Юртимиз овозини дунёга етказиш шарафли бурчимиздир!

Фарида ИСЛОМОВА,
“Дунё” ахборот агентлиги бош мутахассиси,
“Олтин қалам” Миллий мукофоти учун XIX халқаро танловининг Интернет йўналиши бўйича “Энг яхши журналистик материал учун” номинацияси биринчи ўрин ғолиби:
Бу эътироф, албатта, ҳаяжонли ва бир вақтнинг ўзида масъулият ҳамдир. Шунингдек, юртимиз ахборот майдонида фаол меҳнат қилаётган, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий қиёфасини яратишга ўз ҳиссасини қўшаётган барча касбдошларим учун ҳам шарафдир.
Бугун Ўзбекистон дунё ҳамжамияти нигоҳида тобора ишончли ва ташаббускор давлат сифатида тан олинмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг халқаро нуфузи сезиларли даражада ортди. Ташқи сиёсатдаги очиқлик, конструктив мулоқотга асосланган ёндашув, минтақавий интеграцияни илгари сурувчи қатъий саъй-ҳаракатлар — буларнинг барчаси давлатимизнинг янгича қиёфасини яратмоқда.
Шу жараёнларни тезкор, ишончли ва аниқ ёритиш эса замонавий интернет журналистикасининг муҳим вазифасига айланган. Шу ўринда миллий контентлар орқали асл мазмун-моҳиятни очиб бериш ҳам муҳимдир. Биз — “Дунё” ахборот агентлиги жамоаси — айнан мана шу йўлда ўз ишини сидқидилдан давом эттираётган, халқаро аудиторияга Ўзбекистонда кечаётган кенг ислоҳотлар ва жараёнларни ёритиш, халқаро миқёсдаги имижини янада мустаҳкамлашни мақсад қилган ижодкорлар жамоасимиз.
Бу мукофот доимий изланиб, таҳлил қилиб, ишончли ахборот етказиш йўлида олиб борган фаолиятимизга бўлган юксак эътирофдир.