Орзулар рўёби
Чекка қишлоғим юрагимга журналист бўлиш орзусини солган. Бу орзу шундайлигича қолмаслиги учун оилам мени ҳар томонлама қўллаб келди. Албатта, бу соҳада ўқиш, талаба бўлиш учун етарлича билим ва кўникма талаб этилади. Шу сабабли ҳар куни дарсдан кейин шаҳар марказига курсга қатнар эдим. Узоқ йўл, чанг қишлоғимни оралаб борар эканман, йўлма-йўл ўша бепоён орзуларим, гўзал келажак ҳақидаги ўйларим манзилимни яқин қилар эди гўё. Ўқув марказининг олдида Сирдарё вилоят телерадиокомпанияси биноси жойлашган эди. Ҳар гал унга ҳавас билан қараб, “Кун келиб мақсадимга эришаман ва шу даргоҳда ишлайман” дея ният қилар эдим. Ҳар куни шу бино олдидан ўтарканман, олдимга қўйган мақсадимга бўлган интилиш янада ошарди.
Бир куни дарсимиз эрта тугади. Яна телеканал олдидан ўтиб бораётиб, бир мартагина бўлса-да бинога киришни, ундаги муҳитни ҳис қилишни чин дилдан истадим. Бино олдида ёши каттароқ бир кишига кўзим тушди ва шу бинога кириш учун рухсат сўрадим. У киши устоз журналист Анорбой Қаҳҳоров эди. Устоз кичик илтимосимга йўқ демай, бола кўнглимни шодлантирганлари, қолаверса, журналист бўлиш истагимни қўллаганлари менга янада куч бағишлаган. Орзум ушалди. Телеканалга кирдим. Камера, микрофон, студия — барча-барчасини ўз кўзим билан кўргандаги завқ, шижоат ва ҳаяжон ҳамон ёдимда. У ердаги аҳил жамоа — устозлар билан танишдим. Иш жараёнини кузатиш учун келиб туришимга рухсат беришди.
Кундан-кун соҳага бўлган қизиқишим ошар, устозлар фаолиятини, кўрсатувлар суратга олиниш жараёнларини кузатиб, тезроқ талаба бўлгим ва мен ҳам журналист касбини эгаллаб, шу саҳнада ўзимни кўргим келарди. Анча вақт амалиёт ўтагач, Сирдарё вилоят телерадиокомпанияси директори, устоз журналист Зафар Дархоновга ўз истагимни билдирдим. У киши мен ҳам кўрсатувларга чиқишим, лавҳалар тайёрлашга уриниб кўришим мумкинлигини айтдилар. Бу имконият менинг келажагимни белгилаб берди, десам, муболаға бўлмайди. Ўша дамдан бошлаб мен ҳам бўлажак ёш журналист сифатида радио ва телевидениеда чиқиш қила бошладим. Лавҳаларим эфир юзини кўрди. Журналист бўлишни орзу қилган бир қизалоқ учун бу улкан бахт эди. Устозларим, оилам — барча-барча яқинларимдаги фахр туйғусидан кундан-кунга касбга бўлган меҳрим ортиб бораверди. Устозларимнинг бир ўгити мендаги шиорга айланиб улгурган: “Ёзишни билган журналист журналистиканинг қайси соҳасида бўлмасин, ҳеч қачон қийналмайди”. Ҳақиқатан ҳам, бу сўзларда катта маъно мужассам. Журналистнинг қуроли — сўз. Устозларим менга бу ўгитни болаликдан сингдиришганидан ҳамиша миннатдорман. Сабаби, мен телевидениеда амалиёт ўташ билан бир қаторда, газеталар билан ҳам доимий ҳамкорлик қилдим. Журналистиканинг бу икки йўналишини бир-бирига боғлаш келажак мақсадларимга етишишимга катта туртки бўлган.
Абитуриентлик даври тугаб, ҳал қилувчи паллалар яқинлашди. Журналистика йўналишида ижодий имтиҳон ўтказилиши маълум бўлди. Бу нафақат мени, балки журналистика соҳасига иштиёқи баланд барча абитуриентларни жуда хурсанд қилди. Сабаби, биз ижодий имтиҳонда иқтидоримизни намоён эта олардик. Элликдан ортиқ ижодий ишларим, мақола ва телекўрсатувларимни папкага жойлаб, мақсадим томон Тошкентга йўл олдим. У ерда маҳоратли журналист устозлар бизни суҳбатдан ўтказишди. Суҳбат жараёнида ҳар бир саволга иштиёқ, баланд руҳ билан жўшқин жавоб берганимни кўрган устозлар: “Сиз деярли тайёр журналист экансиз-ку”, дейишгани ўзимга бўлган ишончни янада оширган. Ўша суҳбат ва ёзма имтиҳондан энг юқори балл билан давлат гранти асосида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетига талабаликка тавсия этилдим. Жонажон журналистикамнинг илк зиналарига қадам қўйдим. Энди эса бу зиналардан кучли билимим билан кўтарилиб, устозларим ишончини, имкониятларим натижасини оқлашим керак эди. “Инсон ниманидир чин дилдан истаса, бутун ер-у само уни шунга етказиш пайида бўлади”, деб ёзилган эди энг севимли асарларимдан бири “Алкимёгар”да. Чиндан ҳам бундан беш йил олдин журналист бўлиш хаёли билан телевидение биноси олдидан ҳавас билан ўтганларим, ана шу ҳавас асносида қилган ниятларим бугун ҳаётимга кўчди: талаба бўлдим, ўқидим, ўз мақсадим йўлида тинимсиз ҳаракат қилдим. Университетда ҳам шунчаки эмас, бор куч-ғайратим билан ўқидим. Сабаби, пойтахтга қишлоғимдан осмон-осмон орзуларимни елкамга юклаб келган эдим. Севимли жойим — телерадиоканалга: “Албатта ўқиб, рақобатбардош кадр бўлиб қайтаман”, дея ваъда берган эдим. Ҳар лаҳза мана шулар менга куч бағишлади. Ўқиш давомида соҳа бўйича ҳам назарий, ҳам амалий билим олдим. ОАВ билан мунтазам ҳамкорлик қилдим. Газета-журналлар мутолаасини канда қилмадим. Энг катта қуролим бўлмиш сўздан моҳирона фойдаландим. Тўхтамадим ва меҳнатларимнинг самараси ўлароқ, муҳтарам Юртбошимизнинг қарорларига биноан Зулфия номидаги давлат мукофотига айнан журналистика йўналишида тавсия қилиндим. Ҳа, мен шу касбни севиб, камол топдим. Мақсадим, ҳаракатим билан Президент эътирофига сазовор бўлдим. Муҳтарам Юртбошимиз менинг кўксимга мукофот тақар эканлар: “Занжилой, қизим, сизни журналистика йўналиши бўйича тақдирлаяпман, сиз каби журналистларимиз кўп бўлиши керак. Зеро, ислоҳотларимизнинг тарғиботчиси сиз, журналистлар ҳисобланасизлар”, деб айтдилар. Бу мен учун ҳақиқий ютуқ ва ғурур эди: кечагина қишлоғидан “журналист бўла олармиканман?” дея минг бир ўйлар гирдобида ўқув марказига қатнайдиган қизалоқнинг касбдан топган камоли ва бахти. Бу ютуғимнинг асосий сабабчилари эса менга имконият яратган азиз устозларимдир. Улардан ҳамиша қарздорман. Мен бу қарзимни соҳанинг етук мутахассиси, улар хоҳлагандек қалами ўткир журналист бўлиб оқлайман.
Яқинда ўша гўзал хотираларни эслаб, Сирдарё вилояти телерадиокомпаниясига бордим. Телеканал тўлиқ таъмирланган шинам ва замонавий янги бинога кўчган. У ерда мени телерадиоканал директори устоз Зафар Дархонов кутиб олдилар. Устоз билан суҳбатлашиб, янги бино билан танишдим. Замонавий бинода айланиб, баҳри-дилим яйради. Бир журналист ишлаши, ижод қилиши учун бундан ортиқ шароит бўлмаса керак. Тўғриси, ҳис-ҳаяжон ва ҳайратимни яшира олмадим. Бу ерда ишлаш, касбий маҳоратимни ошириш истаги ошди. Бу даргоҳ менинг муваффақиятимга илк эшикларини очган қадрдон масканлардан бири бўлган. Бундай мажмуада завқ билан ишлаш кўплаб журналистлар қатори, менинг ҳам орзум эди, албатта. Қолаверса, шу даргоҳда ишлаб, устозлар берган билимни оқлаш, унинг натижасини амалда кўрсатиш, миллий, замонавий журналистикамизнинг ривожи учун ўз ҳиссамни қўшиш ўзим ва Юртбошимга берган ваъдам ҳам эди. Мен Сирдарё вилояти телерадиоканалида иш бошладим. Ўйлайманки, янги бинода янги мақсадларим сари қўйган дадил, шахдам қадамларим ила барчасига етишаман. Бунинг учун барча шароит ва имкониятлар етарли. Орзулар ўз натижасини берди. Кимнингдир турткиси ёки кўрсатган ёрдами инсон ҳаётида улкан ўзгаришларга олиб келишга қодир экан. Ҳикоямда ҳам айнан шунга ҳаётий мисол келтиришни мақсад қилган эдим. Бугун шу соҳада ўрин топишимда журналистиканинг турли йўналишларида менга ёрдам берган устозларимга алоҳида раҳматимни айтмоқчиман. Улар қаторида мени ҳамиша қўллаган Зафар Дархонов, Аҳмадали Шерназаров, Абдурасул Жумақулов, Амрулло Каримовлар берган ишончларини албатта оқлайман дея ваъда бераман.
Занжилой АБДУСАЛОМОВА,
ЎзДЖТУ талабаси,
Зулфия номидаги давлат
мукофоти соҳибаси.
