Бир шоирнинг юрак овози

Раҳим НАЗАРМАТ

Муаллиф ҳақида:

Раҳим Назармат ўғли — техника фанлари номзоди, кўплаб илмий мақолалар, бир нечта монографиялар муаллифи. Техника соҳасида ихтиролар муаллифи. “Умрнинг тўрт фасли” шеърий тўплами чоп этилган.

ҚАЛАМ

(Жангчи шоир Назармат (1917-2009)

отамнинг хотирасига)

Ижодкорлар аҳлининг бири

Бўлгандилар раҳматли отам,

Шоирлар бу — илҳом асири,

Қўлларида қоғозу қалам.

 

Жанг қилган уруш фахрийси,

Жангчи-шоир эди номлари.

Улар ёзган асарлар бари —

Юртимизнинг қаҳрамонлари.

 

Қаламлари қолди жавонда,

Чала қолди ёзилмай шеърлар.

Қоғозларга тушган сатрлар –

Ҳаётлари, дардлари эди.

 

У мисқоллаб топилган бойлик,

Йўқдир унда тошу тарози,

У тарихдир — ижод маҳсули,

Бир шоирнинг юрак овози.

 

Мерос қолди бизга китоблар,

Ўксинамиз қўлларга олсак,

Руҳларини шод қилар эдик,

Биз улардек яшасак ҳалол.

МОТАМСАРО ОНА

Оҳиста ташланар бу ерда қадам,

Хотира майдони — муқаддас макон,

Мотамсаро она йиллар ўтса ҳам,

Ўғлини кутмоқда, бош эгиб ҳамон.

 

Юракни ўртаган дарду ғамлари,

Оловга айланган машъала бўлиб,

Ҳар куни тизилиб юрт фарзандлари

Таъзим қилишмоқда пойига келиб.

 

Саксон йил бўлибди Жаҳон жангига,

Мардона курашган ота-боболар,

Зафар байроғини душман юртига

Ўрнатиб Ватанга қайтишган улар.

 

Жанг-жадал бўлмагай, афсус, қурбонсиз,

Жанггоҳдан қайтгану қайтмаганлар кўп.

Ўғлини кузатиб, она уйқусиз,

Қайтиб келишига бўлган умидвор.

 

Дунёда оғирроқ фарзанд доғидан

Мусибат бормикан ортиқроқ яна?

Айрилса паҳлавон жигарбандидан,

Мотамсаро бўлар ҳар қандай она.

 

Қайдадир бўляпти ҳозир ҳам жанглар,

Ўзга бир юртларда, бизлардан нари,

Ватанга қалқондир бизнинг ҳарбийлар,

Ишонч-ла боряпмиз мақсадлар сари.

 

Оҳиста ташланар бу ерда қадам,

Китобга битилган жангчи номлари,

Муҳрлаб ёзилган, ўчмас сира ҳам,

Қалбимизда яшайди юрт ўғлонлари.

 

ОНАЖОНИМ, ҚАЛБИМДАСИЗ

Ухлаб ётсам, майин бир овоз

Чақиргандек бўлади мени,

Уйқум қочиб довдираб бир оз,

Билолмадим туш таъбирини.

 

Эшикдаги осиқлиқ парда,

Тебрангандай туюлар менга,

Гўё онам тонгги саҳарда

Мени йўқлаб юрибди, нега?!

 

Ўттиз йилдан ошиб кетса ҳам,

Қулоғимда қолган бир садо,

Сиз эркалаб дердингиз “болам”,

Шундай сўзга бўляпман гадо.

 

Қалбимдаги хотира бўлиб,

Аста ташлаб товушсиз қадам,

Келяпсизми хавотир олиб?

Тушларимга сиз кириб онам.

 

ДЎСТИМГА

Дўстинг бўлса, ҳақиқий бўлсин,

Сохта эмас, қисқа муддатли,

Ёнингдамас, қалбингда бўлсин,

Сендек бўлсин, у ҳам хислатли.

 

Дўстинг бўлса, бўлсин у доно,

Қалби бўлсин ойнадек тоза,

Кўп бўлмасин, бўлсин бир дона,

Дўстлашганлар олсин андоза.

 

Дўстинг бўлсин, суянчиқ бўлсин,

Яхши бўлсин, ёмондан йироқ,

Сен адашсанг, эй дўстим, десин,

Ёмон йўлдан қилсин узоқроқ.

 

Дўстинг бўлсин, бўлсин қадрдон,

Ўқиганмас, уққандан бўлсин,

Сен ўзингдек унга ишонгин,

Эгизакдек туғишган бўлсин.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + nineteen =