Ислом цивилизацияси марказига саёҳат

Қўқон азал-азалдан илмли, зиёли, нуроний ва фазилатли кексалари кўплиги билан тилга тушган юрт. Собиқ шўролар даврида ҳам бу қадим шаҳарда яшаганлар иймон-эътиқод билан ислом ақидаларини эъзозлаб ҳаёт кечиришган. Яна қўқонликлар кўнгилларни осмонларча кўтариб қўядиган такаллуфлари билан ҳам машҳурдир.

Сира ёдимдан чиқмайди: 1990 йили — Мустақилликдан бир неча ой аввал Шоҳимардонга оилавий дам олишга боргандик. Бизлар жойлашган меҳмон уйининг бир томонида Қўқон шаҳридан борган юз-кўзларидан нур, гап-сўзларидан меҳр ёғилиб турган кекса отахон ва муниса онахон фарзанду набиралари билан уч-тўрт кун ичида эрталабдан кечгача Қуръони каримни ўқишганди. Кейинроқ англаб етдимки, улар Қуръонни хатм қилишган экан. Бу оила аъзоларининг муомалалари, маданияти, кўз қувнар даражада чиройли кийинишларига жудаям ҳавасимиз келган. Ўшанда биз ҳам, худо хоҳласа, Қуръон ўқишни ўрганишни ният қилгандик. Аллоҳнинг каломи битилган муқаддас китобга муҳаббат пайдо бўлганди…

Яқинда Республика “Нуроний” жамғармаси Қўқон шаҳар бўлими раиси, вилоят кенгаши депутати Манзур ака Абдуллаевдан Қўқон шаҳар ҳокими ҳомийлигида йигирма етти нафар нуронийларнинг Тошкентда бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ҳақидаги ҳаяжонли хушхабарни эшитиб, ўша Шоҳимардонда бўлган воқеа ёдимга тушиб кетди.

Ҳақиқатан, мамлакатимиз мустақиллиги шарофати билан ислом динига ҳам эмин-эркинлик берилди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси холисона эътироф этилди. Табаррук боболаримизнинг мақбаралари кўз кўрганда ғурурланиб қувонгудек муқаддас қадамжоларга айлантирилди.

Бундан етти йил аввал Президентимиз Шавкат Мирзиёев Рамазон Ҳайити куни Ислом цивилизацияси маркази биноси пойдеворига тамал тошини қўйган эди. Бугун қадимги меъморий обидаларимиз шаклида бунёд этилаётган улуғвор бинога миллий гумбаз ва пештоқлар, нақшларнинг ажойиб уйғунлиги кўрк ва салобат бағишлаб турибди.

— Кекса отахонлар ва мунис онахонлар Ҳазрати Имом мажмуаси билан ҳам танишдилар, — деди Манзур Абдуллаев. — У жойда “Усмоний Қуръони карим” нусхасини, Абу Бакр Қаффол Шоший мақбарасини, Мўйи муборак ва Бароқхон мадрасаларини кўришга муяссар бўлдилар.

Айниқса, онахонлар Ислом цивилизацияси марказида Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбаданбегим, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби тарихимизда чуқур из қолдирган аёлларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти хусусидаги маълумотлар билан танишиб жуда ғурурланишди. “Бу марказга ёш қизларимизни ҳам саёҳатга олиб келиш керак”, деган хулосага келишди. Ислом цивилизацияси маркази — миллий ўзлигимиз, илм-фан, таълим ва маданият маркази бўлганлигини таъкидлашди.

Ҳа, Ислом — юксак маънавият ва маданият тимсолидир. Президентимиз таъбири билан айтганда, Ислом цивилизацияси, Ислом таълимотининг замини, аслида, илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир. Юртимизда барпо этаётган марказнинг бош ғояси, асоси ҳам шу. Энг муҳим томони — юртимиздаги Ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда — мана шу мажмуада мужассам. Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини янада теранроқ англайди.

Манзур ака билан ана шулар ҳақида узоқ суҳбатлашдик. У биздан авваллари кузатилмаган бундай эъзоз ва эътибор учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга қўқонлик нуронийлар номидан миннатдорчилик сўзларини мақолада алоҳида қайд этиб қўйишимизни сўради.

Дарҳақиқат, Ислом цивилизацияси маркази Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик мактаби, илмий-маънавий салоҳиятимиз рамзи сифатида тарихга киришига шубҳа йўқ.

Муҳаммад КЕНЖАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 12 =