Сунъий интеллект имкониятлари

ёки журналистларнинг технологик саводхонлиги ва
рақамли дунё билан уйғунлашуви
Бугун сунъий интеллект жамиятнинг турли соҳаларига жадал кириб бормоқда. Электрон оммавий ахборот воситалари эса аллақачон бу тизим имкониятларини ишга солиб, самарали натижалар олишга ҳам улгурди. Айниқса, AI (artificial intelligence) — сунъий интеллект соҳаси инсоният келажагини бутунлай ўзгартириб юбориши тобора ойдинлашиб бормоқда.
Сунъий интеллект нима, ундан ижтимоий ҳаёт соҳаларида қандай фойдаланилади? Қандай афзалликларга эга? Бу жуда мукаммал дастурлар эканлигини кўпчилик англаб етди. Сунъий интеллект — информатиканинг алоҳида соҳаси бўлиб, одатда, инсон онги билан боғлиқ имкониятлар: тилни тушуниш, ўргатиш, муҳокама қилиш, масалани ечиш, таржима ва шу каби имкониятларга эга компьютер тизимларини яратиш билан шуғулланади. Бугунги кунда кўпчилик фойдаланаётган сунъий интеллект дастурларидан бир бу — “ChatGPT”. Бу — матн ёзиш, расм яратиш, саволларга жавоб бериш, ҳаттоки суҳбатлашиш имкониятларини ҳам беради.
Электрон оммавий ахборот воситалари эса аллақачон бу тизим имкониятларини ишга солиб, самарали натижалар олишга улгурди. Айни кунда босма нашрларда ҳам сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишга киришилмоқда.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Наманган ва Сирдарё вилояти бўлимлари ҳамкорлигида Наманган вилояти Поп туманининг Чодак қишлоғидаги 26-умумтаълим мактабида “Миллий контент яратиш ва сунъий интеллект технологиялари” мавзусида илмий-амалий семинар бўлди. Қизиқарли тадбирда сунъий интеллект имкониятларидан нафақат илм-фан ва технологияда, балки оммавий ахборот воситалари, таълим, бизнес, ҳатто кундалик ҳаётда ҳам самарали фойдаланиш имкониятлари ҳақида батафсил сўз борди.
Илмий-амалий семинарни Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Наманган вилояти бўлими раиси Носиржон Деҳқонов олиб борди. У ушбу тадбир газета ва журналларда фаолият олиб бораётган журналистларнинг сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича билим ва малакаларини оширишда, ёшларни келажак касбларга тайёрлашда, уларнинг технологик саводхонлигини ошириш ҳамда рақамли дунё билан уйғун яшашга ўргатишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Семинарда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси в.б. Х.Салимов, уюшманинг Сирдарё вилояти бўлими раиси Б.Абдуллаев, “Янги Сирдарё” газетаси бош муҳаррири Б.Боймуродов, Наманган вилоятининг Учқўрғон тумани “Ёрқин ҳаёт” газетаси муҳаррири Ж.Тўхтасинов, “Namangan International School” ва “Namangan AI” мактаблари асосчиси, Ўзбекистон Республикаси Нодавлат таълим муассасалари ассоциациясининг Фарғона водийси бўйича бошқарма раҳбари М.Йўлдошев, Тўрақўрғон тумани “Давр” газетаси бош муҳаррири З.Кенжаева ҳамда вилоятлардан ташриф буюрган оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар иштирок этишди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 14 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси”да белгилаб берилган вазифалар, босма ОАВда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш орқали иш сифати ва самарадорлигини ошириш йўллари хусусида сўз юритди. “Миллий контент яратиш ва сунъий интеллект технологиялари” мавзусида маъруза қилди.
— Илғор технологиялар кун сайин ҳаётимизни эгаллаб бормоқда. Бу — замон талаби. Агар замон билан ҳамнафас юрмоқчи бўлсак, сунъий интеллектни ўрганишимиз керак, — дейди Холмурод Салимов. — Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида медиа соҳага, миллий контент яратиш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши бежизга эмас, албатта. Сунъий интеллект бу — ақлли тизим яратган контент янглиш ёки бир томонлама бўлмаслиги учун инсон назорати кераклиги, яратилган контент муаллифлик ҳуқуқларини бузмаслиги лозимлиги, сунъий интеллект ёрдамида сохта маълумотлар ҳам тарқатиш мумкинлиги сабабли, ахборотнинг ҳаққонийлигини таъминлаш муҳимлиги ва шунингдек, журналистикада сунъий интеллектдан фойдаланиш ахлоқий тамойилларга мувофиқ бўлиши керак.
Шунингдек, семинар доирасида Уюшманинг Наманган вилоят бўлими томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармон ва қарорларига биноан Чодак қишлоғида туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида саёҳат уюштирилди. Чодакда бўлган оммавий ахборот воситалари вакиллари қишлоқнинг юқори қисмида жойлашган, “Чир-чир момо кўз ёшлари” номи билан машҳур бўлган зиёратгоҳ — шажараси улуғ мутафаккир Аҳмад Яссавий ҳазратлари билан боғлиқ бўлган Исмоил Атоий қадамжосини зиёрат қилдилар.
Тадбирлар давомида икки вилоят журналистлари ўртасида дўстона руҳда шахмат-шашка мусобақалари ҳам ўтказилди. Семинар якунида тадбирларда фаол иштирок этган “Янги Сирдарё” газетаси бош муҳаррири Б.Боймуродов, Сирдарё вилоятида журналистика соҳасида кўп йиллик ибратли меҳнати билан танилган, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси, устоз журналист Б.Холбекова, Наманган вилоятида журналистика мактабининг фидойиларидан саналган, “Дўстлик” ордени соҳиби, устоз журналист З.Кенжаева, Наманган вилояти “Ёш журналистлар кенгаши” раҳбари, иқтидорли ва фидоий журналист, “Ёрқин ҳаёт” газетаси мухбири Ж.Тўхтасиновлар журналистик фаолиятидаги алоҳида хизматлари учун Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Уюшманинг ҳудудий бўлимлари ҳамкорлигида икки кун давом этган мазкур илмий-амалий семинар қизиқарли ва самарали кечди.
Келдиёр ТЎЛИЕВ,
журналист.