Болалар — жаннат райҳонларидир

Анталия дунёдаги гўзал шаҳарлардан бири. Бу шаҳарда нафақат боғлар, балки кўчалар ҳам гулларга бурканган. Биноларидан ҳам баланд пальмалари-ю хушманзара дарахтлари шаҳарни янада кўркамлаштириб турибди. Синглим олий маълумотли фармацевт-провизор. Анталия шаҳрида оиласи билан истиқомат қилади. Куёвимиз эса шифокор. Катта жияним Садия беш ёшда бўлса-да, жуда ҳам зийрак қиз. Туркча қилиб айтганда, “чўҳ” гўзал ва доно. Улуғларда “Қиз фарзанд оилага барака келтиради” деган ҳикмат бор. Яқинда Аллоҳ уларга яна бир қиз фарзанд ато этди. Илоҳо, ризқи билан, умри билан берган бўлсин!
Уларни йўқлаб, Анталияга тез-тез бориб турамиз. Самия бир ёшдан ўтди, жуда ширин пайти: кулсанг кулаверади, кулдирсанг қиқирлайди. Чақалоқлар кулгиси оламни нурга тўлдиради, деган ибора топиб айтилган экан.
Ҳар сафар Туркияга борганимда, бу гўзал юртда болажонлар, айниқса, чақалоқлар нақадар эътибор ва эъзоз билан қадрланишини кўриб, ҳайратга тушавераман. Анча мамлакатларда бўлганман. Болаларни суйиб эркалатишда турк қардошларимизга етадигани бўлмаса керак, деган фикрга келдим.
Маҳаллий аҳоли вакилларига кимнинг фарзанди эканининг фарқи йўқ: чақалоқни кўрди дегунча унга кулиб қарайверади, эркалатиб табассум қилаверади. Гўдакни етти ёт бегона эркалаб суйиб, ширин сўзлар айтганида жудаям хурсанд бўлиб кетасиз экан.
Синглим Зарифа бизларга яхшиликларни илинишга одатланган. Доимо бизларни денгизга, паркларга, музейларга, шаҳар ташқарисидаги диққатга сазовор жойларга саёҳатларга, савдо ва кўнгилочар марказларга таклиф қилади. Бу сафар “Агора” савдо ва кўнгилочар марказига отландик. Болалар аравачасидаги чақалоқнинг қадрланишини Туркияда бўлмагунингизча тасаввур қила олмайсиз. Трамвайга чиқасизми, автобусгами, болали аёлни кўрди дегунча унга йўл беришади, жой бўшатишади. Аравачаларни автобусга чиқаришда бажонидил-беминнат ёрдам беришади ва энг муҳими, улар болалиларга ёрдам бериб завқланишади. Болажонга бирор-бир ширинликми, ўйинчоқми ҳадя қилиш турклар учун одатий ҳол экан. Очиқ чеҳра билан зурриётингизга қувонч улашаётган меҳридарё инсонларга ташаккурлар айтамиз.
“Агора” савдо ва кўнгилочар марказида бренди жаҳонга машҳур савдо дўконлари, ресторанлар, автомат ўйин заллари, болалар ўйин майдончалари ва кинотеатр бор. Марказга кираверишда ногиронлар ва болалар аравачаларидан бепул фойдаланиш мумкин. Ҳатто кучук ва мушуклар учун ҳам шундай аравачалар бор экан. Марказдаги бетакрор гўзаллик ҳайратингизни оширади. Болалар ва оналарга яратилган шароитдан мамнун бўлган синглим: “Опажон, бу юртда болалар жуда бахтиёр ҳаёт кечиришади”, дейди.
“Агора”га ташриф буюрувчиларнинг болалари учун замонавий ўйингоҳ мавжуд бўлиб, отаси ёки онасининг телефон рақами ёзиб олинади-да, болажон бу майдончага қирқ беш дақиқагача бепул қўйиб кетилиши мумкин. Худди болалар боғчаси каби хушмуомала тарбиячилар фарзандингизга қараб туради.
Бу марказ ичкарисида ўстирилаётган анвойи гуллар ва манзарали дарахтлар баҳри дилингизни яйратади. Савдо шахобчалари олдидаги декоратив ўриндиқларда нафасингизни ростлайсиз, фавворачалардан завқланасиз. Тўғри, икки нафар ёш бола билан бир жойга боришнинг машаққатлари кўп, аммо одамларнинг болажонларга ғамхўрлиги эвазига қийинчиликларни унутасиз, сизда руҳий қувват пайдо бўлади.
Бундай файзли масканда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан дам олиш учун келган сайёҳларни учратасиз. Бир-бирига табассум билан қараётган кишиларнинг муомала маданиятини кўриб, ҳавасингиз ортади.
Жажжи болажонларни бағрингизга боссангиз, гўё жаннат райҳонларини ҳидлайсиз. “Болалар — жаннат райҳонларидир” деган ҳадиси шарифнинг моҳиятини англаб етгандек бўласиз. Болаларга шунчалар қувонч улашилаётган бу қардош турк юртида, она Ватанимизда, келинг, бутун дунёда доимо тинчлик-осойишталик бўлсин!
Гавҳар ДИЛМУРОДОВА.