Бир муҳаббат қиссаси

Одамзод яралибдики, бир ҳис, бир туйғу уни умрбод тарк этмайди. Бу — севги, муҳаббат туйғуси. Агар бунинг тарихига қизиқиб кўрсангиз, асли Одам Атодан бошланганини сезасиз. “Қисаси Рабғузий”да ўқиймиз: “…Ҳазрат Одам алайҳиссалом ҳазрат Ҳаввони ахтариб, чандон йиғладилар. Кўз ёшлари томган ердан аччиқ-чучук дориворлар унди. Ҳазрат Ҳаввонинг ёшларидан сунбул, мушки анбар, қалампирмунчоқ унди. Ҳар ёш дарёга томди, гуҳарлар пайдо бўлди. Ҳар жонивор ичса қонмас эди. Ҳазрат Одамнинг ёшлари томган сувни кўп тахир таъриф қилур эдилар…”
Жаннатдан ерга тушган Одам алайҳиссалом ўз жуфти — Ҳаввони неча юз йил излаган эканлар… Демак, бу — шунчалар қадимий туйғу. Севиш, севилиш — бир илоҳий мўъжиза. Негаки, уни ҳис қилган одам ўзини ниҳоятда бахтли ҳис қилади. Бу туйғу инсонни мисли кўрилмаган бунёдкорликлар сари етаклайди. Шу сезим туфайли одам дунёга қайтадан келгандай бўлади гўё. Мана шу ҳиссиёт туфайли бани одам борлиқ-оламни маълум маънода ўзгартиришга ҳам қодир бўлади.
Бу кўҳна очунда энг кўп яратиладиган китоб, афсона ва ривоятлар, аслида, ишқ қиссалари бўлса, ажаб эмас. Негаки, жаҳон тарихига қарасангиз, буюк кашфиётлар замирига боқсангиз — англайсизки, севикли ёр висоли йўлида ёки ундан айрилиқлар азобида мисли йўқ ихтиролар, кашфиётлар ва ақл бовар қилмас мўъжизалар бино бўлганининг гувоҳи бўласиз: Семирамида осма боғлари, Тожмаҳал саройи, мисли йўқ қасрлар, ҳайкаллар, картиналар ва ҳоказо. “Эй ишқ, ғариб кимёсен”, дейди Навоий, “Сочининг савдоси тушди бошима бошдин яна”, деб ёзади жаҳонгашта Бобур, “Агар ошиқлиғим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар”, дея нидо қилади девонаи Машраб. “Муҳаббатсиз киши одам эмасдур, Гар одамсан, муҳаббат ихтиёр эт”, дея нола қилади Нодира. “Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку”, ҳайратга чўмди Чўлпон. Бу соҳир туйғу туфайли дунёга машҳур ишқий қиссалар пайдо бўлади: “Лайли ва Мажнун”, “Отелло”, “Ромео ва Жульетта”, “Бовари хоним”, “Анна Каренина”, “Жамила”, “Чолиқуши”, “Женни Герхард”, “Ўткан кунлар”…
Таърифи ҳеч қачон тугамайдиган ишқ-муҳаббат туйғуси қўлига қалам олган барча ижодкорнинг асосий мавзуси бўлиб қолади. Чунки шу ҳиссиётгина барча сезги аъзоларимизни сеҳрлаб олишга қодир.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси Маҳбуба Абдураҳимова ҳам айнан шу мавзуда бир қисса битганки, у ўқирманни ўзига тортади. Нега? Чунки бундай қиссаларда энг аввало бадиий тасвир, бадиий талқин муайян бадиият талабларига жавоб бермоғи лозим. Айтиш мумкинки, бу масалада, яъни воқеа-ҳодисалар занжири — сюжет қурилиши, образлар хатти-ҳаракати, ишқий кечинмаларнинг таъсирчан ва ҳаққонийлиги, тасвир ва бадиий талқиннинг аниқлиги, ишонарлилиги, бадиий далиллаш ва, ниҳоят, бадиий ечим — жойига тушган. Шулар туфайли қисса равон ўқилади, ортиқча мураккабликларнинг йўқлиги — ўқиб уқишни, бинобарин, қаҳрамонлар аҳволи-руҳиясини тўлақонли ҳис қилишни осонлаштиради, ўқирманни қайноқ кечинмаларга туйғудош, дарддош қила олади.
Маҳбуба Абдураҳимова 2024 йилги Зомин семинари иштирокчиси. Анжуманда унинг “Шамсу Ҳилол” қиссаси мутахассис ва мухлисларда катта қизиқиш уйғотди. Натижада унинг илк асари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Адабиёт” нашриёти томонидан “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида нашр этилди.
Қисса қаҳрамонлари устоз-у талаба. Олий ўқув юртининг тажрибали ва маҳоратли устози ҳамда таниқли ёзувчи — Шамсиддин Умаров ва талаба қиз Ҳилола ўртасида университетдаги илк сабоқлардан бошлаб, аста алангаланиб борувчи муҳаббат пайдо бўлади. Тўғри, бу ҳис энг аввал Ҳилолада бошланиб, унинг ич-этини кемиради. Бу вақтда, яъни ўқишга кирган қиз оилали ва фарзандли эди. Не ажабки, адабиёт дунёсига қизиқиш туфайли у тиббиёт ўқув даргоҳидаги ўқишини ташлаб, янгидан тил ва адабиёт университетига ўқишга киради. Бу ердаги дарслар қизни ҳақиқий ишқ дунёсига — мўъжизакор олам ичига олиб киради. Адабиёт дарсларида сўйланажак соҳир муҳаббат ҳикояларидан, муҳокама ва мубоҳасалардан мутаассир бўлади, завқиёб сабоқлардан юрагининг туб-тубидаги армони ушалган адабиётсевар қиз ушбу лаҳзаларда энг бахтиёр бир инсонга айланади. Аммо бу бахтиёрлик севги ҳисларисиз тўлақонли бўлармиди?! Унга шу бахт ҳиссини юқтира олган ким эди? Албатта, бу донишманд устоз — Шамсиддин эди. Унинг сермаъно, ҳис-туйғуларга бой сабоқлари туфайли қизда муҳаббат ўт олади, алангаланади, жону жаҳонини куйдиради. Шу даражадаки, у энди устоз дийдорига талпинадиган бўлади, уни соғинадиган — қўмсайдиган бўлади. Ажабки, оила ва севги — икки ўт орасига тушиб қолган талаба энди муттасил ўз ички дунёси билан муросасиз курашга гирифтор эди. Оилали бўла туриб, севиб қолиш… Янаям тўғрироғи, умрида ўзи излаган руҳий далда, кўмак, илм, зиё, қадрият, қўйингки, йиллар давомида орзу қилганларига эришиш — чинакам бахт эди. Аммо бу бахт йўлида тўсиқ бор, оҳ, у тўсиқки, бир умр бадном қилиши ҳам мумкин бўлган ғов — оила! Қисса Ҳилоланинг узлуксиз ички кечинмалари, ўз-ўзини тафтиш қилиши, бир қарорга келолмай азобланиши, муттасил беомон руҳий қийноқлари билан кечади. Бир неча марта ўз жонига қасд қилишга уринади. Ва ҳар сафар иккинчи томон — ногаҳоний севгиси туфайли ёки бахтли тасодифлар туфайли омон қоларди. Аслида ҳам уни ҳаётга қайтариб турган нарса — ўша илоҳий туйғу эди. Токи уни юракдан ҳис қилар экансан, у сени бу дунёдан ноумид бўлишга, эрта кетишга қўймайди.
Ҳилоланинг ички монологлари, оила, турмуш ўртоғи, болалар, қайнона ва қайнота, қолаверса, ўз онаси олдидаги, “одамлар нима деркин?” деган адоқсиз ички изтироблар олдидаги қийналишлари ўқувчини ўйлантирмай қўймайди. Асарнинг энг ҳадди аълоси — ошиқларнинг алалоқибат холи жойда топишишлари, бунинг ниҳоятда эҳтиросларга ва шиддатли кечинмаларга бой тарзда — драматик кечиши, бу сертаҳлика ва серҳаяжон ёлғиз қолишнинг интиҳоси нима билан хотималаниши ўқирманни ҳаприқтирган ҳаяжонда ушлаб туради…
Ишқ-муҳаббат қиссаси токи иккала томоннинг баробар куйиб-ёниши билангина тўкисроқ бўлиши аниқ. Муҳаббатнинг таърифини тасвирлашнинг имкони йўқ. Бўлганида, одамлар бу туйғудан аллақачон зерикиб қолган бўлишар эди. Бизнинг қаҳрамонларимиз — Шамсиддин ва Ҳилола эса кўпгина оғриқли руҳий-изтиробли кечинмаларни бошдан ўтказишади. Чунки оила қадрияти, жамиятдаги қарашлар саҳрода пайдо бўлган чечак каби бу муҳаббатга йўл бермайди, одатда. Лекин на илож, кошки бу туйғу одамлар ўрнатган қонун-қоидаларга ҳадеганда бўйсунса…
“Шамсу Ҳилол қиссаси” ўқиб яна ва яна ўйга толасиз. Баъзи хатти-ҳаракатларимиз борки, ақл тарозисига тушмайди, уни маънавий-ахлоқий талаблар билан ҳам ўнглаб бўлмайди, бу — севиш, севилиш бахти. У кўнгилнинг тубида бўлади. Уни тортиб олиб бўлмайди, уни маҳв этиб бўлмайди, уни буткул қалбдан ўчириб юборишнинг ҳам иложи йўқ. Бу ўжар туйғу — исёнкор, у қайта-қайта бош кўтараверади. Ажабдирки, бу кўҳна дунё ишқ-муҳаббат қиссалари туфайли ҳам мазмунлидир балки…
Қиссанинг бир жиҳати — кўнгилга гўзал ишқий кечинмалар солажаги бўлса, яна бир жиҳати бетакрор севги-муҳаббат дунёсига олиб киргани, айни пайтда асарни ёқимли қиладиган яна бир жозиб томони — унинг шарқона одоб чегарасидан чиқмагани…
Ҳошимжон АҲМЕДОВ,
Алишер Навоий номидаги
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари номзоди.