Изланиш ва ҳамкорлик туҳфаси

Икки жилддан иборат “Ўзбек журналистикаси антологияси” китоби дунё юзини кўрди

Ўзбек журналистикаси тарихига назар солмоқ, бу узоқ ва шарафли йўлда ном қолдирган инсонларнинг фаолиятига нигоҳ ташлаш, улуғ адиб Абдулла Қодирий таъбири билан айтганда, жуда хайрли ва эзгу ишдир.

Дарҳақиқат, ўзбек журналистикаси узоқ ва бой тарихга эга. Бу тарихни тадқиқ этиш, миллий журналистикамизнинг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари ҳақида кенгроқ маълумотларга эга бўлиш, ҳар бир даврнинг энг яхши журналистик материаллари – асарларини ёшларга, келгуси авлодларга етказиш муҳим масала. Тўғри, шу пайтгача медиа соҳага доир кўплаб дарслик ва қўлланмалар, миллий журналистикамиз шаклланиши ва унинг ривожланиш босқичларига оид маълумотлар ўрин олган китоблар нашр этилган.

Аммо айни кунга қадар ўзбек журналистикаси антологияси яхлит ҳолатда яратилмаган эди.

Шу ўринда айтиш жоизки, бир неча йиллар аввал ҳам мазкур эзгу ишни амалга ошириш учун ҳаракатлар бўлган, лекин маълум сабабларга кўра, иш ҳар доим якунланмай қолаверарди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва тегишли ҳужжатларда  “Ўзбек журналистикаси антологияси” китобини нашрга тайёрлаш белгилангани, бунинг учун зарур маблағ ажратилгани ушбу қутлуғ вазифани яратиш имконини берди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, журналист кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари  ҳамкорлигида ана шу хайрли ишга киришилди. Дастлаб антологияни нашрга тай­ёрлаш масаласи соҳа олимлари, устоз ва тажрибали журналистлар иштирокида кенг муҳокама қилинди, ишчи ва ижодий гуруҳлар шакллантирилди. Маҳаллий ва халқаро тажрибалар ўрганилди.

Ўрганишлар, изланишлар, билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида “Ўзбек журналистикаси антологияси” китобини нашрга тайёрлаш бўйича режа ишлаб чиқилди. Унда белгиланганидек, яратиладиган антология “Қадимги давр журналистикасидан лавҳалар”, “Миллий журналистика шаклланиши ва такомилининг асоси (ўрта асрлар)”, “Жадид журналистикаси (ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари)”, “Иккинчи жаҳон уруши даври журналистикаси”, “Турғунлик даври журналистикаси: мураккаб сиёсий жараён ва матбуотдаги эврилишлар”, “Қайта қуриш ва ошкоралик даври журналистикаси”, “Мустақиллик даври ўзбек матбуоти”, “Ўзбекистон фотожурналистикасидан лавҳалар”, “Мустақиллик йиллари телевидениеси ва радиоси”, “Ўзбекистон интернет журналистикаси” давр ва йўналишларини ўз ичига олиши керак деган тўхтамга келинди. Ҳар бир давр ва йўналишга оид материаллар тайёрловчи ишчи гуруҳ аъзолари ва раҳбарлари белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу китоб жилдларини нашрга тайёрлаш осон кечмади. Иш жараёнида архив ва кутубхона фондларида сақланаётган тарихий ҳужжат ва газеталардан фотонусхалар, турли даврларда чоп этилган энг сара публицистик мақолалар, очерк ва фельетонлардан намуна ва парчалар олишга тўғри келди. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси масъуллари бу борада ёрдамини аямади.

Узоқ вақт изланиш ва ҳамкорликда қилинган меҳнат натижасида 2 жилдлик “Ўзбек журналистикаси антологияси” дунёга келди. Мазкур антологияга миллий журналистикамиз ва унинг шаклланиш босқичларига доир энг муҳим маълумотларни киритишга ҳаракат қилинди.

Маълумки, журналистика ҳар бир халқда ижтимоий тараққиётнинг юқори поғонасида босқичма-босқич шаклларда пайдо бўлган. Юртимиз ўтмиши шу даражада қадимий ва бойки, унинг ахборотга, журналистикага оид тарихи ҳам ўша қадим-қадим даврларга бориб тақалган. Айтайлик, туркий халқларнинг илк ижоди дастлаб мифологияга таянган бўлса, кейинчалик ўзаро ва бошқа халқлар билан маданий, сиёсий, иқтисодий алоқалари натижасида журналистика жанрлари кенгайган, бадиий ижоднинг янги-янги қирралари кашф этилган. Ўрхун-Энасой ёзма ёдгорликларидан тортиб, тошга ўйиб ёзилган Култегин битикларига қадар мурожаат этилса, ота-боболаримиз ўз ҳаётини, қувончу ташвишларини, ўтмишини ўша замонлардаёқ тарихга муҳрлаб ёзиб қолдирганига, айтиш мумкин бўлса, ўша даврлардаги журналистика элементларига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу битиклар турли кўринишларда: номалар, хатлар бўлсин ёхуд эсдаликлар, хотиралар бўлсин, бари-бари миллий журналистикамизнинг шаклланиши ҳамда такомилининг асоси бўлиб хизмат қилганлигини исботлайди.

Филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов ушбу антологиядан ўрин олган материалида миллий журналистикамиз шаклланиши ва такомилининг асоси ўрта асрларга тааллуқли эканлигини таъкидлайди. Унда Носируддин Бурҳониддин Рабғузий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абулғозий Баҳодирхон, Муҳаммад Ризо Огаҳий каби буюк боболаримиз томонидан яратилган кўплаб асарларда ўша замон руҳиятини, воқелигини ёритишда адабий тарихий манбалардаги бадиий публицистик ёки тарихий публицистик талқин хусусиятлари кузатилишини уқтиради. Таниқли олим, филология фанлари доктори, профессор Ҳалим Саидов эса XIX аср охири – ХХ аср бошларига оид давр, яъни ўзбек миллий матбуотининг бошланиш даври жадидлик ҳаракати билан чамбарчас боғлиқлигини эътироф этган. Шубҳасиз, бу мулоҳазаларга қўшилмасдан илож йўқ.

Антологиянинг турли бўлимларига оид тадқиқотларда Карим Баҳриев, Акбар Нурматов, Алижон Сафаров каби таниқли ижодкорларнинг изланишлари ўрин олган.

Китобнинг иккинчи жилдида эса “Мустақиллик даври ўзбек матбуоти” (Назира Тошпўлатова сўзи билан), “Ўзбекистон фотожурналистикасидан лавҳалар”, “Мустақиллик йиллари телевидениеси ва радиоси” (Амрилло Каримов мақоласи билан), “Мустақиллик йиллари телевидениеси”, “Мустақиллик йиллари радиоси”, “Ўзбекистон интернет журналистикаси” (Беруний Алимов материали билан) ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига (1957-2024 йилларда) кимлар раҳбар бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар ёритилган.

Айтиш керакки, бу бўлимларнинг ҳар бирида ўзбек матбуотининг муҳим пиллапоялари, соҳага хизмати сингган таниқли журналистлар фаолияти ҳақида мухтасар маълумотлар, уларнинг турли йилларда, турли газета ва журналларда, турли жанрларда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган журналистик материаллари  билан танишиш мумкин бўлади.

Тўпламда илк бор мустақиллик даври журналистикасига бағишланган тарихий маълумотлар ва таҳлиллар, ҳаётий кузатувлар, ижтимоий-сиёсий воқеаларни ёритишда фаол иштирок этган муаллифларнинг материаллари жамланган. Ушбу ижод намуналари турли ёшдаги, жумладан, соҳага энди кириб келган ёшлар учун муҳим қўлланма, тажриба мактаби вазифасини ўтайди.

Ушбу китобда миллий журналистикамиз ривожида катта мактаб яратган устоз ижодкорлар, зиёлилар, фахрийлар қаторида Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ўзининг тиғли фельетонлари билан жамиятнинг ўткир муаммоларини кўтариб чиққан ижодкор Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Фарҳод Мусажонов, ўзбек таржима қироли, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, олимлар Сайди Умиров, Бойбўта Дўстқораев, таҳрир санъати устаси Маҳмуд Саъдий каби сўз сеҳргарларининг ҳаёти ва ижодидан намуналар ўрин олган.

Шунингдек, тўплам орқали биз миллий журналистикамизнинг ўз йўли, ўз мактаби борлигини, ўзбек журналистикаси умуминсоний қадриятларга суянган ҳолда миллийликни асраб-авайлаш йўлида хизмат қилиб келаётганини яна бир бор англаймиз.

Антологиянинг II жилдидан ўрин олган Ўзбекистон фотожурналистикасидан лавҳалар қисмида миллий фотожурналистикамиз тарихига оид қимматли маълумотлар билан танишиш мумкин. Қайд этилганидек, Тошкент шаҳрининг илк фотосуратлари Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман байроғи билан Политехника кўргазмаси учун шарқшунос ва этнограф Александр Кун томонидан 1871-1872 йилларда тузилган “Туркистон альбоми”да чоп этилган. Шаҳар фотосуратлари Н.Нехорошев, К.Ссиборовские, Д.Назаров ва С.Николай кабилар томонидан олинган.

Китобда ўзбек фотожурналистикасининг асосчиларидан бири Худойберган Девонов (1878-1938) ижоди, фаолияти ва у томонидан суратга олинган тарихий лавҳалар ёки Георгий Зельма (1906-1984)  томонидан туширилган бир-биридан ноёб расмлар, Расул Алибеков (1936-2022), Содиқ Маҳкамов (1945-2021), Абдуғани Жумаев (1955 йилда туғилган) сингари машҳур фотожурналистларнинг ижод намуналари билан ҳаяжонсиз танишиб бўлмайди.

Албатта, илк тажриба сифатида нашрга тай­ёрланган мазкур китобда маълум камчилик ва ноаниқликлар бўлиши мумкин. Хусусан, соҳада ўз ўрнига эга ёки миллий журналистикамиз ривожига баракали ҳисса қўшган, қўшаётган, катта обрў-эътибор қозонган журналистлар – устоз ижодкорларнинг ҳаммасини икки жилдлик китобда қамраб олишнинг имкони йўқ. Бинобарин, бу борадаги ишларни давом эттириш режалаштирилган. Демак, ўша камчиликлар ўрни тўлдирилиб, I-II жилдларга кирмай қолган фидойи журналистларнинг сара ижод намуналари, уларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар ўрин оладиган янги китоблар дунёга келади.

Миллий журналистикамизнинг ривожланиш босқичлари билан боғлиқ муҳим ва қимматли маълумотлар жамланган “Ўзбек журналистикаси антологияси” юртимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижодкорлар, тадқиқотчилар, журналист кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади, деган умиддамиз.

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

раиси в.б.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + one =