Юлдузнинг ёнида…

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф
ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин
юз ганж ила.
Алишер НАВОИЙ
Доно халқимиз “Устоз отангдан улуғ” деб бежиз айтмаган. Бири сени осмонлардан пастга олиб тушган бўлса, иккинчиси сени пастдан кўкларга олиб чиқди. Аммо бизга кўп хизмати сингган, биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган устозлар ҳақида сўз айтиш осон ва шу билан бирга жуда қийин экан. Осонлиги шуки, устоз ҳақида, у инсоннинг яхшиликлари ҳақида тўлқинланиб гапириш мумкин, аммо қоғозга туширишга келганда керакли сўз топиш анча қийин бўлар экан. Лев Толстойнинг “Бурчингни адо этишга ҳаракат қил, шунда дарҳол ўзингнинг кимлигингни билиб оласан”, деган сўзлари қўлимга қалам олишга ундади.
Мен ҳаётимда кўплаб инсонлардан яхшиликлар кўрдим. Энг катта устозларим — тоғам Абдурауф Абдурасулов, Озод Акбаров, Қудрат Турсунов ва Ислом Зокировларни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Қаердадир ўқигандим: “Тоғ тоғ билан, чўққи чўққи билан туташиб кетганидек, юлдузнинг ёнида, албатта, юлдуз порлайди”. Топиб айтилган гап.
1981 йили ўрта мактабни битириб, яхши орзу-умидлар билан олий ўқув юртига кириш учун Тошкентга келдим. Омадим чопмади — институтга киришга муваффақ бўлмадим. Вақтдан ютиш учун ўша пайтларда турбатликлар учун ҳамиша бағрини очадиган Озод Акбаров раҳбарлик қиладиган 84-ҳунар-техника билим юртига ҳужжат топширдим. Эл қатори ётоқхонада яшай бошладим. Аммо кўп ўтмай, Нури аммамнинг ўғли Қудрат акам: “Ётоқхонадан кўра, бизникида яшай қол”, деб қолдилар. Шу тариқа Янгиободдаги икки хонали уйда бир эмас, тўққиз нафар турбатлик эркаклар яшай бошладик. Мана шунда мен ҳақиқий одамгарчиликни кўрдим.
Асосан, Ислом ака ва Қудрат акалар ишлашарди, қолганларимиз у ёки бу таълим даргоҳида ўқирдик. Кечқурунги гурунглар туфайли сиёсатга, тарихга, адабиётга қизиқиб қолдим. Чунки фикри теран инсонлар даврасига тушиб қолган эдим. Қудрат ва Ислом акамларнинг дунёқараши кенг эди. Уйда катта магнитофон бўлиб, Фахриддин Умаров ва Бахтиёр Холхўжаев қўшиқлари ёзилган атиги битта лента бўларди (ҳамма нарсаси смартфонида мавжуд бўлган ҳозирги авлод бу магнитофонни ҳам, ленталарни ҳам билмайди. Катта авлоднинг ёдига тушсин, дея ёзяпман. Ш.Т.)
Кейин армияга — ҳарбий хизматга кетдим. Икки йилдан кейин Тошкентга келганимда, Ислом акам ҳовли олиб чиқиб кетган эдилар. Аммо Янгиободда Қудрат акам билан қўшни яшашарди. Мен Қудрат акамнинг уйида турардим. Кундузи Озод Акбаров директорлик қиладиган ҳунар-техника билим юртида ишлаб, кечқурун Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тарих факультетида ўқирдим. Ўқишга киришимда катта меҳнати сингган Озод Акбаров, Қудрат Турсунов ва Ислом Зокировдан бир умр миннатдорман. Агар мана шу инсонлар бўлмаганида, ҳаётим мутлақо бошқа йўлдан кетган бўларди. Бу аниқ. Шу ўринда Абдулла Ориповнинг “Яхшиларнинг меҳри унутилмас, унутилмас улар олдидаги қарз”, деган сатрлари ҳам ёдга тушади.
Ислом Зокировдан ўрганадиган жиҳатлар роса кўп. Катта арава қаердан юрса, кичик арава шу йўлдан юради, деган гап бор. Ислом ака устозларнинг ҳурматини жойига қўяди. Мана шу хислат озми-кўпми бизларга ҳам юққан десам, янглишмаган бўламан. Ислом ака меҳнатдан қочмайди. Жуда катта лавозимларда ишладилар — оддий ўқитувчиликдан то ҳунар-техника билим юрти директори, туман Халқ таълими бўлими бошлиғи, Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси бошлиғи, Республика Таълим бошқармаси раҳбари лавозимларида фаолият юритдилар. Шунга қарамай, ўша оддийликни, камтарликни сақлаб қолди. Шу ўринда донишмандларнинг “Ҳақиқий буюклик ўзни тута билишдан иборат” деган гаплари эсга келади. Ҳақиқатан ҳам ўзни тута билиш ҳаётдаги энг олий неъматларнинг биридир. Эсимда, Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси раҳбари эдилар (бу у вақтларда салкам Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари дегани), қайсидир ўртоқлари ўғлини уйлантирди. Тўйда бошқалар қатори дастурхон атрофида ўтирсалар бўларди. Аммо дўстларнинг ёнида туриб, елиб-югуриб хизмат қилган эдилар. Кейинчалик ҳам Ислом аканинг бемалол дастурхон атрофида ўтирганини эслай олмайман. Фақат хизматда бўладилар. Мана шу биргина ҳолат мен учун бир умрлик сабоқ. Устоздан ўрнак олиб, мен ҳам дастурхон тўрида ўтиргандан кўра, иложи бўлса, дўстлар хизматида бўлишга интиламан.
Ислом аканинг энг катта хизматларидан бири — бу турбатлик ёши улуғ инсонларни бир жойга тўплаб “гап” уюштириши. Мана, 20 йилдан ошибдики, турбатлик кексаларнинг “гапи” ҳар ойда бир марта ўтказиб турилади. Кексаларнинг мана шу учрашуви тарихий ва буюк бир вазифани бажарди. “Гап”да, асосан, зиёлилар тўплангани боис, маърифий мавзуларда суҳбатлар уюштириларди. Мана шу суҳбатлардан бирида она қишлоғимиз Турбат ҳақида китоб ёзиш фикри ўртага ташланди.
Ислом ака республика Таълим маркази раҳбари бўлиб ишлардилар. Имкониятлар борлиги, бундан фойдаланиб қолган ҳолда устозлар васиятини бажариш учун китоб чиқариш ғояси Ислом акага тинчлик бермади. 2015 йилда “Турбат тарихи” китобини ёзишга жиддий киришилди ва бу китоб 2016 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр қилинди. Китобнинг Ўзбекистондаги нуфузли нашриётда босмадан чиқишида ҳам Ислом аканинг хизматлари катта бўлди. Тўғри, ўқувчилар учун китобнинг қайси нашриётда босмадан чиқишининг фарқи йўқдир. Аммо китобни яхши тушунадиганлар учун нашриётларнинг ҳам аҳамияти бор. Она қишлоғимиз тарихи акс этган китоб нуфузли нашриётда босмадан чиқиши катта воқеа бўлди, дея айта оламиз.
Бугун китоб чиқариш ҳам осон ва қийин. Осонлиги шундаки, нашриётга олиб борасиз ва чиқарасиз. Қийинлиги шундаки, китоб чиқариш учун маблағ керак. Пул тўламасангиз, китоб чиқара олмайсиз. Бу борада Ислом ака нашриёт раҳбарияти билан гаплашганига китоб муаллифларидан бири сифатида мен гувоҳман. Агар Ислом ака бўлмаганида, китоб чиқмаслиги аниқ эди. Яхшиям, акага ўхшаган ватанпарвар одамлар бор. Айнан шундай инсонларнинг хизмати, ҳиммати билан Турбат қишлоғининг қадимий тарихи келажак авлодларга ёзма тарзда мерос бўлиб қолишига эришилди. “Эзгулик фақат инсонга хос хусусият, бинобарин, биров бировнинг бахти ва роҳати учун хизмат қилса, бу яна ҳам инсоний хусусиятдир”, деган эди донишмандлардан бири. Ҳақ сўз. Эзгуликсиз яхшилик йўқдир. Ислом ака ана шундай эзгу ишлар учун туғилгандек.
Ўйлашимча, мана шу каби жиҳатларни инобатга олган ҳолда Ислом акадан ватанпарварликни ўрганиш керак. Ислом ака бир воқеани айтиб берганларида, рости, кўзимдан ёш чиқиб кетган эди. Қайсидир йили Мисрга боришади. Кечқурун Нил соҳилларида осмонга қараб ётганини кўрган шерикларидан бири Ислом акадан: “Нимани ўйлаб қолдингиз?” дея сўрайди. Шунда Ислом ака: “Кўкка қараб, Миср осмонидаги юлдузлар Турбат осмонидаги юлдузларга ўхшаб кетар экан, ёшлигим, болалигим ёдга тушди”, дебди. Шунда шериклари Ислом акага қойил қолганини тан олган экан. Ҳақиқатан ҳам, минг йиллик тарихга эга бўлган қадимий Мисрда юриб ҳам ўз она қишлоғини унутмаган инсонни ҳақиқий ватанпарвар дейиш мумкин-да! Кейинчалик мен ҳам Хитой, АҚШ, Туркия, Россия каби давлатларда тунги самога боқиб, Турбат осмонини, Ҳинд, Тинч океани соҳилларида эса оёқларимни сувга солиб ўтирганимда фақатгина баҳор фаслидагина ўзининг борлигини эслатиб қўядиган Тошлоқ сувларида чўмилган давримизни эслаганман. Қўмсаганман она қишлоғимни!
Сўнгги сўз ўрнида яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Турбат айни дамда 12 мингдан сал кўпроқ аҳоли истиқомат қиладиган мўъжазгина қишлоқ. Аммо мана шу мўъжазгина қишлоқдан улуғ инсонлар етишиб чиққан. Айниқса, Алишер Навоийнинг назари тушган — “Насойим ул-муҳаббат”, “Мажолис ун-нафоис” асарларида тилга олиб ўтилган Исмоил ота, Исҳоқ ота, Атоийларни эслатиб ўтиш жоиз. Турбатликлар ўзларининг ҳалол меҳнатлари билан Ўзбекистон сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётида ҳам из қолдиришган. Уларнинг хизматлари инобатга олиниб, фахрий унвонлар, орден-медаллар берилган. Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла, Ўзбекистон Халқ артисти Зоҳид Ҳақназаров, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Озод Акбаров, Ўзбекистон халқ артисти Рихсивой Авазов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жўра Исроиловлар қаторида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, педагогика фанлари номзоди Ислом Зокировнинг ҳамқишлоғимиз — турбатлик эканлигидан фахрланамиз.
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ