йўқ қаттол.
Даштнинг ҳар қиёғи ёдимда қолган,
Кўклами, қувраши, хаслиги – турфа.
Дард шеърга етмасди. Ўртаниб толган
Юрагим муттасил кўчарди “уф”га.
Осмондан тушмаган ҳеч ким! Хотира
Бўғзимга тиқилар – ақлидан озган.
Шеърлар меникимас. Ҳў, ўша бола
Гоҳ кулиб, гоҳ йиғлаб ёзгани-ёзган…
23.02.2024
* * *
Йўқликларинг яхши.
Сени йўқлаб
Шеър ёзавераман,
Ёзавераман…
29.02.2024
* * *
Ишга кетди барча, ташвишга…
Креслога чўкканча оғир,
Кўчганими бир сокин тушга –
Ўтирибман кўз юмиб ҳозир.
Ва шу танҳо ўтиришимда,
Ўйларимни руҳимга артиб –
Ҳатто ўзим сезмас аршимда,
Бермоқдаман юракка тартиб.
Аллақандай – солмай овоза –
Мен ўзимга таралаяпман.
О, нақадар юрагим тоза…
Яна қайта яралаяпман.
29.02.2024
* * *
Тунда тортиб қўяди
Деразаларининг пардаларини.
Маҳкамлаб қўяр –
На осмон кўринар,
На юлдузлар…
Тунда ихтиёри
Ўзидан кетади, ахир,
Тунда армонли тушлар
Подшоҳдир унга…
Юлдузлар сори
Учиб кетишидан қўрқиб –
Тунда тортиб қўяди
Деразаларининг пардаларини.
02.03.2024
АЯМАЖУЗ
Бу кун жуда овора –
Баҳору қишга талаш.
Томда чалар тарона
Аямажуз – девона –
Қору ёмғир аралаш.
Аямажуз – шўр кампир!
Январи ташлаб кетган,
Феврали ташлаб кетган…
Аямажуз – зўр кампир –
Қаҳри баҳорга етган.
Аямажуз – кўр кампир!
Баҳор келганин сезмай,
Совуқ ишидан безмай –
Бу кунни айлар талаш,
Қору ёмғир аралаш…
04.02.2024
* * *
Сен тараф кетган хаёл –
кўчангда сарсон кезди-ё,
Уй ногоҳ очди эшик,
кўнгли не ҳолни сезди-ё.
Сен бу уйдин кўчган эрдинг.
Мунг шамоли елдиму?
Эшигингни очғани,
армонда соғинч келдиму?
Тушга менгзар бу кўча –
сеҳрингни ташлаб кетдинг-о!
Келса ёр мунғаймасин –
меҳрингни ташлаб кетдинг-о!
08.03.2024
УМР ФАСЛЛАРИДА СЕНГА ЁЗИЛГАН МАКТУБЛАРДАН ПАРЧАЛАР
“Сен хотирага борасан,
учрашсак,
изиллаб
йиғлайдиган хотирага”…
“Сен юракка борасан,
илҳомнинг мавжига қоришгани –
юракка
борасан”…
“Сен армонга борасан –
танҳо тунларимнинг
иложсиз
“уҳ”ларига”…
“Сен ғуссамга борасан –
шеърдан ҳам
яширган
фарёдларимга”…
“Сен шеъримга борасан –
сўнгги нафасимдаги
шеъримга”…
“Сен ёзолмаган шеъримда қоласан –
ўлаётганимда,
бирга
жон берадиган
шеъримда”…
10.03.2024
ИРСИЯТ. ИЛДИЗ
Юракда айланар қай куч гупириб,
Руҳимни ўртайди қай армон юқи?
Ногаҳон етади соғинч уфуриб,
Олис-олисларнинг безовта “уф”и…
Тумандай тарқаган мерос хотира
Қаътидан бир ситим ундов энади –
Бу чорлов ортидан – ногоҳ довдираб –
Масалан, Олтойга кетгим келади.
От суриб Шивирдан Ғарбга келяпман
Шамолга ўралиб, илашиб шеърга.
Ана, Алпомишни куйлаб беряпман,
Даштимда адашган сўқир Ҳомерга….
Қипчоқ даштларида ўйноқлар ҳар ён –
Ҳали ҳам –
“қур–эй”ининг маст-асов мавжи…
Уюрлар ортидан боқади, вайрон
Мозийдан узилган кўнглимнинг ранжи.
Қоронғу тушдими? Ловуллар гулхан.
Туркий шеваларда гуркирар суҳбат…
Давранинг четида бордайман мен ҳам,
Негадир англайман – борман то абад.
11.03.2024
* * *
Ёмғир. Тонг отар.
Деразамда
томчилар чанги.
Кўз ўнгимда ивиб ётар
Кузнинг сап-сариқ ранги.
О, ивиди маним кўнглим ҳам!..
Юрагимга бўлди бир бало –
Ўз-ўзидан босиб келди ғам,
Ўз-ўзидан йиғлади дунё.
Бир узлуксиз ўртаниш қалбда…
Яна нелар ўйлади тақдир?
Чақмоқ каби сочилиб – шартта! –
Баҳор бўлгум келар негадир.
12.03.2024