Дилфузанинг дил дафтари

2025 йил 27 июнь. Тошкент. Муҳташам анжуманлар саройи. Матбуот ва ОАВ ходимлари байрами муносабати билан ўтказилаётган катта тадбир. Унда Президентимизнинг соҳа вакилларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди ҳамда бир гуруҳ ҳамкасбларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Бундан ташқари навбатдаги “Олтин қалам” халқаро танлови ғолиб ва совриндорлари эълон қилинмоқда. Жуда ҳаяжонли давра. Ким нима олади-ю, кимлар мукофотланади? Барча ижодкорларни қизиқтирадиган жумбоқ ҳозирча.

Ёнимда “Ғунча” болалар журнали бош муҳаррири Дилфуза Шомаликова ўтирибди. Унинг нариги ёнбошидан “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири Ферузахон Адилова жой олган. Негадир “Гулхан” журнали бош муҳаррири кўринмайди. Ҳа, нарироқда ўтирган экан. Бирин-кетин мукофотланганлар эълон қилиниб, совриндорлар саҳнага чиқиб келаверди. Ҳар гал тақдирланганлар чақирилганда Дилфуза Шомаликова “Арзийди”, “Муносиб”, “Зўр, зўр!” дея такрорлар, ҳаяжонда ўтирганини сезиш қийин эмасди. Олий ўринга навбат келди. Ҳаяжонли дақиқалар… Ҳамма жим туриб, жон қулоғи билан эшитишга интилди.

Олий ўрин – Бош Миллий мукофот — “Гулхан” болалар журнали таҳририятига!

Гулдурос қарсак бутун зални тутиб кетди. Назаримда, ҳаммадан кўп Дилфуза хурсанд бўлди. Ҳаммадан баланд унинг қарсаги жаранглади. Гўё ўзи энг олий мукофотни олган каби эди. Унинг ўзидан кўра бошқалар қувончига шерик бўлиб, мамнуният туйишини чин юракдан яна бир бор ҳис этдим.

— Нега бу даражада хурсанд бўлиб кетдингиз? – дедим.

— Нега хурсанд бўлмай?! Ахир энг катта ўринни бизнинг болалар нашри олди-ку! Бу катта эътироф!

Беихтиёр 2023 йилги тадбирни эсладим. Шунда “Тонг юлдузи” газетаси мукофотланганида ҳам худди шундай деганди. Бировнинг қувончидан қувониб, бошқаларнинг ютуғидан фахрланиб юриш Дилфузага хос. Ваҳоланки, “Сиз топширинг. Иккинчи марта топшириш мумкин бўлибди”, — дея мени ҳаракатга чорлаган ҳам шу Дилфузахон эди. Чунки у ҳаммани яхшиликка ундайверади. “Чиқмаган жондан умид, ҳаракат қилиб кўринг”, дея интилишга, изланишга чорлайверади. “Дўстингни айт, кимлигингни айтаман” деган нақлдан келиб чиқиб, шундай қадрдоним борлигидан фахрланаман. Саноқли эски дўстларим сафида ибратга лойиқ инсонлар борлигидан қувонаман.

Дилфуза Шомаликовани 42 йилдан бери биламан. Ўшанда ЎзМУ (аввалги ТошДУ)га ўқишга киргандик. У баланд бўйли, буғдойранг, истараси иссиқ ва тортинчоқ қиз орамизда энг сипо ва одобли эди. Курсдошлар орасида шўх-шодон ва хушчақчақлиги билан ажралиб турадиган Ойсара унга қитмирлик қилиб, овозини баландлатиб гапириб юборар, шундай вақтлари Дилфуза устидан биров бир челак совуқ сув қуйиб юборган каби қизариб кетарди-ю:

— Вой, секинроқ, секинроқ гапиринг, — дерди чин дилдан куйиниб, пичирлагандек бўлиб.

Биз бунга кўникиб қолганимиз учун парво қилмасдик. Кечкида ўқиганимиз сабаб, кундузи ишлардик. Дилфуза ўша пайтда ҳам машҳур бўлган “Саодат” журналида фаолият олиб борарди. Ҳикоялари билан тилга тушишга улгурган ижодкорлардан бири эди. Зулфия, Ҳалима Худойбердиева каби таниқли шоираларни кўрган, уларнинг назарига тушган ёш ёзувчилардан эди. Буни қарангки, кутилмаганда ҳаш-паш дегунча ҳам бўлмай, Дилфузанинг тўйи ҳақидаги хабар курсдошларни ҳайратга солиб қўйгани рост. Ойсара ҳалигача шундай деб ҳазил аралаш кулиб гапиради:

— Йигитлардан гапирсак, Дилфуза “Жиминг, жиминг!” — дея ўзи биринчи бўлиб турмушга чиқиб кетди-я!

Ўша ҳолатларни яхши билганимиз учун ҳаммамиз қўшилишиб куламиз. Бошқа томондан қарасангиз, “Яхши қиз маҳалладан чиқмайди” деганлари бежиз эмас. Тақдир тақозоси ва ота-она хоҳиш-иродаси билан Дилфуза маҳалладошига турмушга чиқди. Ҳаётнинг ўнқир-чўнқир, машаққатли, гоҳида қувончларга тўла ташвишли кунларини ортда қолдириб, оила деб аталмиш буюк қасрнинг 40 йиллигини нишонлаш пайида юришибди. Бугун икки ўғли — икки қаноти, қизи Ҳулкар — ҳамфикр дўсти. Бир-биридан ширин беш нафар набираси — овунчоқлари. Дилфузанинг оилавий олами ичида худди ўзи каби сокинлик, хотиржамлик ва ҳаловат сезилади. Унинг иш фаолияти ва ижодий камолоти ҳам ана шу сокин оламдан ўрнак олган каби шунчалик бир маромда, оҳиста ва беозор давом этадики, қўни-қўшнилари ҳам бу тинчликка ўрганиб, шунга интилишади. Дилфуза қиз-ўғилларини ўқитди. Олий маълумотли бўлишга ундади. Икки ўғли Шоҳрух ва Бобур спортнинг кураш йўналиши бўйича халқаро миқёсда чемпион, спорт устаси бўлишди. Қизи — врач. Қадрдон дугонамиз 15 йилдан ошиқ вақт мобайнида “Ғунча” журналида бош муҳаррир бўлиб ишлаб келади. Бу орада ўнлаб шогирдлар, юзлаб ишчи ходимларга устозлик қилди. Уларнинг ҳар бирига берилган кўмак, туртки, ёрдам — саноғи йўқ. Гоҳида шартнома пулини тўлолмаётган ёш ижодкорни қўллаб юборгани, иши юришмаётган ходимга ёрдам қўлини чўзгани ҳақида эшитиб қоламиз. Унинг бағри кенглиги тўғрисида яхши билганимиз учун бу гапларни одатий ҳолатдек ўтказиб юборамиз. Шундай. Дилфуза атрофидаги одамларга эътибор қаратади. Муҳтож одамга ёрдам беришни биринчи галдаги вазифаси, ҳатто бурчи деб ҳисоблайди. Ҳар кимда ҳам бу фазилат топилавермайди. Яқинда бир дугонамиз кичик ўғлига уй оладиган бўлди. Шунчалик жон куйдириб ҳаракат қилдики, ҳатто унинг ўзи ҳам бу даражада Дилфузачалик куйиниб, ёниб-куймади, десак, ёлғон эмас. Дилфузанинг бағри кенглиги, ичида яхшилик излаб, яхши кўз билан қарашга интилиши алоҳида ўрин тутади. Яна бир томони борки, у бизга ўхшамайди. Овозини кўтариб, хохолаб кулганини эшитмайсиз. 2007 йил “Олтин қалам” халқаро танловида телевидение йўналиши бўйича 1-ўринни олганим учун Дилмурод Содиқов исмли йигит суҳбат олгани келганди. Шунда дугонам Дилфуза билан қотиб-қотиб, роса кулишдик, десам, ўша мухбир ҳайратланиб сўрагани ҳали эсимда:

— “Ғунча” журнали бош муҳаррири Дилфуза Шомаликова ҳақида гапиряпсизми?

— Албатта, биз курсдошмиз. Минг йиллик қадрдонлармиз. Нега ажабланяпсиз? Тенгдошларга ўхшатмадингизми?

— Йўқ. Мени мутлақо бошқа нарса ҳайрон қолдирди. Дилфуза опа шунақа овозларини кўтариб кулишлари мумкинми? Ҳеч эшитмаганман. Ишониш қийин. Неча йиллик шогирдлариман. Ҳали овоз чиқариб кулганларини эшитмаганман.

— Кулади. У ҳам одам-ку! Эски дўстларнинг олдида кулади-да! Бизга ўхшаб ҳуда-беҳудага кулавермайди…

Дилфуза Шомаликова ана шундай инсон. Бошқаларга ўхшамайдиган, ибрат олса арзийдиган кўп одатлари бор. Шу боис бўлса керак, унинг дўстлари кўп. Дўстлари орасида оддий ишчилар ҳам, катта-кичик раҳбарлар ҳам бўлиши мумкин. Таниқли ижодкорлару шоирларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева энг яқин маслаҳатгўйи, севимли устози эди. Уларни кўп эслайди. Ибратли ҳаётини, ноёб, бебаҳо фикрларини шеърдек ёд олгани мени ҳайратлантиради. Унинг одати — ҳеч қачон ҳеч бир одамни ғийбат қилиш у ёқда турсин, ёмонламайди. Жуда жаҳли чиққанида: “Мен ундан нафратландим!” дейди, холос. Бир куни ундан ўрганиб, ҳамкасблар орасида жаҳлимни чиқариб юборган бир одам ҳақида сўзлаб: “Мен ундан нафратландим!” дейишим билан ҳамма кулиб юборди. Шунда бу сўз Дилфузада бошқача чиқишини, ўрнида ишлатилган сўз одамга хуш ёқишини яна бир бор тушуниб етдим.

Дилфуза катта истеъдод эгаси. У тинмай ёзади, ёзганда ҳам тўлиб-тошиб ёзади. Фалсафий фикрлари ўқувчини ўйлашга, мулоҳаза юритишга чорлайди. Унинг “Қиз боланинг обрўйи тўр халтага солинган тупроқ каби” деган фикрлари, “Қайнонам — тугалланмаган эртагим” деган эсселари, саёҳатномалари ва болалар учун ёзилган ҳикоялари, кейинги вақтда кетма-кет чоп этилган “Бу оламнинг фаришталари”, “Қуёшнинг нурсиз бекати”, “Қабрнинг устида йиғлайди қушлар”, ­“Дунёнинг эшиги”, “Ҳар сония изланиш талаб этадиган фан” каби мақолалари ҳар бири бир китобга арзигулик сатрлардир, десак, муболаға эмас. Эътибор бердингизми? Унинг сарлавҳани саралаш санъати беқиёс. Ҳавасинг келади. Қолаверса, унинг ижод боғидаги гулдасталар ичига териладиган энг сара гуллари ҳали ғунчалаб турганига асло шубҳа йўқ. Чунки у умр йўлининг энг гуллаган бекатига етиб келди, холос. Ҳали олдинда олқишлар, ҳурмат, эҳтиром… каби нурли бекатлари борки, у бундан ўзини йўқотмай, ҳар доимгидек мағрур, виқор билан ўтиб боради. Сабаби, Дилфуза қадди баланд, қадри баланд аёллардан. Шунчалик баландки, гўё ўзи туғилиб ўсган Паркент тоғларидан андоза олган, дейсиз. У унчалигам соддагина эмас. У шунчаки, илмни ва билимни ҳамма нарсадан устун қўядиган инсон. У пала-партиш, югуриб-елиб юрмайди. У расмий, жиддий, мулоҳазали мутахассис. Гўё раҳбар бўлиш учун туғилгандек. Унда раҳбарлик, ташкилотчилик хислати бор. Аслида, одамлар билан мулоқот қилиш, муносабат ва муомалада бир меъёрни ушлаб тура олиш катта истеъдод. Дилфузада ана шу истеъдоднинг нозик қирралари мужассам. Унда ташкилотчилик қобилияти одамийлик фазилати билан уйғунлашиб, атрофдагиларга меҳр улашиб туради. Кўпчиликни ҳайратга соладиган яна бир одати ҳақида айтмасак бўлмас. У таниш-билишлари, ҳамкасблари, яқин-йироқларининг таваллуд куними, яхши бир айёмими, ҳеч қачон унутмайди. Эрта тонгдан туриб, табриклаб ёзиб қўяди. Курсдошлар кейин ўша санани эслаб, қўшимча табриклар йўллашимиз мумкин. Ўзи бировнинг кўнглини биллур шишадек билиб, ортиқча гап айтишдан тийилса-да, бизнинг шаддодлигимиз иш бериб, Дилфузага нисбатан қаттиқ-қуруқ гапларни айтиб юборишимизга тўғри келган вақтлар ҳам бўлади. Ўшандай пайтларда дугонамиз кулимсираб: “Гапираверинг, сизга рухсат…” деганича ўйчан нигоҳини қадаб туради. Шундай вақтлари: “Эй, шундай аёлга нисбатан айблов қўйишга журъат этдикми?” — деган хаёл билан беихтиёр тилимизни тишлаган вақтларимиз ҳам бўлган.

“Беайб парвардигор” деган нақл бор. “Дилфузадан кам-кўстсиз одам ясаб қўймадимми?” деган хаёл билан ундан “камчилик” топишга ҳам уриниб кўрдим. Излаган имкон топади, деганларидек, ниятимга ҳам етдим. Дилфуза шунчаки ўзини хафа қилдириб қўядиганлар хилидан эмас. Жуда бўлмаганда шунга муносиб, ҳурматга лойиқ иш тутишга интилади. Агар камчилик дейиш мумкин бўлса, топганим шу бўлди. Бошқа томондан, ўз ҳақ-ҳуқуқини билиш ҳам илмли одамга хос фазилат ҳисобланади. Қолаверса, унинг ўзини тутишига, кийиниш маданиятига, раҳбарлик салоҳияти-ю ташкилотчилик қобилиятига, оилапарварлиги-ю ишга масъулиятига ҳавас қиласан киши.

Гўё бутун оламдаги жами борлиқни ичига сиғдира олган каби юраги дарё дугонамиз бугун яна бир яхши ишни бошлаб, шунинг ҳаракатидан қўли бўшай демаяпти. Илмий ишини ҳимоя қилиш арафасида. Унинг босиб ўтган 60 йиллик умр йўли, ҳаёти ва фаолияти яхшиликлар билан йўғрилган. Меҳнати муносиб тақдирланган: “Шуҳрат” медали соҳибаси, халқ таълими аълочиси.

Мақолани тайёрлаб қўйгандим. Газетага юбориш ниятида эдим. Ишхонамда эдим, телефон қўнғироғи жиринглади. Дилфуза ўта ҳаяжон билан гапирарди:

— Саодат, тез ўқинг. “Hurriyat”да зўр мактуб чиқибди. Жуда хурсандман. Шунчаки оддий ижодкор эмас, таниқли шоир, профессионал публицист Эшқобил Шукур сизга мактуб йўллабди…

Газетанинг 9 июль сонини олиб ўқидим. Ҳаяжонланиб кетдим. Бироқ Дилфуза мендан кўра кўпроқ ҳаяжонда эканини сезиш қийин эмасди. Дилфузада тоғликларга хос мардлик, бағри кенглик, тантилик бор. Бу унинг қадди-бастига ярашиб туради. Шундай вақтлари унга ўхшагим келади. Лекин Дилфуза ўзига хосликлари, жиддийлиги, ақли расолиги билан расмий ва илмлилар ичида илмли бўлиб ажралиб турадики, унга ўхшаш қийин-да. Биз каби дилидагини тилига чиқариб юбормайди. Ҳар қандай ҳолатда вазиятдан келиб чиқиб, ўзини тута олиши билан ўзига хос. Чунки у қаерда ўзини қандай тутиш кераклигини жуда яхши билади. Шунга қатъий амал қилади. Етти ўлчаб, кесмасдан яна бир бор ўйлайди. Кўнгил буюрганидан кўра кўпроқ ақл буюрганини бажаришни ёқтиради. Дилфузанинг дил дафтарини варақлаб кўрган одам борки, ундан андоза олишга интилади. Сабаби, унинг дил дафтари оқ қоғоз каби оппоқ!

Саодат ЎРМОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × four =