Бекобод ёруғ ўзгаришлар жараёнида…

“Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида Бекобод туманида ўтказиладиган китоб тақдимотига таклиф этишганида хурсанд бўлдик. Чунки дунёда китоб тақдим этишдан улуғроқ, савоблироқ иш борми? Қолаверса, китоб баҳона, китобхонлар билан сўзлашасиз, фикрлашасиз, уларни нималар қизиқтиришини яқиндан билиб оласиз, ижодий режаларингизни шу фикр-мулоҳазаларга таяниб ўзгартирасиз, уларни китоб ўқишга қизиқтириш учун ҳамма куч-қудратингизни ишга соласиз. Донишмандлар бежиз айтишмаган: “Китобни ёқиб юбориш жиноят, бироқ ундан-да оғир жиноят, бу китоб ўқимасликдир”. Ахир ўқувчи бор экан, ёзувчи бор, ўқувчи йўқ экан, демак, ёзувчининг ҳам пайтавасига қурт тушади.

Улуғ хоқон Ҳусайн Бойқаро абадиятга муҳрланган шоҳ асар “Хамса” куллиётини адабиётимиз султони Алишер Навоий тарихнинг олтин зарварақларига битиб бўлганларидан сўнг, ҳазрат Навоийни оқ отга миндириб, ўзлари отнинг жиловидан ушлаб, Ҳирот шаҳрини айлантириб чиққан, янги китоб билан Мовароуннаҳр элини муборакбод этган, Навоий ҳазратларига юксак эҳтиромларини шу йўсинда аён этган экан.

Шундай қилиб, эрта тонгдан “қайдасан Бекобод” дея атоқли шоир, устоз Абдусаид Кўчимов, машҳур адабиётшунос, профессор Қозоқбой Йўлдош ва камина йўлга отландик. Ёзувчида нима кўп — гап кўп, гап халтаси бўшамайди, бири олиб бири қўяди, гоҳида бир-бирини эшитмай гапираверади. Лекин ёзувчилар билан суҳбатнинг яхши томони — улар доимо янги гап, янги мавзу, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ғоялар топадилар.

— Китоб одамларнинг йўлини ёритувчи маёқ. Бу маёқнинг баланд кўтарилиши, китоб тарқатилиши, китоб тарғиб қилиниши яхшилик аломати. Кўп туманларга адабий учрашувларга борамиз. Биронта ҳоким думини тутқазмайди. Ҳоким у ёқда турсин, мактаб директори пешвоз чиқмайди, бари осмонда, бари банд, фақат биз лайлак қувган бекорчи… — дея бироз ёзғирган бўлди Қозоқбой ака.

— Бугун биз борадиган масканда олти юздан зиёд мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар иштирок этишади, уларга юз донадан — олти юз дона китоб тарқатилади. Бекободга янги ҳоким келганидан буён туман кутубхоналарига олти мингдан зиёд китоб келибди. Уч ой ичида бу яхши кўрсаткич, катта қадам, зафарли юриш… — деди Абдусаид ака.

— Ҳа, янги ҳоким келганига уч ой бўлди, лекин эллик йилдан буён судралиб, орқага ташланиб, амалга ошмай келаётган бир улуғ иш бажарилиш арафасида турибди. Бу ишнинг амалга ошаётгани бутун бекободликларнинг кайфиятини кўтариб юборди.

— Сирдарё устига қурилаётган кўприкни айтяпсизми?

— Ҳа, шундай. Бекободликларнинг еттита қишлоғи Сирдарёнинг нариги соҳилида яшар эди. Улар туман марказига келиши учун қарийб эллик чақирим йўл босишарди. Агар сентябрь ойида кўприк битса, улар бор-йўғи ўн чақирим йўл босиб туман марказига келишади, бозор-ўчар қилишади, йўлдан, вақтдан ютишади, ўз туманларига яқинлашишади, — деди Қозоқбой ака. — Бир пайтлар Сирдарёнинг бу соҳилида яшаганман. Шу кўприк йўқлиги учун кўп сарсон бўлганман. Ўзим Гулистон туманида яшардим, иш жойим эса Бекобод туманида эди. Кўприк йўқлиги учун ҳар куни қирқ чақирим йўл босиб овораи сарсон бўлардим.

— Ҳа, хабарим бор, Бекобод бугун тарихий ва ёруғ ўзгаришлар жараёнида. Тошкент, Нурафшон, Пискент, Бўка орқали Бекободга темир йўл кириб келмоқда. Ҳадемай Бекобод туманида “Янги Бекобод Сити” қурилиши бошланади, — деди Абдусаид ака.

— Яқин-яқингача бу ўзгаришлар ҳатто тушимизга кирмасди, ҳатто бировга айтсанг ишонмасди, хомхаёлсан деб устингдан куларди, аммо бугун ҳаммаси кўз ўнгимизда амалга ошмоқда, юз бермоқда, дейман ҳамроҳларимнинг гапларини астойдил қўллаб-қувватлаб.

Мана шундай қизғин суҳбат билан Бекободга етиб олганимизни сезмай қолибмиз. Бекобод туман маркази Зафар шаҳарчасида бизни маҳалла фаоллари, ўқитувчилар, мактаб ўқувчилари кутиб туришар эди.

Ижодий учрашувни туман ҳокими Зайнилобиддин Низомиддинов очиб бергач, қизғин ижодий муҳитга тушиб қолгандай бўлдик. Биз келишимиздан ўн кун олдин Абдусаид Кўчимовнинг “Бадиҳалар”, Қозоқбой Йўлдошевнинг “Кўркам сўз ёғдуси”, каминанинг “Ойга осилган байроқ” китобларимиз ўқувчиларга тарқатилган, улар шеърларимизни ёдлашган, ҳикоя, мақолаларимизни ўқиб, биз билан қизғин суҳбатга, савол-жавобга хўб тайёрланишган экан, худди эски қадрдонлардек, бир-биримиз билан тезда чиқишиб, қалбан яқин бўлиб, юзма-юз кўришганимиздан сўнг, ижодий учрашув олови тезда юксакка кўтарилиб кетди. Бекободликларнинг ўқимишли, зиёли, китобхон халқ эканлиги яққол билинди-қолди. Ахир Бекобод минг йиллардан буён тарих саҳифаларида ярқ этиб кўриниб келяпти-да. Ибн Арабшоҳ, Мирхонд, Заҳириддин Муҳаммад Бобур китобларида Бекобод номи бир неча бор эҳтиром билан ёзилган. Минг йиллик тарихга эга масканнинг фарзандлари албатта ўқимишли, зукко ва оқил бўлади-да.

Биз ҳам ўтирганларнинг кўпчилиги мактаб ўқитувчилари, азиз устозлар, толиби илмлар, ўқувчилар эканлигини инобатга олиб, суҳбат мавзуини аввало муаллимларни улуғлашдан бошладик.

— Дунёда иморатларнинг энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг энг шарафлиси ўқитувчилик. Ҳатто Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Орипов сизларга ҳавас билан, бежиз ушбу шеърини битмаган эди:

Шоирга дедилар: — Сиз бахтли инсон,

Халқингиз ардоқлар, ҳамма танийди.

Шоир жавоб қилди: — Менда бир армон:

Муаллим десалар мени, қанийди!

Ҳа, сизнинг касбингиз ҳатто улуғ шоирлар ҳавас қиладиган касб. Чунки сиз азиз дилбандларимизга, кўз қароғларимизга, жон-у жаҳонимиз бўлган фарзандларимизга таълим берасиз, қўлига китоб тутасиз, китобга бир умрлик ошно этасиз, китобнинг нуру зиёси билан қалбларини ёритасиз. Китоб маёқ сингари уларга бир умрлик йўлчи юлдуз бўлиб қолади. Она Шарқимизда устозга азал-азалдан юксак эҳтиром кўрсатилган. Ҳатто отадан улуғроқ деган сифат берилган. Ҳикоя қилинишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс олганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда Бухорий устозларининг юртидан келганини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар. Сўнг салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлар. Қаранг, азизлар, қандай ибратли воқеа! Шогирд нима учун устозга бу қадар юксак эҳтиром кўрсатмоқда? Чунки устоз, аввало, шогирдга китоб ўқишни, китобни севишни, китоб билан бир умр ҳамроҳ бўлишни ўргатган. Китоб дегани бу илм дегани, бу маърифат дегани, бу юксак одоб-ахлоқ дегани. Шунинг учун китоблар ичида энг азизи, энг улуғи бўлмиш Қуръони каримда “Илм” сўзи саккиз юзу ўн бир жойда келади. Қаранг, битта китобда илм сўзи 811 жойда келтириляпти. Бу китоб ўқишнинг нақадар зарурлигидан далолат эмасми? Муҳтарам Президентимиз оддий ва содда қилиб: “Битта китоб ўқийдиган бола ўнта телевизор кўрадиган болани эргаштиради”, деганларида нақадар ҳақ. Ҳатто америкаликлар: “Китоб ўқимаган одамнинг мурдадан фарқи йўқ”, — дейдилар. Бу гап қўпол бўлгани ҳолда, ўзида ҳақиқатни мужассам этган гапдир. Муҳтарам Президентимизнинг китоб ўқишга даъватлари, ҳақиқий инсон бўл, деган оддий ва буюк даъватдир, чунки ҳар бир инсоннинг қадр-қиймати, улуғлиги, дунёқараши, фикр доирасининг катта-кичиклиги фақат ва фақат у ўқиган китоб билан белгиланади. Ҳар биримизнинг уйимизда, хонадонимизда, фарзандларимиз олдида юзлаб китоблар бўлиши шарт ва мажбурийдир. Тараққиётга фақат ва фақат китоб ўқиш орқалигина эришилади. Ҳурматли бекободликларга бу йўлда улкан омадлар ва зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз, — деди адабий учрашувда Абдусаид Кўчимов.

— Мен учун бугун жуда қувончли ва ҳаяжонли кундир. Бунинг сабаби иккита. Биринчиси, бекободликларга бегона эмасман. Мен ёшлигимда кўп йиллар ушбу туманда ишладим, меҳнат қилдим, ош-нон едим, дўст-ёр орттирдим, ўсиб улғайдим ва бу заминга муҳаббатим бир умрликдир. Бугун мана шу муҳаббат билан қаршингизда турибман. Иккинчиси, қадрдоним, дўстим, ўзбек адабиётининг улкан вакили Абдусаид Кўчимнинг “Бадиҳалар” китобининг тақдимотида қатнашяпман, — дея сўз олди Қозоқбой Йўлдошев. — Лекин бугун Бекобод ҳаддан зиёд ўзгариб кетибди. Мен юрган кичик йўлаклар катта трассаларга айланибди, қирлар боғ-роққа, ўтлоқлар чаманзорга айланибди. Кичкина уйлар ўрнига катта ва гўзал иморатлар қурилибди. Кечагина қуриб ётган тепаликлар ўзлаштирилиб, интенсив олмазорларга айлантирилибди. Бунинг учун отангизга балли дейман, азиз бекободликлар! Сизларга офарин, сизларга ташаккур! Энди ижодий учрашувимизнинг ўзига қайтадиган бўлсак, Абдусаид Кўчимов, биламан, сизларнинг севимли ёзувчингиз. У киши ҳақида кўп ва хўб гапириш мумкин. Абдусаид Кўчимов адабиётга янги бир оқим олиб келди. Бу янги оқим шундан иборатки, авваллари ижод аҳли бир-бирларини кейинроқ, “ўлгандан кейин” эътироф этар эди, тан оларди. Абдусаид ака шу ишни ижодкор ҳали тириклигида эътироф этиш ғоясини илгари сурди ва шу йўлда ижод қилмоқда. Биз сизга тақдим этаётган “Бадиҳалар”нинг асосида шу ғоя ётади ва бадиҳаларда тилга олинган қаҳрамонларнинг, ёзувчи-шоирларнинг кўпчилиги ҳозир ҳаёт ва жўшқин ижод қилмоқда. Бу фазилат ёзувчининг бағри кенглигидан, инсонпарварлигидан, ҳаётни теран англашидан далолат беради. Абдусаид ака шу билан бирга сўзга ниҳоятда катта эҳтиром билан ёндашади. Сўзни ҳурмат қилади. Сўзни ҳуда-беҳуда ишлатавермайди. Катта-катта воқеаларни иложи бўлса битта сатрда баён қилади. Фикр туйғуга йўғрилиб, туйғуда фикр учқунланганда ўқишли шеър дунёга келади. Абдусаид Кўчимовнинг ўзига хос шоирона нигоҳи, бир умр юракка михдай қадалиб қолгувчи сатрлари бор. У оламу одамдаги ҳеч ким пайқамаган жиҳатларни кўришга интилади ва кўрганларини ҳеч ким қўлламаган сўзлар ёрдамида ифода этади. Масалан: “Кеча-кундуз ғамга ботар ғам”. Қандай гўзал тасвир. Драматик ҳолат. Бундай сатрларни ёзмоқ учун жуда катта маҳорат, катта қалб керак. Яъни катта воқеани аниқ, теран, қисқа сатрларда ифода этиш учун катта истеъдод керак ижодкорга. Кўринишидан осонлик билан битилган бу шеърлар қаттиқ меҳнат натижаси ўлароқ дунёга келган. Қисқа ёзиш учун ҳамиша кўпроқ меҳнат талаб этилади. Зеро, қисқа шеърда кўп нарса айтилмагани ҳолда жуда кўп маъноларга ишора қилади. “Оқишни ўргатма ариққа, Сузишни ўргатма балиққа” тарзидаги олти сўздан иборат бўлган шеърдан келиб чиқадиган маъно саноғини тасаввур қилиш қийин. Абдусаид Кўчимовнинг яна бир шеъри тўрттагина сўздан ташкил топган ва унинг тенг ярми такрор ишлатилган: “Деди-деди, Уни еди”.

Профессор Қозоқбой Йўлдошевнинг самимий ва оқилона сўзлари залда ўтирган юртдошларимизнинг олқишига сазовор бўлди. Суҳбат давомида каминага сўз берилди. Мен анча вақтдан буён чиқмай ётган, 95 йиллик тарихга эга “Янги Бекобод” туман газетасининг нашр этилиши яна йўлга қўйилганидан мамнунлигимни изҳор этдим. “Туман газетаси кўпгина ёш ижодкорларнинг парвоз этиши учун биринчи қоя хизматини ўтайди. Қолаверса, газета тумандаги ғоявий, сиёсий минбар. Туман газеталари чиқмаслиги туман маданиятига, маънавиятига урилган зарба, туман одамларининг овозини, сўзини эшитмасликдир. “Янги Бекобод” газетаси нашр этилаётгани, нашр этилиши йўлга қўйилгани билан барча бекободликларни икки қўлимни кўтариб муборакбод этаман” дея фикримни қисқача баён этган бўлдим.

“Долзарб 90 кун” доирасидаги ижодий учрашув тобора қизигандан-қизиди. Ўнга яқин ёш ижодкорлар ўз шеърларини ўқишди, ёзган ҳикоя ва мақолаларини давра аҳлига таништирди, адабиётга, шеъриятга, ижодга дахлдор саволлар беришди, фикр-мулоҳазалар алмашинди. Айниқса, тумандаги 2-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Жасмина Исмоилжонованинг “Ватан” ҳақидаги шеъри давра аҳлини бир қалқитди. Сабаби, шеър жуда таъсирли эди. Ҳатто шеърни ўқиётганда Жасминанинг ўзи йиғлаб юборди. Кўпчиликнинг талаб ва истакларига биноан Жасминанинг шеърлари “Шарқ юлдузи” журналида чоп этиладиган бўлди. Шундан сўнг меҳнат фахрийси, устоз Абдусамад Жумабоев, тумандаги 37-мактаб, 11-синф ўқувчиси, ҳаваскор шоира Жамила Мансурова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Нурали Жалил, меҳнат фахрийси, шоир Муҳиддин Маҳкам, тумандаги 48-мактаб она тили ва адабиёт ўқитувчиси Дилдора Кўчимова, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудираси Нодира Дўсматова, шоира Инобат Султон сўзга чиқиб, меҳмонларни ўз ижодларидан баҳраманд этдилар, совға этилган китоблар учун миннатдорчилик изҳор этишди.

Бутун учрашув давомида биз билан бирга бўлган туман ҳокими З.Низомиддинов ҳам ижодий учрашувдан мамнун эканлигини баён этди:

— Муҳтарам Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев мутолаа ҳақида фикр билдириб, жумладан, шундай деган эдилар: “…ҳаммамиз учун айни пайтда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди”. Шу маънода бугунги ижодий учрашувдан жуда мамнунман. Бугун туманимиздаги олтита мактабга юз донадан китоб тарқатмоқдамиз. Китоб муаллифларининг ўзлари иштирок этиб, дастхат қўйган ҳолда юракларининг қони билан ёзилган китобларини тақдим этмоқда. Йил сўнгигача мактабларимизга бир неча минг донадан ортиқ китобларни ҳадя этамиз. Улар нафақат бадиий, балки қизиқарли илмий-оммабоп, фан, техника, бизнес, лидерлик, шахс, сунъий интеллект ҳақидаги замонавий китоблардир. Чунки тараққиётнинг ягона йўли китоб ўқишда, ўқиб ўрганишда, интилишда ва юксак чўққиларни кўзлашдадир. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳам бежизга “Китоб — барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир” демаганлар. Мен бугун туманимиз ижодкорларининг интилишлари, кўзлари ёниб турганини, шеърларини завқ-шавқ билан ўқиб бераётганларини кўриб, ниҳоятда қувониб турибман. Қўшни туманимизда туғилиб ўсган, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиевани 9-синфда, пахта далаларида пахта териб юрганида кашф этишган. Ёзувчилар пахта далаларида худди бугунгидек ижодий учрашув ўтказишаётганда Ҳалима опа шеър ўқиб берганлар. Ёзувчиларнинг, Шароф отанинг, Зулфия опанинг назарларига тушиб, адабиётдаги катта шон-шуҳрат чўққиларига дастлабки қадамларини ташлаганлар. Ажаб эмаски, бизнинг туман ёшлари орасидан ҳам Ҳалима опадек оловқалб ижодкорлар етишиб чиқса! Ишонаманки, уларнинг руҳини кўтарсак, уларни қўллаб-қувватласак, маънавий-моддий мадад бўлсак, келажакда улар забардаст ижодкорлар бўлиб етишади. Бир кишидан “Инсон китоб ўқиб бахтли бўла оладими?” дея сўрашганда, “Китоб ўқишнинг ўзи бахт!” деб жавоб берган экан. Бугунги тадбир иштирокчиларига, барча-барчага бахт тилаймиз, ҳаммангизга омад ва зафарлар ёр бўлсин! Бугунги тарихий кун учун азиз меҳмонларимизга яна бир бор ташаккур, соғ бўлсинлар, улар мактабларимизга, маҳаллаларимизга, пахта далаларимизга, меҳнаткаш ва доно бекободликларнинг олдига яна келадилар дея умид билдириб қоламиз.

Шундан сўнг адабий кеча куй ва қўшиқларга уланиб кетди. Таниқли хонандалар ўзларининг жозибадор қўшиқлари билан барчани хушнуд этди.

Бекободдаги маънавий-маърифий учрашувлардан завқ олиб, кўнгилларимиз тўлиб бир олам таассуротлар билан қайтдик. Юртимизда китоб байрамлари ҳар кун бўлаверсин!

Муҳаммад ИСМОИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси,

Халқаро Рабиндранат Тагор

мукофоти совриндори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 5 =