Юксалиш

Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими.
(Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма
жамоаси аъзолари ва мураббийларига)
“Бағрикенг ўзбекнинг ўчмас иймони”1
Араб диёрида кўрсатди ўзин —
Аҳли дун картада Ўзбекистонга,
Қайта-қайта қарар бақрайтиб кўзин.
Темур Фарғонада туғилган маҳал
Соҳибқирон руҳи бўлган бир тиргак.
Ахир Кападзенинг армонлари ҳам
Абу-Даби шаҳрида ушалди бешак.
Тенглар ичра биз ҳам тенг бўлмоқ учун
Ўттиз тўрт йил тоза югурдик, елдик.
Худо ёрлақади, берди омад ҳам —
Арафа кунида маррага келдик.
Қарийбки етмиш бир ярим сотихда2
Ўттиз саккиз миллион киши жамланди.
Тарихда илк дафъа фахру қувончдан
Юртда миллион-миллион кўзлар намланди.
Қаттиқ хато қилар кимки ўйласа:
“Берди-ку рағбат, — деб, — фақат футболга!”
Бу ютуқ дилларга қадаб уруғлар,
Миллатни чорлади олий иқболга.
Бу тун ухламади, чизди одамлар
Буюк мақсадларнинг тарҳин мустаҳкам.
Охирга етказдим ўзим ҳам, рости,
Тугамай ётган ҳув китобимни ҳам.
Ҳар марра янгилар дилда орзуни,
Каттароқ сўрасанг, бахтинг ҳам кулар.
Ҳожибой3 тинч ётсин — Америкага
Музқаймоқ емоққа бормайди булар!
06.06.2025
1 Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов қаламига мансуб “Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси” матнидан олинган сатр.
2 ФИФА талабига кўра, жаҳонда футбол майдонларининг узунлиги 105, эни 68 метр бўлиши лозим. Бу 71,4 сотихни ташкил этади.
3Ҳожибой – атоқли қизиқчи Ҳожибой Тожибоев. У: “Футболчиларимиз жаҳон чемпионатига бориб, ҳеч бўлмаганда, биттадан музқаймоқ еб келишар”, – дея кулги қилган эди раҳматли.
Сайёра САМАНДАР
ИФТИХОР
Тарихнинг китобин ҳар ким ёзолмас,
Миллатнинг дуосин ҳар ким ололмас,
Оламни ҳайратга ҳар ким сололмас,
Мундиал, қарши ол, ўзбек боряпти!
Бўлмагай шавкатли элнинг армони,
Ҳимматли, давлатли элнинг армони,
Ғайратли, савлатли элнинг армони,
Мундиал, қарши ол, ўзбек боряпти!
Ватанни севмоқнинг билмай адоғин,
Юракка тугганча халқнинг ардоғин,
Елкага осганча юртнинг байроғин,
Мундиал, қарши ол, ўзбек боряпти!
2025 йил 5 июнь