Дарёдил устоз

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир, “Халқ сўзи” ва
“Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир РАҲМАТ сийратига чизгилар
Кечагидек эсимда, 1999 йил биринчи апрель куни эрталаб ўша вақтда юқори идорада ишлаётган Шуҳрат Жабборов қўнғироқ қилиб қолди.
— Ўткир Раҳматовни танийсиз-а?
— Президент Давлат маслаҳатчиси-ку, танийман.
— Бугун Ўткир акани “Қишлоқ ҳаёти” газетасига бош муҳаррирликка таништириш учун вакиллар боришади. Сиз тажрибали ва холис журналистсиз. Сўзга чиқиб, Ўткир ака ҳақида гапира оласизми?
— Жудаям яхши бўлибди, албатта гапираман. Жудаям камтарин инсон. Ўтган йили отам раҳматли оламдан ўтганида Ўткир ака алоҳида таъзия билдиргани ҳечам ёдимдан чиқмайди. Газетамизга шундай раҳбар керак эди, — дея ҳаяжонимни яширмадим.
“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг аввалги бош муҳаррири Неъмат ака Ёқубов нафақага кетгач, бир муддат унинг ўринбосари Суннатилло Сайдалиев газета раҳбари вазифасини бажариб турганди. Таҳририятда тажрибали журналистлар бўлса-да, иқтисодий аҳвол жуда абгор ҳолатда эди. Таҳририятнинг нашриёт босмахонасидан, ижара тўловлари ва ойлик маошлардан қарздорлиги ой сайин кўпайиб бориб, молиявий танглик шу даражага етгандики, иқтисодий таназзул ёқасига келиб қолганди. Ҳатто бош муҳаррирнинг хизмат машинасини таъмирлашга ҳам маблағ йўқлиги боис, автоулов гаражда яроқсиз ҳолда ётарди…
Табиийки, шу пайтда журналистлар орасида “Қишлоқ ҳаёти” газетасига ким бош муҳаррир бўлиб келиши” ҳақида турли хил тахминлар, “башорат”лар авжида эди. Аммо очиқ айтаман, Ўткир Раҳматовнинг бош муҳаррир бўлиб газетамизга ишга келиши, бошқаларни билмадиму, шахсан менинг тушимга ҳам кирмаганди. Айтишларича, Биринчи Президентимиз Ўткир Раҳматовни газетага ишга юбориш ҳақидаги фармойишида Давлат маслаҳатчиси лавозимидаги барча имтиёзларни сақлаган ҳолда ўзига хизмат учун бириктирилган автомашинани ҳам ихтиёрига берган экан. Ўткир Раҳматов эса камтаринлик билан ўша куннинг ўзидаёқ, юқоридан ажратилган хизмат автомашинасидан воз кечиб, қайтариб юборибди…
Яширишга ҳожат йўқ, қайсики идорага янги раҳбар келса, кўпчиликнинг “тинчи” бузилади. “Янги раҳбар қандай одам экан, қандай ишлаб кетар эканмиз” деган хавотирлар ходимлар ўртасида бўлиши табиий ҳол. Жуда яхши эслайман. Ўткир ака бош муҳаррир бўлиб келган дастлабки кунларданоқ жамоа билан худди минг йилдан буён бирга ишлаб келган одамдек тез тил топишиб кетди. Шахсан менинг ҳам ҳурматимни жойига қўйиб, илиқ ва самимий фикрларини билдирар экан, ўша вақтда Вазирлар Маҳкамасида ишлаётган Танзила Норбоева билан суҳбат уюштиришимни топширдилар. “Танзила Камоловна ҳалол ва билимли инсон, келажаги порлоқ раҳбарларимиздан. Сиз у киши билан суҳбатлашиш учун кўплаб соҳаларга оид маълумотлар билан танишиб олинг”, деган эди Ўткир ака. Устознинг фикрлари жуда тўғри эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Суҳбат-мақола тез кунларда газетада эълон қилинди. Унда Танзила Камоловна иқтидорли, келажаги порлоқ кадр сифатида эътироф этилгани бежиз эмас эди. Бугунги кунда Танзила Норбоева Олий Мажлис Сенати раиси вазифасида сидқидилдан фаолият юритаётгани бунга ёрқин мисол бўла олади, албатта…
* * *
Хуллас калом, Ўткир ака таҳририятимиздаги ташвишли аҳволни кўриб, саросимага тушмади. Қисқа муддатда — икки-уч ойдаёқ газетанинг мундарижаси ҳам, молиявий ҳолати ҳам тубдан ўзгариб кетди. Қисқа бир йилдаёқ ўн минглаб нусхада обуна ташкил этилди. Газетада босилаётган тиш-тирноқли мақолалар оғизга туша бошлади.
Масалан, “Гиппократнинг қарғиши урсин” сарлавҳали фельетонимда Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги талон-торожликлар, бугуннинг тили билан айтганда, коррупцион фаолият фош этилиб, катта шов-шув бўлганди. Фельетонни ҳукумат раҳбарлари ҳам ўқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бундай ноқонуний ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш учун кескин чоралар кўришни ва айбдорларга қатъий жазо беришни талаб қилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мақола муҳокамасига бағишланган ҳайъат йиғилишида Республика Прокуратураси умумий назорат бўлими бошлиғи билан бирга минбарда ўтирганимни эсласам, ҳамиша жамиятда журналистиканинг мавқеи нақадар баланд эканлигини ўйлайман.
Ёки газетада босилган “Каламушлар” деб номланган танқидий мақолада эса бир гуруҳ порахўрларнинг кирдикорлари очиб ташланган эди. Ўшанда бош муҳаррир Ўткир Раҳмат ҳали ёзилмаган мақола учун сарлавҳани аввалдан айтиб, мухбирга йўл-йўриқ ва маслаҳатлар берганди. Шу боис танқидий мақола жуда кучли, энг муҳими, холисона ёритилгани учун алоҳида эътиборга тушганини унутиб бўлмайди.
Энг муҳими, Ўткир аканинг саъй-ҳаракатлари туфайли аввалроқ эътиборсиз ва лоқайд муносабатда бўлиб келган республика агросаноат комплексига кирувчи вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа идораларнинг газетамизга қарашлари тубдан ўзгариб, обуна аввал қайд этилмаган даражада кўпайди.
Демак, газета тақдири бош муҳаррирга боғлиқ эканлигини у ўз тажрибасида кўрсатди. Назаримда, Ўткир ака келиб, “Қишлоқ ҳаёти” газетасига барака кирган эди. Таҳририятдаги абгор аҳволга келган хоналар таъмирланди, замонавий компьютерлар, транспорт воситалари ва жиҳозлар харид қилинди. Қорақалпоғистон ва вилоятлар бўйича мухбирларнинг ҳар бирига хизмат автомашиналари берилди.
Бундай ютуқларга эришилаётганидан айрим ҳасадгўй ҳамкасбларнинг ичлари ёниб кетгани, беҳаловат бўлиб қолишгани ҳам сир эмас. Начора, халқимизда бир гап бор: “Гадонинг душмани гадо бўлади”. Шу боис турли иғво-бўҳтонлар тарқатганлар ҳам бўлди. Аммо Ўткир ака уларга умуман эътибор қаратмас, парво ҳам қилмас эди. Аксинча, бутун диққат-эътибори, кучини таҳририят фаолиятини янада жонлантириш, ривожлантиришга қаратарди.
* * *
Ўткир ака раҳбар сифатида катта тажрибага эга эканлигини у киши билан бирга ишлаб юрган пайтларимиз тўлиқ англаб етган эдик. У ҳар бир журналистнинг нималарга қодир эканлигини инобатга олар, шунга қараб вазифаларни ишониб топширар эди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича “Қишлоқ ҳаёти”нинг ўз мухбирларини танлаб олишда ҳам ана шундай эътибор ва узоқни кўра билиш салоҳияти тўлиқ намоён бўлган эди десак янглишмаймиз. Устоз жойлардаги энг кучли журналистларни атрофига бирлаштирганди. Республиканинг нуфузли газеталари мухбирлари ҳам “Қишлоқ ҳаёти” газетасида ишлашга иштиёқманд эдилар. Чунки Ўткир Раҳмат астойдил ишлайдиган, қалами ўткир ижодкорларни бошида кўтариб юриши кўпчилик ҳамкасбларимизга аён бўлиб қолган эди.
Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Пиримқул Қодиров, Тоҳир Малик, Ўткир Ҳошимов, Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид, Саъдулла Сиёев, Матназар Абдулҳаким каби таниқли ёзувчи ва шоирлар, Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ғафуров каби машҳур адабиётшунослар асарларининг газетада мунтазам бериб борилиши ҳам таҳририят мавқеини юқори даражага олиб чиқди. Газета ижодкорларнинг, халқ вакилларининг ҳақиқий минбарига айланиб улгурди. Табиийки, ҳукуматнинг расмий ахборотлари мунтазам бериладиган республика газеталарида ижодкорлар асарларини беришга доим ҳам имкон топилмас эди. Албатта, “Қишлоқ ҳаёти” газетаси ҳам агросаноат масалаларини, фермерлик ҳаракатини ва ўз номи билан қишлоқ ҳаётини ёритишга кўпроқ эътибор қаратиши боис, адабиёт аҳли учун саҳифалар торлик қилиб қоларди. Буни англаган Ўткир ака ташаббус кўрсатиб, “Қишлоқ ҳаёти”нинг “Ҳаёт” деб номланган ҳафталик иловасини ташкил этди. Ушбу илова газета шунчалик тез ўз ўқувчиларини топган эдики, жуда қисқа вақтда ўттиз мингдан ортиқ ададда чиқа бошлади. Бунга шубҳа қилганлар бўлса, ўша йиллари босилган “Қишлоқ ҳаёти” ва “Ҳаёт” газеталари тахламларини варақлаб кўрсалар кифоя қилади.
Бугун-чи? Минг афсуски, “Қишлоқ ҳаёти” газетаси яна ўз муштарийларидан анча узоқлашиб кетгандек. “Ҳаёт” газетаси эса ёпилиб кетган. Бунинг боиси, албатта, бугунги кунда босма нашрларга эътиборнинг бирмунча пасайгани бўлса, иккинчи томондан ушбу нашрларнинг раҳбари Ўткир Раҳмат бошқа ишга, тўғрироғи, бошқа нашрга, янада аниқроғи “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарига бош муҳаррир этиб тайинланганида эди. Шуни айтиш керакки, ҳукуматимизнинг биринчи рақамли нашрининг обрў-эътиборини, нуфузини янада ошириш учун Ўткир ака бу таҳририятда ҳам тинимсиз меҳнат қилмоқда. Газетани ҳафтанинг деярли ҳар куни чоп этиш, чоп этганда ҳам мамлакат ва дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ўзига хос тарзда ёритиш салоҳиятини пайдо қилишнинг ўзи бўлмайди. Яъни айтмоқчимизки, ҳар бир ижодкорнинг ўз услуби, сўзи, юзи бўлганидек, ҳар бир нашрнинг ҳам ўз услуби, қиёфаси бўлади. Бундай ижодий қиёфани Ўткир Раҳмат раҳбарлигидаги “Халқ сўзи” ва “Народное слово” нашрлари мукаммал ярата олди десак хато бўлмас. Яна айтиш мумкинки, бирор баҳсли воқеа-ҳодиса, хабар ҳақида сўз кетса, “Халқ сўзи”да қандай берилган?” деб газетага мурожаат қилинади. Унда эълон қилинган ҳар қандай матн шубҳадан холи, ишончли манба деб қараш — нафақат расмий идоралар, балки барча каттаю кичик ижодий жамоаларга ҳам тааллуқли.
* * *
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфни йўқлаб унинг Дўрмондаги ёзувчилар боғидаги дала ҳовлисига бориб турардим. Бир гал у билан ҳамюрт шоиримиз Шавкат Раҳмоннинг соғлиғи хусусида гаплашиб қолдик. Раҳматли Муҳаммад Юсуф ўшанда бир гап айтиб қолди: унга Шавкат Раҳмон: “Кўзим тириклигида Ўткир аканинг менга қилган яхшиликларини қайтара олармиканман?” деб хўрсиниб сўзлаган экан. Муҳаммад Юсуфнинг ўзи ҳам Ўткир акадан кўп меҳрибончиликлар кўрганини айтиб юрарди. Ҳар икки забардаст ва бетакрор шоир оламдан ўтганидан кейин ҳам уларнинг руҳларини шод этишда, оила аъзоларига ғамхўрлик кўрсатишда Ўткир ака ибрат намунасини намоён этганидан бохабарман.
Албатта, савобли амалларни қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Қўлидан келадиганлар, бунга имконияти етадиганларнинг барчаси ҳам бировга беминнат яхшилик қилишни ўйлайвермайди. Аммо шогирдларига Ўткир Раҳматовчалик меҳр-шафқатли бош муҳаррирлар, афсуски, орамизда саноқли.
Бир воқеа ҳечам ёдимдан чиқмайди. Матназар Абдулҳаким оғир хасталаниб ётганида Ўткир ака узоқ Хоразмга бориб, унинг ҳолидан хабар олади. Оиласига беминнат моддий ёрдам кўрсатиб қайтади. У кишининг бундай хайрли ишларини санаб адоғига етиб бўлмайди.
Кейинги пайтларда хизмат юзасидан ўзим ишлаётган “Hurriyat” газетаси таҳририяти номидан жойларга хизмат сафарига чиқишга тўғри келади. Хусусан, Наманган вилоятида ҳам сафарда бўлиб тураман. Қувончлиси, Наманганда журналистларни журналист ўрнида кўрадиган газета жонкуярлари бор. Айниқса, кўпни кўрган кекса раҳбарлар, оқсоқоллар билан суҳбатлашганимизда, уларнинг аксарияти, албатта, Ўткир акани сўрашади. Ортидан раҳмат келиб турадиган савобли амаллари ҳақида гапиришади. Масалан, наманганлик таниқли ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, раҳматли Ортиқали Номозов Ўткир Раҳматовдан кўрган оталарча ғамхўрликлар ҳақида ёзар экан, устозига “меҳри оламжаҳон инсон” деб баҳо берган эди.
* * *
Яхши биладиган инсоний сифатларидан бири шундаки, Ўткир ака она деса хонумонини берадиган инсон. Онасини яхши кўрган кишиларга ҳам бошқача меҳрибончилик кўрсатишга одатланган. Ҳар сафар Аравонга кетаётганимда, “Онангиздан бизларга ҳам дуо олиб келинг”, деб тайинларди. Она ҳақида гап кетса ё бирор мисра шеър эшитгудек бўлса, устознинг юзида дарров хушнудлик пайдо бўлади. Ўзи ҳам тез-тез Самарқандга бориб, онасидан хабар олиб келганини кўпчилик сезмай қоларди. Мени кўнглига яқин олиб, онаси ҳақида, оналар ҳақида гапириб берган ҳикоятларини кўп эшитганман. Ўткир акага ҳалимлик хислати онасидан ўтган бўлса керак, деб ўйлайман…
Камтарин, мулойим, ширинсўз, самимиятли бўлиш ҳам Аллоҳдан берилган неъмат. Дарёдил қалб соҳиби бўлиш саодатдир. Ўткир акани ҳеч иккиланмай ана шундай фазилатли инсон дея оламан. Ўттиз йилча яқиндан билибманки, бирор маротаба жаҳл қилиб қўпол сўзлаганини кўрмадим. Иш фаолиятида ҳам, ўзаро суҳбатларда ҳам беҳаё сўзларни ишлатганини эшитмадик. Маданиятда, маънавиятда ҳам у кишидан ҳаётий дарс олдик. Ҳатто асаблари бўшроқ ходимлар баъзида қаттиқ оҳангда устоз билан тортишиб қолган чоғларда ҳам уларга ёмон гапирмаган, вазминлик билан масалага ойдинлик киритган. Шундай. Устоз яхши сўз билан жонга озиқ бериб, кўпларни пушаймонда қолдириб юради.
* * *
Оқибатли бўлиш хислатини Аллоҳ ҳаммага ҳам раво кўравермас экан-да. Бир воқеа ҳечам ёдимдан чиқмайди. Ўшанда устознинг “Қишлоқ ҳаёти”га ишга келганига ярим йил ҳам бўлмаган эди. Наманганлик қадрдонининг отасини машина босиб кетиб, вафот этган экан. Таҳририятда бўлим бошлиғи эдим. Ўткир ака хонамга кириб: “Бир илтимосим бор, бензин қуйиб бераман, мени Наманганга таъзияга обориб кела оласизми?” деб қолдилар. Бажонидил рози бўлдим. У пайтлари Қамчиқ довони бугунгидек равон эмасди. Ўнлаб чақирим масофадаги йўллар тубдан қайта қурилаётган давр эди. Таъзия бўлган хонадондагилар Ўткир акани яхши билишар экан. Жуда миннатдор бўлишди. Қайтишимизда довонда йўл қурувчилар тоғни портлатишган экан, тош кўчиб, чамаси тўрт соатча йўл ёпилиб қолди. Ёнимиздаги автомашиналардан биридаги йўловчи Тошкентда сотиш учун тоғораларда анжир олиб кетаётган экан. Иссиқ кунда анжирим бузилиб қолмасин, деб бечора эгаси жони ҳалак. Анжир нархини савдолашиб, тоғорани машинамнинг капотига қўйиб, маза қилиб едик. Ўткир ака ҳайдовчиларга анжирнинг мазасини айтиб мақтаб кетди. Кўпдан қуён қочиб қутулмас, деганларидек, бир нечта тоғоралардаги анжир тезда сотилиб кетди. Наманган анжири ширали бўларкан, мазаси оғзимизда қолди. Анжир эгаси Ўткир аканинг олдига келиб: “Раҳмат сизга, жуда савоб иш қилдингиз, барака топинг!” деб дуо қилди. Анжир — жаннат меваси, деб бежиз айтилмаган экан. Саломатлик учун ҳам жуда фойдали экан. Бир даврлар бўлганди, пишиқчилик пайтида Юнусобод бозоридан харид қилиб, телеминора ёнидаги Бухоро кафесида Ўткир акалар билан анча йиллар баҳорда тутхўрлик, кузда анжирхўрлик қилиб юрдик.
* * *
Агар Ўткир аканинг журналистлик ва раҳбарлик фаолиятига ҳикмат назари билан қарасангиз, ибрат топар экансиз. Айниқса, бугун “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида бош муҳаррир бўлиб ишлаётган даврда таҳририят ходимлари учун жуда манфаатли бўлди. Ижтимоий аҳволини яхшилаш учун ходимларга уй-жой олишларига субсидия ва фоизсиз маблағлар ажратилди. Ҳар байрамда мукофот тариқасида уй-рўзғор анжомлари бериб борилгани ҳам ҳамкасбларимизнинг оилаларига мадад бўлди. Кам-кўсти йўқнинг кўнгли тўқ бўлади. Қалам тебратиш учун шароит қулай бўлгани боис жамоада ижодий танловларнинг совриндорлари ҳам кўпайиб бормоқда.
Истеъдоди бор ёшларга ҳам маънан, ҳам моддий томондан камарбаста бўлади. Бу унинг олтин қоидаси. Шу тариқа ўзбек журналистикасида Ўткир Раҳматнинг ижодий мактаби яратилди. Бу мактабга нафақат пойтахтдан, балки энг олис туман ва қишлоқлардан журналистикага ҳавасмандлар келди. Кўп ўтмай, уларнинг ижод намуналари нуфузли газета ва журналларда чоп этилди.
Ғофур Шермуҳаммад, Рустам Жабборов, Ғайрат Шералиев, Фарида Маҳкамова, Саид Раҳмонов, Дилшод Улуғмуродов, Шавкат Ортиқов, Бахтиёр Ёқубов, Фазлиддин Абилов, Анвар Қулмуродов, Ҳасан Тошхўжаев, Дилшод Каримов каби ўнлаб бугунги кунда элнинг назарига тушган маҳоратли ёзувчи ва журналистлар етишиб чиқди. Улар орасида “Олтин қалам” миллий мукофоти соҳиби бўлганлар, “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиблари кўпчиликни ташкил этади. Ўткир Раҳматов шогирдларидан иқтисод фанлари доктори, профессор Акром Ҳошимов, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа докторлари Шерзод Ҳайитов, Набижон Акрамов, Равшан Худойбердиев кабилар уни устоз сифатида юксак қадрлашади.
* * *
Адабиётимизда шоир Ўткир Раҳматнинг ўз ўрни бор. У яратган асарлар, дилга етиб борар шеърлар, достонлар ижод муҳибларининг аллақачон мулкига айланган. Шоир шеърлари асосида бир қанча таниқли санъаткорлар дилбар қўшиқлар яратганлар. Ўткир Раҳматнинг “Соғинч”, “Жилға”, “Райҳон ҳиди”, “Шукрона”, “Кўзим қорачиғи”, “Ой ёғдуси”, “Хаёл ифори”, “Юракдаги қуш”, тўрт жилдлик — “Дилчироқ”, “Оҳанглар ранги”, “Фасллар айланар, тугамайди шеър”, “Дилроз” танланган асарлари, “Ўтли руҳ”, “Таскин”, “Йиллар оралаб”, “Шаффоф лаҳза”, “Ой тўлган оқшом” каби ўндан ортиқ шеърий тўпламлари китобхонлар маънавий хазинасига айланган. Шеърлари қорақалпоқ, турк, озарбайжон, рус ва бошқа тилларга таржима қилинган. Насиб бўлса, устознинг ўзига хос ижодий имкониятлари, гўзал шеърлари, бетакрор назмий ташбеҳлари ҳақида алоҳида сўз айтиш ниятидаман. Лекин шу нарсани аниқ ифода этишни истардимки, Ўткир Раҳмат шеърияти дилга яқин, дард ва оғриқлар, севги ва ҳижрон, муҳаббат ва меҳр, гўзал табиат, бетимсол яшилликлар, гулу гиёҳлар тили билан сизнинг юрагингизни эгаллайди. Шоир шеърларини ўқиб кўрган ҳар бир ўқувчи бунга асло шубҳа қилмайди. Қолаверса, ана шундай катта ижод завқи ва деярли ҳар куни чоп этиладиган газета юмушларидан ортиб устоз томонидан битилаётган публицистик мақолалар, ижтимоий-иқтисодий мавзулардаги таҳлилий мақолаларни ёзаётганига қойил қолмасдан илож йўқ. Демак, Ўткир Раҳмат бу борада ҳам шогирдларига ўрнак, ибрат бўлгулик катта ижодкор, катта қалб эгасидир.
* * *
Ҳаёт бир текисда кетмас экан. Инсонмиз, билиб-билмай қадамлар босганмиз. Анча йиллар аввал елкасида погони бор, имконларини чексиз деб билган, қутурган ва оёғи ердан узилган мансаб эгаларидан бири очиқчасига: “Мен шу идорада эканман, газетада ишлатмайман!” деб дағдаға қилганди. “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бўлим бошлиқлигидан ўз хоҳишим билан ишдан бўшаб, журналистикадан ҳафсалам пир бўлиб юрган пайтларим эди. Москвада яшайдиган тадбиркор жияним: “Ресторанимни юритаверасиз, икки минг доллар ойлик қилиб бераман, келинг”, деган таклифни айтди. Москвага кетсаммикан, кетмасаммикин деб иккиланиб турган кунларнинг бирида Ўткир ака телефон қилиб қолди. “Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов илтимос қиляпти, бориб учрашинг”, деди у. Аввалроқ Исфандиёр Латипов билан “Чимён” санаторийсида тасодифан танишиб қолган эдик. У ижодий уюшманинг маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи лавозимига ишга таклиф қилди. Ойлик маоши оз экан деб унамагандим. Ўткир аканинг сўзидан кейин, устоз бекорга бир сўз айтмайди, дея Латиповга уч-тўрт ой ишлашимни айтиб, ишга кириш учун ариза ёздим. Насибам шу ерда экан, уч-тўрт ой эмас, шу даргоҳда ўн йил қолиб кетдим. Раис ўринбосари бўлдим. Ҳаётнинг бор-йўқчиликларига чидадим, атрофдаги ёлғон-яшиқларга сабр қилдим. Уюшмада ташқи тасвирий воситалар орқали амалга ошириладиган маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ишларида қўлланиладиган иқтибослар, матнлар, ҳикматли сўзлар, донишмандлар фикрлари, ҳадислар ва халқ мақоллари бўйича ҳар йили бир марта чоп этиладиган ўнта “Тавсиялар” қўлланмасига муаллифлик қилдим. Бугун бу ишлар, натижалар учун ҳам устоз Ўткир Раҳматдан миннатдорман…
Ҳақиқий дўст кимлиги бошингга иш тушиб, мушкул аҳволда қолганингда билинади. Бундай пайтларда амал дўстлар ҳам, пул дўстлар ҳам ўз қиёфасини кўрсатади. Шундай пайтларимда Ўткир ака овоза қилиб бўлмайдиган, қадрдонларга хос бўлган ғамхўрликлар қилди. Бу яхшиликларини асло унутиб бўлмайди.
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари байрами яқинлашаётган ушбу кунларда устоз Ўткир Раҳматовнинг инсонийлик фазилатлари хусусида дилимдаги айрим ўй-кечинмаларни ўртоқлашмоқчи бўлдим.
Зеро, халқимизда “дарёдек одам, дарёдил инсон” деган иборалар бор. Ўткир акани тўлиб оқаётган сокин дарёга ўхшатгим келади. Сокин дарёлар эса ҳамиша элу халққа, юртга, Ватанга пайваста бўлади. Одамларга яхшилик улашиш – умр мазмуни.
Ҳа, устоз Ўткир Раҳмат олдимиздан оқаётган дарё кабидир.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!
Бировга мутелик дардлари оғир,
Қарамлик ғурбати этади адо.
Неларни кўрмайди беилож тақдир,
Яшашдан не асли мақсад-муддао…
Вақт келиб сабр ҳам тўлар экан-ку,
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!
Мозийдан тикилар уйғоқ нигоҳлар,
Гарчи у зулмнинг дастидан абгор.
Кўксидан ўчмаган фиғону оҳлар,
Замона зайлидан чеккан минг озор…
Чин дилдан эзгулик тилар экан-ку,
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!
Сарсону саргардон йўл босди узоқ,
Шамолу довуллар эсиб қўймади.
Бетиним эргашиб азобу қийноқ,
Мазлум эл қадрини топтаб тўймади…
Матонат – мард, жасур қилар экан-ку,
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!
Менсимас манфаат очирмади кўз,
Бегона ниятлар тузоққа олди.
Бўғзида қадалиб қолиб кетди бўз,
Чорасиз дамларни бошига солди…
Умидвор умидлар бўлар экан-ку…
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!
Дунёки кундан-кун қалқиб турибди,
Тўлқинлар мавж урар, дарё турмас жим.
Довулу шамоллар кезиб юрибди,
Қайдадир яхшилик, қайдадир зулм…
Эзгулик бор жойда куйлар экан-ку,
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!
Асрий орзулари ушалиб элнинг,
Ўзлигин қаддини кўтарди бардам.
Манзили порлоқдир бу янги йўлнинг,
Шижоат, шашти зўр, одимлар шахдам.
Диллар ҳам шодликдан тўлар экан-ку,
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!
Бу дамлар ўзидан бўлмади пайдо,
Армонлар бирма-бир ечмоқда тугун.
Қадри ҳам юксалиб кундан-кун ҳатто,
Бунёдкор элимиз шод, омон бу кун.
Боболар, момолар билар экан-ку,
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!
Тенгларнинг ичида тенгдир жон Ватан,
Илм-фан бобида ҳеч кимдан каммас.
Келажак умиди фарзандлар экан,
Унинг машъаласи ҳеч қачон сўнмас.
Бахт кулиб, бошини силар экан-ку,
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!
Юртбошим меҳри бу, эътибори бу,
Ҳар қалбда уйғотган ғайрат, шижоат.
Ватанга муҳаббат абадий туйғу,
Олдинга интилмоқ чоғидир фақат!
Орзулар вақт келиб гуллар экан-ку,
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!
Майдонда курашар ҳар фарзандинг шер,
Миллат ори учун тикдилар жонни.
Бугун олам аҳли ҳавас ила дер:
“Яна лол қолдирдинг кўҳна жаҳонни”.
Дунёга йўл олса бўлар экан-ку…
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!..
Ушалди ниҳоят кўп йиллик орзу:
Юртимни кутиб ол шонли мундиал!
Энди зафар йўли бўлмас қоронғу,
Омадлар ёр бўлсин сенга ҳар маҳал!
Саодатинг порлоқ кулар экан-ку,
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!..
Ишончу ирода, сўнмас қатъият
Ўғлонлар қалбига бўлди жо бугун.
Жаҳон аҳли ҳатто тан олар хурсанд,
Олқишлайди бутун Осиё бугун.
Ҳақ деганни Ҳақ ҳам қўллар экан-ку,
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!..
Истаклар рўёби ҳар дилга сайқал,
Кўз порлар шарафнинг қасидасидан.
Чайқал, она халқим, ғурур-ла чайқал,
Кўксинг тоғ ғолиблик нашидасидан,
Юрагинг бахтга эш бўлар экан-ку,
Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!
Юртбоши истаги — зафар номасин
Авлодлар кўнглида асрамоқ ҳар он.
Умидинг сўлмасин, асло битмасин
Бу порлоқ кунларинг, жон Ўзбекистон!
Токи кўнглинг сўнмас нурларга тўлсин,
Нурафшон кунларинг абадий бўлсин!
Ўткир РАҲМАТ
8.05.25.